Понедельник, 23.06.2025, 17:25
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Сентябрь » 25 » Ўзбек юмори
13:15
Ўзбек юмори
 

– Мен ҳам отам каби ойига минг доллар маош олишни хоҳлайман, – дебди бир ёш мутахассис бошлиғига.

– Отанг ойига минг доллар оладими? – дебди бошлиғи.

– Йўқ, – дебди ёш мутахассис. – У фақат буни орзу қилади, холос.

 ***

Икки дўст учрашиб қолибди. Бири иккинчисига мақтанибди.

– Мен ўзимга шундай машина сотиб олдимки, ҳеч ким тўхтатмайди, пул тўламасдан хоҳлаган жойимга қўйиб кетавераман, қаерга борсам ҳамма ўтказиб юборишади.

– Қанақа дабдабали машина экан у?

– Эвакуатор...

 

***

– Хотинимга брилиантли узук совға қилдим, – дебди бир киши дўстига. – мен билан икки ҳафтадан бери гаплашмаяпти.

– Нима учун? – деб ҳайрон бўлиб сўрабди иккинчиси.

– Шунақа шарт қўйгандим..

***

Хотини эрига шикоят қилибди:

– Иванов ойига 2 минг, Петров бўлса 3 минг доллар доллар маош олади. Сен эса атига минг доллар оласан.

Эртаси куни эри хотинига шундай дебди:

– Энди мен 12 минг доллар олиб келадиган бўлдим.

– Зўр-ку! Буни қандай уддасидан чиқдинг?

Ишхонамдаги ҳисобчи билан келишдик. Энди менга бир йилда бир марта ойлик берадиган бўлишди.

 

***

Бир аёл қизига уйланмоқчи бўлган йигитдан сўрабди:

– Қизимнинг яшаши учун қанча маблағ сарфлаш ниятингиз бор?

– Йилига 10 минг доллар сарфламоқчиман.

– Ёмон эмас, – дебди бўлғуси қайнона. – Агар бунга ҳар йили биз берадиган 10 минг долларни ҳам қўшсак..

– Хавотирланманг, мен аллақачон буни ҳисобга олганман..

 

***

– Эшитишимча, уйланган эмишсан, – деб сўрабди бир йигит ўртоғига.

– Ҳа, уйландим.

– Хўш, аҳволинг қалай?

– Ичиш ҳам, чекиш ҳам, уйга кеч келиш ҳам мумкин эмас.

– Афсусланяпсанми?

– Афсусланиш ҳам мумкин эмас...

 ***

Лектор залда ичкиликнинг зарари тўғрисида маъруза ўқимоқда:

– Ичкиликка берилган кишининг уйидан хотини кетиб қолиш ҳолатлари ҳам ҳаётда учраб туради.

Залдан овоз:

– Бунинг учун қанча ичиш керак?

 ***

– Намунча хафасан? – деб сўрабди бир киши ўртоғидан.

– Дам олишни қаерда ўтказишни хотиним билан ҳеч келиша олмаяпмиз, – дебди ўртоғи.

– Муаммо нимада?

– Мен Таиландда дам олмоқчиман, лекин у ҳам мен билан бирга бормоқчи...

 ***

– Уйланаётган қизим худди уяли телефон аппаратига ўхшайди, – дебди бир йигит дўстига.

– Нима у охирги чиққан телефонларга ўхшаб кичкинами?

– Йўқ, пулим тамом бўлса, мен билан гаплашмай қўяди.

 

  Ҳ.КАРИМОВ тайёрлади.

 
 

Ҳажвия

Ҳозирги даврда бирорта хорижий тилни билмаган одам қийналиб қолади, дерди ўқитувчимиз. Тўғри айтган экан. Мана мен ҳам тилни билмаганим учун қийналиб ўтирибман. Кеча кўрган тушимни тушунолмай бошим гаранг, асабим таранг бўлиб кетди. Ўтган куниям шунақа бўлувди. Чунки тушларни инглизча кўряпман-да.

Аҳволимдан хабар топгач, онам бечора ташвишга тушиб қолди. Шифокорга олиб бормоқчи бўлувди, унамадим. Баттар таажжубланганча секин сўради:

– Вой, болагинам-эй. Тушларингни ҳаммаси инглизчами?

– Э-э, қўяверинг, – дедим-у, қўл силтаб нари кетдим. Аслида тушимнинг унча-мунча ўзбекча жойлари ҳам бор.

Лекин шундай нарсаларки, бировга айтгани хижолат бўласан. Кўнгли тинчимаган онам ишга отланаётган отамнинг ортидан чиқиб алланималарни шивирлади.

– Ўзидан кўрсин, – деди отам сал жаҳли чиққандай. – Элчихонанинг атрофида ўралашиб юргандан кейин шунақа бўлади-да.

– Элчихонанинг?.. – деди онам ҳайрат билан кўзларини катта-катта очиб.

– Ҳа. Ишхонамиздагилар айтишди. Ўша ердаги таржимон қиздан тил ўрганаётган эмиш.

– Вой, худойим-эй, шунақа денг. Хаёлимга бир зумда нималар келмади-я... Ўрганса яхши-да, дадаси. Лекин касали...

– Қўявер, бунингни касали хавфли эмас. Ўтиб кетади, – деди отам сирли жилмайиб. – Дўхтирини ҳам ўзи топяпти, шекилли.

Онам ҳеч нарсага тушунмай бир отамга, бир менга қараб қолаверди. Бироқ отам дарров қаёқдан била қолдийкин?.. Чиндан ҳам ўша таржимон қиз ишхонамизга хорижлик меҳмонлар билан келиб, уларнинг гапларини ўгириб турганда жуда ҳавасим келувди. Инглиз тилида она тилимиздай бийрон сўзлашадиган бу кўҳликкина қиз бўш пайтларида қизиқувчиларга тил ўргатар экан. Дарров манзили ва телефонларини сўраб ёзиб олувдим. Бир ойдирки ундан инглиз тилидан сабоқ оляпман.

Машғулотлар анча чарчатаяпти. Бунинг устига кун ора ғалати тушлар кўриб чиқишим қизиқ бўляпти-да. Бунақа ҳайратланарли гапларни ичингда сақлаб туриш ҳам қийин экан. Кўнглим тўлиб кетиб бир-иккита оғзи маҳкамроқ оғайниларимга ҳеч кимга айтмаслик шарти билан инглизча тушларим ҳақида жиндай ёрилувдим. Бекор қилган эканман. Мана энди, улар ҳам кимларгадир, бировга гуллаб қўймасликларини тайинлаб, хушхабарлаганлар шекилли. Ўз навбатида, бошқалар ҳам... узунқулоқ гапларни урчитиб юборишибди. Оқибатда менинг инглизча тушларим ҳақидаги гаплар бутун шаҳарга овоза бўлиб кетди. Кўча-кўйда, гузарларда одамларнинг айримлари кулиб, баъзилари раҳми келгандай қараб қолганларида ўзимни қўйгани жой тополмайман.

Булар ҳам майлику-я, аллақандай халқаро жамиятнинг журнали таҳририятидан келган мухбирларнинг гапларига чидаб туролмадим. Содир бўлган нодир ҳодиса ҳақида материаллар тўплашмоқчи эмиш. Бунинг учун ухлаётганимни, туш кўраётганимни кузатишлари, тасвирга туширишлари керак экан. Хунобим ошиб ҳаммасини аввал ўзбекча, кейин инглизчалаб изоҳли луғатларда ҳам йўқ сўзлар билан сўкиб, қувиб солдим.

Ана шундан кейин тилим анча бурро бўлиб қолгандай туюлиб, таржимон қиз ҳузурига тез-тез борадиган бўлдим. Ўзиям менга инглизчани ўргатаман деб роса ҳаракат қилаяпти. Лекин, ҳар қанча уринмай “I 1аv уоu”дан бошқасига тилим келмаяпти. Дунёнинг ишлари шунақа-да. Бир биримизни тилимизни тушунгунимизча анча-мунча вақт ўтиб кетади.

Буёқда баъзи кунлари миш-мишларни ошириб-тошириб сўзлайдиган қушни хотинларнинг олди-қочди гапларини эслаб онам жиндай кўз ёши ҳам қилиб олади ва “Ишқилиб, яратганнинг ўзи охирини баҳайр қилсин” деб қўяди. Оналарнинг тилаги ижобат бўлади, деганлари тўғри экан. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлиб кетди.

Гапни чўзмай, тўғрисини айтиб қўяқолай. Инглиз тилини унча яхши ўрганолмадим. Лекин, афсусланмайман. Қийналаётганим ҳам йўқ. Чунки ўша таржимон қиз келинойингиз бўлиб қолди. Энди тушларни бирга кўряпмиз.

Ҳабиб Сиддиқ.

 
 
Ҳажвия

Кабинетга бақувват гавдали, кажава қорин бир киши кириб келди. Унинг устида кенг қилиб тикилган тўрт чўнтакли кулранг китель, қўлида қўшалоқ қулфли, ёстиқсимон каттакон қизил сумка. У  бошидан кители рангидаги тўр шляпани олиб, салом берди:

– Ассалому алайку...ўм, янглишмасам, Каримжон акам ўзлари бўлсалар керак?

Ўзимдан ўн беш-йигирма ёш катта бу кишининг “ака” деб муомала қилишидан ўнғайсизланиб, ўрнимдан туриб кетдим. Истиқболига юриб, қўл олиб кўришдим, кейин стул қўйиб бердим.

– Кечирадилар, Каримжон ака, менинг фамилиям... Ҳикмат Назарович Назаров, тўғрироғи, студентлар тили билан айтганда, Ҳикмат Назарич, – деди у сумкасини стулга қўйиб, кенг пешонаси ва тепаси очилиб қолган хум калласини артаётиб. – Муҳаррир сизга учрашинг деб айтдилар...

– Жуда яхши, марҳамат, домла, – деб илтифот кўрсатган бўлдим. Ҳикмат Назарич юзимга жиддий тикилди, сўнг гавдасига ярашмаган бир тарзда мулойимланиб:

– Гап бундоқ, Каримжон ака, – дея жилмая-жилмая давом этди. – Камина салкам ўн беш йилдан бери шу педагогика институтида ўқитувчилик қиламан: пиласопия капедрасида. Тўғриси, қўлимизда ўқиган студентлардан икки-учтаси кандидат наук бўлиб кетишган... Энди, тўғри, бизам сиртдан ўқиб десайиз, диссертациянинг киндигини бураб қўйдик... Ҳа-ҳа, орқада қолиш уят ахир... Шу диссертациядан бир-иккита илмий мақола қилиб, матбуотда эълон этмоқчийдик...

Ҳикмат Назарич ёстиқсимон сумканинг қулфларини чаққонлик билан очди: моғорлаган нон ва колбаса ҳиди анқиди. Сумкани узоқ титкилаб, машинкада босилган ўн варақча шалдироқ қоғозни олди. Кўзларига катта кўзойнакни тақиб, кўрсаткич бармоғи билан нуқиб, сарлавҳасини ўқиди:

– “Меҳнат ва ахлоқ...” Марҳамат, ўзингиз ўқиб кўрарсиз...

Мақолани олиб, ўқий бошладим. Ҳикмат Назарич анча дадилланди.

– Бу палсапа дегани жуда қизиқ пан-да... Ана шу каптдеккина илмий мақолани ёзиш учун неча-неча кечаларни бедор ўтказганмиз... Бир кун десайиз, кечаси узоқ ишлаб, эрталаб ухлаб қолибмиз. Худо умрини бергур жиянларингиз бошимизнинг нақ мана шу еридан ланка кесиб олишса бўладими... Ҳа-ҳа-ҳа... Мана, қаранг, шу ери жуни куйган пўстакдек... Ҳа-да, ҳа-да!.. Ўзимизга ўхшаган шўх-да, ҳа-да... барака топкурлар!

Ҳикмат Назарич қизиқ гап ва латифалардан айтар, ўзи ҳам қотиб-қотиб кулар, менинг елкамга сийпагандек қилиб уриб қўярди. Мен эсам, гоҳида жилмайиб, гоҳида унинг мақоласини ўқирдим. Ниҳоят, у кулгудан аранг тўхтади:

– Хўш, Каримжон ака, қалай?

– Ҳар ҳолда, ёмон эмас... Фақат бошланиш қисмига шу ернинг ўзида, ҳозир икки абзац қўшиб берсангиз...

– Ҳозир?! – дея ажабланиб сўради Ҳикмат Назарич.

– Ҳа, ҳозир-да. Ҳеч қандай қийинчилиги йўқ, шароитга боғлайсиз, марҳамат, мана сиёҳ, ручка...

Ҳикмат Назарич анча ташвишланди. Кўзлари олазарак бўлди.

– Каримжон ака, мен... бизга вақт озгина зиқроқ эди-да... Оббо, нима қилдик энди?.. Менга қаранг. Каримжон ака... шуни уйда ёзсам-у, эрта билан сизга етказсам... Хўп денг энди, илтимос... Тасанно, гап бундоқ бўлибди-да!..

Ҳикмат Назарич мақолани олиб, сумкасига жойлади. Ўнг қўлини дўмпайган қорни устига қўйиб, эшиккача тисланиб борди, кейин яна бир қайта жилмайиб: “Хайр, Каримжои ака”, деди-да, чиқиб кетди. Эртаси газета ва журналларнинг янги сонларини варақлаб ўтирган эдим, қувноқ бир кайфиятда Ҳикмат Назарич кириб келди. Илиқ кўришдик. Чаққонлик билан қизил сумканинг қўшалоқ қулфини очди.

– Мана, Каримжон ака, худди айтганингизнинг ўзидек ясадик...

Олиб ўқидим. Қайси кўз билан кўрайки, илмий мақоланинг бошланиш қисми бундан бир ойча олдин ўзим ёзган ва ўз газетамизда босилиб чиққан “Меҳнатинг – шон-шарафинг” сарлавҳали бош мақоланинг худди ўзи...

– Домла... ўзингиз ҳам боплаб ташлабсиз-ку!

– Оббо, сиз-э, Каримжон ака, Ҳикмат Назарични ҳам назарингиз олсин, ахир бизам палсапада танилиб қолган пайласуплардан...

– Йўқ, тўхтанг... қаердан кўчиргансиз? – деб кўзларига тикилиб сўрадим.

– А, э, йўғ-э... қаердан кўчиргансиз дейсизми? Кўчирганимиз йўқ... Илмий мақолада газет ва китоблардан фойдаланиш гуноҳ эмасдир... Мен бўлсам, иложи борича ўзим...

Тортмани очиб, ҳалиги бош мақола чиққан газетани олдим. Ҳикмат Назарич газетани кўрди-ю, терга ботди. Аянчли бир аҳволда бармоқларини шиқирлата бошлади. Кейин стол устидаги “илмий мақола”сини зудлик билан йиғиштириб олди-да:

– Чиқармасангиз чиқарманг газетангизга, ука, ҳа, зор эмасмиз, лекин, одам боласига изза беришга одатланманг... Ҳали ёшсиз, ўсишингиз керак, – деди. Қулфлари очиқ сумкасини қаттиқ силкитганча лапанглаб чиқди-кетди.

Кабинетда моғорлаган нон ва колбаса ҳиди қолди. Деразаларни очиб юбордим.

Неъмат АМИНОВ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

 
 

Суд саксон ёшга кирган чолни 25 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарибди. Буни эшитган қария хурсанд бўлиб, дермиш: “Раҳмат, муҳтарам судья, мен жазо муддатини тўлиқ ўтаб, ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан”.

***

Дўхтир янги ҳамширадан сўради:

– Сизга олтинчи палатада ётган бемордан қон олишни тайинловдим, бажардингизми?

– Ҳа, бажардим... Беморнинг қони роппа-роса беш ярим литр чиқди.

***

Бева эркакнинг ҳаётий тажрибасидан:

– Агар ҳид тарқатмаса, қоронғи хонада қора пайпоқни топиш жуда қийин кечади.

***

Кечаси телевизордан қўрқинчли кино томоша қилаётган аёл қўққисдан “Ойижон!” деб қичқириб юборди. Уйқуси бузилган эр бирров экранга назар ташлади-ю, унда бадбашара кампирнинг тасвирини кўриб, хотинига юзланди:

– Марҳума қайнонамни дарров таниб олганингга қойилман, хотин!..

 Саҳифани Абдунаби ҲАЙДАРОВ.

 
 
 
Просмотров: 1145 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Сентябрь 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930