Илму ирфон йўлида сарбон бўлгин
Жаҳолатга нафрат қил, ларзон бўлгин,
Нодон бўлма, иста илм-маърифат
Зиё сочгин, олими замон бўлгин!
Ҳар ночорнинг дардига дармон бўлгин
Муҳтож кўрсанг суянч бўл, имкон бўлгин,
Эл-юрт ичра топгин ҳурмат-эҳтиром
Халқ корига яровчи инсон бўлгин!
Донг чиқаргин, тилларда достон бўлгин
Минг мард бир ён, сен ўзинг бир ён бўлгин,
Кўз ёш тўксин барча сулув тўйингда
Эслашганда “оҳ” деган армон бўлгин!
Оилангнинг шаънига посбон бўлгин
Жонингни тик, ор учун қалқон бўлгин
Бил, йигитга сувдек зарур орият
Ғурури тоғ, номуси осмон бўлгин!
Онанг учун ел, югур, гирён бўлгин
Ҳизматида ҳамиша, ҳар он бўлгин,
Юзин ёруғ қилгин мушфиқ волиданг
“Ўғлим” деса арзирлик ўғлон бўлгин!
Юрт ишига зўр марду майдон бўлгин
Шижоату шиддатда вулқон бўлгин
Ватан учун келса қилич бошига
“их” демаган Қодирий, Чўлпон бўлгин!
Эл улусга бош бўлгин – султон бўлгин
Аркони бут шоҳи Сулаймон бўлгин
Ўзбегимнинг юз уруғин бир қилган
Темурбекдек Амири Турон бўлгин!
Одил бўлгин, доим ҳақ томон бўлгин,
Покиза қалб, мусаффо виждон бўлгин
Ҳолис бўлгин, бўлма сотқин, тарафкаш
Адолатни кўрсатгич мезон бўлгин!
Ёруғ йўлни кўзлаган карвон бўлгин
Юлдузларга элтгувчи нарвон бўлгин!
От изини босар бўлсанг той бўлиб
Оиламга фаҳр келтир, шон бўлгин!
Бу - бир тилак, муҳими омон бўлгин
Бу байт ичра чиройли баён бўлгин,
Отанг рози, ким бўлсанг ҳам, ўғлоним
Ягона шарт - ҳазрати инсон бўлгин!
Абдураҳим Ўзбек.