Понедельник, 23.06.2025, 20:37
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Июль » 30 » Тириклик саодати
13:18
Тириклик саодати

Тириклик саодати

Бойчечак Қуёшнинг илк нурлари қишлоғим кўчаларига ина бошлаганида тонгги сукунат бағрини тилиб ўтдим: — Бойчеча-ак! Ур-ре-е, бойчеча-а-ак! Далага туташ йўлдан оёғим ерга тегмай чопиб борарканман, бу хабарни тезроқ ҳаммага етказгим, бу йил баҳор элчисини биринчи бўлиб мен топганимни бутун қишлоққа овоза қилгим келарди. Уч кундан буён шу тантана илинжида тонг ёришиб-ёришмай адир этагидаги даштга чиқаман. Йўл-йўлакай дугоналаримга мақтана-мақтана ниҳоят уйга, кўкламнинг бу неъматини ҳаммадан ҳам интиқ кутадиган меҳрибоним – энамнинг қошига чопиб келдим. — Энажон, қаранг, бойчечак! Ўзим биринчи бўлиб топдим. — Балли қизалоғим! Оҳ-оҳ, мунча чиройли! Қандай яхши-я! — Буни экишим керак. Атайлаб пиёзи билан кавлаб олдим, — дедим. Энам майин табассум қилиб, бир нима дейиш учун оғиз жуфтлади-ю, «Тентаккинам-эй! Ҳай майли», — деб қўяқолди.Томорқамизнинг офтобрў, тупроғи энг майин ерига, эгат лабига бойчечагимни экдим. Гўзал гулим жимжимадор баргларини икки томон соллантириб, ажиб латофат ила бош эгиб турарди. Кўчага ўқдек учдим – буни тезроқ қизларга кўрсатишим керак! Бир этак болани эргаштириб келганимда бойчечакнинг қадди анча эгилиб қолган экан. Буни ташналикка йўйиб, атрофига обдон сув қуйдик. Тушдан кейин эса… ербағирлаб ётган гулимни кўриб юрагим орқага тортиб кетди.  — Эна, бойчечагим сўлиб қолибди!  Энам яна ўша сокин жилмайиш билан бош ирғади. — Ҳеч замонда бойчечак томорқада ўсадими, болам!  —  Нега? Ахир мен уни энг юмшоқ, энг... — Барибир! Сен энг зўр жойни топиб экдим деб ўйлайсан. Аслида бойчечакка даштнинг қақроқ тупроғи, тошлар ораси, жазирама елвизак афзал.  — Ие, нимага? — Чунки бу жойлар унинг ватани. Гул ҳам, дарахт ҳам бир ерда кўкаради. Ҳатто одам ватанидан ўзга ерда бахтли яшай олмайди. Ватан – бу энг яхши, роҳатбахш жой эмас, сенинг киндик қонинг тўкилган жой. Яхшими, ёмонми, иссиқми, совуқми, юмшоқми, қаттиқми – ўз жойингда кўкарасан!..  Бу сўзлар бир умр қалбим дафтаридаги энг нодир битик бўлиб қолди. Менга Ватан дарсини берган бойчечак эса энам каби қадрдон, энг суюкли гулимга айланган. Ялпиз Тўпахон кампирнинг ҳеч кими йўқ эди. Фарзанд кўрмаган, умр йўлдоши пайғамбар ёшида қазо қилган. Ўшанда қийналибми, ёлғизланибми бир бола асраб олган-у,  у ҳам пешонасига сиғмаган — чигит ивитилган қудуққа чўкиб ўлган.  Мен буларнинг ҳаммасини қўшни аёллар гурунглашиб ўтирганларида онамнинг пинжига кирганча тинглаб, билиб олганман. Пастак лойсувоқ уйда бир ўзи яшайдиган, қарийб саксон баҳорни кўрган бу кампирни бутун қишлоқ болалари «Тўпа эна» деб чақиришарди. Уни ёлғиз дейишнинг ўзи нотўғри, чунки Тўпахон кампирникидан одам аримасди. Маҳалла аёллари ҳар куни бир коса овқат, иссиқ нон олиб кириб, майда-чуйда ишларини битириб беришарди. Биров ўтин ёриб берса, биров боғини бутаб кетади. Бу ишларнинг ҳеч бири навбат билан эмас, худди фарзандлар ўз оналарининг юкига елка тутгандек, самимий қилинарди.   Ўшанда мен кичкинагина қизча эдим. Кўкламнинг хушбўйидан сармаст, кўчага тўптош ўйнагани шерик қидириб чиқдим. Ўртоғимнинг уйи томон кетаётиб, тераклар тагида, ариқ бўйида ерга энгашиб турган Тўпа энага кўзим тушди. У нимагадир қаттиқ тикилар, ҳар замон дол қаддини янада эгиб, ҳассаси билан барра майсаларни пайпаслаб қўярди. Яқинлашиб, салом бердим.  — Ваалейкум ассалом, — деди буви ва кўзларини хиёл қисиб, мени танишга уринди. – Сенмисан, Сурманинг пучуғи? Бу томонга ўт-чи.  Ёғоч кўприкдан шошиб ўтиб, қошига бордим.  — Анави ўтлар орасини яхшилаб қара-чи, ҳув қизғимтил, гулга ўхшаш… ялпизми? Кўзим ҳеч ўтмаяпти... Терак тагига тўшалган майса кўрпасида бодроқдек ёйилиб ётган чечакни дарров танидим. — Ҳа, ялпиз. Унинг кўзлари бирдан завққа тўлиб кетди. — Вой айланай сендан! Энкайиб узишга белим ярамайди-да. Қани, битта узиб берчи. Атиргул янглиғ латиф шаклда қаватланган митти чечакни чирт узиб, узатдим. Тўпа эна уни ориқ бармоқлари билан авайлаб олиб, аста кўзларига сурта бошлади. — Етказганига шукр! Омонлиқ, омонлиқ... Унинг тобланган юзидаги минглаб ариқчаларнинг ҳар биридан нур сизиб чиқдими, билмадим, чеҳрасида ой балққандек ёришиб кетди. Бола ақлим бу қувонч боисини тушунмоққа ожиз, битта майсага одамнинг бунчалар шодланишига ҳайрон турардим. Тўпа эна ялпизни ҳузур билан ҳидлай бошлаганда ҳайратим ундан-да ошди: бояги нур тўла ариқчаларда… ёш оқа бошлаган эди. Бу қандай майса бўлди эканки, кекса бир одамни дам кулдириб, дам йиғлатса! Қўрқиб кетдим. Тўпа эна жилмайиб деди: — Баҳорда ялпизни тўйиб ҳидлаган одам кейинги баҳоргача етгулик қувват олади. Ма, ҳидла.  Насиб этса, кейинги кўкламга ҳам етармиз... Димоғимга урилган ифордан ҳузур қиларканман, янаги йили ҳам Тўпа энага ўзим ялпиз узиб беришни кўнглимга тугиб қўйдим. Ҳатто онамга «Биринчи ялпизни кўришингиз билан менга айтинг», деб тайинладим.   Аммо Тўпа эна кейинги баҳорга етмади...  Кейинги баҳорда ҳам ўша терак тагидан униб чиққан ялпизлар кўзимга мунғайиб кўринди...  Ҳар кўкламда ялпизларни ҳидлаганимда тирикликни, меҳр-оқибатли одамлар орасида БОР бўлишни саодат билган момонинг туйғуларини қалбан туйаман. Ундан қишлоғим одамларининг, муқаддас қадриятларимизнинг иси келгандек бўлади. Ўрик гули...Ўша куни оламни баҳорий мушкка белаган тонг ҳавосидан баҳра олиш учун деразани ланг очиб юбордим. Ажойиб ҳаво! Пастга қарадим. Учта «дўм» саҳнидаги боғнинг эркатойи — бир тупгина ўрик қийғос гуллабди. Оппоқ, худди рўмол ёпинган келинчакка ўхшайди… Кимнингдир шарпаси кўринди. Қуйироқдаги новда бир силкиниб, жойига келди. Ие, синдиришяпти-ку! — Ҳой,  нима қиляп-сиз? — беихтиёр бақириб юбордим. Оппоқ шохлар орасидан юқорига мўралаган аёлнинг юзида хижолат акс этгани узоқдан ҳам сезилиб турарди. — Озгина… энг кичик новдани олдим, холос. — Мевали дарахт-да, увол. Бекор синдирдингиз! Аёл қўлидаги новданинг ғуж-ғуж гулларига бир қараб олди-да, яқинроқ келиб гапирди. — Ўғлим анчадан буён бетоб. Бир жойда ётибди… Учинчи қаватда турамиз. Қишдан бери ерга оёғи тегмади. Баҳорнинг бир парчасини олиб чиқмоқчийдим. Зора, кўнгли ёришса... Эҳ, нима қилиб қўйдим! Бунақа пайтда нима дейиш керак ўзи? — Вой, билмабман, синглим, хафа бўлманг. Илоҳо, тузалиб кетсин!  — Раҳмат! У кетди. Мен маҳзун хаёлларим билан қолдим...  Шундан буён қанча баҳорлар ўтиб кетди, ўрик неча бор чаппар уриб гуллади. Ҳар сафар ўша аёлни, хаста ўғлини ўйлайман. Кўнглимда бир хил савол уйғонади: тузалиб кетганмикин? Ҳар сафар ўрикнинг беғубор, нафис гулбаргларига қараб туриб баҳорни тик оёқда кутиб олганимга шукрлар қиламан... Гулчеҳра АСРОНОВА  Манба
Просмотров: 736 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Июль 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031