У туғилди-ю, йиғлаб юборди.
-Қанақа дунёга келиб қолдим-а? -деб ҳайрон бўлиб, қотиб-қотиб йиғларди. Ўраб-чирмашди. Онаси кўкрак тутди. Бахтига қарши, онасининг кўкрак учи ясси экан, эма олмади.
-Шу ҳам кўкрак бўлди-ю, эммайман,-вағиллади яна. Дўкондан резина сўрғич опкелишиб, бўйнига осиб қўйдилар. Сунъий сутлардан эмиб, аста-секин улғая бошлади. Лекин ҳеч нарсадан кўнгли тўлмасди. Отаси олиб берган уст-бош гоҳ катта, гоҳ кичик. Онаси қилган овқатлар гўё бемаза, бетаъм эди. Кун бўйи юзига пашша қўниб олдидаги овқатни емасдан хархаша қилиб ўтираверарди. Бечора ота-она ҳайрон эди. Ахир, "пуф-пуф"-лаб, ҳеч кимга ишонмай, шунча авайлаб қарагани билан ўғилчасининг кўнглини топишолмасди-да. Баъзан отасининг жаҳли чиқиб, дўппослаб ташламоқчи бўларди-ю, онаси орага тушарди:
-Қўйинг, дадаси. Каттараверса эси кириб яхши бўлиб қолади,-дерди боласининг бошини қўлтиғига яшириб.
Мактабга борди. У ерда ҳам ўқитувчилар билан чиқишолмасди. Дарсдан қочарди.
-Фақат мендан сўрашади. Атайлаб мени доскага чиқаришади. Менда қасди бор,-дерди ҳинқиллаб йиғларкан. Синфдошлари билан ҳам дўстлаша олмади.
-Менинг устимдан гапириб кулишади. Мени кўролмайди,-дерди онасига кўз ёши қилиб. Дастёр бўлиб қолгани учун баъзан-баъзан ота-онаси буюрган ишни ҳам ёлчитмас эди. Бирдан гоҳ биқини, гоҳ қорни оғриб қоларди. Ота-онаси қўрқиб, дўхтурма-дўхтур чопишарди.
-Нега ҳамма касал менга ёпишади? Нега бошқа болалар касал бўлмайди?-деб бақириб йиғларди уколлардан безор бўлганидан. Ранги заҳил, бадани момиқ пахтадай бўлиб ўса бошлади. Мактабни ҳам бир амаллаб битирди.
Отаси таниш-билиш қилиб бир институтга киргизиб қўйди. Имтиҳонларни пул билан топшириб ўқиди. У ерда ҳам бировга эл бўлолмади. Чақимчилик қиларди.
-Мени ҳаммаси ёмон кўради. Ўзлари ёмон,-дерди ўзича куюниб. Таътилга келган вақтларда қишлоғи кўчаларида гердайиб юрарди. Ҳеч кимга салом бермас эди. Умуман салом беришни ўзига ор биларди.
-Мен катта шаҳарда ўқисам-у, бу қишлоқилар менга салом беришмайди…
Ишга кирди. Тағин ғурбат. "Ойлиги кам. Иш кўп. Одамлар ёмон…"
Ўзига ўхшаган битта-яримтани йиғиб, бошлиқларнинг устидан иғвогарлик қилиб, юмалоқ хат ёзишди. Ниятига етолмагач, яна куюниб юрди:
-Ҳеч ерда ҳақиқат йўқ. Балиқ бошидан сасиган…
Қари ота-онасини ҳам ҳар куни "Менга яхши шароит яратиб бермадинглар, менинг шундай қийналиб юришимга сизлар айбдор"деб, таъна қилавериб, кун бермасди. Бечоралар унга куя-куя, изидан чопа-чопа, уни суяй-суяй ўзлари ҳам оламдан ўтиб кетишди. У эса бевафо дунёдан нолиб йиғлаб қолаверди. Сўнг тоғалари уни гулдай бир қизга уйлантириб қўйишди. Лекин хотини билан узоқ яшамади. Характерлари тўғри келмаганмиш.
-Телевизордаги қизиқчига қараб тиржаяди. Кўчадан келган тиламчига нон берарди,-деб хотинини ёмонлаб юрди. Шу билан қайта уйланолмади. Ўлғиз яшади. Қўни-қўшнилар билан сози йўқ, суви тинимасди.
-Бари ғийбатчи, бари мени кўролмайдиган одамлар…
Ҳамма уни кўрса қочадиган, айланиб ўтадиган бўлиб қолди. Тоғалари уни кўргали қандай-қандай келса, уларга қараб жанжал қиларди:
-Қандай тоғасиз-э. Ҳолимдан хабар олмайсиз. Оғайинларда меҳр-оқибат йўқ!
-Сен ўзинг ҳам бундай оғайинларникига меҳмон бўлиб боргин-да. Келганларни очиқ юз билан кутиб олгин-да,-дерди тоғаси танбеҳ бериб.
-Менга жони ачишадиган йўқ. Ҳаммаларинг мени ёмон кўрасизлар. Нега мени ҳамма ёмон кўради?-деб йиғларди у.
Маҳаллага қўшилмай қўйди. Ҳовлисининг эшигини кирса ҳам, чиқса ҳам танбалаб юрарди.
Ниҳоят, пенсияга чиқди. Пенсия берадиган жойга бориб, ҳар куни жанжал қиларди.
-Нега менинг пенсия пулим кам? Нега уруш ветеранлариники кўп? Мен давлатга ишлаб бердим-ку…
-Энди қаридингиз, мусулмончилик амалларини бажариб юринг,-деб маҳалла имоми панду насиҳат қилганига пушаймон еди.
-Эшакдан йиқилиб пешонам ерга тегмаган-у, энди намоз ўқийман деб бошимни ерга ураманми? Ўқийверинг, сизга керак бўлса,-деб жеркиб ташлади у.
Тўй-маъракаларга ҳам бормай қўйди.
Борса ҳам қовоғини уйиб:
-Тузук овқат қилишмаган, кўпроқ бермади, хасислар,-деб сўкиниб қайтади. Бирон одам билан қандай-қандай гаплашиб қолса ҳам, доим нолигани-нолиган:
-Одамлар бузилиб кетди. Замон бузилиб кетди. Ҳамма томонда йўқчилик. Яшаш қийин бўляпти…
Бора-бора хафақон касаллигига йўлиқди. Врачлар унга дори-дармон буюришди. У писанд қилмади.
-Фу-у. Дорилар аччиқ, сассиқ. Уколлар ёқмайди. Дўхтурларнинг билими йўқ,-дерди инжиқланиб. Аҳволи ёмонлашавергач, уколларни олишга, дориларни каппалаб ютишга мажбур бўлди. Лекин дард зўр келди. Йиқитди. Уни кўргали келганларни кўрганда аламидан яна йиғлади:
-Нега? Нега мен касал бўламан? Нега сизлар касал бўлмайсизлар?
Кунлардан бир куни Азроил эшигини қоқди. Кўзига кўрингандай ўкириб йиғлаб юборди.
-Йўқ. Норозиман. Нега энди фақат мен ўлишим керак? Нега бошқалар эмас? Азроилда инсоф йўқ…
Жон таслим қилаётганда ҳам анча вақт талваса қилиб, лаблари алланима деб пичирлай-пичирлай…узилди бечора, ношукур банда.
Сафар КОКИЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
|