Понедельник, 23.06.2025, 19:43
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 4
Гостей: 4
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Июль » 30 » ГЎРКОВ 1
13:29
ГЎРКОВ 1

Нусрат Раҳмат. Гўрков (ҳикоя)
Унинг номи ёдда қоладиган, болохонадор - Ашуралиохун. Орқаворотдан гўрков дейишади; тенгдошлари орасида Ашурали, Ашур, Аши дейдиганлар ҳам анчагина.
Отасининг оти Муҳаммадалиохун бўлган. Шунчаки, Охун, ёки гўрков дейишган. 
Аслида, охун деганда, ўқимишли, зиёли кишилар назарда тутилади. Лекин, кўрган-билганларнинг гувоҳлик беришича, отаси, ҳатто имзо чеколмайдиган саводсиз, итоаткор, бир оз баджаҳл, жоҳилроқ киши бўлган; жаҳли чиққанда, зуғум билан бош бармоғини икки бармоғи орасидан чиқариб кўрсатадиган хунук одатини умрининг охиригача ташламаган.
- Отам кўз ўнгимизда онамни дўппослаб қоларди,- дейди Ашуралиохун, бу ҳақда гап кетганда,- укам иккаламиз зириллаб турардик, нима қилишни билмай, жуда ўсал бўлардик. Феъли ғалати эди: биров арақ узатса, қўлини қайтармасди; кайфи ошганда гўрковлиги билан мақтанар, Худонинг назари тушган касб, деб гарилларди. Биров манзират қилмаса, ойлаб оғзига олмас, унутиб юборар, ичганларни лаънатлаб қоларди. Бирорта художўй мачитга таклиф қилса, эргашиб кетаверар, бошқа вақт қабристондан чиқмасди.
Майли, отасини қўятуриб, ўзига таъриф берайлик. Ўттиз ёшларнинг нари-берисидаги бўйчан-у ўйчан, раҳмдил-у содда; сочини мудом қиртишлатиб, дўппини бостириб кийиб юрадиган, қўнғиз мўйловчаси ўзига ярашган, юзи чўзинчоқ, озода, қирғийбурни ҳийла катта бўйдоқ йигитни кўз ўнгингизга келтира оласизми? Бунга қўшимча қилиб, дона-дона, қисқа қилиб, кесиб гапириш, бирор юмушни бошлашдан олдин қўлларини бир-бирига ишқаб, кулиб қўйиш одати борлигини ҳам айтиб ўтишимиз ортиқчалик қилмас. 
Сўнгги ўн-ўн беш йилда ёш авлоднинг ўзига хос гуруҳи шаклланди. Уларни шўролар давридаги тенгдошларига таққослайдиган бўлсангиз, ғалати тафовутларни кўрасиз. Янги авлод, кўпроқ қўл телефони, компьютер, дисплей, дискета, диск, автомобилларга боғланиб қолгандай бўлиб кўринади. Бу - масаланинг фақат техник томони. Улар ғоялар излаш, унга эргашиш, маслакка эришиш, уни байроқ қилиб кўтаришдан кўра пул топишни афзал кўришади. Партиявий мансубликка аллақандай зоҳирий киноя билан ёндашишади. Ҳар қандай сафсатавозликдан фарқли ўлароқ пул - озодлик, фаровонлик сарчашмаси деб билишади, миллий ғурур ҳақида гап кетганда, бошқа миллатлар ҳақида бетакаллуфроқ гапириб қўйишади. 
Ашурали охун ҳам шу тоифага мансуб, албатта. Фарқи шундаки, кўпроқ китоб ўқийди. Кўп ўқиган - кўп билади, дейишади; аслида бу дунёда ҳаммаси нисбий. Соддадил Ашурни мактаб боласи ҳам чув тушириб кетиши мумкин. Шунчаки, имконияти ўқишни тақозо этади: у фақат гўрков эмас, қабристон қоровули ҳам ва айнан қоровуллиги учун маош беришади. Қабристонда эса ўғри ўмарадиган юмурта ҳам бўлмайди. Марҳумлар бир-бирларининг кафанларига кўз олайтиришмаганидек, тириклар ҳам бу ерга кирганда, ногоҳ охиратни ўйлаб қолишади.
Хуллас, китоб ўқиб ётиш учун энг ўнғай вазият. Албатта, ҳушёр бўлиб туриш керак: тозаликни сақлаш, хас-хашакларни вақтида йиғиштириш, марҳумлар хотирасига дуо-ю фотиҳа исташган савобталаб қавмларнинг илтимосларини адо этиш ва энг муҳими, бирор киши бандаликни бажо келтириб қўйса, қабрни айтилган вақтда тайёрлашга ҳам етарлича вақт қолади. 
Ашурали бу юмушларни бекаму кўст, сидқидилдан уддалайди. Ишининг ўнғай томонларини билади. Масалан, тиғиз пайтда, мардикор чақириб, чуқурни (улар айвон дейишади) аввалдан қаздириб қўяди, лаҳатни эса ўзи жаноза олдидан тайёрлайди ва отасига ўхшаб, юзлаб ғамзада одамларнинг кўз ўнгида қабрдан тупроққа булғаниб чиқишни хуш кўради. 
Сиз спектаклдан кейин томошабинларнинг бир маромдаги қарсаклари остида қимтиниб саҳнага чиққан актёрни кўз олдингизга келтира оласизми? Унинг камтарона нигоҳларида барча қийинчиликлар, етишмовчиликларга қарамай касби-коридан зоҳирий мамнунлик ҳисси жўш уришини, бояқишга мана шу қарсакдан кўра қадрли бойлик бўлмагандек сарафроз туришини кузатганмисиз? Гўрковлар ҳам қабрдан чиққанда, шундай туйғуни бошдан кечиришса ажаб эмас. Зеро буни тасвирлаш мушкул - туйғуни фақат туйиш мумкин.
Майли, Ашуралиохун ҳақида гапираётган эдик. Қуръоннинг ўтли оятларини қироат қилганида, вужудингизга титроқ киради. Даромаднинг бир қисми эса қироатдан келади. Хотира ва қадрлаш куни, Наврўз байрамларида дуоталаблар навбатда туришади, кўпроқ пул беришади. 
Баҳсу мунозараларда қўли баланд келишига ишонса ҳамки, кам аралашади. Дин тарихини яхши билгани сабаб, вақтида отасини нописанд қилган айрим муллалар ундан ҳайиқишади, чаласаводликлари ( уларнинг кўпчилигига хос қусур) фош бўлишидан чўчиб, ясама мулозиматлар қилишади.
Аммо ўзининг ҳам бир қусури, ўз ибораси билан айтганда, «ожиз томони» ҳақида тил тишласак, инсофдан бўлмас. Бу одам хотин-қизлар масаласида…
Йўқ, йўқ, ундай хулосага келманг. У аёл зотига жуда бепарво, улардан нарироқ юришни афзал билади. Аммо улар…
Аёл зотига тушуниш қийин: бу гўрковнинг нимасини ёқтиришади − тушуниб бўлмайди. Касби-корининг сирли, аллақандай мавҳумлигими; қўнғиз муйловчасими, қадди қоматими, озодалигими, қирғий бурнининг андак катталигими… 
Муомалада қачон, қаерда, нима дейишни билишдан кўра, зарур ўринда итоаткорона сукут сақлашда гап кўп, дейишади. Аёл билан мулоқоти пайтида Ашига зимдан назар ташласангиз, бўйнини сал эгиб, бир маромда бош тебратиб маъқуллаб туриши, таажжуб ва таассуфларини очиқ намоён этишда истеъдодли актёрлардан қолишмаслигига ишонч ҳосил қиласиз. Тинглашдан кўра гапиришни хуш кўрадиган хотинларга унданда дилкаш суҳбатдош топиш мушкул. Эҳ, аёллар сабаб бўлиб, не-не маломат-у таҳликаларни бошдан кечирмади шўрлик. 
Одамларга аввал нон керак, кейин ҳангома дейишади. Ашуралининг шу ёшгача бўйдоқ юриши, сирли учрашувлари ҳам ҳангоматалаблар учун бир эрмак. Дунёвий воқеалар бир чеккада қолиб, унинг ўйнашвозлиги, бўйдоқлигини муҳокама қилишади: турфа тахминлар, башоратларни қаторлаштиришади. Ўзининг эса жавоби аниқ: 
- Ўттиз ёшгача уйланмаган, кейин ҳам уйланмайди, ўттиз бешгача бойимаган, кейин ҳам бойимайди.
Бу гапни қаердан олганлигини эшитинг.
У пайтлар медицина техникумида (кейин коллеж дейиладиган бўлди) ўқирди. Дўстлари билан дарсдан чиқиб кетаётганда, лўли аёл русчалаб ўзи томон чорлаётганига гувоҳ бўлишди. «Ҳей, ғофил бандалар! Сизларни нималар кутаябди, биласизларми? Тақдирларингдан огоҳмисизлар? Тезроқ келинглар, барини аниқлаб бераман!» 
Аёлнинг қаршисида яшил рангга бўялган қути бўлиб, унинг сиртига каламушга ўхшаган жониворнинг расми беўхшов қилиб чизилганди, ёнида кутубхонанинг картотека қутичалари, ичида букланган қоғозлар. Аёл қутичани секин тақиллатиб: «Менинг доногинам, думбоққинам, чиқақол, бу одамнинг тақдирини аён қил,» деса, ундан юмронқозиқдан хийла каттароқ ( кейин билса, русчасига - хомяк, ўзбекчасига - оғмахон, дейишаркан) жонивор чиқиб, атрофга синчков назар ташлар, эгаси имлаган кишини бошдан оёқ кузатгандай бўларди. Сўнг қутича устида юриб, қоғозлардан бирини суғурарди. Навбат Ашурга келганда, жонивор қутичаларнинг устида роса айланди-ю, қайтиб инига кириб кетди. У пулига ачиниб турганда, бекаси тағин чорлади. « Чиқақол, дўмбоғим. Уни аччиқ қисмат кутаётган бўлса ҳам майли. Сенинг вазифанг - огоҳ этиш…» Оғмахон бу гал бир хатни суғурди-ю, Ашига мунгли термулгандай бўлди. Лўли аёлнинг аччиқ қисмат ҳақидаги эслатмаси, жониворнинг нохуш нигоҳи унинг дилини пича хира қилди. Буклоғлик қоғозни Ашуралига узатишди. Рус тилида ёзилганлиги сабаб, унчалик тушунолмади ва чўнтагига солиб қўйди.
Рус гуруҳида Марина деган, дўндиққина қиз ўқирди. Кечқурун ётоққа қайтгач, ўшандан хатни таржима қилиб беришни сўради. Аммо у ўзбекчани яхши билмагани сабаб анча қийналишди: таржима чала-чулпа чиқди. 
«Билиб қўй: ўттизгача уйланмаган бўйдоқ кейин ҳам уйланмайди, ўттиз бешгача бойимаган қашшоқ кейин ҳам бойимайди, қирқ ёшгача касбини ўзгартирмаган овсар кейин ҳам ўзгартирмайди …». 
Юз ёшгача ёзилган эди башоратнома, аммо қолганларини тушунишмади. Охирги жумлани ағдариб, ўзлари ҳам кулиб юборишди. «Аёл - буюк… алдовчи. Панд емай десанг, у билан танишишдан олдин ажралишни ўйла». 
Шу-шу бўлди-ю, Марина ундан ажралмайдиган бўлиб қолди. «Аши, сен жуда симпатичнийсан: китоб ўқисам, унинг саҳифасидан; телевизор кўрсам экранидан қараб тургандай бўласан» деди кўп ўтмай, дард билан. Ашур унга нисбатан совуққонроқ, лоқайдроқ бўлиб юрди. Йўқ, келажакда ажралиш мушкул бўлишидан кўрққани йўқ, «сен гўрковнинг боласисан, кўрпангга қараб оёқ узат» деган мушоҳада унинг этагидан тортиб турарди. Марина эса уни жону-ҳолига қўймас: кинога, музқаймоққа таклиф қилаверарди. Шу қиз сабаб бўлиб, русчани унча-мунча ўрганди. 
Майли, гапни мухтасарроқ қилайлиг-у, тағин жилла орқага қайтайлик.
Бу дунёда кўп нарса, аввал айтганимиздек, нисбий ёки тасодифийдир. Жумладан, унинг коллежга кириб ўқиши ҳам. 
У пайтларда (эҳтимол, ҳозир ҳам шундайдир) ёшларнинг аксари юрист ёки журналист бўлишни орзу қиларди. Ана шу факултетларга бир киши ўрнига ўн-ўн беш киши ҳужжат топширарди. Ашурали ҳам баланд дорга осилди - юристликни танлади. Бу ниятини минг истиҳола-ю, хавотир билан отасига айтган эди, у сукут сақлаб қолди. Чунки қабрнинг лаҳатини қазишда ўғли энди ёнига кираётгандида. 
- Ким бўласан битказиб?- сўради ниҳоят. 
- Прокурор. 
- Эй-й,- ижирғинди отаси. - Бир прокурор бор эди, отасининг гўрини қазиган эдим. Бир куни келди-ю, гўр атрофидан икки сотих жойни банд қилиб кетди. Бу гапни оқсоқолга айтгандим, …ни ебди - бир бошдан қазийбер, деди. Шунда ҳам ярим сутихча қолдирдим. Кейин ўдағайлади: «Қаматиб юбораман!» деди. «Хўп,- дедим, аммо ичимда: Сен мени қаматолмайсан, локинда мен гўрингни қазийман», дедим. Боплабманми? Икки йилдан кейин ўлди. Тошкентдан келаётганда, мошиннинг эшиги очилиб кетган. Эшикка суяниб ухлаб қолган эканда, шўрлик. Ким билади - душмани қилганми… Отасининг ёнидан жой кўрсатишди. Бир оз қазидим-у, шумлигим тутди: «Ер қаттиқлик қилаябди, гўр йул бермаябди», дедим, акасига. Қўрқиб кетди: «Олганингни ол, аммо бу гапни чиқарма», деди. Тағин кўнглимга шайтон оралади: «Лаҳатни калтароқ қил, оёғини букиб ётсин, қизталоқ», деди. Аммо, Худодан қўрқдим! Умрим бино бўлиб бунақа иш қилмаганман. Бировга фалон сўм берасан, ҳам деганим йўқ. Уни ҳам берганини олдим. Бир сигирнинг пулини берган экан, шоввоз. Шу пулга ҳалиги олани олган эдим, аммо соғдиргани қўймади. Ўзим соғсам индамай турарди-ю, бошқани йулатмасди. Сигир соғиб юриш гўрковнинг обруйига тўғри келмайди, деб сотдим. Пулни олиб қўйибман - сен олақол. Барибир, ўқишга бепул олмайди. Кейин…» 
«Майли, узундан-узоқ тафсилотлардан танг бўлган ўғли унинг гапини кесди-, турсин, кейин оламан.»
Ҳеч ким пул таъма қилмади. Ундан чандон баланд балл тўплаганлар ҳам ҳужжатларини қайтариб олишга мажбур бўлдилар. У ҳам навбатда турганида, девордаги умидбахш эълонни ўқиб қолди: « Ўқишдан қайтган бўлсангиз, ўксиманг. Биз сизга ёрдам берамиз. Медицина коллежимиз сизга мунтазир. Инсон саломатлиги учун курашишдан кўра буюк бахт борми?.. 
- Прокурорликни ёмонладингиз, шунинг учун духтирликка кирдим,- деди отасига. 
- Духтурнинг ҳам супраси қуруқ,- деди у,- Соли духтурга озгина пул берган эдим - икки йилдан бери қочиб юради. Аммо гўрковдан ҳеч ким қочиб кетолмайди: бир кунмас-бир кун келади. Ўзи келмаса, галалашиб кўтариб келишади. 
Ўқишни битиргандан кейин сил касаликлари шифохонасида иш борлигини айтишди. Марина ҳам унга эргашди. Бу ерда икки ҳафтача малакаларини оширгач, уни навбатчи фелдшерликка, Маринани лабораторияга ишга тайинлашди. Ашуралиохун меҳр билан, астойдил ишга киришди. Бўлим мудири қатиққўл, талабчан эди; ҳар эрталаб қисқа йиғилиш ўтказар ва кўпроқ масъулият ҳақида гапирарди. «Гиппократ қасамёдида: «ҳар бир беморни отам, онам ва жигарим деб биламан» деган гапни ёддан чиқарманглар» дерди у. Ҳа, масъулиятли эди Ашуралининг вазифаси ва ана шу омил уни руҳлантирарди ҳам. Оғирлашиб қолган беморлар палатасига бир ҳафта кундузи, иккинчи ҳафта кечаси навбатчилик қиларди. Врач белгилаган дориларни бериш, укол қилиш, баъзида овқатлантириш, зарур бўлганда, ҳожатига кўмаклашиш унинг зиммасида эди. Аммо маоши йўлкира билан тушликка учма-уч етарди. Шунинг учун, дастлаб дадасидан бир-икки бор пул сўради-ю, кейин ҳамияти йўл бермади: ишдан кейин қабр қазиш, дуо-ю, фотиҳа ўқишда давом этди. У лаҳат ўяётганда, отаси юқорида турар ва тинмай гапирарди. 
- Тугунни бир қўл билан ечиб бўлмайди: лаҳатни ичига кир, айвондан туриб қазима: тор бўлиб қолмасин! 
- Биламан,- дерди у отасини тинчитиш илинжида.
Муйсафид жилла тин оларди-ю, тағин ўша шанғи овозда давом этарди. 
- Одамлар қурумсоқ бўлиб кетаябди. Авваллари берган пуллари бир қоп ун билан икки кило гўштга етарди. Энди, мана бунга ҳам ( у бош бармоғини ҳалигидақа қилиб кўрсатди) етмайди. Қара, марҳумнинг бегоҳи жума, йигирма, қирқида катта зиёфат беришади - нақ тўйга айлантиришади, шоввозлар. Миллион-миллион сўмга тош қўйишади. Билсанг, буларнинг барини ўлик учун эмас, ўзлари учун, обрў орттириш учун қилишади. Ўликнинг давоси эса - кўммоқ. Бундан бошқа бари бекор гап! А, гўрковни рози қил, номард! 
Ашурали бу ишларни пинҳоний бўлишини истар, айниқса, ишхонасидагилар гўрковлигидан хабар топишларини хоҳламасди.
- Ойлигинг қанча,- сўради бир куни отаси хавотирланиш билан. 
У икки ҳисса кўпайтириб айтди. 
- Шу ҳам пулми.- деди муйсафид,- бирорта бойнинг гўрини қазисам, икки баравар кўп ҳақ беради. Мана шу мозорни ўтини яхшилаб ўриб олсанг, иккита новосни боқишга етади. Бу - фалон сўм бўлади. Ҳозир одамлар дую фотиҳага ҳам яхши ҳақ берадиган бўлган… 
Шифохонада қарийб бир йил ишлади у. Ўша тунда бир бемор оғирлашиб қолди. Чўп-устихонга айланган, ранги ўликникидай заҳил чол ёшини яшаб, ошини ошаб қўйганди. Ўпкасининг озгина қисми соғ қолгани сабаб ҳаво етмас, боз устига, вужудидаги оғриқ азоб берарди. Гапдан, овқатдан қолганди, аммо юракка қувват берувчи укол, дорилардан кейин бир неча дақиқа шивирлаб гапирарди. Хуллас, Азроилнинг нохуш шарпаси палатада бўлмаса ҳамки, йўлак ёки ҳовлида кезиб юргани аниқ эди. Оғзини каппа-каппа очганича «ҳаво, ҳаво», шивирлай бошлади бемор. У деразаларни очиб қуйди, аммо муйсафиднинг нолиши камаймади. Ашур унинг оғзига кислород резинасини тўғрилади; бемор жимиди. Кўп ўтмай ўзи ҳам мизғиб қолди. 
Тушида қатор қабрлар эмиш. Кафанга ўралиб ётганлар нуқул: «ҳаво, ҳаво» деб илтижо қилармиш. Ногаҳонда улардан бири Ашуралиохуннинг оёғига нўқийбошлабди. Ўйғонса, ҳалиги чол, ҳақиқатан ҳам ўпкасига ҳаво етишмай зорланаётган, унинг оёғига ожизгина туртаётган экан. Кислород ёстиқчаси эса олиб ташлаганди. 
- Мусулмонмисан,- деди бемор зўрға шивирлаб. 
У ажабланди, бош силкиб маъқуллади.
- Бир савоб иш қил, болам.
- Хўш? 
- Мени буғиб ўлдир - қутулай… 
У нима дейишини билмади ва инкор маъносида бош тебратди. Сўнгги илтижоси рад этилган бемор ўкинди, кўзига ёш олди,сўнгги кучини тўплаб шивирлади: 
- Лаҳатга киргур! Падарингга… 
Чол кислород резинасини қайта оғзига олмади ва эрталаб жон берди. Ашуралиохун унинг юзида жамики уқубатлардан бир умрга халос бўлган кишидаги мамнунликни илғагандай бўлди. Интизомни биринчи ўринга кўядиган бўлим мудири кислород ёстиқчаси анча нарида ётганини кўрди, бунинг устига марҳумнинг ости ҳўл эди. Ашуралига заҳрини сочди. 
- Қарасанг бўлмайдими? Шунинг учун маош оласан-ку!
У индамади, аммо тақдир унга ўгай ўғилдек қараганидан, эшигини омад умуман тақиллатмай қўйганидан жуда ўкинди; кечқурун отасига сўнгги қарорини айтди.
- Ишга бормайман! Сиз билан бўламан! Лаҳатга кираман!
- Бизнинг авлоддан гўрковликни ташлаб кетганнинг бирортаси ёлчимаган,- деди отаси, жилла сукут сақлаб, масаланинг моҳиятига етгач,- чунки касби-коримизга дуо кетган.

* * *

Гўрковликдан ор эмас, фахр қилишим керак, деган хулосага келди у ва қабристондаги қоровулхонада муқимроқ жойлашди.
Бир куни уйга кирса, онаси йиғлаб ўтирибди. 
- Отам урдими?- сўради андак қаҳрга миниб. 
- Бўёқчиникига боргандим… совчиликка - ақалли эшигидан киритмади.
Ашуралиохун тутақиб кетди. 
- Хотинни мен оламанми, сиз? Нега сўрамайсиз? Бундан кейин ҳеч ёққа борманг - ўзим топаман! 
Одамлар, гарчанд, гўрковга ишлари муқарар тушиши, у билан ҳисоблашиш зарурлигини билишса-да, азал-азалдан қиз бериш, қуда бўлишга ор қилишлари унинг руҳини эзарди. 
- Борманг! Тамом! Ўзим топиб қўйганман!- чала қолган гапини мухтасар этди у. 
Онаси кўз ёшларини артиб, ажабтовур жилмайди. Ахир, эшикма-эшик юрак ҳовучлаб юриш унга ҳам осон эмасди-да. Табиийки, шундан кейин чол-кампир бўлажак келин билан астойдил қизиқиб қолишди. У минг бир ҳижолатвозлик, андиша билан Марина ҳақида сўз очганда, дастлаб жим туришди. Биринчи бўлиб отаси овозини кўтариб қолди. 
- Бўлмайди! Тўғри келмайди! Ғайридин экан! 
Ашурали жуда ўкиниб кетди, чунки қайсар муйсафидни фикридан қайтариш қийинлигини яхши биларди. Марина эса ҳомиладор бўлиб қолганди. Отаси шанғи овозда давом этарди. 
- Бир жўрам шунақа намоқул иш қилганди: ўрисга уйланганди. Ўлгандан кейин гўрини қазидим. Хотини айтибдики, бу киши партийний - ўрис мозорга қўясизлар. Шундай қилишди. Бу ердаги гўр ҳозиргача оғзини очиб ётибди. 
- Бўлди қилинг,- эшитгиси келмади Ашуралининг,- ундай бўлса хотин олмайман! 
- Олмасанг садқаи сар!- қисқа қилди отаси ҳам.
Шўрлик Марина уни роса лаънатлади, қарғади; кейин боласини олдириб ташлади ва шукрки, кўп ўтмай, бахти чопиб, бир миллатдошига турмушга чиқди. 
Шу орада, кутилмаганда мусибат рўй берди: ота арзимаган сабаб билан бандачиликни бажо келтириб қўйди. 
Улар айвонда дам олишаётганди ўшанда. Отаси чанқаган экан, шекилли, чойнак жумрагидан совуган чойни симирди-ю, илкис сесканиб тушди, юзи таниб бўлмас даражада буришди. Кейин чалажон арини туфлаб ташлади. Жумракдаги ари унинг танглайига ниш санчган эди. Ашуралиохун қўрқиб кетди - чунки кекирдак йўли шишиб, нафас ўтмай қолиши мумкинлигини биларди. 
- Туринг, тезроқ, духтурга борамиз, деди. 
- Ари чаққанга ҳам духтурми,- деди ота. 
Жону ҳолига қўймай, эски «Жигули»сига миндирди ва тезликни оширди. Отаси йўлдаёқ хириллаб қолди. Докторлар зудлик билан ўртага олдилар. Бундай пайтда нафас йўлига бир қаричча келадиган махсус найча суқиб қўйилиши керак экан. Аммо бутун бошли бир шифохонадан ўша матони излаб топишолмади. Отаси шундайгина қўлида жон берди. Бош врач докторларга бақириб берди. 
- Операцияга ётқизиш керак эди! 
Ашурали дард чекиб йиғлади: отасига, медицинанинг аҳволига жуда ачинган эди у. Жаноза-ю маъракаларни муносиб қилиб ўтказди. Қабристон ҳам, рўзғор ҳам ўзига қолиб кетди.

Қабристон шаҳардаги беш маҳаллага тегишли бўлиб, бир ёғи катта кўчага туташ эди. Ана шу томонда унинг ҳашаматли, ўймакор дарвозаси, нарироқда мўъжазгина чойхона бўларди. У шу ердаги картда ўтирганда, қизчасини етаклаб келаётган жувонни кўрди. Йўқ, аёлга эътибор берган эмас, боласи жуда жажжи, ширин эди. Қизалоқнинг ялтироқ матодан тикилган калта, бурама кўйлакчаси, қоп-қора жингала сочларига термулиб қолди. Алланималар ҳақида ширинзабонлик билан гапириб келаётган қизча Ашуралиохунни кимгадир ўхшатдими, нигоҳларидаги меҳрни туйдими, ҳайтовур у томон талпинди; Аши қизчани бағрига босди. Илк бор бесамар ўтиб кетаётган умри, зурриёт хусусида уйлади. Қизалоқнинг ним табассум қилиб турган онасига бир сидра назар ташлади. 
- Сиз дадасига ўхшар экансиз,- деди жувон маҳзун бир такаллуф билан. 
- Дадаси?.. 
- У киши Кореяга ишга кетганлар. 
Улар эртаси ҳам худди шу вақтда ўтишди. Ашурали шундай бўлишини кўнглидан ўтказганди ва чўнтагига солиб қўйган конфетни қизалоққа узатди. 
Шу билан уларни ёддан чиқариб, ўз иши билан андармон бўлиб кетганди. Аммо бирор ҳафтадан кейин жувон боласини етаклаб, қабристонга кириб келди. Бу нозанин билан боғланиб қолишдан зоҳирий хавотир тортган бўлса-да, қизчани эркалади ва беихтиёр аёл билан гаплашиб қолди. Шаҳарга туташ қишлоқда яшаркан, боласини шу томондаги боғчага олиб келар экан. 
- Ўзим ҳам шу ердаги боғчада тарбиячиман,- деди негадир қизариброқ. Гарчанд Ашуралиохун сўрамаган бўлса-да, сўзамоллик билан гапга киришиб кетди: оти Гулюз эканлигини, қайнотаси шаҳар билан қишлоқ туташган маҳаллада оқсоқоллик қилишини айтиб, мақтангандай бўлди.
Ашурали унга зимдан назар ташлади: юзи нозик, нафис, чеҳраси маюс, ёқимли эди, вужудидан соғломлик барқ уриб турарди. Қора трикодан тикилган кастюм ва юбкаси қоматига ярашиб тушганди. 
«Эри Кореяда эканлигини нега айтди», деб мушоҳада юритди ўзича. Уни кузатиб қўйди-ю, дилида меҳр ўйғонгандай бўлди, бу гал келса, ўзгача оҳангда гаплашишни кўнглига тугди. 
Гулюз бу гал боласини қолдириб келганди. Ҳаяжонданми, ҳадикданми юраги енгилгина ураётганлигини фаҳмлаш қийин эмасди. Помада суртилган лаблари бўсага илҳақлигини фаҳмлаган Ашуралиохун уни қоровулхонага таклиф этди. «Кейин-кейин», деди эҳтиросдан кўзларини юмиб олган жувон ва вужуди бирдан бўшашиб кетди. 
Сўнг иссиқ овқат, вино олиб келадиган бўлди. Шундай азиз жойда бемаъни иш билан шуғулланиш уволлигини, маҳалладагилар билиб қолишса, гап чувалашиб кетишини биларди у. Шу билан бирга: «Сир сақлашда марҳумларга тенг келадигани йўқ», деган юпанч билан ўзига таскин берарди. Буниси ҳам майли: шу орада Марина уни излаб келадиган бўлди. «Сени эринг бор, энди қўяқол», деса, «Аши, сен менинг кўз очиб кўрганимсан» дерди. Орадан ҳафталар, ойлар шу тариқа шўхлик билан ўтди.

Бу гал ташриф буюрган аёл ҳақида Ашурали анча-мунча маълумотга эга эди. У араб мамлакатларидан бирида қолиб кетганини, у ердаги катта савдогарга тўртинчи хотин бўлганлигини эшитганди. Қорамағиз бу аёл бошдан оёқ қора либос кийган, қўл ва бўйнидаги олтин, бриллиант тақинчоқлар меёрдан кўпроқ эди. Қўлида бир даста гул. 
- Эримнинг хотирасига дуои-фотиҳа қилсангиз,- деди. 
Бундан бирор йил муқаддам ўзини осган йигит қабри бошида тин олдилар. У қироат қилди, кейин аёлнинг ўзи ҳам дуо ўқиди; эрининг хислатларини хотирлади ва улар осонгина ажрашдилар. 
У бирор ҳафтадан кейин тағин келди ва Ашуралининг дилига ногаҳоний ғулғула солди. Бу гал жувоннинг рафтори батамом бошқача эди: у сурбетларча карашмалар, нозлар қилабошлади. Ашур қоровулхонага кириб келганди, орқасидан эргашди. Мастона кўзлар тўқнашдилар ва Аши тағин қасамни бузиб қўйди. Қўллари қалтираб, аёлнинг ҳарир сийнабандини назокат билан ечди. 
- Энди келмаганингиз маъқул,- деди хайрлашишар экан,- қабристонда увол…
- Буни бошқа ўйнашларингизга айтинг,- деди анчайин шаддодлик билан. - Айтмасангиз, ўзим айтаман! Уларнинг кўпини танийман.
Унинг дили нохуш ва беҳузур бўлиб кетди. Шу-шу Ашурали ҳақида нохуш сафсаталар кўпаябошлади. Бу гапларни ўша енгилоёқ жувон тарқатаётганини у ҳис этди, аммо боисини тушунолмади. Барини аёл макрига йўйиб қўяр экан, биз замонлар оғмахон олиб берган қоғоздаги « Аёл - буюк алдовчи. Панд емай десанг, у билан танишишдан олдин ажралишни ўйла» деган ёзувни эслади. 
Маҳалла йиғилишида мозор фоҳишахонага айланганини айтишгач, Ашур бу ердан насибаси узилганини фаҳмлади. Унга анча ёғли ишларни ҳам тавсия этдилар, аммо ўз касби корини ташлаб кетишга кўзи қиймасди. Жонига оро кирадиган Гулюз бўлишини эса кутмаган эди у. 
- Гўрковимиз кексайиб қолган, ўрнига одам излашаябди-, деди. - Қайнотам билан гаплашиб, ҳал қилиб бераман.

* * *

Бу ердаги қабристон дарвозаси пештоқига Паҳлавон Маҳмуднинг машҳур рубоийси катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилганди:
Эй хожа, ту аз ин жаҳон бехабари, 
Шабу-рўз дар ҳирси симу-зари.
Дастмояи ту аз ин олам як газ кафан аст, 
Он ҳам гумон: ё бари, ё набари…
Қабристон қадимий, катта бўлиб, бир ўзбек қишлоғи билан тожик қишлоққа қарашли эди. Ўзбеклар яшайдиган қишлоқда Гулюзнинг қайнотаси, тожиклар турадиган даҳада эса ҳамма «муаллим» деб мурожаат қиладиган, кайвони амаки оқсоқол эдилар. Ашуралининг ўшаларга риоя қилиши талаб этиларди. 
- Русларда: «Незаменимых не бывает» деган нақл бор,- деди муаллим,- у билан учрашганда,- ҳамманинг ўрнига одам топиш мумкин: оқсоқолми, ҳокимми - аммо гўрков деганни алмаштириб бўлмайди. Унинг ўрнига одам топиш мушкул. Роса изладик. Сизга насиб этган экан, эҳтиёт бўлинг: бу ерда азиз одамлар ётишибди.
Дарвозахонадаги узун айвондан ташқари, зарур жиҳозлари бекаму кўст бўлган уй, даҳлиз, хуллас бир оила учун шароит муҳайё қилинганди. Бундан ташқари, қабристон ташқарисидаги муъжазгина ҳовли-жой ҳам Ашуралиохун ихтиёрига топшириладиган бўлди. Бошқа жойлардаги сингари, бу ер ҳам сўнгги йилларда анча обод бўлган: йўлкаларга олти қиррали бетон плиталар ётқизилган, игнабаргли дарахтлар зичлаб ўтқазилган, ҳатто қадимий чинорлар ҳам ўзгача манзара касб этгандай эди. Янги манзилгоҳни топганидан қувонган бўлсада, таниш, нотаниш аёлларнинг ногаҳоний ташрифидан дилида зоҳирий хавотир уни бот-бот безовта қиларди
У маҳалла оқсоқоллари, атрофдаги қўни-қўшнилар, ташқаридаги мачит аёнлари, дўкондорлар билан тез киришиб кетди. Аёллар билан хуфёний алоқаларни батамом узаман, деб турганда телефони жиринглади, соткада Маринанинг таниш номерини кўриб, бир чеккага ўтди. 
- Ярамас!- деди у, одатдагидек русчалаб,- унутиб юбординг. Иш жойингни янгилабсан - ҳидини чиқармайсан.
У гуноҳкорона сукут сақлади. Марина эса давом этарди. - Эрим билан ажралишдим, у Россияга кетди. Сен бевафони деб шу ерда қолдим. 
- Ўзим бораман, бу ёқларга келма, ҳаммасини ўша ерда гаплашамиз!- атрофга ўғринча қараб жавоб берди у. 
У аёллар билан алоқани батамом узиши, уларни бу ерга йўлатмаслиги кераклигини биларди. Жуда зарур бўлганда Маринани уйига бориш, Гулюзга барини обдон тушунтириш ва қорамағиз аёл билан орани очиқчасига узиш керак, деган қатъий хулосага келганди. Бунга анчайин эришди ҳам, аммо Гулюз… 
- Азизим, тушунсангчи,- илтижо қилди Аши,- бу ер - сенинг қишлоғинг. Сезиб қолишса, иккаламизни ҳам тошбўрон қилишади! Ахир, оиланг бор... 
- Тўғри, тўғри, - деди у ҳам. Аммо бир-бирларига қараб, нигоҳларидан батамом бошқа фикр-у, майлларни уқиб олдилар.
Шундай бўлсада, у ўзида куч топиб, қоровулхонага кириб кетди. Бирор соатдан кейин чиқса, Гулюз ҳали ҳам ташқарида мунғайибгина ўтирибди. 
- Майли, келақол-, деди, аммо бу - охиргиси…Баҳорда қабристонлар турфа майсалар, анвойи гулларга бурканиши; ўзгача тароватли, фусункор бўлишига эътибор берганмисиз? Қиш қаҳратонида қабрларни қор қоплайди, ёз жазирамасида хас-хашак босади ва улар мунғайиб қолгандай бўлади; бунинг устига ўз ташвишларимизга ўралашиб, марҳумлар ёддан чиқиб кетишади. Зиёратчиларнинг айнан кўклам пайтида кўпайишининг боиси, эҳтимол шудир. Қоровулнинг юмушлари ҳам табиийки кўпаяди: ҳар бир зиёратчига эҳтиром кўрсатиш, кимгадир белкурак, бошқа бировга супурги, пақир топиб беришга тўғри келади. 
Ашуралиохун қавмларнинг баҳорий ташрифларидан беҳад қувонар, уларнинг қўлларидаги гулдасталарни фақат марҳумларга эмас, қабристонга ҳам эҳтиром ўрнида қабул қиларди. Шу билан бирга, дарвозага рўбарў бўладиган ҳар қандай нотаниш аёл билан оралиқ масофа тутишга ҳаракат қиларди.
Бу гал ташриф буюрган хонимнинг рафтори ўзгача эди: унинг нописандлиги, калондимоғлиги манаман деб турар, сўнгги модадаги калта шим, олди очиқ кофта кийганди. Зиёратга келганлиги сабаб, бошига омонатгина қилиб қора рўмолча танғиганди. У пардоз қилмаган, бунинг устига ўзи ҳам чиройли эмасди. Кўзлари кичик-кичик, бўйи пастроқ қора рўмолча остидан чиқиб турган сочлари сап-сариқ - бўялганми ёки табиийми - англаш қийин эди. Лекин ўзига, ақлига, зеҳнига ишониши, дадил ва жадалликни яхши кўриши, раҳбарларга хос синчковлиги сезилиб турарди. Жувон шошиб ичкари кирди, Ашурали ҳурмат юзасидан у билан изма-из борди. 
Ногаҳоний меҳмон ўтган йил дафн этилган собиқ ҳокимнинг қора мармар билан зеб берилган, заррин ҳарфлар билан «Зияханов Қ.З.» деб ёзилган; туғилган, вафот этган йиллари акс эттирилган қабри қаршисида тин олди, бошини хиёл эгиб турди. «Русчалаб ёзилганига аввал эътибор бермаган эканман, ўйларди Ашуралиохун, исму шарифини тўла ёзишса бўлмасмикин». Балки Қудрат Зиёхоновичдир ёки Қиличмикин, эҳтимол, Қаҳҳор Зиёхоновичдир…
Инсон фикридай озод нарса йўқ, дейишади. Уни ҳеч ким таъқиқламайди, муҳокама қилмайди. Ашурали одатига кўра, охирги икки ҳарфни хаёлан шарҳлашга киришди. Балки «қизталоқ», «занғар» деганидир ёки «қайнонаси зўр»ми, балки «Зиёхонов қайнсинглисини зўрлади», деганидир. 
Шу фикрдан кейин ёдига қайнсинглисининг номусига тегиб қўйган таниш имом-хатиб тушди. Қишлоқдан ўқишга келган ва опасиникида турадиган қиз айни балоғат ёшида бўлган. Ўша куни уйда почча икковлари қолишган. Кутилмаганда почча қайнсинглисига ташланган…
Аслида ҳар қандай қиз, жувонда, айниқса эркак билан ёлғиз қолганда, табиий инстинк - хавотирланиш ошади. Аммо аксар қизлар гўл - поччанинг бундай қабоҳатга қўл уришини тасаввур қилишолмайди. Буни эса ҳайвоний ҳирс, деб қўйибди! Яккама-якка қолган вазиятда инсоний тафаккур устидан айнан ҳайвоний ҳирс ғолиб келиши мумкинлигини қуваи ҳофизаларига сиғдиришолмайди, бояқишлар. Албатта, ҳалиги «ҳанги» ўлгудай пушаймон ҳам бўлади, турфа баҳоналар тўқийди, барини инкор этади ва ҳакозо. Аммо, ҳарчанд қилмасин, қилмишни яшириб бўлмайди. 
Қиз болани зўрлаш эса, бир донишманд айтгандай: чол ёки болани ўлдиришдай оғир гуноҳ. Ашур бу хусусда нега ўйлаб кетганини ўзи ҳам тушунолмай қолди. Шу пайт жувон у томонга ўгирилди. 
Унинг қарашида аввалги аёллардек хушдорлик эмас, мардикор олаётган кишининг синчковлигини кўргандай бўлди у. Фақат кўнгилхушлик эмас, бу аёл оила учун ҳам яратилмаганлигини англаб олиш қийин эмасди. Унда қандайдир пинҳоний мақсадлар борлиги ва улар кайфу-сафо қилиш; эр, бола-чақали бўлишга халақит бериши сезилиб турарди. 
- Сиз қоровулми?- совуққина қилиб сўради жувон. 
- Ҳам қоровул, ҳам гўрков. –Орага жимлик чўкди.
- Дадамни билармидингиз? 
У билмаса ҳамки, маъқул ишорасида бош тебратиб қўйди. 
- Константин Зияханович дейишарди. Ажойиб эдилар: одамларга кўп яхшиликлар қилганлар. - 
- Отлари Константин бўлганми?- қизиқишини яширолмади Ашур. 
- Аслида Қутбиддин бўлган-у… шунақа. У ёқинқирамай, гап ўзанини бошқа томонга буриб юборди. - Қабрнинг тўрт томонига тўртта банан ўтқазмоқчиман. Бир жойда кўрдим - зўр бўларкан. 
- Бундай қилиб бўлмас..,- бепарвогина рад этди Ашуралиохун. 
- Нега? 
- Банан сувни жуда кўп талаб қилади. 
- Соласиз, ҳақингизни берамиз, - деди, андак ҳукмфармолик билан у.
- Гулга сув солганим учун пул олмаганман! 
Улар жимиб қолишди. 
- Қанақа гул экишни маслаҳат берасиз?- бир зина пастга тушди жувон. 
- Гулхайри билан райҳон,- бир лаҳза ўйлаб олгач жавоб берди Ашурали. - Ўн кунда бир бор суғорса ҳам бўлаверади. 
Беихтиёр гаплашиб қолишди, меҳмон унинг қаерда ўқигани, ишлагани, маоши, оилавий аҳволи билан, кадрлар бўлимининг мудиридек, жиддий қизиқди. 
- Йўқ, йўқ, бу нотўғри, деди беғубор кулиб, Ашурнинг «Ўттизгача уйланмаган, кейин ҳам уйланмайди» , деган доимий ақидасини эшитиб. 
Кетиш олдидан аёл зоҳирий калондимоғлик ила визиткасини узатди. Ашуралиохун ҳам одоб юзасидан телефони номерини ёзиб берди. Ташриф қоғозига «Зияханова Камара Кутбидиновна (Константиновна)» деб ёзилган, чет тиллар институтининг доценти, хотин-қизлар кенгашининг раиси эканлиги қайд этилганди. 
Ашур уни тез унутди. Аммо кўп ўтмай, жувон телефон қилди. 
- Шу ердамисиз? Мен райҳон билан гулхайри уруғини топдим - олиб бораман. 
- Райҳоннинг уруғи экилмайди, кўчати ўтқазилади; бозорда бор,- қисқа қилди у. 
Қамара кўп куттирмади: икковлашиб ишга киришиб кетдилар: қабр атрофини юмшатиб гул қадашди. Ашурали сўрайвермагани сабаб бўлса керак, ўзи отаси ҳақида узуқ-юлуқ маълумотлар берабошлади. 
- Дадамнинг хизматлари катта бўлган, у киши раҳбарлар орасида ажралиб турардилар: район гуллаб кетганди ўшанда. Одамларни ишлатабилардилар. У кишининг қабрлари ҳам ажралиб туришини истайман. Бу атрофга ҳеч кимни қўйманг!
- Инсонга бир газ ер етади, деб эшитганмисиз? Бунда тириклар эмас, марҳумлар назарда тутилган. Уларга ҳақиқатан ҳам бир газ ер кифоя. 
Ашурали шундай деди-ю, суҳбатдошига қаради, лекин унинг юзидан бирор ифодани уқиб олиш қийин эди. 
- Дарвоза тепасидаги ёзувни ўқидингизми?- давом этди у.
- Ўқидим, бу рубоий Хайёмга тегишли деб юрардим, Паҳлавон Маҳмуднинг форс-тожикча ёзганини хаёлимга ҳам келтирмаганман. 
- Маъносини яхши тушундингизми?- суҳбатдошининг билим-савиясини чамалаб кўргиси келарди унинг.
Қамара қошини норози чимирди, унинг тафаккурига гўрковнинг шубҳа билдириши дилига ўтиришмади 
- Ахборотингиз учун айтиб қўяй: мен фақат ўзбек, тожик, рус тилларинигина эмас, инглиз, французчани ҳам она тилимдай биламан,- деди енгилгина зарда билан. Ҳаётда ким бўлганидан қатъий назар, бу ерда ҳуқуқлар тенг, демоқчисиз, назаримда. Аммо унутмангки, қарол билан қиролнинг фарқи битта ҳарф бўлса ҳамки, улар орасидаги тафовут ер билан осмонча! 
Ашурали андак ҳушёр тортди: интеллектуал салоҳияти анчайин бақувват киши билан юзма-юз бўлганини фаҳмлаб қувонди ва андак танаффусдан кейин жавоб берди. 
- Жувонмард билан жувонмаргнинг ҳам фарқи битта харф, аммо уларнинг биринчиси тилга олинганда - тирик, иккинчиси айтилганда - ўлик назарда тутилади. 
Қамара жавоб қайтармади, аммо суҳбатдошига тағин қизиқиш билан қаради. Улар бошқа мавзуларда суҳбатлашиб қолдилар. 
- Арранинг ҳам тиши бор,- деди у, - чайнайди-ю ютмайди. Шунинг учун ориқ. Урчуқ қанча тез айланса, қорни шунча тез қаппаяди. Менинг шиорим шу. 
Ашуралиохун бу гапларнинг туб моҳиятини тушунмай қолди.
-Биз гаплашиб туришимиз керак экан ,- деди Қамара жўнаб кетар экан. 
Гарчанд, эркак зотининг шаҳвоний иштаҳаларини қўзғатмаса ва аввал айтганимиздек, оила учун яратилмаган бўлса-да, бу кибор ҳукмфармо билан гаплашиш ўзгача гаштли; аввалги танишлар, суҳбатдошлардан фарқли ўлароқ, исталган мавзуда суҳбатлашиш, баҳслашиш мумкин эди.


                     давомини ўқинг..http://sultanrabat.ucoz.org/news/gwrkov_2/2014-07-30-19

Просмотров: 867 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Июль 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031