Понедельник, 23.06.2025, 17:50
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 6
Гостей: 6
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Октябрь » 7 » Маърифат она қалби остида шаклланади
10:58
Маърифат она қалби остида шаклланади

Маърифат она қалби остида шаклланади

Мавлоно Жалолиддин Румий оналарга “Холиқус сони”, яъни “Иккинчи яратувчи” деб унвон бердилар. Оналар ҳақиқатда бу унвонга муносибдирлар.

 Барча нарсага қодир ва моҳир Яратувчи ўз беқиёс тадбиру чеварлиги билан ҳар бир яратган хилқатига мукаммалликни ато этиб қўйган. Олимлар она қалби остидаги гўдакни ўрганар эканлар, яна бу илоҳий комилу мукаммил қудратга иқрор бўлдилар. Таълим-тарбия она қорнида бўлган даврданоқ бошланади. Ҳақиқатда ҳар бир инсон онанинг қалби остида Аллоҳнинг қудрати билан пайдо бўлади. Қирқ кунда лахта қонга айланади. Яна қирқ кундан сўнг, музға, яъни чайналган гўшт ҳолатига келади. (Ҳаж,5; Мўминун,12-14) Шундан кейин, яна қирқ кун ўтганда, жон ато этиш учун Аллоҳнинг бир фариштаси келади. Жаноб Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига кўра, бу фаришта Аллоҳнинг белгилаб бергани асосида қуйидаги тўрт вазифани камоли билан бажаради: 1. Инсон тақдири - ризқу насибаси, мансаб-амалини; 2. Ҳаётининг қанча давом этишини, амалларини; 3. Бахтли-саодатли эканини; 4. Бадбахтлардан  бўлишини... белгилайди.

 Ҳақиқатда, ҳар бирингиз онангизнинг қорнида яраласиз. 40 кун сув ҳолида, кейин қирқ кун лаҳта қон бўласиз. Шундан кейин, яна қирқ кун музға - чайналган гўшт каби ҳолатда бўласиз. Шундан кейин бир фаришта юборилади ва у бу гўштга нафас уриб жон киритади. Шу билан бирга, (бу бандага тегишли бўлган) тўрт калимани белгилаб қўяди. Ризқини, ажалини, амалини ҳамда бахтсиз ёки бахтли бўлишини ёзиб қўяди. Ўзидан ўзга илоҳ бўлмаган Зотга қасамки, сизларнинг бирингиз жаннат аҳлининг амали билан ҳаётини ўтказади, ҳатто жаннат билан уни орасида бирон нарса қолмаганда, ана шу (азалда пешонасига) ёзилгани унинг зарарига амалга ошиб қолади. Шунда дўзах аҳлининг ишларини қилади ва оташи дўзахга кириб кетади. Бошқа бир инсон бутун умр дўзах аҳлининг ишларини қилиб ўтади, ҳатто дўзахга киришига ҳеч бир нарса қолмаганда, ана шу (азалда битилган) битиги амалга ошиб, жаннат аҳлининг ишларини қилади ва жаннатга киради.
Бу инсон яралиши ҳақидаги машҳур ҳадиснинг аввалги қисми бўлиб, уни имом Бухорий ва имом Муслим (раҳимаҳумаллоҳ)лар ривоят қилдилар.

Илм-фан яқин вақтлардагина она қорнида фарзанд ривожланишини ўрганди. Мўъжизани кўрингки, бачадон уруғлангач, олти ҳафта (тахминан 40 кун) давомида бир томчи сувдан бола ривожлана бошлайди – уни эмбрион дейилади. Яна олти ҳафта ўтиб, у қуйқа – лахта қонга айланади. Яна шунча муддат ўтгач, бўлажак инсонни шакли-шамойилидан ажратиб олиш мумкин бўлган қиёфага киради.

Илм-фан яна шуни аниқладики, она қалби тагидаги бу жонзод 120 кунлардан кейин ўйлаш-фикрлаш иқтидорига эга бўлади. “Фикрловчи ҳомила” номли китобда қуйидаги тадқиқот хулосалари келтирилган:

-Биринчи олти ҳафта давомида бола миясида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмайди. Айниқса, мия ишлаганда электр ўзгаришлар кучайиши керак. Боланинг миясида бу даврда ҳеч нарса юз бермайди. 120 кундан кейин, секин-секин кучсиз электр ҳаракатлар пайдо бўлади. Бу мияда баъзи ҳолатлар юз бераётганига далолат қилади ва ушбу ҳолни фикрлаш ҳолати деб аниқ айтиш мумкин бўлади.

Зеро, 120 кундан сўнг фаришта келиб ҳомилага жон ато этганидан кейингина, бола миясида фикрлаш сари ўзгаришлар жараёни бошланади, мия ўз фаолиятини бошлайди. “Фикрлаш ҳомиладорликнинг учдан иккинчи қисми ўтаётган давридан бошланади... Бунга ҳомиладан олинган турли ультратовушлар далолат қилди. Масалан, 23 ҳафталик (161 кунлик) ҳомила кундуз вақтлари уйғоқ бўлса, кечаси онаси билан у ҳам ухлайди. Уйқу эса, ақлнинг маълум бир қисмини ишлатиш иқтидорига далил бўлади. Бу иқтидор ақлни ишлатиш ва фикрлаш жараёнини юзага келтиради”. (“Фикрловчи ҳомила” китоби)

Бу даврда бола она қорнида бундан бошқа ҳаракатларни ҳам қилишга қодир бўлади. Масалан, ҳис-туйғуларини билдириши мумкин: қувониш, қўрқиш ёки ёқтирмаслик каби ҳисларни изҳор этади. Юзида буларни акс эттириши, шунингдек хавотирланиш каби туйғуларини кўрсатиши кўп маротаба эътиборни тортган. Бош бармоғини сўриши ва бошқа ҳаракатлари билан ўзини борлигини билдиришга уриниши кузатилади. Оёқлари билан тепинади ёки бир оз бўлса-да ён томонларига ёки юқори-паст томонларга айланади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, айнан шу вақтда ҳомилада хотира шакллана бошлайди.

Бу даврдаги эътиборга молик ҳолатлардан бири, бола турли товушларни ажрата бошлайди, ҳатто баъзиларини эслаб қолади. Ўтказилган тадқиқотлар қуйидагиларни исботлади:

Она қорнидаги ҳомиласига маълум сўзларни кўп айтиб борса, туғилгандан сўнг шу сўзларни эшитишни бола афзал кўради.
Янги туғилган гўдакка янги эртак, ҳикоялардан кўра, ҳомилалик вақтида ҳар куни икки мартадан айтилган эртак ва ҳикоялар кўпроқ ёқади.
Ҳомиладорлик вақтида онаси кўп айтган сўзларни бола такрорлаши мумкин.
Онаси кўриб ёки эшитиб хотиржам бўлган кўрсатув ва мусиқаларни эшитганда, бола ҳам тинчланади.
Аҳамиятли томони шундаки, бу вақтда она Қуръони каримни ёки унинг баъзи сураларини кўпроқ такрор қилиши орқали болага уни таълим бериши мумкин бўлади. Туғилгандан кейин ёдлаши анча енгиллашади. Агар доим Қуръони каримни ўқиб  болага эшиттириб борилса, туғилгандан кейин вақти-соати келиб, Аллоҳ таолонинг тақдир-иродаси билан, фарзанд Қуръони карим тиловатини бошқа ҳар қандай товушлардан севиклироқ деб кўра бошлайди, тўлиқ ёд олишга интилиши бесамар кетмайди. Шундай ҳам она қорнида эканидан бошлабоқ, Қуръони каримни ўқишга, оятларини такрорлашга ҳаракат қилади. Эшитилаётган товушлар орасидан Қуръони каримни ажратиб олади ва уни эшитганда тинчланади, хотиржам бўлади.

Бир тасаввур қилинг-а! Агар шундай бўлса, Аллоҳ қандай улуғ мукофотни бераётганини англаш қийин кечмайди. Зеро, У соҳибини икки бора ажру даражотларига лойиқ қилади. Бири Қуръон ўқигани, бошқаси болага ўргатгани учун бўлади. Яна Қуръони каримни эшитувчисига ҳам савоблар берилишини мулоҳаза қилинса, она қорнидаёқ, савобли ишларга кўникаётган бола қандай ҳам саодатли инсон эканини тушиниш мумкин бўлади.

Қуръони каримни болага эшиттириб ҳаммасини аввалидан то охиригача ўқиб бориш мушкул, лекин озгина бўлса ҳам, Худо қодир қилганича ўқилган оят ва суралар ўқувчига ҳам, эшитувчи, яъни фарзандга ҳам фойда келтиради. Осон бўлган бир неча сура икки мартадан имкон қадар ҳар куни ўқиб турилса, дунёга келувчи фарзанд Қуръони каримга муҳаббатлик бўлиб таваллуд топишига омил бўлади.

Хабарларда, Қуръони каримни тўлиқ ёд олган фарзандларнинг ота-оналарига қиёмат куни нурдан тож ва минбар берилади. Барча маҳшаргоҳ аҳли уларга ҳавас қиладилар. Бошқа хабарда эса, бундай фарзанд ўзи билан яна уч инсонни жаннатга кирмоғига сабабчи бўлади. Улар ота-онаси ва устозидир. Ҳаммаларининг машаққатлари, фарзанд ва шогирдга бўлган муҳаббатлари маълум. Жаноб Расул акрам алайҳиссаломга бир инсонни Қуръонни баъзи оятлари севикли бўлиб қолганини айтдилар. Жанобимиз бориб унга етказингларки, Аллоҳ ҳам уни яхши кўрибди,- деб айтдилар. Ҳақиқатда ҳам бу хабарлар жуда ажойиб ва Қуръонга бўлган қизиқишни мустаҳкамлайдиган хабарлардир. Энг қизиғи эса шу фазилатларга эга бўлиш имкониятларини Аллоҳ таоло барчага баробар бериб қўйганидир.

Шундай қилиб, ҳомиладорлик ҳолатида телевизор кўриш, турли мусиқалар эшитиш ўрнига қўлга Қуръон олинг ва уни овоз чиқариб ўқинг! Яратган Парвардигорга яхшиликларни сўраб илтижолар қилинг ва ибодатларни вақтида бажаришга интилинг! Имкон қадар кўпроқ вақтингизни Аллоҳ таолонинг ёди билан, зикри билан ўтказишга ҳаракат қилинг! Аллоҳнинг лутфу инояти билан бу фарзанд итоатлик, ибодатлик, ота-онага итоат қиладиган, уларни ҳурсанд қиладиган, ҳар бир ишда ўзига хос интизомлик ҳамда ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам манфаат етказадиган фарзанд бўлиб туғилади ва ҳаётга қадам қўяди.

Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам машҳур ҳадисларида илм олишга тарғиб қилиб: “Бешикдан то лаҳадга қадар илм истанг!”- дедилар. Имом Молик “ал-Муватто” асарларида келтирганлар. Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” асарларининг 5- жузи, 273- бетида шундай байт бор:

Хотами мулки Сулаймонаст илм,

Жумлаи олам сурату жонаст илм.

Сулаймон мулкини узуги илмдир,

Жумла олам сурати ҳам руҳи илмдир.

Бир шоир деди:

Давру замонлар тарбия берган сари ақлимнинг нуқсонини кўрдим, ҳар вақт илмим зиёда бўлган сари нодонлигимни билмоғим ортди.

Ҳаётдан сабоқ ила таълим олганим сайин,

Шоҳидлигим ошди ақлим нуқсига таъйин.

Илму ирфон дарёсида ғаввос бўлганим ҳамон,

Билдим илм дарё эмас, лек қаъри йўқ уммон!

Бу илмлар олдида жоҳил эканман,

Нодонлигим билан ғофил эканман.

Кибримнинг борлиги шу илмсизликдан,

Муомалам йўқлиги шу ҳилмсизликдан.

Яхши дўстим бўлса, турмаса қараб,

Ўз ҳолимга қўймаса, қилса талаб.

“Уялмасдур талаб амрини олғон

Қолур яхши уёлғондан уй олғон!”

Ҳазрат Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтди: Жаноб Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: -Ҳар бир мусулмон гарданига илм ўрганмоқ фарздир. Илмни ноўрин кишиларга гапирувчи инсон тўнғизларнинг бўйнига турли қимматбаҳо тошлар, олтину дурру маржонларни тақиб қўювчига ўхшайди. “Илм талабида бўлиш ҳар бир мусулмон гарданига фарздир”. Ушбу ҳадисни Ибн Можа келтирган бўлиб саҳиҳ ишончлидир.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: “Дунё ва охиратда нажот фақат илм билан”,- деганларида нақадар ҳақ эдилар. Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш каби, қариликда олинган илм эса сувга солинган нақш кабидир. Илм соҳибининг ризқини кенг қилади, бир томони тугаб қолса, ҳаёлига келмаган томонлардан ризқини Аллоҳ етказиб қўяверади. Илм қалбда бўлса, у соҳибини бу дунёда ҳурмат ва мартабаларга етказади. Охиратда улуғ ажрларга эга қилади. Илм жасадга урган бўлса, яъни илмни бойлик орттириш, мансаб-амал, одамлар ҳурмат ва ҳавас қилишлари учун олган бўлса, охир ўзини хор қилади. Қалбдаги илмни илми нофе - фойда берувчи илм дейдилар. Фарзандлар фойдалик илм эгаси бўлмоғи учун она қорнида эканидан-оқ ҳаракат қилиш ота ва онанинг ҳам бахту саодатидир.

 

 

 

Тошкент ислом институти ўқитувчиси   З.Шарифов

Просмотров: 794 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Октябрь 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031