Ҳурларга қўшилган қиз
( воқеаи ҳикоя)
Бутун бинони карнай-сурнайнинг овози тутиб кетди.Аёлларнинг
“ёр-ёри” ҳам жаранглаб эшитиларди. Ботиржон ака илкис бошини кўтарди. Карнай овози тобора яқинлашиб келарди. Қаватма –қават, залма-зал, хонама-хона ошиб тўғри уларнинг хонасига қараб келарди. Ботиржон ака баланд кўтарилган кравотда ётган бемор қизига қарарди. Дилдора бир хилда. Рангсиз юзини девор томонга буриб ётарди. Ботиржон ака худди туш кўраётгандек атрофга аланглади, фикри-ожизини йиғишга уринди, аммо улгурмади. Хона эшиги зарб билан очилди, унинг назарида ва соя сифат шарпалар бостириб кирди. Улар на одамга, на бошқа нарсага ўхшарди. Эркагу-аёл бир хил оппоқ кийимда, юзлари хам нуроний. Улар оҳиста юриб келиб Дилдора ётган кроватни ўраб олишди. Эркаклар карнай — сурнай чалишар, аёллар эса “ёр-ёр” айтишарди. Шовқин –сурондан Ботиржон аканинг қулоғи битди. Ҳайрон бўлгани бу тўполонни унинг ўзидан бошқа эшитмаётгандек, коридор жим-жит.У қўрқув билан қизига яқинлашди ва юз чандон ҳайрат ичида қолди. Неча кундан бери сўзсиз, забонсиз, харакатсиз ётган яккаю — ягона қизи Дилдора гулдек очилиб, юзларида табассум билан ётарди. Ҳатто, лаблари сўзламоқчидек қалтирарди.
Ҳаракатсиз қўлларига жон битгандек. Кўзлари қувончдан порларди. Демак, у ҳам атрофдаги бўлаётган воқеани кўраяпти, эшитаяти, лекин отаси каби қўрқув ва хайратда эмас, балки хурсандчилик билан кутиб оляпти.
Ботиржон аканинг бутун вужуди музлаб қолаёзди. Не воқеа бўлаётганини англай олмади.Сўз қотишга эса тили айланмасди. Шарпалар унинг борлигини пайқамас, фақат Дилдоранинг атрофида парвона бўлишарди. Ана, улар оппоқ шойи рўмолни қизнинг бошига ёптилар. Дилдора бошини у ёқ-бу ёққа қимирлатиб, рўмолни тўғрилади. У ҳам борлиқни унутгандай эди.Бир маҳал шарпалар Дилдорани ўрнидан турғазиб ўтиргиздилар ва бояги шойи рўмолни бошидан оёғигача ёптилар. Рўмол худди ўрам-ўрамдай ёзилиб, унинг бошидан то оёғигача ёпилди. Дилдора энди ўша шарпалар каби сояга айланди. Аёллар яна уни авайлаб ўрнига ётқиздилар. Шу аснодаёқ шовқин тинди. Барча шарпалар бирдек дуога қўл очдилар. Бир зумлик жимжитлик ва дуодан сўнг, шарпалар битта-битта юриб дераза ёнига келдилар ва навбат билан дераза орқали ташқарига кета бошладилар. Энг охирги аёл шарпа учишга шайланар экан, Дилдорага қайрилиб қараб кулди. Дилдора ҳам қиқирлаб кулди, шундан сўнг шарпа учиб кетди...
Бу воқеаларни ҳайрат ва ҳаяжон билан кузатиб турган Ботиржон ака ўзига келиб шошилиб қизининг ёнига келди. Дилдора кўзларини юмиб, бир текисда нафас олиб ухларди. Қўллари очиқ ҳолда эди, боя кўзига шойи рўмол бўлиб кўринган оқ чойшаб бутун гавдасини кўмиб турарди.
Ботиржон ака бўлиб ўтган воқеадан ҳалигача ўзига келолмас, ишонай деса бутун бинодаги бирорта зот шовқинни эшитмади, ишонмай деса, бедаво
дарддан азоб тортиб бир ойдан бери тўшакда ётган қизи бугун биринчи бор соғ одамдай юзлари тиниқлашиб, бир маромда ухлаб ётарди.
Ота кечгача бўлган воқеа таъсирида юрди. Чиройи очилиб, овқат берса, рад этмай ея бошлаган қизининг ёнидан нари кетолмади. Хотини келиб “Бир оз дам олинг, қизимиз анча дуруст бўлиб қолибди” деганига ҳам қулоқ солмади. Шунча сирли ҳодисадан кейин нимадир бўлиши керакдай, юраги ғашланди
Шифокорлар ҳам Дилдоранинг бирданига тетиклашиб қолганига ҳайрон. Беморнинг бу ҳолати ҳаммани зийрак қилиб қўйди.
Қечқурунга бориб, қиз безовталана бошлади. Дераза томонга қараб нимадир демоқчи бўлар, бироқ гапиролмас, жонсиз қўлларини кўтаришга уриниб у ёқ-бу ёққа ағдариларди. Ботиржон аканинг кўзларига яна оппоқ шарпалар кўрингандек бўлди, худди ҳозир қизини олиб кетадигандай Дилдорани маҳкам қучоқлаб олди. Қизи жонсиз лабларини пичирлатиб нимадир, деди. Ота жон ҳолатида унинг лабларига қулоқларини тутди:
“Аямни эҳтиёт қилинг!” Бечора қизнинг сўнгги сўзи шу бўлди. Деразага қараган кўзлари бирданига юмилди. Чуқур хўрсиниқдан сўнг, жим қолди. Аввалига ҳеч нарсани англаб етмаган шўрлик она қизидан ажраганини эндигина англаб етди ва бирданига “Болам” дея нола қилди. Унинг ноласидан бутун зал ларзага келди. Ботиржон ака қизини қучоқлаган кўйи ҳушидан кетди...
… Дунёга беғубор келиб, беғубор кетди Дилдора. Қабрга қўйиш олдидан катталарнинг гапи билан у ётган уй келинчакларникидек безатилди, уйнинг тўрига чимилдиқ тутилди. Юраги аламда, кўзлари ёшда бўлган азадорлар чамандай очилиб, худди ҳозир ўрнидан туриб кетадигандай ётган Дилдорани “уввос” солиб чимилдиққа олиб кирдилар. Йиғламаган кишининг ўзи қолмади. Оппоқ кийимдаги, оппоқ рўмолдаги Дилдора Ботиржон аканинг назарида ўша кунги шарпаларга айланиб қолаёзди. Хушсиз ҳолдаюриб келиб чимилдиқдан олиб чиқилаётган қизини қучоқлади. “Болам” дея ўкириб йиғлади, жонсиз танани қалтироқ қўллари билан силаб-сийпалади.
Эркаклар Ботиржон акани зўрлаб юриб марҳумадан ажратдилар ва ташқарига олиб чиқиб юзига сув сочдилар...
Ҳали кўзлари ҳаётга тўймаган, унинг лаззатларидан баҳраманд бўлмаган ғунчанинг баҳори сўлди, гўзал юзлари оққа ўралиб, тупроқ остига қўйилди. Марҳума қабрга қўйилиб, дуога қўл очилган паллада Ботиржон акага таниш оппоқ шарпалар учиб келиб, қабр атрофига тўпландилар. Улар ҳам ҳамма қатори қўлларини дуога очдилар. Ботиржон ака атрофга аланглади, тушундики, шарпаларни фақат ўзигина илғаяпти. Кўзлари шашақатор ёшдан кўрмай қолар даражада бўлсада, иложи борича нигоҳини қабр атрофида йиғилган шарпалардан ўзмасди. Гўё ҳозир қабрдан Дилдора чиқиб, шарпаларга қўшилиб учиб кетадигандай туюлди. Фотиҳа қилинди. Шарпалар уч марта қабрни айланиб яна ортларига қараб учиб кетдилар.Жанозага йиғилганлар аста қабристонда чиқа бошладилар. Ботиржон ака эса жойидан силжимас, юраги йиғлаётган бўлсада, вужуди қандайдир енгил ва сокин эди...
Матлуба ОХУНОВА.
|