Каримберди Турамурод
1. “Газетамизнинг байрам сонига оналар тўғрисида бир нарса ёзиб беринг!” дейишди ишхонадагилар.
“Оналар тўғрисида кўп ёздик-ку, ҳамма ёзганларимиз оналарга-да”, дедим бу мавзуда ёзиш мен учун оғирлигини яшириб.
“Энди ўзингизнинг онангиз тўғрисида ёзинг!”, дейишди.
О, бу нарса оғирларнинг оғири, азобларнинг азоби эканини билишсайди.
Ёзсам, ўн икки йилдан бери ёзардим-да!
Ўн икки йилдан бери камида ўн икки юз марта ёзмоқчи бўлгандирман!
Ҳар гал сарлавҳа қўйишга улгураман, холос.
Ўша сарлавҳа ҳам кўз ёшларим билан ювилиб кетади.
Бир гал сарлавҳадан кейин ҳам бир сатр ёздим:
“Менинг онам дунёдаги энг яхши она эди”.
Онамга муносиб бўлмади. Жўн сўзлар бўлиб қолди.
Ўчириб ташладим.
Онамга муносиб сўз тополмадим.
Онам учун бир нарса ёзишим керак эди, аммо нима қилай, ёза олмасам?
2.
Ўшанда Турсуной Содиқовани топиб олдим!
“Ризолик истаб”ида оналарини эслаб, йиғлаб-йиғлаб бир нима айтган эканлар.
Мен ана шу нарсани ўзимники қилиб олдим!
Қачон онамни эсламоқчи бўлсам, ана шу нарсани эшитиб, Опага қўшилиб йиғладим.
Шу билан овундим!
Опани ўзимга она қилиб олдим!
Аллоҳ у кишининг қалбларига ҳам менга бўлган оналик муҳаббатини солди. Ўғлидек яхши кўрдилар, бошимни силадилар, дуо қилдилар.
− Онангиз тўғрисида ёзинг!
Кошки осон бўлса?
Тонг билан яна “Ризолик истаб”ни тингладим. Тўлдим. Йиғладим.
− Буни Турсуной онам қандай ёзган эканлар? Қандай чидаган эканлар айтиб бўлгунча?
Ўзларига қўнғироқ қилдим.
− Каримбердижон, болам, сенмисан?
Қани энди гапира олсам! Қани энди дардимни айта олсам?
− Тинчмисан, болам? Бола-чақанг омонми? − хавотирга тушдилар онам.
− Онам тўғрисида бир нима ёзишим керак экан. Ёзолмаяпман, − дедим ўпкам тўлиб. − “Ризолик истаб”ни тингладим, мингинчи бор. Сиздек ёзолмайман, барибир. Дуо қилинг, бир нима ёзай, сиз ёзганнинг мингдан бирича бўлсин!
− Ёзасан! − дедилар онам. − Ҳали катта-катта китоблар ёзасан. Китобингда “Онамнинг менга берганлари”, “Онамнинг орзулари”, “Онамнинг армонлари” деган, “Менинг армонларим” деган боблари бўлади. Бўшашма, нимани ёзаман, деб ўтирма! Қаламингни ол-да, онанг ҳақида ҳозир нимани ўйлаб турган бўлсанг, шуни ёз!
Турсуной онам узоқ дуо қилдилар ва мен шу дуолар билан онам ҳақида ёзишни бошладим.
3.
Отам ҳам, онам ҳам хушчачақ, дилбар одамлар эдилар.
Ғийбат, фисқу-фасод бўлмаган бизнинг беш ўғил, беш қиз улғайган, кейин беш келин ва неваралар ҳам қўшилган каттакон оиламизда.
Ҳар замонда отамнинг ўзлари палов дамлар, паловхўрликдан кейин дутор чалиб, қўшиқ ҳам айтиб берар, сингилларимни ўйнатар эдилар.
Уйимизда дастурхон йиғиштириб олинганини эслай олмайман. Бир чети қайрилиб қўйилган бўлса, бордир.
Сабаби, бизникига жуда кўп меҳмон келарди. Отамнинг жўралари кўп эди. Акаларим ҳам отамга тортишди, жўрабоз чиқишди.
Онам ҳамма меҳмонларга беминнат хизмат қиларди.
Отам борида бало-қазо доримай турган экан, хонадонимизга.
Отам, бирин-кетин сингилларим дунёдан ўтишди.
Кетма-кет келган жудоликлар онамга оғирлик қилди.
Онамнинг миясига қон қуйилди. Бир йилдан ортиқ тўшакка михланиб қолди, онам.
Икки акам ва мен алоҳида ҳовли қилиб чиққандик. Мактабда дарс берардим.
Ҳар куни эрталаб онамнинг олдига бир кириб ўтардим:
− Онажон, дуо қилинг, ишга бораяпман!
Ҳар куни ишдан қайтишда онамнинг олдига кирардим:
− Онажон, дуо қилинг, ишдан қайтаяпман!
− Барака топ, болам, ризқинг кенг бўлсин!
Эрталаб кирганимда ҳам, кечқурун ҳам албатта бир нима едирмасдан жўнатмайди:
− Дастурхондан бир нима ол! Бирор нима еб кет, болам!
Келинлар олиб кирган овқатнинг ярмини еб, ярмини асраб қўяди:
− Очқаб келаётгандирсан, ярим косагина овқатим бор, шуни еб кет!
Ҳафтада бир марта шаҳарга борардим:
− Онажон, дуо қилинг, Жумага бораяпман!
− Эсон-омон бориб кел, намозингни Аллоҳ қабул қилсин!
4.
Ярим юки ҳам қолмаган полвон онам кундан-кунга озиб борар, умр шами сўниб борарди.
Отанг бўлсин, онанг бўлсин, узоқ ётса, ёмон экан.
Буни айтишим оғир, айтишим азоб, айтишим уят, аммо узоқ ётган онангнинг ўлишини кутиб яшаркансан!
Дўхтирлар умид йўқ, деб турса, онангнинг кўзларида нур сўниб бораверса, овқат емай қўйса, гап-сўзи ҳам йўқолиб бораверса, шуни кутар экансан-да!
Онанг ётган ҳовли томондан қаттиқ овоз келса, юрагинг бир ўйнаб тушар экан.
Бемаҳалда биров чиқириб келса, аввал онангдан хабар кутиб қоларкансан!
Она ҳовлим томонга бораётиб, у ердан чиқиб келаётган бир гуруҳ одамларни кўрганимда, бехабар қолибман, деган ваҳима босгани-чи?
Ҳа, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, онамни кўргани, онам билан видолашгани келарди.
Онам билан бирга кечалари ой ёруғида буғдой ўришган сирдошлари Омонгул момо, Истам момо, Қудрат момо, Муяссар момолар ҳар куни онамнинг ёнида эдилар.
Беш ўғил онамиздан узоқлашмаймиз. Онамнинг оғзини пойлаймиз.
− Мени уйимизга олиб боринглар!
Аввалига тушунмадик. Бу бедаво дарддан онамнинг фикрлаши бузилди, дедик.
Аммо онам нарсаларини бир тугунга тугиб олиб, “Ўзимизнинг уйимизга олиб боринглар!” деб туриб олгач, амаллаб, Облоберди акамнинг машинасига миндириб, акамникига олиб бордик.
− Бу ер эмас. Бу ўзимизнинг уй эмас. Ўзимизнинг уйимизга олиб боринглар!
Меникига, катта акамникига олиб бордик. Онам кўнмади.
Холамникига кўп борарди, онам. Холамникига олиб бордик. Бу ҳам бўлмади.
− Ҳикматникига демадим, ўзимизнинг уйимизга дедим!
Ўзи туғилиб ўсган, ота уйимикан, деб қўшни қишлоққа олиб бордик.
Машинадан тушмади, онам.
Ҳар куни шу ҳол. Тугуннини тугиб, “Мени уйимга олиб боринглар!” дейди, онам.
Қариндошларникига бирма-бир олиб бордик. Ҳеч қайсига кўнмади, онам.
Онам айтаётган уйнинг, “Ўзимизнинг уй”нинг таърифини сўрадик.
− У уйимиз жуда чиройли. Гуллар очилиб ётибди. Қушлар сайраб турибди. Гулларнинг ўртасидаги сўрида отанг ўтирибди. Қўлида дутори. Мени имлайди.
Ана шунда билиб қолдик, онамизнинг қайси уйга кетгиси келганини…
− Онажон, дуо қилинг, шаҳарга, Жумага бораяпман!
− Энди сен дуо қил! − деди онам биринчи марта. − Энди менинг сафарим қариди, болам!
Ўша Жума онам борида ўқиган охирги Жумам бўлди.
Онам тилдан қолди.
Кечқурун борсам, онамнинг кўзларини очишга ҳам ҳоли қолмабди. Аммо мени кўриб, кўзи билан дастурхонни имлаб, лабларини пичирлатди. Синглим, онамнинг имоларига тушуниб қолган синглим таржима қилди:
− Дастурхондан бирор нима олиб ер экансиз!
Ҳа, онам-а, меҳрибон онажоним-а! Ўзи сўнгги нафасларини олаяпти-ю, менинг дастурхондан, онамнинг бир умр ёпилмаган дастурхонидан бир нима олиб ейишимни истаяпти!
− Мана, онажон, олдим, еяпман!
Онам “Кўрдим”, дегандек бошини қимирлатди.
Ўша оқшом онам ўз уйига, гуллари очилиб, қушлари сайраб ётган уйига, дутор чалиб ўтирган отамнинг ёнига кетди…
Азонлаб қишлоқнинг катта-кичиги бел боғлаб, “Онам”лаб келаверди, келаверди.
Онамнинг болалари ўнта эмас экан…
5.
Вақт табиб, дейдилар. Дардларингга малҳам қўяди, унуттиради, дейдилар.
Вақт ўтди. Ўн икки йил вақт ўтди.
Қани менинг дардим эскиргани? Қани менинг қалбимдаги яраларимга қўйилган малҳам?
Қани жудолик аламларини унутганим?
Йиллар ўтгани сайин аламларим ортиб бораяпти-ку?
Шаҳардан уй олдим. Уйимни кўрмади, онам!
Машина олдим, бир боргина минмади, онам!
Ёзувчи бўлиб, китобларим чиқди, биттасини ҳам кўрмади, онам!
Каъбатуллоҳда онам деб зор-зор йиғладим, бирга-бирга ҳаж қилмади, онам!
Булар менинг янгиланиб-янгиланиб бораётган дардларим эмасми?
Булар менинг янгиланиб-янгиланиб бораётган армонларим эмасми?
6.
Онамни туш кўрдим.
Кўчанинг у бетида тўй бўлаяпти эмиш. Онам ўша тўйда, Муяссар момолар, Чучук момолар, Ойрўзи момолар, Момотош момолар, Сафиййа момолар, Холбуви момолар, Мастура момолар билан бирга эмиш.
Мен кўчанинг бу бетида уларга қараб турган эмишман.
Мени кўриб қолган онам қўлига бир бўлак қатламани олиб, кўчани кесиб ўта бошлабди.
“Онажон, шошманг, ўзим ўтиб бораман, сиз кўчани кесиб ўтманг, машиналар кўп!” дермишман.
“Йўқ, болам, сен бу ёққа ўтма, ўзим ўтаман!” деб, машиналарни оралаб, менинг олдимга келган онам менга қўлидаги қатламани берди.
“Сен қатламани яхши кўрардинг, болам, ол, еб ол! Сен у тўйга боролмайсан, шунинг учун сенга буни ўзиб олиб келдим, болам”, дермиш онам.
Ҳа, онам-а! Тиригида мени бир нима едирмасдан жўнатмаган, энди тушларимда ҳам менга бир нималарни илиниб юрган онажоним-а!
7.
Йиллар ўтаверди.
Йиллар ақлимга ақл қўшаверди.
Ақлим ошгани сайин андуҳларим ортаверди.
− Кел, бирпас мен билан ўтир! − дерди онам.
− Онажон иш кўп, − дердим. − Ишларимни битириб олай, сиз билан бемалол ўтириб, суҳбатлашаман.
− Ишинг битмайди, болам, − дерди онам. − Битса, отангники битарди.
− Болаларим ёш-да, онажон, шуларни оёққа қўйиб олай, кейин сиз билан бемалол ўтираман.
− Мен боламни дейман, болам боласини, − дерди онам. − Болаларингин оёққа қўйганингда мени тупроққа қўйган бўласан, болам.
− Ундай деманг, онажон, отдайсиз-ку, − дердим.
Отлар ўлган дунёда оналар ўлмайдими? Онам ўлмайди, дебман.
Онам борида онам мени туққан ҳовлининг истаган тарафидан кириб бораверардим.
Энди у ҳовлига, акамнинг ҳовлисига минг андиша билан бораман: “Ишқилиб, акам уйда бўлсин-да!”
Акам уйда бўлмаса, акам билан талашиб катта бўлган уйимизнинг остонасидан мунғайиб қайтаман.
Онам бўлса, қайтармидим?
Энди ўзим отаман, ўғил уйлантирсам, қиз чиқасам, бобо бўламан, аммо онамни соғинаман.
Ҳаёт синовларидан, турмуш машаққатларидан сиқилиб кетсам, бир юпанч истаб қоламан. Аммо ҳеч кимга бор дардимни айтолмайман.
Ҳар қандай ҳасратимни малол олмай эшитган онажонимни ана шунда қумсаб қоламан.
Ҳеч ким онамдай беминнат ҳамсуҳбат бўлолмабди менга бу дунёда!
Ҳеч ким онамдай беозор ҳасратдош бўлолмабди менга бу дунёда.
Энди сафарларга чиққани қўрқаман.
“Ой бориб, омон қайт!” деб дуо қиладиган онажоним йўқ энди!
“Жаннат оналар оёғи остидадир”, дейилибди ҳадисда.
Онам қани? Онамнинг оёғи қани? Оёғининг ости қаерда?
Энди олиб, кўзларимга суртай десам, онам босган излар қани?
Соғинганда ўзингизни
Онажоним, қайдан излай?
Дуру гавҳар сўзингизни
Онажоним, қайдан излай?
Борингизда билмабман ҳеч,
Ёнингизда бўлмабман ҳеч.
Ҳам эҳтиёт қилмабман ҳеч,
Онажоним, қайдан излай?
Тушларимда сизсиз ҳамон,
Ўнгда кўрмак энди армон.
Дил талпинар сизга томон,
Онажоним, қайдан излай?
Ҳеч бўлмаса тушда кўрай,
Қабрингизни гулга ўрай.
Гар соғинсам кимдан сўрай,
Онажоним, қайдан излай?
(Адибнинг Facebook’даги саҳифасидан олинди)