БИР ҚОП КЎМИР
— Халқ душманининг ўғли!
— Душман!
— Сен билан бир синфда ўқишни истамаймиз, чиқиб кет!
Мен уларнинг устидан директорга шикоят қилдим.
— Ҳа, чаёнвачча! Ёқмадими? Улар тўғри айтибди. Чаённинг боласи чаён бўлади. Ҳе, отангга ўхшаб чақчаймай ўл! Чиқ, йўқол!
Мактабга бормай қўйдим.
Бир ҳафтадан кейин опам йиғлаб келди:
— Мактабга бормайман. Раҳбаримиз «Халқ душманининг қизи», деб синфдошларимга юзимга тупуртирди.
Биргина акам ўқув йилининг охиригача ўқиди. Кунда, кунора ёқалари йиртилиб, кўзлари кўкариб келса ҳам у саккизни битирди. Етти йил тўрт баҳо олмай аълочи ўқиган акам уч баҳога тўла шаҳодатнома олди.
— Майли, хафа бўлманглар, болаларим, даданг борида бу директорлар у кишининг соясига салом берарди, — деди аям опамнинг оппоқ сочларини силаб. (Мелисалар дадамнинг қўлларини қайириб олиб кетишган туннинг эртаси куни опам сочлари қордек оқариб уйғонганди).
— Кетамиз, аяжон, — деди акам ўктамона. — Шаҳарга кетамиз. Тоғамникига борамиз. Катакдеккина уй бўлсаям топиб жойлаштирар. Мен ишга кираман. Укаларимни ўқитамиз. Улар ўқиши керак. Ўқишмаса дадам келса хафа бўладилар. Шаҳарда биров билан бировнинг иши йўқ.
Биз шаҳарга келдик. Акам айтгандек катакдеккина бир уйга жойлашдик. Шаҳристондаям ҳовлимиз катта, хоналари кўп бўлгани билан барибир битта хонада яшардик. Қолган хоналарни НКBДчилар михлаб, муҳрлаб ташлашган, уларга киришга ҳаққимиз йўқ эди. Қайтанга шаҳардаги бу ижара уйимизнинг ҳовлисида эркин юрардик. Аям ҳовлидаги тандирни таъмирлаб олиб, нон пишира бошладилар. Мен ҳали ўн ёшда бўлсам-да опам билан бу нонларни шаҳарга олиб чиқиб сотиб келардик.
Акам бир автокорхонага машиналарни ювувчи бўлиб ишга кирди. Биз сентябрдан яна ўқишга қатнай бошладик. Кўп ўтмай қорли, аёзли кунлар бошланди. Аямнинг нон қилиши учун ҳам, уйимизни иситиш учун ҳам кўмир керак эди. Аммо кўмир сотиб олиш учун ортиқча пулимиз йўқ эди. Бир куни мактабдан келаётиб уйимиздан тўрт кўча нарида, темир йўл станцияси яқинида кўмир ортилган вагонлари бор поезднинг станцияга яқинлашаётиб тормоз берганини ва шунда вагонлардан кўмир доналари тўкилганини кўриб қолдим. Уйга келиб акам ясаб берган кичкина ғалтакчамни суриб бориб ҳалиги тўкилган кўмир доналарини бир ғалтакча қилиб олиб келдим. Аям жуда хурсанд бўлдилар. Чунки, бу кўмир уйни иситишга ҳам, тонгда аям нон ёпган тандирни қизартиришга ҳам етди.
Мен кўмир ортилган поезд қайси кунлари, қайси соатда ўтиши, қаерда кескин секинлашигача билиб олдим. Ўша фурсатларни қўлдан бой бермай тўкилган кўмир доналарини териб олиб қопга жойлардим. Қопим тўлмай қолса темир йўл бўйлаб беш— олти чақирим йўл босиб, кейинги бурилишларгача бориб келардим. Поездлар буриладиган жойлардан ҳам кўмир топса бўларди.
— Поездлардан жуда эҳтиёт бўл, болам, — тайинлардилар аям ҳар гал. — Ўтиб кетгунча узоқроққа бориб тур.
Мен поездлардан эҳтиёт эдим. Аммо ҳадемай эҳтиёткорликни унутиб, ҳали ўтиб кетиб улгурмаган поезддан тушиб қоладиган ҳар бир дона кўмир учун талашиб-тортишишга тўғри келди. Чунки, мен хабардор бўлган «кўмир кони»дан маҳалланинг бошқа болалари ҳам хабар топишган, уларга ҳам кўмир жуда керак эди. Ҳадемай менга ўхшаб қоп кўтарган, ғалтак сурган болалар ўндан ошиб кетди. Баримизнинг уйимиз совуқ, баримизнинг қорнимиз нонга тўймас эди-да.
— Уни мен биринчи кўрдим, у меники. Бер уни менга, — дедим вагондан тушган уч дона кўмир бўлагининг биттасини олиб қўйган нариги кўчалик мендан бир синф юқорида ўқийдиган Нори деган болага.
— Олган-олганники, билдингми, — деди у кўмирни орқасига яшириб. — Бермайман.
Мен унинг қўлига ёпишдим. У мени ўша кўмир бўлаги билан ура бошлади. Менга таёқ ўтмас, нима бўлса ҳам ўша кўмирни ундан олишни ўйлардим. Иккаламиз юз-кўзимиз, эгни бошимиз қоп-қора бўлиб муштлашавериб, поезднинг устимизга келиб қолганини пайқамай қолибмиз. Поезд бизни босиб кетишига икки-уч қадам қолганда бир киши иккаламизни ҳам елкамиздан чангаллаб, темир йўлдан четга улоқтирди. Қулоқни қоматга келтириб поезд ўтиб бўлганда Нори аллақачон жуфтакни ростлаган, бизни қутқариб қолган киши эса бетон деворга суяниб махорка ўраб тутатарди.
— Кўзингга қарасанг ўласанми, тирранча!
— Кўрмай қолибман, — йиғламсирадим.
— Темир йўлга дазмоллаб кетса кўрардинг, — ўшқирди ясама оёғини дўққиллатиб менга яқинлашган одам. — Бўлди, шилқиллайверма! Қаерда турасан?
— Вино заводининг ёнида. Асли шаҳристонликмиз. Ёзда кўчиб келганмиз.
— Шаҳристонлик, — ажабланди юзимга синчиклаб қараган чўлоқ бобо. — Кимлардансан? Отанг ким?
— Хайрулло аканинг ўғлиман, фамилиялари Жиянов, — дедим танирмикан деган илинжда.
— Ҳм-м, Жияновнинг ўғлиман де, — ўйланиб қолди бобой. — Отангни қамашган-а?
Бошимни қимирлатиб тасдиқ ишорасини қилдим. «Халқ душманининг ўғли экансан-да», деб турткилашини кутиб елкам қисилди.
— Шаҳарга кепсизлар-да. Қийналмаяпсизларми, ишқилиб?
Шу сўзидан кейин у киши менга яхши одам бўлиб кўрина бошлади.
— Йўқ, қийналмаяпмиз. Акам ишлаяптилар. Аям нон пиширадилар. Мен опам билан мактаб вақтигача сотиб келамиз. Мактабдан кейин мен шу ерга келиб кўмир териб бораман. Шуни тандирга, ортиб қолса уйни иситишга ишлатамиз. Шу-у, кўмир етмай қолаяпти.
Чўлоқ бобой «Бу ёққа юр», деди ва бир оёғини дўққиллатиб йўл бошлади. Биз темир йўл вокзалининг кўмир сақланадиган омборига кириб бордик.
— Мен мана шу ерда қоровул бўлиб ишлайман. Манави четларга тўкилган кўмирларни териб қопингни тўлдириб ол. Фақат қопингни кечқурун, қоронғу тушгандан кейин ғалтак билан келиб олиб кет, хўпми?
— Хўп, бобожон, — дедим суюниб.
Кечқурун бир қоп кўмирни ғалтакка ортиб кетар эканман ҳалиги киши тайинлади:
— Мен кунора ишлайман. Сен ҳам ҳар икки кунда бир келиб бир қопдан кўмир олиб кетавер. Битта-яримта сўраса «Холбой амакимдан сўраганман», дегин.
Энди менинг ташвишим анча камайди. Кўмир излаб темир йўл бўйлаб изғимайдиган, бир бўлакча кўмир учун болалар билан ёқалашмайдиган бўлдим. Кунора кечқурун келиб станциядан бир қоп кўмир териб кетадиган бўлдим. Кўмир тандирдан ҳам, уйни иситишдан ҳам ортадиган бўлди. Ҳафтада бир-икки орттирган кўмиримизни кабобпазларга сотиб пулига ярим килогинадан гўшт ҳам оладиган бўлдик.
Кўмир териб, нон сотиб, шаҳар ташқарисидан ўтин териб келиб мактабни ҳам битирдим. Олти йил давомида бир мартаям кўмир бериб турганини миннат қилмаган Холбой амаки бу давр ичида қариндошларимиздан ҳам қадрдон бўлиб қолди. Бундай дейишимга сабаб, отам қамоқда бўлган салкам ўн йил вақт мобайнида кўп қариндошларимиз, дадам туфайли ўқиган, ишга жойлашган, дадамнинг орқасидан обрў-эътибор топган қариндошларимиз ҳам биздан юз ўгириб кетишди.
«Сизларни қариндошим десам менинг ҳам уйим куяди, сизлардан узоқроқ бўлганим яхши», деди бир аммам.
«Ҳеч бўлмаса манови тўртовини «детдом»га топширинг, янга, халқ душманининг боласи улғайса гўр бўлармиди», деганди бир амаким ҳали мактабга бормаган укаларимга қўлини бигиз қилиб.
Аям бирортамизни «детдом»га бермадилар. Кечаю-кундуз ишладилар, одамларнинг кирини ювдилар, тикишини тикдилар, аммо ҳаммамизни боқиб катта қилдилар. Фақатгина опам дадамнинг келганини кўролмади. «Қачон келасиз» деб сўраган опамга «тўйингга етиб келаман», деган дадамнинг келганини опам кўролмади.
Опамнинг тўйи ҳам бўлмади. Дадамга энг қайғурган опам тўққизинчида ўқиётганида қазо қилди. Опамнинг жони узилиши қийин бўлди. Кўзини эшикдан олмади. «Чилёсин» ўқигани келган мулла «Қизингиз бировга интиқ, ўша одам келмаса жон беролмайди», деди.
— У дадасига интиқ, — уввос тортиб юборди аям. — Нима қилай, дадаси келолмайди.
— Қизингиз танимайди, бирор киши келиб ўша одамнинг тилидан «Мен келдим», десин. Шунда зора жон бериши енгиллашса.
Тоғамни зўрға кўндиришди.
Тоғам кириб опамнинг сочларини силаб деди:
— Она қизим, мен дадангман, мен келдим, жоним. Мендан рози бўл! Мен сендан розиман!
Тоғамнинг шу сўзидан кейин опамнинг кўзи бир очилиб ёпилди ва тоғамнинг қўлларини ўпиб нимтабассум қилиб жон берди.
* * *
— Сталин ўлибди!
Бу сўзни акам худди Сталинни ўзи ўлдириб келгандай шодланиб айтди. Аям эса йиғладилар. Ҳалигача тушунмайман, аям ўшанда Сталиннинг ўлганига хурсанд бўлиб йиғладиларми, хафа бўлиб йиғладиларми? Ўша кунлари одамлар кўчаларга чиқиб фарёд солишиб йиғлаганларини, юзларини юлиб, «Энди биз нима қиламиз», деб дод солганларини кўрганман. Ҳатто айримлар «Энди қандай яшаймиз», деб ўз жонларига қасд қилганини эшитганмиз.
Ҳайтовур Сталиннинг ўлгани яхши бўлди, отам оқланиб келди. Энг биринчи бизни «детдом»га топширмоқчи бўлган амаким келди:
— Мана, ука, болаларингни ҳеч кимдан кам қилмай қанотим остига олиб ўтирибман!
Кўп ўтмай аммам пилдираб етиб келди:
— Оқланиб келган бўлсанг, опанг айлансин! Йўлингга қарайвериб кўзларим тешилди-ку? — Сўнг бизларни бир— бир қучоқлаб ўпа кетди: — Ҳа, жигарларим-а! Жондай қадрдонларим-а!
Эртаси куни ҳукумат одамлари келиб дадамнинг ҳамма орден-медалларини қайтариб беришди. Шаҳристонга бориб яна аввалги раҳбарлик лавозимини эгаллаши мумкинлигини айтишди. Ўша куни кечгача келиб дадамни табрикловчиларнинг кети узилмади.
Кечқурун дадам ҳар биримизнинг ўн йил нималар билан шуғулланганимизни сўраб-суриштирдилар. Навбат менга келиб мен ҳам бажарган юмушларимни айтиб бердим. Холбой амаки ҳақида, у кишининг яхшиликлари ҳақида сўзлаётганимда ўринларидан туриб кетдилар.
— Бир оёғи ясамами? Кўп папирос чекадиган кишими?
— Ҳа, ўшанақа киши, — дедим мен. — Мохорка ўраб чекади.
— Кетдик!
Вақт алламаҳал бўлишига қарамай Холбой амакининг қоровулхонасига бордик. Холбой амаки бизларни кўриб ҳужрасидан чиқиб келди.
— Барини эшитдим, — дедилар Холбой амакини қучоқлаб узоқ йиғлаган дадам. — Раҳмат сизга, ўз оға-иниларим қилмаган яхшиликни қилибсиз. Болаларимни ўлимдан сақлаб қолибсиз!
Бир маҳал дадам Холбой амакининг олдида тиз чўкдилар:
— Холбой ака! Мени кечиринг! Кўзим кўр экан ўшанда. Мансаб, амал кўзимни кўр қилиб қўйган экан. Мана, энди кўзим очилди. Жон ака, мени кечиринг!
Холбой амаки дадамни қўлтиқлаб турғиздилар.
— Сиз кечирим сўрашингизнинг ҳожати йўқ. Хайрулла иним, у пайти сиёсат шунақа эди. Сизам ҳукуматнинг буйруғини бажаргансиз-да, ука. Туринг, бунақа қилманг, ўғлингиз қараб турибди, уят бўлади. Мен сизни кечирганман. Ҳаммамиз ҳам хато қилувчилармиз. Ҳаммамизни ҳам Оллоҳнинг ўзи кечирсин!
— Мендан қайтмаса Худодан қайтсин, Холбой ака, — дедилар дадам станциядан қайтаётганимизда. — Оллоҳ рози бўлсин, ака!
Қайтаётганимизда бир вақтлар Шаҳристонни бошқарган дадамнинг бор-йўғи бир қоровул Холбой амакидан тиз чўкиб кечирим сўрашининг сабабини сўрадим.
— Бунинг тарихи узун, ўғлим, — дедилар дадам ва йигирма қадамча ўйчан юргач, ҳикоя қилдилар: — Уруш йиллари эди. Ўшанда Шаҳристон ижроқўми раиси эдим. Ишчи кучи, ишга яроқли одам етишмасди. Шаҳристонга кўчириб келтирилган завод, фабрикаларда аёллар, қариялар, ёш болалар ишларди. Бир тарафдан давлатга пахта ҳам, дон ҳам топшириш керак эди. Тумандаги ҳар бир эркак ҳисобда эди ўшанда. Айни ғўзани суғоришга одам етишмай турганда Холбой ака урушдан ярадор бўлиб қайтиб келди. У кишини ўзи яшаб турган колхоз идорасига чақиртирдим. Ясама оёғини дўққиллатиб идорага келди.
— Учдаланинг ғўзаси жуда чанқаган, икки-уч куннинг ичида суғормасак ҳосилни бой берамиз. Ҳосилни бой берсак урушни, ғалабани бой берамиз, — дедим. — Ҳозироқ кетмонни олиб Учдалага жўнанг, биламан, ногиронсиз, аммо кетмонни кўтара оласиз.
— Мен сувчилик қилолмайман, — деди Холбой ака, — мен намга ярамайман, соғ оёғимда ҳам осколка бор. Бошқа иш буюринг, қилай, қуруқроқ ерда бажариладиган ишни буюринг.
— Сувчилик қиласан! Бошқа иш зарурмас! Кетмонни ол-у ҳозироқ жўна!
Холбой ака ҳам урушда қон кечиб келган эмасми, ўжарлиги тутди:
— Қўлингиздан келса отиб ташланг, аммо сувга кирмайман!
— Сен кирмасанг мен кираман, аммо сени Шаҳристонда яшатмайман.
Кетмонни олиб аччиқ билан ўзим сувга кирдим. Уч кун деганда Учдаланинг ғўзасини суғориб бўлдик. Тўртинчи куни эрталаб райижроқум (райисполком)нинг қарорини чиқартириб, Холбой аканинг кўч-кўронини юклатиб, Шаҳристондан чиқариб юбордим.
Дадам ёнидан папирос олиб тутатдилар. Анча вақт жим қолдилар. Уйимизга етаёзганимизда дедилар:
— Мен бу одамни беватан қилганман, бола-чақаси билан азобга қўйиб сарсон-саргардон қилганман. Бу одам эса бирор марта таъна қилмай шунча йил сенга ёрдам қилибди. Сизлар тирик қолишларингизга сабабчи бўлибди. Бир яхшилик қилиб кўнглидан чиқараман.
* * *
Дадамнинг Шаҳристонга қайтиб, мансабларига тикланганликларидан кейинги қилган биринчи ишлари шу бўлдики, ижроқўмнинг юк машинасини олиб бориб, ўзлари Холбой амакини Шаҳристонга кўчириб келдилар. Шунча йил қаровсиз қолган уйларини ижроқўм ҳисобидан чиройли қилиб таъмирлаб бердилар.
Бир куни эрталаб дадам ишга кетаман деб турганларида ҳовлимизга ўғли ва чақалоқ кўтарган келинини эргаштириб Холбой амаки кириб келдилар.
— Ижроқўм бува, Оллоҳ невара берди. Қулоғига сиз азон айтиб, танглайини кўтариб қўйсангиз, — дедилар салом-аликдан сўнг. –Яхши ният қилиб, яхшиларга ўхшасин, деб исмини Хайрулло қўйдик.
|