Ўлмас Умарбеков. Ер ёнганда (давоми)
— Ҳа, чевар, йўл бўлсин? Шаҳаргами? — сўради яқинлашганда.
— Шундоқ, — Солиҳабиби ийманиб жавоб қилди, хайрли ишга кетаётиб биринчи кўрган одами Саидоқсоқол бўлганидан, яхшиликкамикан, ёмонликкамикан, билолмай хавотирланди. — Айланиб келайлик она-бола.
— Тўғри қиласиз, чевар, — Саидоқсоқол тўхтади. — Кўрган эшитгандан маъқул. Турғунбойга салом айтинг. Сабр қилсин. Яхши ишласин. Яхши ишлаганга бир кун уч кунга ўтармиш.
— Кўрсатадими, кўрсатмайдими, билмайман, — жавоб қилди Солиҳабиби. — Бугун кўрсатадиган кунимас.
— Кўрсатади! Шундай паҳлавон билан борасиз-ку, кўрсатмайдими?!
Саидоқсоқол Турсуннинг бошидан силади. Автобус келди. Солиҳабиби челакни қўлига олди.
— Саломни унутманг, чевар! — бир юзи билан жилмайиб қичқирди Саидоқсоқол. Солиҳабиби неварасини машинага чиқариш билан овора эди, индамади.
Бир ярим соат чамаси ҳар ер-ҳар ерда тўхтаб, автобус уларни Олой бозорига олиб келди. Шу ердан у орқага қайтарди. Солиҳабиби бир кўлида челак, бир қўли билан неварасини маҳкам ушлаганича автобусдан тушди. Жиянига учрашиш зарурлигини тушунса ҳам аввал турмага боришга қарор қилди. Бозор дарвозасидан сал нарида трамвай тўхтарди. Шу ёққа юрди. Турсун унинг ниятини сезди.
— Адамларни кўрамизми олдин? — сўради у қувониб.
— Борайликчи, болам. Зора кўрсатса!.. Солиҳабиби буёғига йўлни яхши биларди.
Турғунни суддан кейин тўғри шу ёққа олиб келишганда, орқама-орқа у ҳам келган эди. Суд ҳукмини яхши эшитган бўлса ҳам, ўғлининг қамалганига ишонмай, уч кун турма олдида қолиб кетди. Гўё хато тузалади-ю, Турғун мана, ҳозир бўшаб чиқади! Қорни оч чиқади ҳойнаҳой. У шу фикр билан уч кун турмадан бозорга, бозордан турмага қатнаб иссиқ-иссиқ нарсалар олиб келиб ўтирди. Аммо турманинг бесўнақай темир дарвозаси унинг ўғлига очилмади.
Трамвай тез келди. Одам кам эди. Иккаловлари юмшоқ курсиларда ўтириб турмага етиб боришди. Аммо орзулари ушалмади. Солиҳабиби қанча илтимос қилмасин, ичкарига киритишмади. Погонига қўш юлдуз таққан ўғли тенги ёш милиционер чиқиб, ҳатто койиб берди. Мумкин эмас, деди. Якшанба куни келинглар, деди. Турсун йиғлаб жон амаки, деб ялинса ҳам кўнмади, ҳаққим йўқ, деди.
Суви қуриган ариқ лабида, қовжираган ўт устида кетолмай ўтиришар экан, Турсун баланд темир дарвозага сим-симдек тарақ-туриқ қилиб ҳар очилганда қизарган кўзларини мўлтиратиб қарар, ичкарига кириб кетаётган усти берк машиналар ортидан югургиси, дадасининг бўйнига ёпишиб: «Ада! Сизни жудаям соғиндим, тезроқ уйга қайтинг!» дегиси келарди. Эрталаб онаси кийинтираётганда ҳам, автобусда келишаётганида ҳам дадасига айтадиган кўп гапларни ўйлаб қўйган эди, арифметикадан охирги чоракка беш олганини, синф раҳбари уни мақтаб, ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатганини айтмоқчи эди, яна анча ўйлаган гаплари бор эди, ҳаммаси ичида қолди.
— Хафа бўлма, болам, — юпатди уни Солиҳабиби. — Отдих куни опанг билан келасан, кўрасан адангни. Буларга ҳам қийин, ҳар ким хоҳлаган куни келаверса, турма турма бўладими? Тартиб бўлиши керак, айниқса шунақа жойда. Келасанми отдих куни?
Турсун ёшга тўлиб турган кўзларини муштлари билан артиб, бошини қимирлатди.
— Хафа бўлма. Ўзим четларига гул солиб патир нон ёпиб бераман. Аданг патир нонни яхши кўради. Санам яхши кўрасан-а? — Турсун яна бошини силкитди. — Ўргулай сандан, қоқиндиғим. Чанқамадингми? Чанқаган бўлсанг, газ сув обераман. Қанақасини оберай? Қизил сувми, ё сариқ сувми?
— Қизил, — деди ўпкаси тўлиб Турсун ва бирдан ўзини тутолмай йиғлаб юборди.
Солиҳабиби уни ўзига тортиб, бағрига босди. Елкаларидан, бош-кўзидан силаб, ўпди. Турсун анчагача ўзига келолмай, бўғилиб-бўғилиб йиғлади-да, чарчадими, ё бувисининг эркалагани элитдими, ухлаб қолди...
Кун тиккага келганда, улар қариндошлариникига етиб боришди. Ҳайвонот боғига яқин сокин ва салқин кўчадаги эшиклари ҳам ҳовлига, ҳам кўчага чиқадиган тўрт қаватли ғишт уйнинг кенг зиналаридан кўтарилишар экан, Турсун хавотир олиб, сўради:
— Уйда ҳеч ким бўлмаса-я, ойи?
— Унда ҳайвонот боғига олиб кираман сани, — деди Солиҳабиби юраги ғулғулага тушиб. — Узоқмас, ҳов ана, кўчанинг охирида.
— Биламан, опам олиб тушганлар. Тоғамми кўрганимиз яхши.
Турсун югуриб учинчи қаватга кўтарилди ва таниш эшикнинг қўнғироғини босди. Алламбало музика чалиниб бўлиши билан эшик очилди.
— Вой, Турсунмисан?
— Ассаломалайкум!
Турсун узун гулли халат кийиб олган хуш табиат аёлга қўлини узатди. Аёл уни қучоқлаб, пешонасидан ўпди.
— Ким билан келдинг? Опанг қани?
Турсун жавоб бериб улгурмади, пастдан бувисининг овози келди:
— Зумрадхон! Ман келдим, болам!..
Улар қуюқ кўришишди. Ичкарига киришганда, Турсун келинойисига яхши кўрингиси келдими, ё очиқ чеҳра билан кутиб олганидан хурсанд бўлиб кетдими, шошиб бувисининг қўлидаги челакни кўрсатди:
— Биз сизга помилдори олиб келдик. Дориси йўқ. Ойим ўзлари экканлар! Қаранг!
— Вой, ойингдан айланай! Овора бўлиб нима қилардинглар шу иссиқда?
Зумрадхон шундай деди-ю, Турсун билан бирга Солиҳабибининг қўлидан челакни олиб, устини ечди.
— Мунча чиройлик?!
— Мазасини айтинг, болам, мазасини! — Солиҳабиби ҳам келиннинг чеҳраси ёришиб турганидан енгил тортиб гапга аралашди. — Шакар, шакар!..
Зумрадхон бир хил, қип-қизил олма нав помидордан биттасини олиб ҳидлади.
— Ҳидиям бошқача! — мақтади у ва ичкари хоналардан бирига кириб, бир ҳовуч зар қоғозли конфет олиб чиқди-да, Турсуннинг қўлларига солди. — Катта йигит бўлиб кетибсан-ку, Турсун?!
Турсун уялиб жилмайди.
Фотиҳадан сўнг Зумрадхон дастурхон ёзаётган эди, Солиҳабиби тўхтатмоқчи бўлди.
— Бирров кўргани келдик. Овора бўлманг, болам. Равшанбек яхши юрибдими?
— Яхшилар, раҳмат. — Келин барибир дастурхон тузади, нон, қанд-қурс олиб келиб қўйди. — Э, опа, уззу кун ишдалар. Шанба йўқ, отдих йўқ, узилиб қоласиз бунақада, сал ўзингизга қаранг, дейман. У кишини биласиз-ку, оналари ишга туққан. Ҳамманинг иши, ташвиши у кишининг бошида. Министр бор, бошқа ўринбосарлар ҳам бор-ку, дейман жаҳлим чиқиб. Йўқ, ўз билганларидан қолмайдилар. Кошки одамлар қадрига етса, етмайди.
Солиҳабиби Зумрадхоннинг гап орасида гап қистириб кетиш одатларини биларди, ҳозир ҳам унинг нима демоқчилигини сезди, лекин бошқа иложи йўқ эди, шунинг учун мақсадга ўтақолди.
— Барака топсин Равшанбек. Ҳожат чиқариш ота касби. Бировлар қадрига етмаса етмас. Ўзи хурсанд бўлса бўлди. Болам, манам Турғунбойни гаплашиб келай, деб келдим. Нима деркин, нима ёрдам бераркин... Йилдан ошди, ҳеч ўзгариш йўқ.
— Турғунни яхши кўрадилар жияниз. Қўлларидан келганини қиладилар.
Зумрадхон шундай деб, бурчакда, телевизор устида турган телефонни олди.
— Раҳмат, барака топинг, болам.
Солиҳабиби рўмоли учи билан намланган кўзларини артди.
— Равшан ака? Менман, ҳа, — Зумрадхон унга эътибор бермай, трубкага гапирди. — Тинчлик. Солхапам келганлар. Гаплари бор экан сизда. Келасизми? Ош қилиб тураман.
Лаббай?
Солиҳабиби унга илтижо билан тикилди. Зумрадхон телефонни жойига қўйди.
— Обедга келадилар. Хурсанд бўлиб кетдилар келганингизни эшитиб.
— Барака топсин Равшанбек. — Солиҳабиби дуо қилиб, қўлларини юзига суртди ва келиннинг ўрнидан турганини кўриб, қўшиб қўйди. — Бизани ўйлаётган бўлсангиз овора бўлманг, болам.
— Овораси бор эканми! Иннайкейин тузукроқ овқат едирмасам бўлмайди жиянизга. Оч қолиб кетадилар, ҳеч ўзларини ўйламайдилар.
Зумрадхон ошхонага йўл олди, нимадир эсига тушиб қайтди-да, телевизорни қўйди.
— Зерикманглар. Мен дарров.
Турсун ўзида йўқ шод эди. Ейишга уялиб, зарҳал қоғозларга ўралган конфетларни стол устига гоҳ ундай, гоҳ бундай тахлаб ўйнар экан, севинчини яширолмай бувисига қаради. Унинг бу қарашида ҳам ҳавас, ҳам шундай қариндошлари, шундай чиройли, келишган, мулойим келинойиси борлигига ғурур ёзуғлик эди. Солиҳабиби жилмайиб қўйди. Телевизорда қандайдир фильм кетаётган эди. Кўзлари экранда бўлса ҳам, аммо ҳеч нарса кўришмади, иккалови ўз хаёллари билан банд эди. Турсуннинг бояги, қамоқхона олдидаги аламларидан асар қолмаган, келинойисининг муомаласидан семириб, тоғаси келади-ю, битта телефон қилиши билан адасини қўйиб юборишадигандек яшириб бўлмайдиган сабрсиз ҳаяжон ичида ўтирарди. Солиҳабиби ҳам бирдан-бир умиди Равшанбек билан учрашишга муяссар бўлганидан анча ўзига келган, невараси олдида жуда бўлмаганда битта иши амалга ошганидан кўнгли таскин топган эди. «Ҳарҳолда қариндош-ку, — ўйларди у жиянини. — Ҳаракат қилар. Келин тушмагур ҳеч ким қадрига етмайди, дейди. Йўқ, яхши одам кўп дунёда. Қадрига етади. Ҳаракат қилса, Турғуни чиқса, бошига кўтаради иккаловини, соясига салом бериб ўтади».
Дам еяётган гурунчнинг ёқимли иси димоққа урилди.
— Хурсандмисан, болам? — сўради Солиҳабиби неварасидан.
Турсун оғзи қулоғига етиб жилмайди.
Равшанбек келиб, иккалови билан қуюқ кўришди, Турсунни ҳатто даст кўтариб, пешонасидан ўпди. Ош келгунча гап бермай, ҳаммани бир-бир сўраб чиқди. Солиҳабиби унинг кўнглини олиш учун ичини ит тимдалаётган бўлса ҳам ниятига ўтмай, ҳамма саволларига тоқат билан, ҳатто керагидан ҳам зиёд, бафуржа жавоб берди, Зумрадхон қип-қизил, ҳар битта гурунчи дона-дона бўлиб ялтираб турган ош олиб келганида ҳам ўз гапига ўтмади.
— Ачичувни қаранг, Солхапам олиб келган помидордан. Бирам ширин, — мақтади Зумрадхон.
— Дори солинмаган, тоға, — қўшиб қўйди Турсун.
Равшанбек аччиқ-чучукни ҳам, ошни ҳам иштаҳа билан еди. Солиҳабиби чайналиб ўтирди. Кўз олдига ўғли, тунги қилиғи билан юрагини тилка-пора қилган келини келди-да, томоғидан ўтмади, неварасини ундади. Аммо Турсун ҳам чайналиб ўтирди. Ҳашаматли уй, тоғаси, икки гапнинг бирида олинглар, деб қистаган келинойисининг салобати босди.
Овқатдан сўнг, Равшанбекнинг ўзи гап очди, Раҳимага кеча яна бир суриштиришни ваъда қилганини айтди. «Турғунда айб йўқ. Албатта қонун нуқтаи назаридан пора олган ҳам, пора берган ҳам жазога тортилиши керак», — деди у. Турғун ўртада турган, холос. Пахта пунктининг бошлиқлари билан порахўрга чиқариб қўйишганига у ҳам қўшилмайди. Бир нарса қилиш керак. Маслаҳатлашиб кўради, таниш-билиш қидиради.
Шу тоб ошхонада юрган Зумрадхон эрини чақирди. Равшанбек анчагача йўқ бўлиб кетди. Улар нимани гаплашишди, Солиҳабиби эшитмади. Аммо жияни ўзгариб қайтди.
— Танишларни суриштираман, — деди у гапга хулоса қилгандек. — Лекин биласиз-ку, опа, ҳозир қанақа давр, қамалибдими, демак бирон пап бўлса керак, деб ўйлайди ҳамма. Нима қилиш керак, билолмадим. Қуруқ гапдан бошқа бирон исбот йўқ.
— Исбот унинг рост гапи, — эътироз билдирган бўлди Солиҳабиби. — Йўқ дема, болам. Бир уннаб кўр. Обис қилишди, обисда ҳеч нарса чиқмади, шу исботмасми?
— Ҳаракат қиладилар. — Янги чой кўтариб қелган Зумрадхон гапга аралашди. — Таниш-билишлари суд идораларида йўқ-ку, лекин ҳаракат қиладилар. — У эрига мурожаат қилди. — Солхапамми гаплари тўғри. Рост гап исботамасми, Равшан ака?
— Исбот-ку, аммо... — Равшанбек ўйланиб қолди. Соатига бир қараб қўйиб, Солиҳабибига ўгирилди. — Ҳаракат қиламан.
— Шундай қил, болам. Қачон хабар олай? — сўради Солиҳабиби.
Эри учун Зумрадхон жавоб берди.
— Вой, сиз овора бўлиб нима қиласиз? Тагларида машина. Ўзлари хабар берадилар. Иложлари бўлмаса, машина бериб турадилар, мен ғир этиб бориб келаман.
— Ҳа, сиз овора бўлманг, — уни қувватлади Равшанбек ўрнидан турар экан. — Мен энди борай. Турсунбой, хайр, жиян. Келиб тургин, хайр, опа. Ўзимиз хабар берамиз.
У шошилиб, орқасидан биров қуваётгандек, эшикка отилди.
«Ҳаракат қилмайди», — хаёлидан ўтказди Солиҳабиби.
У жиянининг ҳечмаҳал суд идораларига иши тушмаганини, бундай ишлардан мутлақо четда эканлигини билмасди. Гап жиянимнинг ўзида, деб ўйларди.
Шу мулоҳаза билан ноумид шайтон, юзига табассум юргизиб, эрини кузатиб келган келинига мурожаат килди:
— Зумрадхон, манави диванизга кўрпача ёзиб қўйса бўлар экан. Беқасамдан. Қавиб берайми? Ёш нарса қийналманг, айтиб туринг шунақа ишла бўса.
Зумрадхон суюниб кетиб:
— Вой раҳмат, опа! Жияниз кўрпачани яхши кўрадилар. Ўзимам битта хонани шунақа, ўзбекча қилиб қўймоқчиман. Хонтахтада, атропида кўрпачала.
— Ўзим қилиб бераман. Майда қавиқ қилиб, енгил қилиб!..
Солиҳабиби гапи маъқул тушганини кўриб мақсадга ўтди.
— Жон болам, айтинг! Равшанбек ҳаракат қилсин, битта-ю битта ўғлим-а!
Зумрадҳоннинг ўзи сезмаган ҳолда қошлари чимирилди.
— Ваъда қилдилар-ку, опа! Майли, яна айтаман.
— Айтинг. Умр бўйи дуойилани қилиб ўтаман!
* * *
...Автобус қишлоққа кириб келганда, кун ҳали ёруғ эди, иссиқнинг тафти тушмаган, машинанинг кўкиш тутуни чангга қўшилиб ҳавода жимирларди.
— Ойи, қорним очди, — деди Турсун ерга тушишганда.
— Уйга келдик, болам, — юпатди уни Солиҳабиби. — Опанг ҳойнаҳой бирон овқат қилаётгандир. Тўхта-чи! — унинг эсига қўлидаги челак тушди. — Қарайлик, келинпошша нима солиб қўйдийкин...
У шундай деб, йўл ёқасида ётган харсанг тош устига ўтирди.
— Чарчадим-а жиндак.
У челак устидаги докани кўтарди. Зумрадхон икки қути печенье, ҳар хил конфет солиб қўйибди. Битта қутини йиртиб, неварасига узатди.
— Ол. Яхшига ўхшайди.
Турсун юпқа, чети гуллик сап-сариқ печеньедан олиб, биттасини тишлади. Қарс-қурс қилиб чайнар экан, ҳайрон бўлди:
— Булани печеннийсиям бошқача-я, ойи? Ширинмас. Еб кўринг.
Солиҳабиби невараси узатган печеньенинг бир четини синдириб оғзига солди.
— Улани ҳамма нарсаси бошқача. Ула ширинлик ейишмайди.
— Нега? — қизикди Турсун.
— Ширинлик семиртиради, дейишади. Аччиқ нарсаям ейишмайди. Туз кам ишлатишади. Боя ачичувдан едингми?
Турсун йўқ, деб бошини қимирлатди.
— Яхши қипсан. Тузсизиди. Келинпошша майли, пигурасидан қўрқади. Равшанбекни нима жин урди? Ачичувни тузсиз еб бўларканми?! Ўз номиминам аччиқ-чучук.
Солиҳабиби жиянини тилга олиб ўйланиб кетди. «Наҳотки ҳаракат қилмаса? Нима қиларкан, шундай телефонни олиб, бир йилдан буён қамалиб ётган Турғунбой жияним бўлади, бошқатдан текширинглар, уни жуда катта айби йўқ, деса? Айби ўртада тургани. Майли, шунгаям жазо керак бўлса, жазосини тортди. Бир йилдан буён қамалиб ётибди. Уйида иккита боласи қолган. Иккаловиям ёш. Биттаси, қамалгандан кейин туғилган. Хотини, онасини боришмаган жойи қолмади, яхшилаб бошқатдан текширинглар, деса? Ё ўзидан қўрқаяптимикан?
Солиҳабиби шундай ўйлаб, нима учун ҳаракат қилмаслигининг сабабини топгандек бўлди. Зумрадхонга ўхшаганлар бировга ёрдам қўлини чўзмайди. Гап билан авраб, ўзини олиб қочади, улар ўзини ўйлайди. Равшанбек ҳам бошини оғритиб, тинчлигини бузиб нима қилади?
Нимадир гувиллагандек бўлди. Солиҳабиби ҳушёр тортиб, атрофига қаради. Ҳаммаёқ тинч эди. Бекатга бирин-кетин йиғилган одамлар хотиржам автобус кутишарди, чойхона томонда, толзорнинг тагида тизгини шохларига ўраб қўйилган тарғил сигир эриниб кавшанарди. Нима гувиллади? Солиҳабиби тошга қўлини қўйди. Тош ёнарди. Яна гувиллаган товуш қулоғига чалинди. У таниди бу товушни. Найманчадан кўчишаётган пайти яқин қўшнилардан бири уйига ўт қўйиб юборган эди. Қий-чув бўлгани йўқ, ҳеч ким тўпалон қилгани йўқ ўшанда. Ёшу-қари индамай уйнинг ёнишига тикилиб туришди. Қамиш ёпилган лой том, ёғоч устунлар ана шундай, товуш чиқариб, гувиллаб ёнган эди.
Солиҳабиби хавотирланиб яна атрофига қаради, қимир этмай турган дарахтларнинг учига, осмонга тикилди. Ҳеч қаерда ёнғин нишонаси йўқ, ҳаммаёқ тинч эди.
— Ер ёнаяпти, — хулоса қилди ўзича у. — Бу ернинг ёнгани.
— Нима дедиз, ойи? — сўради Турсун.
— Ер ёняпти, — қайтарди Солиҳабиби.
— Қани?
Турсун қизиқиб атрофига қарай бошлади. Аммо ҳеч нарса кўрмади.
— Ҳеч нарса йўқ-ку? — ҳайрон бўлди у.
Солиҳабиби болани қўрқитиб қўяётганини сезди.
— Иссиқ бўлганда шунақа дейишади, болам. Ҳеч нарса ёнаётгани йўқ. Қани, кетдик!
— Челакни манга беринг, оғирмас.
Солиҳабиби йўқ демади. Иккалови яна йўлга тушишди. Йўллари энди яқин эди. Уйларигача бир қадам. Ҳали замон етишади. Солиҳабиби келинини тинчитади. Тоғанг Равшан астойдил ваъда қилди, дейди. Кейин қолган-қутган нарсаларни йиғиштириб, бир коса бўлса ҳам иссиқ овқат қилади. Болаларга иссиқ овқат керак. Ёш болалик келинига ҳам. У шундай ўйлаб, битта-битта юриб борар экан, ичи ёниб кетаётганини сезди, томоғи, оғзини куйдириб юрагидан олов гуриллаб чиқаётгандек бўлди. Ярим кечада ўғлини олиб кетишганда ҳам, суднинг ҳукми ўқилганда ҳам у бундай аҳволга тушмаган эди. Нима бугун уни бунчалик қийноққа солди? Ўғлини кўрсатишмаганими, ё жиянининг сохта муомаласими? Ҳаммаси қўшилган, бугунги азоблари ҳам, келинининг тунги қўрқитишлари ҳам, ҳаммаси юрагига тугилиб қолган эди. Унинг назарида иссиқдан ҳаво жимирлаб, ер ёнаётгандек бўлса, йиғилиб-йиғилиб, ёрилай деб турган дардларидан ўзи ёнаётгандек эди.
Уйга киришганда, Раҳима айвон зихида боласини эмизиб ўтирарди. Турсун югуриб бориб челакни тутқазди.
— Қаранг!
Солиҳабиби жилмайди.
— Эрингни кўролмадик. Қўйишмади. Аммо тоғанг барака топсин, ваъда қилди. Катта-катта одамламинам зуд гаплашаман, деди.
Турсун оғзи қулоғига етиб, келинойиси ош қилиб келганини, тоғаси қўлига кўтариб, пешонасидан ўпганини гапириб берди.
— Олдинроқ борсангиз бўлар экан, — жиндек ўпкаланди Раҳима.
— Шуни айт, болам! — қўшилди унга Солиҳабиби ва келини бошқа гапга тутмаслиги учун ўчоқбошига йўл олди.
Раҳима ҳеч нарсага уннамаган эди. Ким билади, балки кечаги воқеадан кейин бу томонга келишга чўчиган ҳамдир?
Солиҳабиби қозоннинг тувоғини кўтарди. Нима қилса экан?
У тандирнинг ёнида қоғоз қопда картошка борлигини биларди. Яна нима бор экан? Сабзи бор. Битта товокда оқ ёғнинг жиззаси бўлиши керак. Шу жиззага картошкани паррак-паррак қилиб тўғраб, помидор билан қовурсамикан?
Солиҳабиби супанинг бурчагида турган хумларни қарамоқчи бўлди. Бир пайтлар шу катта-кичик хумларда ун, ёғ, дон турарди. Нимадир балки қолгандир? Анчадан бери қарамаган эди. У супага кўтарилиб биринчи хумга қўл солди. Бўм-бўш. Битта-иккита гуруч доналари қўлига ботди. Иккинчи хумга қўл солди. У ҳам бўш эди. Ёғ турган экан унда, панжалари ялтираб чиқди. Учинчи хумда нимадир бор эди. Унми, кепакми, билолмади. Қўлини суғурмасдан ковлаб кўрди. Кепак бўлса керак, панжаларига тикан ботгандек бўлди. Умид билан яна ковлади. Қаттиқ бир нарса қўлига тегди. Нима бўлди экан? У яна ковлади. Хамиртуруш бўлса керак. Лекин ким солиб қўйди уни? У эслолмади. Ўзи солмагани аниқ эди. Раҳима солдимикан? Кепакка ҳам хамиртуруш соладими, тентак? Хамиртуруш кафтига зўрға сиғди.
Қўлини суғурганда кўрди, бу хамиртуруш эмас, целлофанга ўралиб устидан каноп билан танғиб ташланган бир нарса эди. Нима бўлди экан?
Солиҳабиби канопни ечиб, целлофанни очабошлади. Очди-ю, ҳанг-манг бўлиб қолди. Целлофаннинг ичи бир ҳовуч Николай подшонинг суврати солинган тилла танга эди. Санади. Ўнта экан. Юз сўмдан бўлса минг сўм. Бундан ҳам қимматдир балки? Қаердан келиб қолди бу тилла пуллар? Ким беркитиб қўйди бу ерга?
Солиҳабиби ўйлади-ю, юраги оркасига тортиб кетди. «Турғунжон болам! Нима қилиб қўйдинг?! — деди ичида тиззаларига таяниб чўккалар экан. — Нима қилиб қўйдинг, бола тушмагур?!»
Турғундан бошқа бу ишни ҳеч ким қилмасди. Бир кўнгли келинидан сўрамоқчи бўлди. Лекин ўзини тутди. У бу ишни қилмайди. Тийинга зор ўтирибди-ю, шу ишни қиладими? У фариштанинг ўзи. Бу ишни қилиш у ёқда турсин, эшитса, ўзини бир бало қилиб қўяди. Бу Турғун. Демак, хўжайинларининг қинғир ишларига у шерик. Улар билан бирга. Тинтув бўлишини билиб, буёққа яширган. Милициянинг хаёлиға келмаган бу ёқни кўриш. Нега айтмади, ойисига, Хотинига? Улардан ҳам яширдими? Ё омонатмикан? Омонатлиги учун айтмадимикан? Барибир, омонат бўлса ҳам ўғирлик бу. Унинг Турғуни, яккаю ягона, гард юқтирмасдан, етимликни сезмасин, деб, тул ўтиб ўстирган боласи ўғри. Нима қилиш керак? Келинига қандай айтади? Одамларнинг кўзига, Равшанбекка қандай қарайди энди? Турсунга нима дейди?
Солиҳабиби миясини чулғаб олган шундай ўй, хаёллар билан анча ўтирда. Кейин тангаларни битта-битта тахлаб, қоғозига ўради. Йўқ, айтолмайди келинига, тили бормайди, айтишга ор қилади. У шу қарорга келиб қоғозни хумга солди, негадир устидан яна кепак ҳам сочиб қўйди. Пастга тушиб бутун вужуди бўшашиб кетган бўлса ҳам бир амаллаб овқатга уннади. Картошка қовурди. Иш билан овора фикрини жамлаб олгандек бўлди шекилли, бир-икки келиб хабар олиб кетган Раҳима ҳам, невараси ҳам ундаги ўзгаришни сезишмади.
— Эрталаб, сизлардан кейин исполкомга бориб келдим, — деди овқат маҳали Раҳима. — Раис боракан, колхоз билан гаплашиб сигирни қайтариб берадиган бўлишди.
—Яхши қипсан, — маъқуллади Солиҳабиби ва ичида: «Сигир энди жудаям керак буларга», — деб кўйди. Шундай деди-ю, чўчиб кетди. Тўсатдан, ҳеч ўйламай у ўзини улардан ажратиб гапирган эди. Нега шундай деди, у ҳали аниқ билмасди. Бошида ғувиллаб турган минг хил фикрлар ичида шу қарор ҳам пайдо бўлган эди, қариганида гуноҳга ботган одамдан ўзи сезмаган ҳолда, оналик, аёллик ҳисси билан покиза келинини, норасида, ғуборсиз невараларини ажратиб олган эди.
Раҳима жой солиб болаларини ичкарига олиб кириб кетганда, у одатдагидек таҳорат қилиб келди-да, жойига ётди. Аммо уйқу йўқ эди. Шундай бўлса ҳам ухлаб қолишдан қўрқиб, ўрнидан турди. Ҳовлига тушиб тунги енгил шабададан силкиниб турган шафтоли шохларига, нимранг ой нурида дам ялтираб, дам қорайиб шитирлаган баргларга, толёғочларга ўзи бир текисда кеча териб чиққан помидорларга суқ билан тикилди. Водопровод ёнидаги ошрайҳондан бир шох синдириб олиб, кафтига урди. Ёқимли ҳид димоғини қитиқлади. Кўчага чйкди. Кўча жимжит, ҳамма ётган эди. У ер-бу ерда худди юлдузлардек фонарлар милтиллаб турибди. Эрталаб улар ўчади, юлдузлар ҳам ўчади. Кун ёрийди, офтоб чиқиб ер юзини қиздиради. Ҳамма уй-уйидан чиқиб ўз насибасини тергани кетади. У ҳам яқин-яқингача шу одамларнинг бири эди. Умид билан турарди, умид билан кунни кеч қилиб, яна тонгни кутарди. Энди унга тонг керакмас, тонг одамларнинг назари, виждони, одамларга қаролмайди энди.
Ичкаридан товуқнинг безовта қа-қолагани эшитилди. Солиҳабиби эшикни тамбалаб, орқасига қайтди. Оғилхонадан катта қора мушук чиқди, пахса деворни тимдалаб-тимдалаб томга кўтарилди. Чўғдек кўзларини айвон томонга бирпас тикиб турди-да, ғойиб бўлди. «Бекорга овора бўлдинг, жонивор, — хаёлидан ўтказди Солиҳабиби. — Тухум бўлганда овқатга солардим. Пиёз турибди тухум ўрнида».
У айвон зихига ўтирди.
— Худоей! Манда нима қасдинг бор эди!
У овозини чиқариб шундай деб юборганини ўзи билмай қолди. Ҳавотирланиб ичкарига қулоқ солди. Йўқ, ҳеч ким эшитмади уни. Эшитмагани маъқул. Уйқулари безовта бўлади эшитишса. Ордона қолгурни нега яна хумга солиб қўйди? Кўз кўрадиган жойда тургани яхши эмасми? Тезроқ топишади. У ўзи айтолмайди. Ожизлик қилади айтишга. Ўз оғзи билан ўз боласини ўғри, дейдими? Ё олиб, уёқ-буёққа ташлаб юборсинми? Ҳеч ким билмагани маъқулми? Шундай ўйлади-ю, кафтлари ёнгандек бўлиб кетди. «Турғунбой, болам, нима қилиб қўйдинг? Нега қари онангга раҳминг келмади?»
Солиҳабиби ошхонага борди, тимискиланиб, хумдан целофанни олди-да, ўчоқ ёнига қўйиб қўйди. Шу жой маъқул. Раҳимадан бошқа ҳеч ким кўрмайди. У ҳам дарров кўрмайди, анчадан кейин кўради.
Ошхонадан чиқиб осмонга қаради. Ой тиккага келган эди. «Ҳали вақт бор, — хаёлидан ўтди унинг. — Ғира-ширага яқин туззук».
У айвонга қайтди. Ичкари хонада қатор ётишган неваралари, келини устига келди. Турсун исиб кетибди шекилли, устини очиб ташлабди. Раҳима Тўлқиннинг бошини билагига қўйганича, ёнбошида ухлаб қолибди. Ҳеч ким унинг кирганини сезмади.
Солиҳабиби энгашиб, Турсуннинг пешонасидан ўпди. Келинига теккани чўчиди, уйғониб кетади деб. Бир пас меҳр билан тикилиб турди-да, ҳовлига тушди. Назарида кун ёришаётгандек бўдци.
— Вақт бўпти, — деди ўзича у ва ошхона томон йўл олди.
Керосин солиғлиқ темир канистрнинг қаердалигини у яхши биларди. Дарров топди. Тандир тагида эди. Ҳовлига олиб чиқди. Қўлида қаердан гугурт қути пайдо бўлиб қолди, билмайди. Демак, бўлди. Шундай чақса тамом, гувиллаб, ўша, болалигида кўрган Найманчадаги уйдек ёнади-кетади. Дардлари, ташвишлари шу билан тугайди. Ўзининг, ўғлининг гуноҳларини шу билан ювади, неваралари, келинининг юзи ёруғ бўлади.
У қанча ўйламасин, тўғри иш қилаётганига ишончи комил эди, боя, ўчоқбошида чарсиллаб ёнаётган ғўзапояга тикилиб турганида шу қарорга келдими, ё тилла тангаларни кўрганидами, бунинг энди аҳамияти йўқ эди. Бу дунёда энди у бош кўтариб юролмайдиган бўлиб қолган эди.
Ер бекорга ёнмаган экан, унга хабар берган экан, чақирган экан ўз бағрига...
Шу пайт: «Ойи!» деган овоз қулоғига чалингандек бўлди.
Таниди, бу Турғуннинг овози эди, «Ойи! Нима қилаяпсиз? Тўхтанг!» дегандек бўлди ўғли яна.
Солиҳабиби умид билан эшик томонга қаради. У ўғлининг келиб қўлидан тортишини, ниятидан қайтаришини истаган эди.
Аммо қоронғи ҳовлининг бошида ҳеч ким кўринмади. Олов аввал «гуп» этиб, юзига урди. У беихтиёр кўзларини юмди, бошини орқага тортди. Шу заҳоти жизғанак, куюнди ҳиди димоғига урилди, сочлари чирсиллай бошлади. Бир амаллаб кўзларини очганда, олов гувиллаб, ошхонанинг қамиш томига ўтаётгандек бўлди. У хавотир олиб, ўзини помидор ичига отди.
— Худо ўзинг кечир! Кечир мани Худо!
Унинг охирги гаплари шу бўлди.
* * *
Саидоқсоқол тупроқ тортилиб, гўрков бир-икки кетмон уриб қўйгунча кутиб турди. Кейин сўради:
— Халойиқ! Марҳума қандай одам эди?
Ҳозиргина ғала-ғовур бўлиб турган қабристонга сукунат чўкди. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Саидоқсоқол яна сўради:
— Марҳума қандай одам эди, халойиқ?
Кетмон сопига қўлларини тираб, хомуш турган гўрков бошини кўтарди.
— Яхши одам эди! — деди у тиниқ овоз билан.
— Яхши одам эди! — қичқирди орқа қатордан яна кимдир.
Саидоқсоқол қўлларини ёзди:
— Омин! Жойи жаннатда бўлсин!
Иш куни, бошни ёрадиган иссиқ бўлишига қарамай, қабристонда одам кўп эди.
Январь, 1989 йил.
|