Тонгги ғира-ширада шаҳарга тушиб кетган келинини Солиҳабиби бу гал қандайдир умид ва сабрсизлик билан кутди. Аммо кун ўтиши қийин бўлди. Пешингача ҳовлида ғимирлаб юрди: оғилхона олдида ғужанак бўлиб ётган помидорни тиргович қўйиб таради, бўйи келиб турсин деб, айвонга яқин экилган бўйрадек жойдаги ошрайҳоннинг тагини чопди. Чорсигина, уч сотих ерда яна нима қилиш мумкин эди?
Молга қарай деса, йўқ, сотилиб кетган. Неварасининг тўйига атаб боқиб қўйилган думбаси ҳали тахтакачдек қўчқорни ҳам бир ой бўлди колхозга олинган қарзлар ҳисобига топшириб юборишди, тирик мол-ҳолдан қолгани битта калоннур товуқ. Унинг нимасига қарайди? Ўзи сув, ўзи дон топса?.. Пешиндан кейин қўшнисининг беқасам кўрпасини қавишга ўтирди. Яхши ҳам шу ҳунари бор экан, корига яраб турибди. Кўрпанинг баҳоси бир челак картошка бўлди. Сўрагани йўқ. Қўшнисининг ўзи ташлаб кетди. Шу картошка билан кун ўтиб турибди. Эртага битади кўрпа, бир бурчаги қолди холос. Кейин нима қилади? Қавиғи маъқул келса, талабгорлар чиқиб қолар. Қавиғи маъқул келиши турган гап. Солихабиби кўрпага бу гал палак нусхасини берди. Ўртасида офтоб, тўрттала бурчагида тўртта қўқонгули. Тўғри қавиганида уч кундаёқ битарди. Майли, бахтли бўлсин қиз. Ўғли қайтса, келинига ҳам шундай кўрпа қилиб беради. Ҳозиргиси титилиб, пахтаси копток-копток бўлиб қолибди. Бир қаричда камида элликта қавиқ бўлиши керак. Ана ўшанда қанча тутма, теп-текис тураверади, пахтаси силжимайди.
Товуқнинг қа-қолагани эшитилди. Солиҳабиби беихтиёр ҳовлига назар ташлади. Кун ботди. Нега келинидан дарак йўқ? Ҳеч маҳал у шаҳарда бунчалик қолиб кетмас эди. Яхшиликкамикан? Ажаб эмас, тузук хабар билан келса! Қишлоққа охирги автобус кун ботганда келади. Шунга улгурармикан? Улгурмаса қўлидаги эмизуклик боласи билан қийналиб кетади, болабояқиш.
Солиҳабиби эҳтиётлик билан кўрпани тиззасидан олиб қўйди-да, ҳовлига тушди. Невараси мактабига китоб алмаштиргани кетган эди. Ҳализамон келади. Нима едирса экан унга? Яна товуқ қа-қолади, бир-икки қанот қоқиб, бошини сарак-сарак қилди-да, оғилхонага кириб кетди. Солиҳабибининг яхши кўрган овқати эсига тушди. Оғилхонага кириб, ҳувиллаб турган охурнинг бурчагидаги товуқнинг инидан моякни олиб чиқди. «Ўрнига пиёз қўйиб қўйса ҳам бўлади. Бола бояқиш бир ҳафтадан бери гўшт кўргани йўқ, ранги кетиб қолди. Дадаси қамалди-ю, илгариги шўхлиги йўқолди, кўчага чиқмайди, қачон қараманг, уйнинг у ёки бу бурчагида хаёл суриб ўтиради, китоб варақлайди. Тўққиз ёшлик бола ҳам шунчалик эзиладими?!»
Солиҳабиби қозон тагига ўт ёқиб, озгина пиёз, битта помидор тўғради, сопол товоқнинг юқидаги ёғни қозонга солиб, нон олиб келгани айвонга ўтди. Раҳматли онаси рамазон ойларида саҳарликка кўпинча шундай қовурдоқ қиларди, помидор билан ҳали қотмай хил-хиллаб турган тухумнинг мазаси нонга ўтиб жуда ширин бўлиб кетарди. Дадаси ҳам иштаҳа билан ерди, у ҳам. Шу-шу ўрганиб қолган, вақт тиғиз бўлса, ё уйда бошқа нарса бўлмаса, дарров шундай қовурдоқ қилади.
Тухум чақиб турган пайти ҳовлидан неварасининг тапир-тупир оёқ товушлари келди:
— Ойи?!
— Келавермайсанми, буёқдаман!..
Солиҳабиби шошилиб қовурдоқни бир-икки ағдарди, тухум нон бурдаларига ёпишиб, оқ-сариққа ажради.
— Овқат қилиб турибман, сенга, келавер!.. Турсунбой!
Ўчоқбошининг эшиги олдида Турсун пайдо бўлди.
— Мунча ичикмасанг? — сўради Солиҳабиби сопол товоққа қовурдоқни оларкан.
Турсун жавоб бермади. Унинг кўзлари ўйнар, тер босган юзлари қип-қизариб кетган эди.
— Ойи! Тўлаган... Тўлаганнинг дадасини олиб кетишди. Солиҳабибининг қўлидан капгири тушиб кетди.
— Нега олиб кетишади? Қачон?
Тўлаган невараси тенгги бола эди, у билан бир синфда ўқирди. Отаси колхоз бухгалтери эди.
— Нега олиб кетишади? Қачон? — қайта сўради Солиҳабиби.
— Ҳозир! — деди Турсун. — Мактабдан келаётгандим. Бундай қарасам, дарвозалари олдида милициянинг машинаси турибди. Югуриб бордим. Шундоқ олдимда олиб чиқиб кетишди Мирвали акани. Ойи! Биласизми?! Қўлларини... қўлларини орқасига қайириб олиб кетишди!
Турсуннинг овозида ҳам қандайдир хурсандлик бор эди. Солиҳабиби ичида зил кетди, аммо ҳеч нарса демади. Неварасининг ўзи хурсандчилигининг сабабини ҳаяжон билан айтиб берди:
— Дадам қамалганларидан кейин Тўлаган бошқа партага ўтиб олган эди, айтмовдим сизга. Иннайкейин мен билан ўйнамай қўйган эди. Энди баравар бўлдик!..
— Нима қилган экан Мирвали? — хаёлчан сўради Солиҳабиби.
Турсун елкасини қисди.
— Прписка қилган бўлса керак, — ўзича хулоса қилди Солиҳабиби.— Уйидан бирон нарса чиқибдими?
— Билмадим, — деди Турсун.
— Ишқилиб чиқмасин. — Солиҳабиби тинтувдан қўрқиб қолган эди. — Чиқса кўпга кесиб юборишади. Юр, овқатингни еб ол.
— Кейин!
Турсун яна югуриб кўчага чиқиб кетди.
Солиҳабиби: «Ҳой! Тўхта!» деганича қолди. Товоқни қозонга қўйиб, тувоғини ёпди-да, ҳовлига чиқди. Тўлаганларникига бориб келиш кўнглидан ўтди, йўлак томон юра-бошлади ҳам, аммо ўзини тўхтатиб қолди. Ўғлини олиб кетишаётган кун эсига тушди. Милиционерлар ҳайдамаганда эшикнинг олди уёқда турсин, ҳовли ҳам одамга тўлиб кетарди. Ҳамма нарса одамнинг юзида ёзуғлик бўлар экан. Буни Солиҳабиби алам, азоб, уятдан ичини ит тимдалаётган бўлса ҳам ўша куни яққол кўрди. Тинтув бошланиши билан ўз уйига бегона бўлиб қолиб, тинтувчиларнинг ёнида соядек юрар экан, ер остидан одамларга — қўни-қўшнилари, аллақаёқдан пайдо бўлиб қолган нотаниш башараларга ер остидан қараб қўярди. Шунда билди, ачинганлар бор. Аммо томошага келганлар кўпроқ эди. Улар учун тинтув қанча чўзилса, қанча кўп нарса чиқса, шунча яхши эди. Бу истак, бу ният шундай юз, кўзларига ёзиб қўйилган эди. Бу ҳам майли, ҳаракатларида ҳам, шивир-шивирларининг оҳангида ҳам ниятлари аниқ эди. Милиционерлар ҳайдайди, нари туринглар, ҳалақит берманглар, дейди, зум ўтмай аввалги жойларига қайтиб келишади, ундан ҳам яқинроққа ўтишга интилишади.
Шунинг учун ўзини ушлаб қолди, бормади. Аммо бориши керак эди. Дардман одамгина бировнинг дардини тушунади, ачинади. Бориб, уйдагилардан ҳол-аҳвол сўраши керак эди. Майли, келини қайтсин, қоронғи тушсин, шунда ўтиб келади. Турғун қамалганидан бери, ўзи сезиб-сезмай қоронғини яхши кўрадиган бўлиб қолган эди. Тонг саҳарда туриб, тезроқ кун ботишини тилайди, заруратдан кўчага чиқмаса, ўзича чиқмайди, уй ичида, ҳовлида ғимирлаб кунни кеч қилади. Келини, неваралари ухлаши билан ўрнидан туради, ҳовлига тушиб ўғли юрган йўлларга тикилади, кўчага чиқади, қоп-қоронғи онда-сонда фонарлари милтиллаб турган қишлоқ кўчасида йўл пойлайди, яна ҳовлига қайтиб, айвон зинапоясига омонатгина ўтиради-да, осмонга қарайди, юлдузларга, ойга тикилиб кун санайди. Етмишга етиб, у шундай кулфат бошига тушишини билмаган эди. Баъзи-баъзида Худодан ўлим тилаб, қўлларини чўзади, аммо кексалик ақл-идроки билан ниятидан қайтиб, қўлларини юзига суртмайди, аксинча, ўғли эсон-омон қайтгунича, невараларини йўлга солиб олгунча, соғлик, қувват тилайди. Ун уч ойдан бери шундай қоронғи кеча унинг маслаҳатчиси, овунчи. Кечаларигина у ўзини одамдек ҳис қилади, режалар режалаб чиқади. Кун туғиши билан яна тунни кутади.
Келини намозшом пайти Турсун билан бирга кириб келди.
Солиҳабиби унинг авзойидан бу галги сафари ҳам натижасиз бўлганини сезди. Бунинг устига Турсун Мирвали воқеасини айтиб берган бўлса керак, келини унинг қўлига боласини ташлади-ю, эшикларни тарс-турс очиб, ичкарига кириб кетди. Турсун орқасидан бормоқчи эди, Солиҳабиби тўхтатди:
— Опанг чарчаган, ўзига келсин.
Иккалови иссиқда пишиб кетган, олис йўл элитиб ухлаб қолган чақалоқни ечинтириб, қуруқ чойшабига ўрашди. Отаси қамалгандан кейин туғилган, эндигина саккиз ойлик бўлган болага улар отасисиз, ўзлари исм қўйишган эди. Кичкина Тўлқин қош-кўзлари, бурнининг кичкина бугри билан отасига, бувасига ўхшар эди. Солиҳабиби унинг туғилганидан қанчалик қувонмасин, дилида унга ачинар, отаси қамоқдалигида туғилган, шум қадам, деган гап умр бўйи унга ёпишиб қолишидан қўрқар, кечалари ухламай ўтирган пайтлари Худога ёлбориб, ўғлининг тезроқ қайтишини, шўр пешона невараларига бахт, узоқ умр тиларди.
Кўп ўтмай Раҳима айвонга чиқди. Шишган қовоқлари, чимирилган қошларидан ҳали асабидан тушмаганлиги билиниб турарди. Солиҳабиби неварасига қилган овқатни олиб келди, чой қўйди. Турсуннинг иккала кўзи опасида эди.
— Мунча тикиласан?! Овқатингни есанг-чи! — жеркиб берди Раҳима. — Эртага шуям борми — Худо билади!
У товоққа қўл узатди. Бир бурда ёғлиқ нонни қотиб қолган тухумдан ажратди, тухумни ўғлининг олдига суриб, нонни оғзига солди. Аммо ютолмай чайналиб ўтирар экан, қайинонасига қаради:
— Ҳақиқат йўқ дунёда ойи. Ўғлингиз ҳеч кимга керакмас. Биз ҳам. Биров кимсан, одаммисан демайди. Нега туғдим буларни, ойи? Нега эрга тегдим?!
Раҳиманинг кўзларига ёш келди. Зўрға ютиниб, ёнида ёстиқ устида ухлаб ётган Тўлқинни қўлига олди, бағрига босиб, нам кўзларини чойшабга суртди.
— Йиғламанг опа, — ялинди Турсун.
— Ўзингни бос, болам, — Солиҳабиби уни юпатди. — Ҳечкимга керак бўлмасаларинг ўзларингга кераксизлар, менга кераксизлар. Кўйворишмаса қўйворишмас. Саккиз йил хаш-
паш дегунча ўтиб кетади. Турсунинг ўн бешга тўлади, туппа-туззук йигит бўлади. Эринг қайтади. Ана ўшанда иккаламиз тўрт қават кўрпанинг устида ўтирамиз. Ташвишимиз бўлмайди.
— Овқатларниям ўзим қиламан! — деди Турсун.
Раҳима лабининг четида жилмайди.
— Тоғангга учрашдингми?! — унинг бироз тинчиганини кўриб сўради Солиҳабиби.
— Ҳа, — деди Раҳима. — У кишига ҳам биззи керагимиз йўқ. У кишигаям биз ўғримиз, порахўрмиз. Биздан жирканади у киши. Иложи бўлса бизни кўрмаса!
— Уришиб қолдингми? — Солиҳабиби хавотир олди.
— Уришадиган ҳолим борми, ойи? — истеҳзо билан жавоб қилди Раҳима. — Нимамга ишониб уришаман у киши билан? Тиланчиман-ку ман, ойи!
— Унақа дема, болам, — Авваламбор жигаринг. Қолаверса, буванг кўп қарашган унга. Менам... Менам қараб турмаганман. Уйланганда бир сидра кўрпа-ястиғини ман қилиб берганман. Нима бўлди ўзи?
— Биринчи облсудга бордим, — ўзига келган Раҳима оҳиста гапира бошлади. — Ёзилиб қўйганимни билишаркан, иккинчи эканман раиснинг қабулига. Биринчи ғазалкентлик чол-кампирларакан. Хўп дедим. Фақат раис бугун ҳар галгидек ўн бирда эмас, иккидан кейин қабул қиларкан. Шошилинч юқорига, мажлисга чақириб қолишибди. Майли, дедим, ишқилиб қабул қиларкан-ку, дедим ичимда. Пастга тушиб, облсуднинг олдидаги боққа ўтдим. Шўтта кутай, дедим-да.
— Тоғангникига борсанг бўлмасмиди, иссиқда кўчада ўтирмай? — сўради Солиҳабиби.
Раҳима бир чимирилди-ю, лекин ўзини тутиб олди:
— Шу пайтда у киши ишда бўладилар. Ишхоналарига боргани уялдим. Қўлимда бола, қандай бораман? Боғда скамейка кўп, биттасида ўтириб кутдим. Ҳалиги чол-кампир ҳам келиб ёнимда ўтиришди. Бир жойга иш тушгандан кейин яқин бўлиб қоларкансан одам. Бечораларга юрагим ачиди. Ўғиллари тўрт ярим йилдан бери қамоқда экан. Учта боласи, хотини бор экан. Эси пас одам гапга қўшилиб қолган экан. Навбати келиб гап берибди. Хотини яхши дастурхон ёзибди. Қуюқ-суюқ тортибди. Ошналари кетгандан кейин, кайф баланд, бечорани тутволиб урибди, ўртоқларимни яхши кутмадинг, деб. Кўр бўласиз мени билмасайиз, деб йиғлабди хотини. Билмайман, талоқсан, дебди эри. Учта бола билан қаёққа бораман, ундан кўра, ўлдириб қўяқолинг, деб хотин бояқиш маст эрининг қўлига пичоқ узатибди. Эр ўлгур ўйлаб-нетиб ўтирмасдан, маст-да, қорнига пичоқ солиб юборибди.
— Вой яшшамагур! — Солиҳабиби ҳайрон бўлиб кели-нига тикилиб қолди. — Ўлдириб қўйибдими?
— Йўқ, қўлини тутиб қолган экан, юрагига тегмабди.
— Вой яшшамагур!
Солиҳабибининг ҳайрат ва ғазабдан юзлари чўзилиб кетди.
Турсун ҳам опасига хайрон қараб қолган эди. Ичида адаси қамоқда ётган бўлса ҳам бундай одам эмаслигидан, ҳечмаҳал у бундай қилмаслигидан, опасини яхши кўришидан хурсанд эди. Унинг кўз олдида опаси қамоқхонага олиб борган кун пайдо бўлди. Адаси озиб, ранги кетиб қолган, илгариги қошларигача тушиб турадиган қуюқ қора сочлари олинган эди. Аммо ўша-ўша, ўзи билган, ўзи кўрган адаси. Учрашув хонасига кириши билан уни кўтариб олди, юз-кўзларидан, бошидан ўпди. Кейин Тўлқинни қўлига олди. Ана ўшанда адаси опаси билан қандай яхши гаплашганини кўрди. Опасини ҳам қучоқлади, секин ўпди, қўлларини қўлларига олиб юзига суртди. Йўқ, адаси яхши одам, ҳечмаҳал бундай қилмайди, ҳечкимга пичоқ урмайди.
— Қанчага кесилибди?
Бувисининг саволи унинг хаёлини бўлди.
— Тўққиз йилга. Чол-кампир илгари келишмаган экан. Ярми ўтгани учун келишибди. Чол жуда доно одам экан. Менга шундай ёқди, шундай ёқди! Кампир ҳам ёмон эмас. Аммо анча кўнгли бўш экан. Салга йиғлайди. Рўмолини иккала учи жиққа ҳўл. Айб ўғлимизда, дейди чол, ўлдириб қўйиши мумкин эди. Учта боласи етим қоларди. Қамалгани бир ҳисобда ёмон бўлмади. Эсини йиғиб олди. Хотин нималигини, бола-чақа, ота-эна нималигини ўша ерда билди. Тавбасига таяниб ўтирибди ҳозир. Энди кечиришсин, айтинг, дермиш. Энди қўлига пичоқ олган одам номард, дермиш. Ҳикоятнинг соясига салом бериб ўтаман энди, дермиш. Ҳикоят келинлари, — тушунтирди қайинонасига Раҳима. — Йигит кишининг тавбаси янгитдан дунёга келгани билан баравар, дейди чол, инобатга олмаслиги гуноҳ. Келин барака топкур кечирди уни, ҳукумат ҳам кечирсин, деб келдик, дейди. Кампир нима дейди денг? — Раҳима беихтиёр кулиб юборди. — Ўғлимнинг қўлига келинни ўзи пичоқ тутқазди, гуноҳҳи ярми уни бўйнида, маст одамми қўлига пичоқ бериб бўлами? — дейди. Тўрт ярим йил иккалови — бири қамоқда, бири уйда баравар азоб чекди. Қўшса тўққиз йил бўлади. Етади шу, — дейди. Мундоқ қараганда тўғримасми, ойи?
Раҳима қандайдир умид ва ўзини юпатиш истаги билан қайинонасига қаради. Солиҳабиби унинг ниятини сезди.
— Тўғри, болам. Кампир тўғри гапирибди. Эр-хотиннинг орасида нима ўтмайди? Эрнинг азоби — хотиннинг азоби. Келин эрининг гуноҳидан ўтиб яхши қилибди. Яхши жувон экан. Сенам кўп эзилаверма. Ажаб эмас Турғунбоям тез қайтса!
— Кошкийди?.. — Раҳима яна жиддийлашди, қуюқ қора қошлари чимирилиб, лаблари титрай бошлади.
— Суд нима деди? — унинг хаёлини бўлди Солиҳабиби.
— Нима дерди?! Яна ўша гап. — Раҳима хаёлчан жавоб берди. — Чол-кампир кириб чиққандан кейин кирдим. Қовоқ-тумшуғи осилиб ўтирибди раисни. Билади нимага келганимни. Кўришиминан ўзи гапириб кетди. Пахта бўйича қамалганларни бошқатдан кўриб чиқишаяпти. Эрингизга ҳам навбат келади. Сабр қилинг. Лекин ҳеч нарса ваъда беролмайман, деди. Айбини бўйнига олган, деди. Шуни инобатга олишсин, иккинчи қилмайди, болаларига, менга раҳмингиз келсин, дедим. Йиғладим. Парвойи палак. Без бўлиб ўтираверди. Шу тоб Тўлқин биғиллаб йиғлаб берди. Овитай дейман, бағримга босаман, қани энди тинса! Ўзимми босолмай сўрадим. Қандай бағритош одамсиз, айтинг, нима қилай? Қўлидаги қаламини ўйнаб манга тикилиб турди-да, кейин ўрнидан туриб ёнимга келди. Хафа бўлманг, деди, ростини айтай. Эрингизнинг ишида ўзгариш бўлмайди, деди. Муз бўб кетдим. Билардим шундоқ дейишини. Аммо шундоқ дейди, деб ўйламаган эдим. Ойи! Бу қандоқ кўргилик?! Саккиз йил саккиз кун эмас, чидолмайман ойи, чидолмайман!...
Раҳима йиғлаб юборди. Унга қўшилиб, аллақачон уйғониб кетган, кўзларини шифтга қадаб ётган чақалоқ ҳам йиғлай бошлади, Раҳима беихтиёр уни бағрига босди, аллалаб тебрана бошлади, лекин анчагача ўзи ҳам, бола ҳам йиғидан тинишмади. Солиҳабибининг юпатишлари, Турсуннинг ялинишлари кор қилмади.
Тун кирди. Юлдузлар чарақлай бошлади. Ҳалигина оқариб турган ой сариқ хандалақдек тўлишиб қўшни том устига келди. Шаббода айвонни айланиб эса бошлади. Тунги салқин таъсир қилдими, ё чарчадими, Тўлқин онасининг қўлида ухлаб қолди. Раҳима ҳам ўзига келгандек бўлди. Боласини ёнига ётқизиб ўрин солгани турди. Турсун хонтахтага бошини қўйганича мудраб ўтирар эди. Уни жойига ётқизди. Кийимларини ечар экан, юз-кўзларидан ўпди. Кейин тоғасини кўрганини айтиб берди. Уни ҳам тасодифан учратибди. Уйга овқатлангани келган экан. Келинойисининг энсаси қотса ҳам индамай гаплаштирибди. Тоғаси янаги ҳафтага бир келиб кет, суриштириб кўраман, дебди.
Солиҳабиби келинининг бирмунча тинчиганидан хурсанд бўлиб, ҳовлига тушди. Эшикдан хабар олиб, водопровод тагида таҳорат қилди. Айвонга кўтарилар экан, бир пас қулоқ солди, уй жимжит эди. Келинини ётибди деб ўйлади у. «Бечора, қандай қувноқ эди, хаёлидан ўтди унинг, кулгисидан дил яшнарди, бир йилда тўкилди-қўйди, сочигаям оқ тушибди. Кўрдимикан ўзи? Кўрса яна эзилади».
Раҳима у қайтгунча айвоннинг биқинига ўрнини солиб қўйибди. Кўрпа устига чузилди. Шу тоб ичкаридан ички оқ кўйлагини кийган Раҳима чиқди.
— Ҳа, болам? — сўради Солиҳабиби.
— Ювинмоқчиман, — деди Раҳима. — Ичим ёниб кетаяпти.
— Қарашворайми? — Солиҳабиби бошини кўтарди.
— Йўқ, ўзим. Шундай, водопроводнинг тагига ўтираман.
Раҳима оёқ яланг ҳовлига тушиб кетди.
Кўп ўтмай Солиҳабиби сувнинг шарқираб очилганини, келинининг аввал сесканиб, кейин ҳузур қилиб, ҳаммаёққа сув сачратиб ювинаётганини эшитди. «Нимани кўрди бечора, — хаёлидан ўтди унинг. — Шундоқ қувнаб-яшнаб яшаши ўрнига, боши ташвишдан чиқмай қолди».
Раҳима қайинонасини безовта қилгиси келмадими, ё уялдими, оёқ учида айвонга чиқди. Солиҳабиби беихтиёр унга тикилиб қолди, келинини хушбичимлигини биларди, аммо анчагина кўҳлик экан. Бўйи баланд, сарвдек тикка экан. Сочлари ҳам узун экан. Шундай ёйилиб белигача тушиб турибди. Нозик баданига тарам-тарам бўлиб ёпишган жиққа ҳўл кўйлагидан чак-чак томаётган сув томчиларидан бир томчиси сачраб Солиҳабибининг лабига тушди. Баҳор нафаси, бинафшанингми, ялпизнингми ёқимли иси димоғига урилгандек бўлиб кетди. «Ишқилиб бахти очилиб кетсин», — яшин тезлигида хаёлидан ўтказди Солиҳабиби.
Раҳима ичкарига кириб кетди.
«Ишқилиб бахти очилиб кетсин», — деди яна ичида Сдлиҳабиби. Кейинги пайтларда у ўғлидан ҳам кўра кўпроқ келинини ўйлайдиган бўлиб қолган эди. Бировнинг боласи, якка ёлғиз қизи. Уникига келиб, келин тушиб, нима кўрди? Энди бири икки бўлай деганда ёш боши билан ташвишга қолди. Тағин ҳам фил экан, касал-пасал бўлиб, ётиб қолса нима бўлади? Болаларининг ҳоли нима кечади?
Солиҳабиби шундай оғир хаёллар билан ётар экан, тун яримлаб қолганини сезмади. Аммо унинг ҳамон уйқуси келмасди. Ҳаммаёқ жимжит. Осмон тинч, юлдузлар тинч. Том орқалаб юрган ой тиккага кўтарилган. Фақат олисда, қишлоқнинг олдидаги катта йўл томондан итларнинг вовуллагани, пахса деворларнинг ковакларидан чигирткаларнинг чирқиллагани онда-сонда қулоққа чалинарди. Бошқа ҳамма нарса, бор тирик жон тин олаяпти, уйқуда. Ҳаммамикан? Бугундан бошлаб қишлоқнинг яна бир уйида тинчлик йўқолди. Мирвалиларникида. Келини оғиз очмади бу ҳақда. Унинг ҳам гапиргиси келмади. Ярага туз сепиб нима қилади? Беайб парвардигор. Лекин наҳотки шунча одам айбдор бўлса? Шунча одам ҳаром яшаса? Саид оқсоқол ўн саккиз минг, деди. Наҳотки ўн саккиз минг кишидан инсоф, диёнат кетган бўлса?
Ичкари уйнинг эшиги секин очилиб, Раҳима пайдо бўлди.
— Ойи? — чақирди у бўғиқ овозда.
Солиҳабиби нима қилишини билмай қолди. Ҳа деса, яна ухламаяпсизми, деб хафа бўлади. Индамаса, дардини ёзолмай тонггача эзилиб чиқади. Яхшиси, индамагани маъқул. Ётсин, бирпас болабояқиш дам олсин. Шундай қилди, овоз бермади.
Раҳима оёқ учида ҳовлига тушди. Солиҳабиби кўзларини очди. Шаҳарга кийиб тушган товар кўйлагини кийиб олган келини оғилхона томон юриб борарди. Кечаси ҳовлига чиқиб юрадиган одати йўқ эди унинг, қўрқарди. Қорни очдимикан? Қозонда ҳеч вақо йўқ-ку?! Солиҳабиби бошини кўтарди. Раҳима ўчоқбошига кирмади, бирпас эшик олдида турди-да, девордаги қозикда осиғлиқ турган арқонни олди. Кейин қаёққадир ғойиб бўлди. Шафтоли шохлари тўсиб турган оғилхона эшиги «ғийқ» этиб очилиб-ёпилгани эшитилди. Солиҳабибининг юраги орқасига тортиб кетди. Даҳшатли гумон хаёлидан ўтди. «Раҳима!» деб қичқирди. Лекин қўрқув ва ҳаяжондан овози чиқмади. Шошиб ўрнидан турди-да, айвондан қандай тушганини билмай оғилхонага югурди. Эшикни очганда, Раҳима ғишт охурнинг устига чиқиб, бўйнига сиртмоқ солаётган эди.
Солиҳабиби «Ҳой!» деди-ю, югуриб бориб, қўлларига чанг солди.
— Нима қилаяпсан, аҳмоқ?!
Раҳима бўшашиб охурга ўтирди.
— Жинни бўлдингми? — қичқирди яна уни елкаларидан силкитиб Солиҳабиби. — Болларни ўйламадингми? Манда нима касдинг бор? Шарманда қилмоқчимисан ҳаммамиззи?!
— Тўйдим, — Раҳиманинг овозида на алам бор эди, на ғазаб. — Тўйдим, ойи. Ҳамма мендан юз ўгирди. Эртага болага нима бераман? Ишга чиқай десам, Тўлқинни қаёққа қўяман? Ўғлиз ҳали-вери қайтмайди. Нима қилай? Ўзимми бозорга солайми?
Солиҳабиби унинг ёнига ўтирди. Елкаларидан қучоқлаб, бағрига тортди.
— Болажоним! Шўрпешонам! Қўй, ўзийни бос. Иккита кап-катта хотин жўжадек болларни боқолмаймизми? Боқамиз. Қўғирчоқдек ясатиб ҳам қўямиз. Сабр қил, болам, сабр қил. Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ. Одам бошидан нималар ўтмайди? Отилиб кетганларнинг ҳам бола-чақаси юрибди. Иннайкейин санда нима гуноҳ? Нимангдан уяласан? Париштанинг ўзисан. Эринг қайтади. Ундан уялаётган бўлсанг, мен онасиман, билиб қўй. Унда гуноҳ йўқ. Унинг бошини айлантиришган. Бир балоларни ваъда қилишган, ё қўрқитишган. Очилади бу ҳали. Тинч бўл, болам. Иккинчи бунақа иш қилма. Қани, манга қара-чи? Манга қара!
Солиҳабиби келиннинг бошидан, юзларидан силаб, ўзига қаратди.
— Оппоғим! Беғуборгинам!..
Шу алпозда улар бир-бирларига суяниб охур устида ўтиришганича тонг ота бошлаганини сезишмади. Раҳима кампирни аяса, Солиҳабиби уни уйдами, шу ердами, ёлғиз қолдиришдан қўрқди.
Тонг отиб, қишлоқдан чиқаверишдаги бозорчадан Солиҳабиби бир товоқ қаймоқ ва иккита иссиқ нон олиб келган-да, Раҳима гўё ҳеч нарса бўлмагандек кўйлагининг этагини липпасига қистириб, ҳовли супурарди.
— Мунча эрта турмасанг, болам? Ҳовлиям чиннидек эди!
Раҳима бошини кўтармади:
— Кун исийдиганга ўхшайди. Уйнинг ичи ёнаяпти. Ухлолмадим. Қалин қилиб сув сепмоқчиман.
У ниманидир хиргойи қилабошлади. Кейин бирдан тўхтади:
— Ойи! Тоғам ҳаракат қилармиканлар?
— Нега ҳаракат қилмасакан? Жигаринг-ку! Қилади, — айвонда дастурхон ёзабошлаган Солиҳабиби келинига ўгирилди. — Турғунни у яхши кўрарди. Иши чиқиб қолса ҳовлисида, чақириб турарди. Ҳаракат қилади.
У шундай деди-ю, ўз гапига ўзи ишонмаётганини сезди. Турғунни олиб кетишган куни ўзи бориб келди жияниникига. Кейин икки марта Раҳима борди, кеча мана, яна кириб келибди. Аммо Тошкентда каттакон ишдаги жиянидан аниқ гап эшитгани йўқ. Наҳотки шунчалик бемеҳр бўлса? Ё у ҳам қўрқаётганмикан? Нимадан қўрқади? Турғунда айб йўқ. Айби бошлиғининг айтганини қилгани. Ўзига нима олибди? Тинтувда чиқарди олган бўлса? Иннайкейин у, ё бўлмаса келини биларди олган нарсасини. Бунинг устига, уйига ҳаром нарса, ўғирлик нарса келтирармиди?! Ўзи боради, ўзи бориб, гаплашади. Солиҳабиби миннат қиладиган одамлардан эмас. Иннайкейин, туғишган акаси, қони бир одамнинг боласидан миннат қилармиди?! Адҳамбек урушда бедарак кетгандан кейин эр-хотин топишганини укасининг оиласи билан бўлиб ейишди. Равшанбек буни яхши билади. Ўзи гапирган неча марта. Наҳотки, бошларига шундай оғир ташвиш тушганда, ўзини четга олса?
Бугуноқ боради, нонушта қилади-ю, жўнайди.
Шу фикр миясига келиб, Солиҳабиби анча енгил тортди, тунги даҳшатли воқеани унутди. Келини олдига нон ушатиб қўяр экан, яна уни ўзича юпатди:
— Худо пошшо, болам. Ҳеч маҳал бандасини зор қилиб қўймайди. Чойингни ичиб бўлиб, манга кичкина челакда помидор териб бер. Турсунбойни ясантир.
— Нима қилмоқчисиз?
Раҳима ҳайрон бўлди.
— Шаҳарга тушиб чиқаман, — Солиҳабиби гап қайтариб бўлмайдиган, қатъий оҳангда гапирди. — Равшанбекка ўзим учрашиб келаман...
Қорақишлоқ Янгийўлнинг шундай биқинида. Эллик йил муқаддам Андижоннинг Найманчасидан қулоқ қилинганлар шу, Тошкентнинг юқорисидаги, Сариоғочга туташ ташландиқ жойга кўчиб келишган. Улар орасида Солиҳабибининг отаси Ҳамробек ака ҳам бор эди. Солиҳа ўшанда худди Турсундек ёш, эндигина тўққизга кирган, Равшанбек ҳали туғилмаган эди. Уруш бошланишидан бир ой бурун уни узатишди. Эри Обиджон урушга кетди. Солиҳабиби у йилларни эслашни ёмон кўрарди. Кетма-кет отасини, онасини кўмди. Бунинг устига ҳали таниб-билиб улгурмаган эрининг хонадонига кулфат тушди. Қайинотаси ҳам урушга кетиб, йил ўтмай ҳалок бўлди. Икки оиланинг ташвиши унинг елкасига тушди. Ўқишни ташлаб, фермага ишга кирди. Қоронғида кетиб, қоронғуда қайтади. Қайтганида ҳам тинчлик йўқ, кечаси билан кийим тикади. Енгсиз пахталик нимчани ўша йиллари у ўйлаб топди. Қўшни қишлоқлардан келиб буюриб кетишади, Қорақишлоқнинг ярми қишни унинг шу пахталик нимчаларида ўтказадиган бўлди.
Обиджон бир қўлидан ажраб урушдан қайтган йили Калинин ўлди-ю, Қорақишлоққа унинг номи берилди. Лекин ҳалигача қари ҳам, ёш ҳам бу номга кўниккани йўқ. Расмий қоғозлардагина ёзилади, холос. Оғизда ҳамма Қорақишлоқ дейди. Бутун водийга донғи кетган Найманчанинг қора анжири бу ерда ҳам битадиган бўлганиданми, ё қулоқ қилинган қора кунлардан хотирами, ё уруш йиллари қора хат кўп келганданми, ҳечким аниқ билмайди, бу ташландиқ жой Қорақишлоқ бўлиб кетди, ҳамма шунга ўрганиб ҳам кетди.
Обиджон колхозга ишга кирди, хотини билан фермада ишлай бошлади, кейин мудирлик қилди. Учинчи фарзандлари, Турғунбой туғилганда (олдинги иккитаси турмади, қизамиқдан ўлиб кетишди) Обиджон фермада эди. Хушхабарни эшитиши билан отга миниб, уйга жўнади. Қаттиқ ҳаяжонга тушиб кўрмай қолдими ёки от ҳуркдими, темир йўлдан ўтаётганда поезд уриб юборди. От омон қолди, тўрт йиллик даҳшатли урушдан ўтиб келган одам эса уйининг олдида жон берди. Солиҳабибининг энг катта алами шу эди. Отаси сингари, кўпчилик тенгқурлари сингари урушда ҳалок бўлганида бунчалик алам қилмасди. Омон қайтса-да, пишқириб келаётган поездни кўрмай, унинг тагида қолиб ўлса?! Бундан ҳам қаттиқ алам, дард бўлиши мумкинми?
Отасининг еттиси куни, чақалоққа Турғун деб исм қўйишди. Ўшанда Солиҳабиби ўттиз уч ёшда эди. Турмуш қурмади, не-не жойлардан совчилар келди, йўқ деди. Битта бола билан қолди. Мана энди шу болани деб, шаҳарга кетаяпти. Акасининг ўғли Равшанбек шаҳарда ўқиб, шаҳарда қолиб кетди. Уч-тўрт йилдан бери министр ўринбосари бўлиб ишлайди. Нимжон, касалманд бола эди, отасига иккита келадиган бўлиб кетган. Солиҳабиби уни яхши кўрарди, болалигида кўтарарди, катта ариқда оёқларидан, қўлларидан ушлаб, чўмилтирарди. Обиджон ҳам «годовой» чиққанида, бир арава-бир арава сабзи, пиёз қилиб ташлаб келарди. Наҳотки шуларни унутган бўлса? Аммо одам боласини билиш қийин. Ичига кириб бўлмаса! Давлат келиб, ақли кетганлар, босар-тусарини билолмай, бу дунёга омонат эканларини унутганлар оз эмас. Келинига жуда қатъий гапирса ҳам, Солиҳабибининг дилида шундай шубҳа ғимирлаб турарди. Турғун кесилганидан бери Равшанбек тайинли бир гапни уларга ваъда қилгани йўқ.
Шаҳарга тушишидан, тағин бувиси билан тушишидан Турсун ҳам хурсанд эди.
— Ойи, адамларниям кўрамизми?
— Кўрсатса, — деди Солиҳабиби. — Кўрсатмаса, опанг билан тушганингда кўрасан.
— Ойи! Тўлаганниям адаси порахўрми? — сўради Турсун.
— Қайдам? — иккиланиб жавоб қилди Солиҳабиби. — Пора олганми, пора берганми, билмайман. Иккаловиям бир гўр. Гуноҳ. Тўхта! — ҳушёр тортди бирдан у. — Тўлаганниям адаси, деганинг нимаси? Адангни порахўр деб ўйлаяпсанми?
Турсун уялиб бошини қимирлатди.
— Йўқ, аданг порахўр эмас. Порахўрларни пичоғи мой устида бўлади. Аданг лабарант эди. Лабарантда нима бўларди? Адангни алдашган. Манавини хўжайинизга бериб қўйинг, дейишган. Адангам бу газетага ўроғлиқ нарса нима экан, деб суриштирмай-нетмай олиб қолган. Хўжайинига бергунча милиса босган. Адангни гуноҳи шу. Аданг порахўрмас, ўғрияммас.
Солиҳабиби ишонч билан гапирди. Неварасини ҳам, ўзини ҳам у алдашни истамасди. Агар ўғли чиндан пора олганида бундай демасди. Ёлғон ҳам порахўрлиқдан баттар гуноҳ. Ростини айтарди, неварасини бошқа гаплар билан овутарди, бошқача насиҳат берарди. Аммо ўғли фақат унга эмас, судда ҳам шундай деди, қоғозга ўроғлик нарса пуллигини билганимда, поралигини билганимда олмас эдим, деди. Суд ишонмади. Нега у, она, ўз боласига ишонмас экан? Иннайкейин шундай оғир пайтда бола онасини алдармиди?!
— Катта бўлсам, ман ҳечам бухгалтер бўлмайман, лаборантам бўлмайман.
Унинг хаёлини бўлди Турсун.
— Тўғри қиласан, — маъқуллади Солиҳабиби. — Олим бўгин, ё дўхтир бўгин. Олимлар ҳар хил китоблар ёзишади, одамларни яхшиликка ўргатишади. Дўхтирлар шифо келтиради. Ёшу қарининг дуосини олади. Пора нималигини билмайди. Ким бўласан? Дўхтир бўласанми?
— Майли, дўхтир бўламан, — бувисини хафа қилгиси келмай рози бўлди Турсун. — Тиш дўхтири бўламан. Анави ғит-ғит машина билан Тўлаганни адабини бераман.
— Ундоғ дема, қўй, — Солиҳабиби неварасини ёмон ниятидан қайтарди. — Бечора бола адабини еб ўтирибди отаси қамалиб. Сени мазах қилмайди энди.
Улар шундай гаплар билан катта кўчага чиқаверишдаги толзорга етишди. Автобуснинг сўнгги бекати шу ерда, чойхона рўпарасида эди.
Солиҳабиби қўлидаги усти дока билан ёпилган челакни ерга қўйиб, қаддини ростлади. У ҳам невараси каби бирдан қарор қилиб, шаҳарга тушаётганидан хурсанд эди. Ҳар ҳолда бир гап топиб келади, хотири жам бўлади. Келинидан ҳам кўнгли тинч эди. Ёмон фикр одамнинг хаёлига кечаси келади, қоронғида келади. У эса қоронғи тушгунча қайтади.
Чойхона томонда ёз бўлишига қарамай, кўк мовут чакмон кийиб олган бир чол кўринди. У ҳассага таяниб битта-битта юриб келади. Солиҳабиби таниди. Қишлоқ мутаввалиси Саидоқсоқол эди. Айтишларича, динга қарши юриш авжига чиққан йиллари Ширинсойдаги мачитни бузишга қарор қилишибди. Аммо ҳеч кимнинг юраги дов бермабди. Шунда яқинда комсомолга ўтган Саид мачитнинг томига чиқиб биринчи кетмон урган экан. Ўшандан кўп ўтмай ўнг тарафи, юзидан оёғигача қотиб қолган. Не-не докторлар кўрмади. Қўли, оёғи ҳаракатга келди-ю, аммо юзи қотганича қолди. Шундан бўлса керак, халқ уни орқасидан Саидқийшиқ ҳам дейди. Анчагина ўқимишли бўлганидан, ваъзхонлигидан узоқ йил қишлоқ кенгашида ишлади. Уруш йиллари халқ унинг гуноҳидан ўтиб мутаввали қилиб қўйди. Шу-шу бирон маърака усиз ўтмайди, катталар қатори уйнинг тўри уники. Обид аканинг йилигача ҳамма маъракаларида ўзи бош бўлиб турди, Турғун қамалгандан кейин ҳам бир неча марта келиб ҳол сўраб кетди.
Давоми:http://sultanrabat.ucoz.org/news/wlmas_umarbekov_er_jonganda_davomi/2015-02-01-120