Понедельник, 23.06.2025, 19:54
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Июль » 30 » ГЎРКОВ 2
13:34
ГЎРКОВ 2

ГЎРКОВ  (давоми)

Бу орада бир-икки бор телефонда боғланишди: ҳол-аҳвол сўрашди, иш ва зарурат юзасидан савол-жавоблар қилишди, холос. Бирор ойдан кейин эса кутилмаганда, Қамара уни уйига, ўз ибораси билан айтганда, «ҳамфикр дўстлар суҳбатига» таклиф этди. Ашурали бунисини кутмаганди - ноўнғайликдан фикрлари алғов-далғов бўлиб кетди: нима муносабат билан чақирди экан, у ерда кимлар бўлади, киборлар даврасида ўзини қандай тутиш керак, гўрковлигини билиб, бирортаси нописандлик қилмайдими? 
Ўша куни ювиниб, янги либосларини кийганда ҳам ана шундай мушоҳадалар уни тарк этмаганди. Майда-чуйда харид қилиб, айтилган манзилга, белгиланган вақтда етиб борди. 
Уй-жойлар бир вақтлар ҳашамдор бўлганлиги, энди эса андак улуғворлигини йўқотгани билиниб турарди. Шунга қарамай, ундаги салобат одамларни табақага бўлгандай, камситгандай туюларди. Қамаранинг унга пешвоз чиқиши, эҳтиром билан кутиб олиши дилидаги зоҳирий ғашликка барҳам берди. 
Стол атрофида ўнга яқин эркак, аёл бўлиб, уларнинг аксари Қамара билан ишлайдиган, уни кўп ҳолларда Клара деб атайдиган ҳамкасблар экан. Танишишди. Тўрда олтмиш ёшнинг нари-берисидаги, биров билан гапирганда, у томонга энгашиб, суҳбатдошининг кўзига жуда ҳам тикилиб қарайдиган, четдан кузатганда, худди зиддиятга боргандай овозини кўтарадиган, бир вақтлар амалдор бўлган, шу сабаб, ўтмишни кўпроқ улуғлайдиган ва гап орасида «мен»ни бўлар-бўлмасга қўллайдиган, бундай пайтда андак ошириб юбораётганлиги сезилиб қоладиган домла. Бу одамни орқаворотдан «депутат домла» ҳам дейишаркан. Боиси: бир бор депутатликка номзодини ўзи тавсия этиб, роса маблағ, вақт сарфлаган, аммо ўтолмай қолган экан. 
Унинг ёнида ўттиз ёзлардаги кўзойнакли, чуваккина файласуф ўтирарди. У суҳбатдошини инкор этишга, нигилистик кайфиятини намойиш қилишга мойил эди. Бировга гапираётганда, кўзойнагини қўлига олиши ва гапи тугаши биланоқ шошилинч ўрнатиши ғайритабиий ва ғалати эди. Ашуралини ана шу домланинг ёнига таклиф этишди. Шу пайт ёшига нисбатан қорни каттароқ (бундай физиономия кишида нохуш таассурот ўйғотади) бепарво: қоматли, оппоқ қўллари, силлиқ юзи ва бутун борлиғи кўз ёши ва тер таъмини татиб кўрмаганидан далолат берадиган меҳмон кириб келди, Ашуралининг ёнидан жой олди. Унинг юзи ифодасиз эди - худди ниқоб кийгандай бирор мушаги қилт этмасди. Бу одам ўзини камтарин тутишга ҳаракат қилсада, нигоҳларида зоҳирий нописандлик манаман деб турарди. Ашуралиохунга кейинроқ аён бўлишича, унинг номи Охун бўлиб, Хитойдан юк олиб келадиган анча йирик савдогар экан, Бу одамнинг мазкур даврада не сабабдан иштирок этаётганлиги ўтиришнинг охиригача унга аён бўлмади. Бу одам ким фикр айтса, ўшани маъқуллаш билан чекланарди, ўз фикрини айтмас, эҳтимол, ўзини фош қилишни истамасди. Шунга қарамай, унга ўзгача эҳтиром кўрсатишарди. 
Бундан ташқари, даврада аҳён-аҳёндагина татарча талаффузда русча, ўзбекча гапириб қўядиган амаки ва бошқаларни кўриш мумкин эди.
Аёллар орасида, ёшлигида анча-мунча «шўхликлар» қилганлиги сезилиб турган, эндиликда тароватини йўқотган бўлса-да, буни тан олмай, гап талашадиган, ҳеч тап тортмай миллат номидан гапиришга, уни чучмаллик билан улуғлашга кўникиб қолган, бот-бот шеър ўқишга ижозат сўрайдиган шоира ҳам бор эди. Унинг ҳам институтда дарс бериши аён бўлди. Ёши ўтган бўлишига қарамай, ишва-ю, карашмалар қилганда, талай эркакларнинг ёдига ёшликлари тушиши табиий эди. «Вақтида кўпларнинг бошини айлантирган бўлса керак, ўйлади Ашур, ўшанда дуч келганда, ўзим ҳам қоровулхонага олиб кирардим». Шунингдек, бу қаторда эрига бот-бот дашном бериб турадиган, кўзойнакли домланинг увоққина хотини, Қамаранинг онаси ва бошқалар ўтиришарди.
Шўролар даврида, айниқса киборлар даврасида на руслашган ва на ўзбек бўлиб қолган оралик бир авлод пайдо бўлдики, уларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Бу ердагиларнинг аксари ана шу тоифага мансуб эдилар. Ҳатто уйни жиҳозлаш, дастурхон безаш, ўзаро муносабатларда ҳам ана шу асоратлар кўринар, инчунин, русча-ўзбекча қоришиқ гапиришни фазилат деб билишар, ҳатто ўзбекча гапирганда ҳам русча талаффуз манаман деб турар ёки ўзбекча бошлаб, русча давом эттиришарди. 
Қамара, гарчанд кечроқ бўлсада, Ашуралини меҳмонлар билан таништиришнинг анча ўнғай, айёрона усулини қўллади. 
- Бу киши Ашуралиохун ака. Номлари шунақа этажли. Мен Аши ака, дейман. Ўзлари марҳумлар шаҳрининг мери. 
Табиийки, меҳмонлар тушунишмади ёки ҳазилга йўйишди ва савол назари билан Ашуралига қарашди. У тўлдиришга мажбур бўлди. 
- Гўрковман, қабристон қоровули… 
- Ҳа, демак, археологсиз,- деди домла ва жавоб ҳам кутмай, саволда давом этди: - Нега Афросиёбда французлар ишлаябди? Ўзимизда археолог йўқми? Уларга ишониб бўладими?! 
- Французлар дунёнинг ўнлаб мамлакатларида ишлашади,- Ашурали учун жавоб берди чувак домла,- уларнинг тажрибаси катта; археологик бойликлар эса бутун инсониятга тегишлидир. 
- Ҳақиқатдан шундай,- маъқуллаб қўйди Ашурали.
Домла тағин эътироз билдирди. 
-Ерости бойликларини ҳеч кимга ишониш мумкин эмас! 
Қамара эса якун ясагандай бўлди: 
- Россия геологлари бизда кон қидиришади, японлар автомобилчилигимизни тараққий этиришади-ку; шунга ўхшаш гап. 
Меҳмонлар Қамаранинг туғилган куни (йигирма саккиз ёшга тўлиши) муносабати билан тўпланишганини Ашуралиохун биринчи қадаҳ кўтарилгандан кейин фаҳмлади ва хижолат чекди. 
- Биз Қамарахоннинг энг яқин дўстларимиз,- сўз бошлади депутат домла,- мен бу қизда жуда катта мақсад, истиқбол борлигини биламан. Дарҳақиқат, аввало катта мақсадлар керак! Бу қиз шу ёшда институт хотин-қизлар кенгашининг раиси. Етакчилик қилиш эса унинг қонида бор: отаси туғма раҳбар эдилар. Ўзим биринчига кириб, у кишини районга тавсия этгандим. Қамарахон тез кўтарилади ва тахминимча, аввал вилоят хотин-қизларига раҳбар бўлади. Кейин Ташкент, (у шундай талаффуз қилди) парламент ва ҳакозо… 
Даврада шивир-шивир бошланди. Аёллар, негадир хотин-қизлар қўмитасининг ҳозирги раисини ғийбат қилакетишди: руйи-рост бузуқлик, таъмагирликда айблашди. Нотиқ уларга таънали назар ташлаб олгач, давом этди: 
- Ҳозирги раҳбар совуққон, маккорроқ бўлиши керак.. Бўлмаса иш кетмайди. Бизнинг давримиз бошқача эди: партия билетини олиб қўйишларидан ўлгудай қўрқардик. Ҳозир алдам-қалдам қилишдан бошқа чора йўқ. Хуллас, шу йўлда унга омад берсин! 
Улар қадаҳларни бўшатишди. 
Даврадагилар бир тан бўлиб, газ ва электр токидаги узилишларни муҳокама килиб кетишди ва ҳозирги раҳбарларнинг барини порахўрга чиқаришди. Шундан кейин кўзойнакли домлага сўз беришди. У ўзгача оҳангда гапирди. 
- Баримиз рус классикларини ўқиб катта бўлганмиз. Толстой, Тургенев, Чехов асарларида помешчикларининг ажойиб образлари бор. Уларнинг аксари Петербургда яшади, қишлоқда эса фалон десятина ери, юзлаб қароллари бор эди. Истаймизми-йўқми шундай давр қайтиб келди. Албатта, ўзгача шаклда. Қадимги юнон файласуфлари жамият резбасимон шаклда тараққий этишини исботлашган. Ўша давр айланиб келади, аммо жилла баланд бўлади. Домламиз Кларанинг ўрни раҳбарлик дедилар. Назаримда унинг келажаги ўз даврининг помешчиги, ҳозирги замон ибораси билан айтганда, ишбилармони бўлишдир. У Арабқишлоқни тўласинча ўз тасарруфига олади. У ердагиларни бахтли қилиш нияти бор. «Инсонни бахтли қилиш учун ҳамма нарсасини тортиб олиб, кейин оз-оздан бериш керак», дейди бир донишманд. 
Улар кулишди, ўзаро гаплар бошланди. Даврадагилар унчалик исташмаётган бўлишсада, файласуф давом этди. 
- Арабхонада ер, арзон ишчи кучи бор. Клара шу имкониятларни ишга солиб, катта даромад олишни режалаштирган. Бизнинг замонда жамики эшикларни ланг очадиган қудрат пул эканлигини бу қиз балодай билади. 
Татарча талаффузда гапирадиган амаки депутат домла билан файласуфнинг фикрларини уйғунлаштирган бўлди. Россияда кўпгина олигархлар раҳбарлик билан ишбилармонликни қўшиб олиб боришаётганини, депутатлар орасида катта холдинглар, акционерлик жамиятлари, конлар, заводлар, ер эгалари кўплигини гапирди. Қамарага худди ана шундай истиқбол тилади у. 
Шу пайт шоира Ашурали билан Охун ўрталарига келиб тиқилди. 
- Охунжон, Хитойга нуқул Кларани олиб борасиз, бизнинг гуноҳимиз нима?- деди аллақандай қочиримлардан кейин. Ашурали фикрга шунғиди: «Бу ҳўкиз Қамарани беҳудага Хитойга олиб бормагандир». 
- Сизга ишимиз тушса, бу кишига ўхшаб чап бермайсизми- деди у бир маҳал Ашуралиохун томон ўгирилганча, кўзларини сузиб. 
Бу саволни эшитиб қолган Қамара қаҳ-қаҳ отиб кулди. 
- Илоҳим, у кишига ишингиз тушмасин! 
- Демак, хирург экансизда… - келинг, ўшалар учун ичайлик…
Шу орада ёши катта домла кўзларини чақчайтириб, институт ректорини лаънатлаб кетди. 
- «Ҳозирги сиёсатшунос ўқитувчиларимиз Мустақиллик ҳақида дарс ўтишади-ю-, имтиҳонда таъмагирлик қилишади. Айтинглар: бу қабоҳат эмасми» деди-ю, менга қараб қўйди. Ёши улуғлар энди нафақага чиқишлари керак,» деди тағин. Кейин сўз олдим. «Дунёни мендан қизғанманг, ўзим сиғинар мозорларим бор!» дедим. «Сиз шўролар даврида «Худо йўқ» деб диссертация ёқладингиз. Ҳажга бориб келганингиздан кейин дарсда унинг борлигини исботлашга ҳаракат қилаябсиз» деди. «Ташкентда оғайнилар кўп» дедим. Кейин жимиб қолди. 
Ашурали ректорга зоҳиран ачинди. Шундан кейин институтнинг собиқ ректорини улуғлаб кетишди. Юксак маданиятли, билимли эканлиги; ким билан қандай муомала қилишни билиши, бир нечта тилда гапириши, ҳар қандай вазиятда ҳақиқатни айтишдан чўчимаслигини; ҳозир эса порахўрлик авж олганлигини сўзлашди. 
- Ўша одамни вилоятга ҳоким қилиб қўйса, ҳаммаёқни гуллатиб юборарди,- деди кекса домла.
-Мен бунга ишонмайман,- эътироз билдирди файласуф,- у жуда радикал эди. Ўнг қўлини фақат консерваторларга чўзадиган бизнинг жамиятда бундайларнинг ишлаши осон кечмайди.
Гарчанд хотини бот-бот тергаб қўяётган бўлсада, бу чувак домла курашга ташна полвондай рақибларини чорлаши Ашуралиохунга маъқул бўлди. Унинг фикрлари кескин, гоҳида қалтис, аммо мантиқли эди, шунинг учун инкор этиш осон кечмасди. 
Шу орада шоира шеър ўқимоқчи бўлди, аммо негадир аввал ахлоқ, одоб ҳақида гапирди, яхши ошини, ёмон бошини ейишини таъкидлаб, кўзойнакли меҳмонга кинояли назар ташлаб қўйди. 
- Ватанни фақат байрамларда севиш озлик қилади. Айнан Қамара бунақалардан эмас, у юртнинг бир ҳовуч тупроғини, ўзга мамлакатларнинг дуру-гавҳарига ҳам алишмайди,- деди. Қамарага бағишлаган шеърида ҳам шуларни такрорлади. Шеър файласуфнинг дилига ўтиришмагани, чучмал ҳамду-санодан иборат, шалдироқ гаплар бўлиб туюлганини унинг бурун жийиришидан англаб олиш қийин эмасди. 
- Умримда,- деди у, ҳайъатга чиқиб ўтирмаганман, бировнинг тобути устида нутқ сўзламаганман ва шеър ёзмаганман! Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қоламан! Аммо баъзида бебошлик қилиб дилимга жуда ўтиришган шеърларни таржима қилганман. Шулардан бирини ўқийман:
Эгилган бошни ҳам кесади қилич,дунёда ҳаммаси, ҳаммаси нисбий.
Яхши бошин ейди, ёмон ошини,хасис деб айбланар Ҳотамдек сахий. 
Депутат домла шеърнинг мазмунини тушунибми-тушунмайми қарсак чалди; у тин олгач тағин бир-икки киши шундай қилди. 
- Шундай кишилар борки, бир латифага уч бор кулишади,- давом этди файласуф. - Биринчи марта ҳамма кулгани учун, иккинчисида, латифанинг мазмуни етиб боргани сабаб ва эртароқ кулиб қўйгани ёдига тушиб, тағин тиржаяди.
Гап ўз-ўзидан раҳбарлик масалаларига ўтди. Домла ўзи ишлаган пайтдаги саркотибни кўкларга кўтариб мақтайбошлади. 
- Умрим бино бўлиб, бундай иқтидорли саркотибни кўрмаганман. Ўзим Олий партия мактабини битирганман, раҳбарлик назариясини ҳам яхши биламан. Лекин бу одамда раҳбарлик тактикаси, стратегияси бор эди. Активни сафарбар этарди. Одамни сеҳрлаб қўярди. 
Кўзойнакли киши уни ҳам аямади. 
- Мо инкор намекунем, лек ин кор намекунем, деган нақлни эшитганмисиз. Лекин мен инкор этаман. Биз баримиз болаларча гўлмиз, аммо улардай самимий бўлолмаймиз. Нима қиласиз, ўшани мақтаб? Бу - носамимийлик-ку! Ашаддий хотинвоз, қўшиб ёзувчи, баднафс эди! Ташналик қонади, аммо очкўзлик қонмайди, дейишади. 
Бу гап домланинг ҳамиятига андак тегиб кетди: суҳбатдошига танбеҳ берган, койиган бўлди ва давом этди: 
- Сиз ҳаммани инкор этасиз, аммо айтингчи, нигилизм нажот йўли бўлганми? Одатда барини инкор этган киши: «Мен ўшалардан устунман» демоқчи бўлади. Сиз эса… ҳа, майли қўйинг. Сўнг ўзи бошлаган мавзуда давом этди: - Обкомда ишлаганимда, баримиз: «Шу одам менга бирор иш буюрса-ю, қойиллатиб уддаласам», деб ўтирардик. «Жонингни бер», деса, «Фақат шугинами?», дейишга тайёр эдим ўзим ҳам. Чунки у одамнинг меҳри ҳам, сеҳри ҳам, мавқеи ҳам ўзгача эди. 
- Менинг дадам ҳам шунақа эдилар, - улаб кетди Қамара, бир гапни айтдиларми, муҳокама қилиб ўтиришмасди. Бу ҳам Худо берган туғма истеъдод. Гоҳида ўзимда ҳам ана шундай куч борлигини сезиб қоламан. Дадамдек қатъийман, аммо адолатлиман! Биров билан ишлайдиган бўлсам, уни измимга солиб, пластилинга айлантира оламан! 
Даврадагилар хо-холаб кулишди. 
- Ҳозир шунақа афсунгар замон,- қўшилди файласуфнинг хотини,- ҳатто товуқ ҳам айёрлик билан дон ейдиган бўлган. 
Одамлар тағин кулишди
- Хўш, товуқ нима бўлди?- Қамара томон ўгирилди татар амаки. 
- Бу ҳақда кейин,- истамади у.
Даврадагилар марҳум Зиёхоновга ҳамду сано ўқишда давом этдилар. Бу одам ҳозирги амалдорлардек нопок бўлмагани, режалар ҳар йили ошиғи билан бажарилганлиги, камтаринлиги… 
Мавзу ахлоқ-одоб масаласига келганда, Ашуралиохун ҳам қўшилиб турди. Файласуф телевидениени зарарли деб топди. 
- У асосан юпанч вазифасини ўтаябди, юз йиллик сақични чайнашдан нарига ўтмаябди. Қалам аҳли, амалдор зотини тиғ остига олмас экан, улар ижодкорларни оёқ остига олишлари табиий. Телевидениеда эса тиш йўқ. Одамларнинг оила даврасида тарбия билан шуғулланадиган, китоб ўқийдиган энг қимматли вақтларини ўғирлаш билан овора. Аслида, маънавият оммани ғояларга эш қилиши, курашларга чорлаши шарт! Энг оғир тарбия - ўзингни тарбиялаш эканлигини шиор қилмас эканмиз, ва бунинг учун ўз-ўзини танқид йўлга қўйилмас экан, ҳеч нимарсага эришолмаймиз. Оммани ишонтириш керак, ишонқиратиш эмас! Тағин: одамларни фақат ўтмиш, тарих билан эмас, янги кашфиётлар, ғоялар, маслаклар билан олға чорлаш зарур. Чунки, Шопенгауэр айтганидек: «Ҳар қандай тарихда ҳақиқатга нисбатан уйдирмалар кўпроқ бўлади». Аслида тарих, андак тинган шов-шувлардир. 
Депутат домла унга қарши чиқди: 
- Бизнинг тарихимиз жуда бой, уни севиш керак, деймиз. Аммо севишнинг ўзи кифоя эмас, ҳимоя қилабилиш керак! Айниқса, мана бунақа файласуфлардан!
Кейин китоб ўқиш, унинг фойдаси ҳақида гап кетди.
- Газетадан ўқиб қолдим,- давом этди файласуф,- ҳозир бадиий китоб ўқиш бўйича қоровуллар биринчи ўринда туришаркан. 
- Қабристон қоровули ҳамми?- сўради Қамара атай Ашуралига кўз қирини ташлаб. 
- Албатта,- давом этди файласуф,- кейин ёлғизлар, беморлар, дам олувчилар, йўловчилар, туристлар. Хуллас телевидение кўриши андак чекланган кишилар. Жамиятнинг етакчи кучи бўлган зиёлилар эса китобга қарамай қўйишди. Энг кам китоб ўқийдиганлар ёзувчиларнинг ўзлари экан. 
Тағин ичишди ва дадиллашиб, одамларни табақаларга ажратиш масаласида баҳслашиб қолишди. 
- «Одамларни тенглаштириш - даҳшатли хато, дейди немис файласуфларидан бири, чунки биз бир-биримиздан фарқ қилиш иштиёқи билан яшаймиз», давом этди кўзойнакли олим. Бозор иқтисоди, даврида болшевикча фикр юритиш ярамайди.
- Тўғри,- қўшилди Қамара, - масалан, мен ўзимни арабқишлоқлик ўғриваччалар билан тенглаштиришни сира истамасдим. 
Татар меҳмон бу гал рус тилида анча мантиқли гапирди. Унинг мулоҳазаларини таржима қиладиган, шарҳлайдиган бўлсак, бу ўткинчи дунёда инсон бахту саодатидан устун нарсанинг ўзи йўқ. Ҳаммаси шунга хизмат қилиши керак. Одамларни табақага ажратиш ва шунга яраша муомала қилиш - даҳшатли хато. 
Хомсемиз савдогар аввал: «Одамлар аллақачон табақага ажралиб бўлган, буни муҳокама қилиш ортиқча», деганди, кейин ўзини инкор этди - ҳамма ҳам Одам Ато билан Момо Ҳавонинг фарзанди эканлигини, ўлгандан кейин гўрков бир хил қабр қазишини айтди.
Ашурали эса ўйланиб қолди: «Хўш, одамлар нимасига қараб табақаланиши мумкин? Қадимдаги сингари бой, камбағаллигими ёки ўқиган, ўқимаганлиги инобатга олиниши керакми? Шундай бўлганда, унинг ўзи қайси табақага мансуб бўлади? Бир гўрков бўлса…Мен уларнинг доирасига мансубманми, майл ва қарашларим тўғри келадими?»
Шундан кейин, ўртага оталарнинг гуноҳи ўзи билан кетадими ёки фарзандларга мерос бўлиб қоладими, деган савол ташланди. Уни алламаҳалгача муҳокама қилиб, бир тўхтамга келишолмади. 
- Гуноҳини билмайман-у, аммо савоби тегади,- деди Қамара,- дадам қилган савоб ишларнинг шарофатини ҳар қадамда ҳис қилиб тураман.
  Зиёфат кеч тугади.Чамаси икки ҳафталардан кейин Қамара телефон қилди, одатдагидан жилла кўпроқ ҳол-аҳвол сўради, кутилмаганда, уйига таклиф қилди, муҳим гапи борлигини яширмади. 
У машинаси рулини ўша томонга бурар экан, фикрлар гужғон эди. «Нима гапи бўлиши мумкин? Нечун унга боғландим? Оқибати нима бўларкан?»
- Сизга муҳим гап бор,- деди, салом-аликдан кейин ишчан кайфиятда,- машинангизни шу ерда қолдирасиз, меники билан Арабхонага борамиз. 
- Яхши, нима қиламиз у ерда? 
- Боргандан кейин айтаман! 
Улар йўлга тушишди. 
- Дадам раҳбар бўлганда, ўша ердан ўттиз гектар ер олиб, номимга ўтказиб қўйган эдилар,- давом этди йўлга тушгач. - Бино, суғориладиган ер, ишчи кучи, бизнес-режа бор. Барининг ихтиёрини сизга топширмоқчиман. Араблар кўп нарсаларни ўмаришган; қоровулни янгилайсиз! Сизга икки мингта жўжа олиб бераман. Ўн мингта олишни маслаҳат беришганди-ю, аммо риск керак эмас. Сув бор, одам топасиз, маккажўхори экасиз.
Ашурали андак каловланиб қолганди: томдан тараша тушгандай эди буларнинг бари. Барини тарозига солиш, мушоҳада қилиб кўриш талаб этиларди. Аслида тинчлигини бузгиси йўқ, булар бари малолли эди. Қамара эса давом этарди. - Борингки, шу жўжаларнинг бир минг беш юзтаси вояга етиб тухум берсин. Ҳозир тухумнинг нархи юз сўм. Бу - бир юзу эллик минг сўм бўлади. Майли, эллик минги харажатга кетсин. Қолган юз минги иккаламизга кунлик фойда. 
У жавоб беришга шошилмади, дастлаб барини рад этгиси келди-ю, Қамаранинг ҳисоб-китобларини чамалаб кўриб, ундан хато тополмади. - Бир ой ўйладим, обдон ҳисоб-китоб қилиб кўрдим, бу соҳанинг одамлари билан маслаҳатлашиб, шу фикрга келдим,- давом этарди Қамара. - Бунга сиздан кўра тузукроқ ишбоши топишим мушкул. Роса чамалаб, ўйлаб кўринг: пишмаган жойларини, гумонларингизни айтинг. Лекин унутманг: вақт пул дейишади-ку, аслида у пулдан ҳам ноёб: пулни топиш мумкин, вақт топилмайди. Улгуришга улгуриш керак! 
- Ўйлаб кўришим керак, у ёқда қабристон…,- деди шунга қарамай. 
- Сизнинг ўрнингиз қабристон эмас! Ўйлаб кўринг: тайёр бўлмасангиз, рад этманг, шубҳа билдирманг,- олдини олди у буйруқ оҳангида. - Ишни сизга топшираётганим бежиз эмас. Талабгор лак-лак. 
Тоққа туташ Арабхона қишлоғини таърифлашдан аввал, соҳада содир бўлган ўзгаришлар ҳақида тўхталишга тўғри келади. Шаҳарга яқин, бозорга ёнбош, ишбилармонлари кўпроқ, аҳолиси савдо- сотиқ билан шуғулланадиган ёки чет элларга кетган даҳаларда икки-уч қаватли уйлар тикланди, кўчалар асфалтланди. Сув ва экин майдонлари чекланган, одамлари азалдан анча қашшоқ бўлган, газетачилар ибораси билан айтганда «кам таъминланган» қишлоқлар паст табақага тушиб қолди. 
Арабхона ҳам имкониятлари чекланганлардан эди. 
Қишлоқдан ҳийла ўтишлари билан пахсадан қурилган файзсиз, бесўнақай бино кўзга ташланди. Улар қийшайиб қолган темир дарвоза қаршисида тўхтадилар. Колхоз даврида молхона бўлганлиги учун у ердан ҳамон таппининг ҳиди анқирди. Ичкаридан ўрта ёшлардаги ориқ, кўкраги чўккан, мўйлови шалвираган ва унга қўшилиб лаби лунжи ҳам пастга осилгандай таассурот қолдирадиган амаки чиқди. Бундай башарага қараш кишининг дилини хуфтон қиларди. Қамаранинг уни йўқотиш борасидаги кўрсатмасида жон бор, деб ўйлади. 
«Бу ерда ҳақиқатан ҳам ўн мингта товуқ боқса бўларкан», ўйлади ўзича Ашурали бинони кўздан кечиргач қувониб ва одатига кўра қўлларини бир-бирига ишқаб, майин кулиб қўйди. Молхонанинг ёнгинасидаги ариқдан тиниқ сув оқиб ўтиши, катта майдон унинг ихтиёрида бўлиши дилига умид солди ва шерик қилиб олгани учун Қамарага меҳри ошди.
Ҳар қандай шароитда ҳам инсон ўз манфаатларидан келиб чиқиб фикр билдиришини такрорлаб ўтиришимиз, эҳтимол ортиқчадир. Ашур яқин келажакда ўн минг жўжа боқишни, улардан етти-саккиз минги вояга етиб, тухум берганда ҳам даромад фалон сўмга етишини ва унинг улуши оз бўлмаслигини назарда тутганди, албатта. 
У паррандачилик ҳақида китоблар топиб ўқиш; товуқ, жўжа боққанлар билан маслаҳатлашишга киришди. Бу ишни обдон биладиган ветврач топишни маслаҳат беришгандан кейин мутахассис излади. Аввал паррандачилик фабрикасида ишлаган, у хусусийлаштирилгандан кейин нафақага чиққан ориққина, гаплари кескин муйсафид унга хайрихоҳлик билан қулоқ солиб, мойиллик билдириб турди-ю, хўжайин Зиёхоновнинг қизи эканлигини эшитгач, авзойи ўзгарди. 
- Бу - ҳақиқатан, ўша ҳокимнинг қизими?- сўради қайтадан. 
Ашуралининг маъқул ишорасидан кейин фикридан қайтди. 
- Йўқ, мени қўйинг,- деди совуққина қилиб. Лекин ноумид қолдирмади: ўзи билан ишлаган ветврачнинг манзилини берди.
- Интизомли одам, бизда партком ҳам бўлганди,- қўшиб қўйди.
Қорачадан келган, пакана отахон (паканалар ўз ишига пухта бўлишини Ашурали яхши биларди) аввал имкониятлар, шароитларни обдон суриштирди. Ашурали бу гал Зиёхонов ҳақида сўз очмади. Шунга қарамай, у товуқхонани кўргандан кейингина бирор тўхтамга келишини айтди. 
- Тузукроқ маош тўласаларинг, ҳафтада икки-уч кун ишлашим мумкин,- деди у нечундир кўнгли чопмаган кайфиятда. - Лекин бу ерни, энг аввало, жўжа боқишга мослаштириш керак. 
Амаки бинони суваш, оқлаш, дизенфекция қилиш, симтўр билан ажратиш ҳақида маслаҳатлар берганда, Қамара ҳам эринмай барини ёзиб олди. Ҳафта давомида, қоровулнинг икки ўғли билан қипиқ тўшаш, ташқарида майдонча тайёрлаш сингари юмушларни бажаришди. 
Гарчанд Қамара рўйхушлик бермаган бўлса-да, Ашур қишлоқ оқсоқоли билан танишиб олди. Маккажўхори экиш учун трактор, сеялка керак эди. Буни фақат ўша одам ҳал қилишини айтишди. 
Шўролар даврида колхозга раислик қилган, орден, медалларга сазовор бўлган, бу музофотда ўртоқ Шаймонов деб эҳтиром этилган, эндиликда саксонни қоралаган муйсафиднинг ўйчан кўзлари, кайвонилиги дилига ўтиришди, у билан маслаҳатлашиб туришни кўнглига тугиб қўйди. Қамара бу одамларни нечун ёқтирмаслигини, оқсоқолга Шайтонов деб лақаб қўйиши боисини фаҳмлолмай ажабланди. 
- Сиз маккайи экманг, буғдой сепинг, отажон,- маслаҳат берди у,- чунки буғдойни қўлда сепасиз, суғормай, ўғитламай ёзда йиғиштириб оласиз; товуққа тайёр дон. Гап трактор билан сеялкада эмас, аммо маккани ўғитлаш, ишлов беришни ҳам ўйланг. Ҳосилни кеч кузгача кутишга тўғри келади. 
Маслаҳат Ашуралига маъқул тушди.
Паррандачилик фабрикасидан жўжа олишга келишганда, қуланса ҳид дилларини беҳузур қилгани устига, пашша шунча кўп ва хира эдики, бу ерда одамлар қандай қилиб ишлашади, деб ўйлаб қоларди киши. Улар жўжаларни олиб, тезроқ жўнаш ташвишига тушдилар. Расмиятчиликлар эса чўзилиб кетди. Пулини санаб олгач, жониворларни махсус машинага ортиб беришди. Шундан кейин эса ветврач амаки аллақандай ҳужжатларни титкилаб, жиғи-бийрон бўлиб кетди. 
- Бизни алдашибди! Булар касаликка қарши эмланмаган! Олмаймиз! Гап битта - Худо битта! Туширинглар! 
Қамара тоқат қилолмай кетиб қолди, аммо Ашур чидади ва бу юмуш эртага қолдирилди. 
Киши ўз меҳнатининг илк самараларини кўрса хурсанд бўлади, албатта. Эртасига келтирилган сап-сариқ жўжаларнинг чийиллаб, дуч келганнинг ортидан эргашиб кетавериши шавқовар эди. Аммо, надоматлар бўлғайким, бу ўта нозик вужудлар биринчи кунданоқ нобуд бўла бошлашди. Жониворлар ғуж бўлиб, сув ичгани келишар ва орқадагилар олдингиларни итариб, сувга чўкдириб юборарди. Собиқ парткомнинг кўрсатмаси билан Ашурали шаҳарга тушиб, плассмасадан ясалган махсус юза идишлар топиб келди. 
Харажатлар масаласида меники, сеники дейишмасди, бари ўртада, деган тушунча бунга монелик қиларди, албатта. Аммо чиқимлар, муаммолар кун сайин ошиб бораверди. Ерда ёввойи мушук, осмонда калхат пайт пойлайдиган бўлишди. 
Ниҳоят қоровул ҳам топилди. Аввалгисини Қамара ҳайдаб юборгани сабаб Ашурнинг ўзи кечаси ётиб қолаётганди. 
- Кўп жойларда ишлаганман - менга ишонишган,- деди ўрта ёшлардаги, бармоқлари билинар-билинмас қалтираб турадиган, қизғиш бурни негадир картошкани эслатадиган, кўринишидан беғам, бепарво, аммо ҳазилкаш, араббашара киши. 
- Шу қишлоқда турасизми, бола-чақангиз борми?- аниқроқ тасаввурга эга бўлиш учун сўради Ашуралиохун. 
- Бола бор-у, чақа йўқ,- ҳазилга олди у.
Бу одамнинг болаларга қўшилиб, иштиёқ билан ишга киришиб кетиши Ашурни қувонтирди, ишончини оширди. Аммо икки кундан кейин келган Қамара норозилигини яширмади, унга Қарашқул деб лақаб қўйди.
- Қоровулни бошқа қишлоқдан олиш керак эди - буларга ишониб бўлмайди! Бунинг ялтоқланиши ҳам жиғимга тегаябди. 
Қамара ҳам қоровулга ёқмаганини англаб олиш қийин эмасди.
- Аёллар нега эркаклардан кўпроқ яшашини биласизми? - сўради у Қамара жўнаб кетгач, ҳазиломуз оҳангда. 
- Хўш? 
- Уларнинг хотинлари бўлмайди! Тағин: иккаламизга ҳам Худо бурундан қарашганига шукур қилишимиз керак. Бир шоир: «Ўксима, бурни катта эркаксан, хотинларга шунинг учун кераксан», деб ёзган. 
Бир куни эрталаб Қамаранинг «Нексия»си билан ишга келишди-ю, қоровулни ғирт маст ҳолда кўришди. 
- Эҳтиёт бўлинг, ҳеч нарса деманг,- уни ногаҳоний кўнгилқорачиликдан ҳимоя қилмоқчи бўлди Қамара. - Ҳушёр бўлса, кейин ҳайдаймиз бу Қарашқулни! 
Жўжаларни озиқлантириш учун буғдой, маккажўхори, соя кунжараси, оқ мой, витаминлар обдон аралаштириб берилиши талаб этиларди. Уларни янчиб, аралаштирадиган механик тегирмон ҳам сотиб олишди, аммо электр токидаги узилишлари ишни мураккаблаштирар ва кўп ҳолларда бу юмушларни Ашурали болалар билан бажарарди. 
Шу орада товуқхонада сичқон билан каламуш пайдо бўлди ва тез кўпайиб, озуқа омборини ғорат қилабошлашди. Негадир уларга қарши дорилар кор қилмас ва махлуқлар ҳеч кимдан чўчимай, озуқанинг баракасини учиришарди. Нуқул ўтмишни улуғлайдиган, бугунги кунда қаллоблар кўпайганидан шикоят қилишни хуш кўрадиган собиқ парком барига ветеринария аптекасидаги ноинсофларни айбларди.
- Худо сичқон билан каламушни яратиб, ўзи ҳам нега бундай қилганидан ажабланган,- деди бир куни ўзига хос ҳазилкашлик билан қоровул. - Мен эртага мушук олиб келаман - барини қийратиб ташлайди. 
Аммо у олиб келган мушук каламушга яқинлашмади, жўжаларни эса қийратабошлади. 
- Сўхтаси совуқ Қарашқулга айтинг: мушугини кўтарсин-у, бу ердан даф бўлсин!- деди Қамара. 
Ашурали қандай қилиб янги қоровул топишни ўйлаб қолди.
Ветврачнинг маслаҳати билан бадбўй ҳид таратадиган креолин олиб келишди, озуқа атрофига ариқча қазиб, ўшандан қуйиб чиқишди. Очофатлар озуқа томон ўтолмайдиган бўлишди. Бу кашфиётларидан мамнун бўлиб туришганда, каламушлар ҳам анойи эмасликларини кўрсатишди: озуқадан воз кечиб, жўжаларга ҳужум уюштиришди ва чийиллатганча инларига судраб кетабошлашди. 
Жўжа деган, жажжи, аммо ҳимоясиз жониворнинг душманлари бунча мўллигини ким ҳам хаёлига келтирибди дейсиз. 
Бунисини эса ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаганди: бир маҳал жўжалар ҳалқа бўлиб, безовта чийиллашга киришди. Қарашса, ўртада катта илон бошини кўтариб турибди. Саросимага тушиб, нима қилишларини билмай қолишди. Жониворлар эса қочиш ўрнига тобора кушандаларига яқинлашарди. Кутилмаганда, газанда кескин ҳамла билан жўжалардан бирини тутиб олди ва шошилмай ютабошлади, хадемай унинг томоғи ҳайратомуз даражада қаппайиб кетди. Кейин қорни тўйдими, одам ҳидини туйдими, кетишга шайланди. У йўлга тушиши билан жўжалар ҳам ғуж бўлиб унинг ортидан югурдилар. Илонни ўлдириб бўлмади - у девор кавагига кириб кетди, ўлжалари унинг ортидан чирқиллаб қолишди. Ветврач амаки изоҳлади.
- Булар - инкубатордан чиққан: она кўрмаган, шунинг учун ҳар қандай жониворни паноҳ тутиб, унга эргашишади. 
Газандага ем бўлган ва қолганлари унинг ортидан чирқиллаб эргашган жўжалар бир неча кунгача Ашуралиохуннинг кўз ўнгидан нари кетмади. 
У қабристонни, гарчанд укасининг ихтиёрига топшириб қўйган бўлса-да, жаноза бўлиб қолса, қабр тайёрлашга вақт ажратарди. Лекин айни кунларда қабристондан топгани ҳам очофат жўжаларга ем бўлаётганди.
Ўша куни ишга келиб, икки бола кутиб тургани устидан чиқди.
- Амаки, жўжа оласизми,- деди улардан бири,- уйда очдирганмиз, арзон қилиб берамиз. 
«Ҳарҳолда, нобуд бўлганлар ўрнини тўлдириш керак, бундан Қамара ҳам қувонар», ўйлади у ва харид қилди. Эртаси, индини жўжа олиб келадиган болалар кўпайишди. 
Қамара бу гал келиб, ( илон, каламуш ҳамда бадбўй ҳиддан чўчиб, кам келадиган бўлганди) жўжа сотаётган болаларни кўрди, жиғибийрони чиқди. 
- Қанақа одамсиз? Ахир, танимадингизми - булар ўзимизнинг жўжалар-ку!
Ашурали ура қочаётган болакайлардан бирини чаққонлик билан тутиб олди.
- Қаердан олдинг?- сўради унинг қулоғини чўзиб. 
Бола йиғлаб юборди ва Қарашқулдан олганлигини яширолмади. Қоровулнинг эса кайфи баланд эди. Улар ғазабга минишди. 
- Неча бор айтдим сизга: шу Қарашқулни йўқотинг, деб. Қатиққўл бўлмасангиз иш кетмайди,- деди ва қоровулга ўгирилди: - Менга қаранг,- деди анча андиша билан, - сизга жавоб! Жўнанг! 
Мудом ҳазилкашлик қилиб юрадиган қоровулнинг қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди. 
- Қаёққа жўнайман? Сизлар жўнанглар! Бу - бизнинг еримиз. Ота-боболаримиздан қолган! Биз муттаҳам эмасмиз! 
Заҳру зардасини сочганига қарамай, тушдан кейин кўч-кўлонини кўтарди. 
- Бу ерда ишлаш итимга - ор, мушугимга - номус,- деди кетатуриб. 
Аммо булар бари ҳолва экан - жўжаларнинг турли юқумли касалликлари бошланди ва улар ҳар куни ўнлаб эмас, юзлаб қирилабошлади. Бу ҳолни кўриш кишининг дилини хуфтон қиларди. Жўжа деган жониворнинг нюкасл, парранда чечаги сингари ўнлаб юқумли касалликлари борлигини икковлари ҳам тасаввур қилиб кўришмаганди. Ветврачнинг елиб югуриши, қимматбаҳо дорилар кор қилмай қўйганди. 
Охир-оқибатда бало-қазолардан омон чиққан жўжалар беш юзтадан ҳам ошмади.
- Майли,- овутди уни Қамара,- шулар ҳар куни бир донадан тухум берса ҳам…
У эринмай ҳисоб-китоб қилди, чиқадиган фойдани исботлашга ҳаракат қилди, аммо Ашуралиохун буларни эшитгиси келмас, нимагадир ишонмас, лоақал сарфлаган пулларига куйиб қолишидан, қандайдир нохушликлардан хавотир тортар, алдам-қалдам тўрига тушгандай, Қамаранинг ибораси билан айтганда, унинг қўлидаги пластилинга айлангандай бўлар, касбу коримга хиёнат қилаётганим учун шу жазони тортаётган бўлсам, ажаб эмас, деб ўйларди; баридан воз кечиб кетишга эса аёл кишининг маломатидан андиша қиларди.

Қоровул топишолмагани сабаб, гоҳида товуқхонада тунаб қолиш Ашуралининг жонига текканди. Шу боис оқсоқолни излаб чойхона томон йўл олди. Бу ердагилар эса у кишини қабристонга кетганини айтишди.
Қабристон - қишлоқ аҳли анча юпун яшашидан далолат берарди: дарвоза пастқам, тош қўйилган қабрлар бармоқ билан санарли, атроф сим билан ўралган. Аммо йўлак ва атрофларнинг тозалиги, хас-хашакларнинг ўриб олинганлиги бу ернинг жонсўз эгаси борлигини кўрсатарди. Ўзи қоровул бўлган масканга зоҳиран таққослаб, у ернинг ободлиги, ҳатто улуғворлигидан фахрланиб ҳам қўйди. Аммо тирик жон кўринмасди, эшиклари ланг очиқ қоровулхона ҳам бўм-бўш эди. Чеккароқдаги чуқурликдан бот-бот тупроқ улоқтирилаётганлигини кўриб, кимдир гўр қазиётганлигини тахминлади ва ўша томонга йўл одди. Саксон ёшларни қоралаган, жиккак муйсафид қабр ўярди. Чолнинг дастаси калта махсус кетмончани зарб билан уриши, қорайиб кетганлиги, чака-чандирлиги отасини ёдга солди, аксар гўрковлар нимаси биландир бир-бирларига ўхшашликларини хаёлдан ўтказиб ажабланди. 
- Ҳорманг, отахон! 
Унинг қулоғи оғир экан, шекилли, ўгирилиб қарамади. 
Ашуралиохун бир пас кузатиб турди-ю, унга меҳри жўшиб кетди, муйсафид билан гаплашгиси, унга кўмаклашгиси келди. 
- Ҳорманг, деябман,- овозини пича кўтарди у,- сизга ёрдамга келдим. Муйсафид бошини кўтарди, алик олди. Бир оз иккиланиб тургач, ўрнидан турди. Унинг ташқарига чиқмоқчи бўлганини сезган Ашури қўлини чўзди. Чолнинг серпай қўллари бақувват эди.
- Раис бово келганмиди,- суради у,- ўртадаги бегонасирашга чек қўйиш ва суҳбат узилиб қолмаслиги учун. 
- Ҳа, тушгача қабрни тайёрла, деди-ю, районга кетди. Болани шуёққа олиб келишаркан. Ашурали кимдир узоқроқда вафот этганлигини тахминлади. 
- Нима бўлибди шўрликка? 
- Қозоққа мардикорликка кетганди - якка ўғил эди…Сизни раис ёрдамга юбордими? 
Ашурали маъқул ишорасида бош силкиб қўяқолди.
- Ўзим қазийман, дегандим, лаҳатга киролмай қолганман. 
- Мана мен кираман.- деди у аввал ҳам қазиганман. - 
- Ерларинг қаттиқми?- қўлини бир-бирига ишқар экан кулиб сўради.
- Еримиз - тилло. Амударё томонга бир жанозага боргандим, ери шундай сув экан. Майитни шўр сувга қўйишди. Шундан бери шукур қиламан. Бекор турмай, битта яримта чуқур қазиб қўяман. Бир мулламиз бор эди - бундай қилиш увол: гўр одамни чақиради, деди. Кўрсат, қаерда ёзилган, дедим. 
Отахон қоровулхонадан жомакор олиб келди. Ашурали чуқурга тушди, муйсафид юқорида қолиб, гапини давом эттирди. - Колхоз пайтида ариқларда сув тошиб оқарди.
- Ҳозир сув чатоқми?- 
- Сув - чатоқ,- илғаб олди отахон. Чашманинг суви ёзда қуриб қолади. Борини Зиёхоновнинг қизи қайтариб олади. 
- Ашурали ҳушёр тортди. Муйсафид чалғиб кетмаслиги учун савол берди. 
- Зиёхонов деганингиз… 
- Районни сўрарди,- гапини бўлиб, жавоб беришга киришди у. - Ўлди. Локинда еримизни қизига олиб берган экан. Шоймонов йиғлади! Кўп югурди, ёзди - бўлмади. Тирикчилигимиз шундан эди. Энди иш йўқ - болаларимиз мардикорчиликка кетган. Ўзимнинг ўғлим ҳам... Энди ёнимга кирган эди. Гўрковлик билан кун кўриб бўлмай қолди. 
Орага бир неча сониялик жимлик чўкди, Отахон тағин давом этди. - Локинда халқнинг ҳақи тешиб чиқади! Барака топмайди. Бултур қўй боқмоқчи бўлди. Лакалов ишбошиси ерга беда экмоқчи бўлибди. Шоймонов: «Отажон, арпа қўйни тез семиртиради, икки ойда пишиб етилади, ўйлаб кўр», дебди. Чунки беда экса, қишлоққа сув ўтмай қолади-да. Кейин арпа сепди, аммо моллар пайхон қилди. Қўйлари ҳам ўлди, йўқолди. 
Ашурали ўша лакалов ишбошидан ҳам баттар бўлганини ўйлаб, надомат чекди. 
- Зиёхоновни ўзингиз танирмидингиз?- гап ўзанини тўғрилаб қўйди Ашуралиохун. 
- Ҳа, биринчи аёли бизнинг қишлоқдан эди. Локинда номардлик қилди, даюс! Уйида меҳмон бўлган қайинсинглисини ишини чатақ қилиб қўйди. Ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик деганларидек: «Хотиним қиз чиқмаган эди, шунинг аламини олдим», дебди. Локинда бу гапи ёлғон экан, ўша қиз ўзини осиб қўйди, аёл ҳам аламдан ўлди.
Ашурнинг ёдига, аввал таъкидлаганимиздек, донишманднинг: «Қиз болани зўрлаш - бола ёки муйсафидни ўлдиришдек оғир жиноят» деган гапи тушди. Бир вақтлар Зиёхоновнинг қабр тошидаги ҳарфларни шарҳлаганини эслаб, мийиғида кулиб қўйди. 
У ишни тугатди-ю, қоровулхонага келиб, апил-тапил ювиниб олди, саросималанмай Қамарага телефон қилишга киришди. Иши кўпайиб кетганини важ қилиб, орани очиқ қилишни режалаштирганди. Бу маккорнинг қўлидаги пластилинга айланганидан ўкинди, унинг чангалидан чиқиш, аввалги - оёғи енгил хотинлардан кўра қийин кечмасмикин, деган хавотир тинчлик бермай қўйди. 
«Абонент хизмат доирасидан ташқарида». Надоматлар бўлғайким, кечгача бу жавоб ўзгармай қолди. 
У гўшасига қайтди, барини ёддан чиқаришга аҳд қилди, аммо хашак ўрса ҳам, қабр қазиса ҳам бир кўнгли ўша ёқда бўлаверди. Шунча дову даскани ветврач билан товуқбоқарларга топшириб кетиши виждонини бот-бот безовта қиларди. Деярли ҳар куни телефон қиладиган Қамара уни батамом ёддан чиқаргани ҳам ғалати эди. Бирор ҳафтадан кейин ветврач амаки сим қоқиб қолди. 
- Товуқхонадан телефон қилаябман, - деди у. Бу ерда тўполон-ку. - Тез етиб келинг!
Одамлар эндигина бошоқ тортган ғаллазорни тап тортмай пайхон қилишар, мол боқишарди; биров ер ўлчаса, бошқаси чуқур қазирди. Молхона бузилган ва ғалатиси, одамлар беҳад хурсанд эдилар. У атрофга аланглаб ветврачни излади, аммо тополмади.
Одамлар ҳалқа бўлиб олган жойга бориб, ўртада раис билан хомсемиз савдогар (Охун)ни кўрди. Қутилардан омонатгина стол қилинган, курсилар қўйилганди. Кимдир мамнун пул санар, бошқа биров очиқ чеҳра билан ариза ёзарди. У билан совуққина саломлашишди. 
- Менга қара, отажон,- деди раис кўринишидан зиёли, ориққина кишига,- шунча йил мактабда ишлайсан-у, ариза ёзолмайсан-а. Бизда ер сотиш мумкин эмас: молхонами, бузилган биноми, шийпонми деб ёз; «ҳ» билан «х»нинг ҳам фарқига бормас экансан. 
Муаллим ҳийла хижолат бўлиб, аризасини қайтариб олди.
- Йўқ,- деди раис бу гал, қаршисидагига овозини андак кўтариб,- олти сотихдан бир метр ҳам кўп бермаймиз! Шунга иморат қурасанми, томорқа қиласанми - сенинг ишинг! Лекин бошқаларни ҳам ўйла! 
- Пули тайёр, деябман-ку,- жим турмади у ҳам. 
- Менга қара,- унга жиддий тикилди раис,- бошқалар ҳам бепул олаётгани йўқ! Фақат кейинроқ ҳисоб-китоб қилмоқчи. Ҳозир пули йўқ. Тушунсангчи. 
Ашурали мулк сотилганини фаҳмлади ва юраги увишиб кетди. «Нега мендан яширишди? Харажатларим нима бўлди? Қамара қаерда? Нахотки шу қадар мунофиқ бўлса?! Товуқлар қани?» 
- Еримизни қайтариб олдик.- деди раис қувониб. Қиммат олди-ю, майли…
- Қамара қаерда? 
- Ие, хабарингиз йўқми?- ажабланди Шаймонов бобо. - Америкага кетди! Бу киши вакил,- хомсемиз томон имлаб қўйди охирида. 
- Товуқлар…
- Уларни ҳам сотдик,- деди Охун, совуққина қилиб. 
- Қамара ҳеч нима демадими?,- сўради харажатларини ўйлаб.
- «Инсонни бахтли қилиш учун, бор-будини тортиб олиб, кейин оз-оздан қайтариб бериш керак», деди. Аши зўр бериб, ана шу гапни аввал қаерда эшитганини эсламоқчи бўлди-ю, ёдига келмади. ( Қамара туғилган кунда бу гапни файласуф айтганини, муҳтарам ўқувчи хотирласа керак.) 
Бир маҳал оқсоқол билан Охун гапга бориб қолишди. - Менга қаранг,- ўдағайлади Охун,- ишни тўғрилаб бергани учун ҳокимга икки минг берамиз, дедикми? Дедик! Шуни арралаймиз, дедикми? Дедик! Нега энди тонасиз? А? Муйсафид одамсиз… 
- Тонганим йўқ, тонганим йўқ! Минг доллар дейсиз… Бу одамлар доллар деганини қўлига ушлаб кўрган эмас! Қаердан топади? Кўраябсиз: сигири, эчкисини сотиб, қарз кўтариб, олти сотихга эга бўлаябди.
- Сиз - неблагадарний одамсиз! Қамара беҳудага фамилиянгизни… 
- Биламан, биламан,- отажон,- унинг сўзини кесди Шаймонов. - Лекин ўз халқини талайдиган, эзадиган ҳокимлар, ҳокимваччаларга ҳам Худонинг жазоси бордир?! Болаларимизнинг ўлиги келаябди. Шу ерда кулбаси, бир парча ери бўлса …еб борармиди у томонларга…У шундай деди-ю, ўпкаси тўлиб кетди. Шоша-пиша рўмолчасини излади, уни тополмай, кўз ёшларини енги билан ситиб ташлади. Ҳамқишлоқларнинг чеҳраларидаги мамнунлик ўрнини важоҳат эгаллади - Охунга еб қўйгудай бўлиб қарай бошладилар. Буни сезган отахон зудлик билан дилсиёликнинг олдини олди.
- Айб бу кишидамас, бу кишидамас!- деди шоша-пиша. - Бу киши - вакил. Ҳамма ишига борсин! Муаллим, кимга айтаябман? Жўнанглар! Ашурали ўзини орқага олди. Даврадагилардан кимдир: «Биз ўзбекмиз, араб эмасмиз! Араб бўлганимизда бошқача бўларди», деди.«Пружинани қисганинг сари унинг қаршилиги ортиб боради, ўйлади ўзича Ашурали, демак, аввал отаси, кейин қизи бу одамларга адолатсизлик қилган, камситган. Инсон табиати эса зулм ва камситишни ҳазм қилолмайди. Шунинг учун булар ҳам жим ўтиришмаган: нафратларини бот-бот намоён қилишган».
Аслида бу муғомбирдан қутилишни чамалаб юрганда, Худонинг ўзи қўллаганидан қувонди ҳам, аммо Қамаранинг мунофиқлигини ўйлар экан, беихтиёр отасининг гапи ёдига тушди: «…гўрковдан ҳеч ким қочиб кетолмайди: бир кунмас-бир кун келади. Ўзи келмаса, галалашиб кўтариб келишади». 
Йўл-йўлакай, кўз ўнгидан бир пайтлар оғмахони билан унинг тақдиридан ҳадиксираб фол очган лўли аёл, ўлжасини тириклай ютган илон, кушандалари ортидан чирқиллаб эргашган жўжалар, кўз ёшларини енги билан ситиб ташлаган оқсоқол ва бошқа воқеалар кино лентасидан бўлиб ўтди. У тезликни оширди.

Просмотров: 760 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Июль 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031