Бугун 11 август. Бундан 35 йил илгари айнан шу кунда ўзбек футболи ўзининг энг номдор жамоасидан, мард ўғлонларидан айрилган эди. Ҳалигача сабаблари давлат сири сифатида ошкор қилинмаётган авиаҳалокат футболимизнинг ёрқин авлодини йўқлик сари равона қилди.
Эътиборингизга футбол фахрийси, спорт устаси, Ўзбекистон футбол тарихида ёрқин из қолдирган, “Пахтакор” жамоасида 15 йил тўп сурган, Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Владимир Федоров, Михаил Ан, Василис Хадзипанагис каби жаҳонга машҳур футболчилар билан бирга тўп сурган Тўлаган Исоқовнинг хотираларини ҳақола қилмоқчимиз. Ушбу сатрларни устоз журналист Мавлон Шукурзода ёзиб олган.
"Пахтакор"нинг ўз услуби бор эди
- Собиқ иттифоқ даврида “Пахтакор”нинг ўз ўйин услуби бўлган, ўша услуб анъанавий бўлиб бир авлоддан иккинчи авлодга ўтиб келган. Бундай услублар бошқаларда ҳам кўзга ташланган. Айтайлик, грузинларнинг “Динамо”, арманларнинг “Арарат”, озарларнинг “Нефтчи” ва бошқа республикалар вакилларининг ҳам ўз услублари бўлган. Лекин бизнинг услубимиз ўзбекона бўлгани учун уни бетакрор, жозибадор “Ўзбек модели” деб айтишарди. Ҳужумда бира тўла уч ҳужумчи Фёдоров-Хадзипанакис-Исоқов қатнашиб машҳур футбол жамоаларини саросимага туширб қўярди. Ўшанда ҳаттоки уларнинг тактикасини қўллаб, европанинг энг донгдор жамоаси бўлмиш Киевнинг “Динамо”сини аввал Тошкентда 5-0, кейинчалик Киевда 1-0 ҳисобда мағлуб этиб, ғалаба қозонган пайтлар бўлган. Мураббийлар учта ҳужумчини майдонга чиқариб қўйиб, қўрқмасдан ҳаракат қилар эди.
- Бундан ташқари бизлар орқага қайтиб ҳимояда ҳам ўйнар эдик. Айтмоқчиманки, Ўзбекистонда талантли футболчилар кўп, фақат уларни топиб, тўғри тарбиялаб вояга етказиш керак. Шундай амалий ишлар ўша дамда қилинган. Бизларда ҳужумчилар ҳар доим кучли бўлишган. Мен ўйнаган даврда: Красницкий, Абдураимов, Ибрагимов, Бектошев, Федоров, Хадзипанакис сингари донгдор ҳужумчилар бўлишган, - деб эслайди Тўлаган Исоқов. - Уларнинг ҳаммаси Ўзбек футбол мактабида этишиб чиққан машҳур футболчилар бўлишган. Номлари тилга олинган ўйинчиларнинг барчаси турли йилларда собиқ иттифоқ миллий, олимпия ва ёшлар терма жамоаларида муваффақиятли тўп суришган, уларни эл танирди.
250 сўм маош билан клубга қабул қилишди
“Пахтакор” сафига қабул қилинганимдан сўнг, ўз олдимга жиддий вазифаларни қўйдим, мақсадим етук футболчи бўлиш эди, - дейди Тўлаган ака. - Ўшанда устозим Михаил Якушин раҳбарлигида ўз устимдан тинмай иш олиб бориб, тажрибамни, маҳоратимни оширишга киришдим, кўшимча маҳсғулотлар ўтказиб катта тер тўкишга тўғри келди. Катта футболчи бўлишнинг ўзи бўлмайди. Оддий мисол, асосий таркибда тўп суриш учун сиз Красницкий, Абдураимов, Бектошев ва бошқалардан қолишмаслигиз керак эди, яна ҳам тўғрироқ айтиш керак бўлса улардан ҳам яҳшироқ ҳаракат қилишингиз талаб қилинарди. Шундагина сиз асосий таркибга даъвогарлик қила оласиз. Ҳамма қилган ҳаракатларим зое кетмади, тиришқоқлигим ва маҳоратим туфайли бир йил деганда асосий таркибдан жой эгалладим. Ўшанда менга ҳам 250 сўм ойлик белгиланди. Мени Пахтакорчилар жуда илиқ кутиб олишди, ҳеч қандай ёмон кўз билан қарашлар бўлмаган. Красницкий, Абдураимов каби футбол юлдузлари билан тезда тил топишиб кетдим. Ўша пайтда футболчи деган касбни ўзи бўлмаган, бизларни спорт масалалари буйича инструктор лавозимида ушлаб туришган. Ўшанда Киевнинг “Динамо” ёки Москванинг “Спартак” командасини ютсак 200 сўмдан бизларга мукофот пули ҳам бериларди, - дейди Тўлаган Исоқов.
“Ялла”, “Баҳор” ва “Пахтакор”
“Пахтакор” футбол жамоаси ўзбек миллатининг ғурури. Биласизми, Ўзбекистонни дунёга танитган “Ялла”, “Баҳор” ва “Пахтакор”… Биз футболчилар ҳам ўз навбатида улар билан яқин алоқада бўлиб турганмиз, асосий мақсадимиз эса, Ўзбекистонни ҳаммага танитиш бўлган. Ҳали-ҳали эслайман, футбол ўйинларига Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Ғани Аъзамов, Малик Қаюмов, Ботир Зокиров, Сойиб Хўжаев, Эргаш Каримов, Бахтиёр Ихтиёров ва бошқа йирик санъат усталари доимо мухлис сифатида келиб туришарди. Биз буларни ҳаммасини билар эдик ва шунга биноан чиройли ўйин кўрсатишга ҳаракат қилганмиз. Айтмоқчиманки, футболни ҳалқимиз жуда севар эди. Аҳиллик ва дўстлик борасида марҳум йигитларимиздек жамоа бўлмаган, деб хотирлайди собиқ пахтакорчи.
- Бу жамоада Ўзбекистонлик турли миллат вакиллари жамланган эди. Бизнинг битта шиоримиз бўлган: Бир футболчи ҳамма учун, ҳамма бир футболчи учун. Шу аҳиллик ҳаётларини оҳириги дақиқаларигача давом этди… Бирор дўстимизнинг тўйи бўладими, туғилган куни бўладими ёки маъракаси бўладими ҳаммамиз оиламиз билан бирга бориб қатнашиб келар эдик. Мишанинг бир яхши одати бор эди. У бизни доимо “Политотдел” колхозига таклиф қилиоб “кук-си” билан меҳмон қиларди. Мен билан Олимжон Аширов кўпрок чойхонада ўзбекча палов қилиб йигитларимизни чақирардик, ҳуллас калом доимий йиғилишимизга ҳар доим қандайдир сабаб бўлар эди. Жамоада ўз анъаналаримиз бўлган ғалаба нашидасини ҳам, мағлубият аламини ҳам бирга баҳам кўрардик. Ғалаба қозонганимизда кўча-кўйда бемалол юрардик…, аммо, мағлубиятга учраганимизда кўчага чиқишга уялардик. Айниқса, пахта йиғим терими мавсумида катталар келиб биздан илтимос қилишарди, ҳар бир ғалаба пахта терувчининг кайфиятини кўтариб пахта-планининг бажарилишига ҳисса қўшардик. Биз ҳам шуларни англардик ва айниқса куз ойида ҳар бир ўйинга жиддий таёргарлик қилиб чиқишга ҳаракат қилардик. Бизларда яхши одатимиз бор эди. Тошкентга келган барча жамоаларни чойхонага таклиф қилиб ўзбекча ош палов дамлардик. Шунинг учун собиқ Иттифоқда бизнинг кўпгина дўстларимиз бўлган.
Бизлар ҳам уларнинг шаҳарларга борганимизда улар ҳам бизларни ўз шаҳрининг тарихий жойларини кўрсатишар эди. Ўшанда биз ўзимизнинг тарихий обидаларимиз таъмирланмасди, қандайдир нурсиз бўлиб кўринарди. Мана Ўзбекистон мусталкилликка эришди, бугунги кунда Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларимиз таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди, тарихий обидалараимиз тикланганини кўриб кўзим суюнади, қувончим ичимга сиғмайди. Мана, Жаҳон Кубоги баҳсида ўзбекнинг фарзанди бизнинг футболимиз қанакалигини намойиш қилди, эндиги навбат миллий терма жамоамизга ҳам келди, - дейди Тўлаган ака.
Жароҳат . . .
Донецкнинг “Шахтёр” жамоси билан бўлган учрашувда мен қаттиқ жароҳат олдим. Ўшанда “Шахтёр”нинг Пяних деган футболчиси оёғимга сакраб менга қаттиқ тан жароҳатини етказди, - дейди Тўлаган ака.
- Тошкентлик шифокорларга раҳмат, мени жуда қисқа муддатда кейинги ўйинга тайёрлашди. Шундан сўнг биз Москванинг “Динамо” жамосига қарши ўйнадик. “Динамо”нинг Новиков деган ҳимоячиси ҳудди ўша, илгари жароҳат олган жойимга иккинчи бор жиддий жароҳат етказди… Оёғим қаттиқ лат эди. Бу ҳаётимда энг оғир жароҳат эди… Биз ўшанда 0-1 ҳисобда ютқазаётган эдик, унинг устига иккита ўйинчимиз ҳам алмашган эди. Менинг нафақат чопишимга, ҳатоки юришимга ҳам мадорим ёқ эди, оёғим зирқираб оғриётган эди. Аммо жамоадошларимнинг қистови билан ўйинни давом эттирдим, ўйинга киришиб кетиб оғриқларни сезмай қолдим. Ўша куни биз мағлуб бўлдик, кечқурун меҳмонҳонада дам олаётганимда жуда қаттиқ, чиддаб бўлмас оғрикни сездим. Ўша куни бизнинг профессионал докторимиз Чумаков менга жуда катта ёрдам берди. Мен умримда ҳали бунақанги юқори малакали, профессионал докторни кўрмаганман, - деб эслайди Тўлаган Исоқов.
- Кечаси соат 1-2 ларда оғриқ жуда азоб бераётганлигини ва жароҳат авж олиши мумкинлигини сезиб, тезёрдам чақирди ва мени опичиб бир ўзи Москвадаги травматология касалхонасига олиб борди. Докторларнинг фикрига кўра оёғимда гематома пайдо бўлиб, қон бир жойда жамланиб яхши юришмагани сабабли оғриқ кучайган. Менга яқин орада ўйнай олмаслигимни ва жиддий муалажа олишим кераклигини уқтиришди. Кейинги ўйинимиз Ворошоливграднинг “Заря” жамоаси билан эди. Эрталаб мураббийимиз мени кўриб қанақасига жароҳат шунчалик авж олганига ҳайрон бўлиб қаради… Оёғимдаги гипсини кўриб ундан ҳам ҳайрон қолди. Чунки докторимиз Чумаков ҳечкимни ўйғотмай, овора қилмасадан ҳаммасини ўзи ҳал қилган эди.
Мени Тошкентга самолетда учириб юборишди. Тошкентда мен Арпапоя кўчасидаги махсус касалхонада даволандим. У ерда мени футболимизнинг ашаддий мухлиси Александр Тюлкин исмли врач даволашга киришди. Унинг гапига қараганда жароҳатим жиддий, гангренага айланиши ҳавфи борлигини айтди. Оёқдаги қонни чиқариб олиш зарурлигини, агарда йиринг пайдо бўлса мураккаб оператсия қилиш зарурлиги ва мен камида 2 йил футбол ўйнамаслигим кераклигини ҳам айтди. Ўшанда 30дан ошган эдим… 32 ёшда футбол формасидан чиққан ўйинчи кимга ҳам керак бўлади? Лекин операция жиддий эканлиги сабабли у бундан бош тортди. Мен унга ҳамма нарсага розиман, фақат чидаб бўлмайдиган оғриқни сал бўлсада тўхтатишни ўтиниб сўрадим. Тезда операция қилишди, доктор жуда тажрибали экан, ҳаммаси жойида бўлди. Лекин 2 ой чопа олмаслигим ва тўп тепмаслигимни уқтирди. Кейин бир танишим менга Тошкентда 2та хитой табиби борлигини айтиб, улар игна санчиш муалажаси билан дардимга шифо топишим мумкинлигини айтди. Хитой табиблари оёғимни кўриб, муолажа ўтказа бошлашди ва бир ойда ўйинга чиқиб кетасиз деб ваъда беришди. Бир ҳафтадан сўнг мен секин аста ҳаракат қилсишга киришдим, лекин ҳассани ташлашга ҳали эрта эди…
Сўнгги ўйин
1979 йилнинг 8-августи. Собиқ иттифоқ чемпионатининг икинчи ярми энди бошланган эди. Ўша куни Варошиловграднинг “Заря” жамоасини 3-1га ютдик, ҳаммада кўтаринки кайфият, мен футболчиларнинг ечиниш хонасига кириб йигитларимизни табрикладим, - деб эслайди Тўлаган ака.
- Улар мени кўриб хурсанд бўлишиб, тез сафга қайтишимни, режада қиладиган ишларимиз, бирга ғалаба қозонишим керак бўлган ўйинларимиз кўплигини таъкидлашди. Дарҳақиқат, ўша куни йигитларимизда қандайдир кўтаринки кайфият, куч-кувват, кўзларида олов, бирдамлик, жуда дўстона муҳитни сездим. Нимага деб сўрасам, йигитларимиз бу йил чемпионлик учун курашга астойдил бел боғлаганликларини айтишди… Менинг ўрнимга Шуҳрат Эшбўтаев чиқиб, менинг йўқлигимни билдирмасликка ҳаракат қилган эди. Улар билан бирпас ўтириб анча ҳазил-ҳузул қилиб кулишдик, лекин бу учрашув мен учун энг сўнги учрашув эканлигини, уларни бошқа кўра олмаслигимни ҳаёлимга ҳам келтира олмас эдим… Ҳамма билан бирма-бир қучоқлашиб хайрлашдим ва эртанги куни, яъни, бир кундан кейин мен Москвага учиб бориб у ердаги мутахассисларга кўринишим кераклигини йигитларга айтиб, улардан узр сўраб уйга қайтим.
- 1979 йилнинг 9-августи. Москвада мен профессор Зоя Сергеевна Миронова деган Ортопедия институтининг катта мутахассисига кўринишим керак эди. Эрталаб аэропортга борганимда у ерда мени жамоамизнинг маъмури Мансур Толибжонов кутиб турган экан, кетишим билан боғлиқ ҳамма масалаларни ҳал қилишга ёрдам берди ва мен Москвага учиб кетдим. Москвага етиб боргач, биринчи навбатда мен бизга устозлик қилган, ўша “Пахтакор-79”нинг архитектори, жамоа пойдеворининг биринчи тамал тошини қўйган Буюк мураббий ва ҳақиқий инсон Вячеслав Соловьёвнинг уйига бордим, улар учун атайлаб Ўзбекистондан қовун ва ҳўл мевалар олиб олган эдим. Биз анча вақтгача уйларида гаплашиб ўтирдик, Тошкентни, миллий урф одатларимизни ва айниқса Соловьёв тарбиялаган йигитларни эсладик. Соловьёв дардга чалинмаганда, мен бунга шубҳам йўқ, айнан шу инсон “Пахтакор”ни яқин орада чемпионликка олиб чиқарди. У шунча катта ва донгдор жамоаларда ишлаб фаолият юритди, аммо “Пахтакор”га нисбатан меҳри ва эътибори энг юқори бўлганланини доимо таъкидларди.
Москва
1979 йилнинг 10-августи. Эрталаб ҳамма рентген-суратлар ва ташхис натижаларини олиб Зоя Сергеевнанинг ҳузурига бордик. Опа барча ҳужжатларимни бирма-бир кўздан кечириб, оёғимни ҳам диққат билан кўрдилар ва Соловьёвга қараб Тошкентда шунчалик кучли ҳирурглар борлигига ҳайрон қолганлигини таъкидладилар… Бундан яхши муолажанинг ўзи йўқ. Ҳаммаси туғри қилинган. Мен ҳам ҳайрон бўлиб қолдим, Москвадаги касалхонага ётиш учун Собиқ Иттифоқ Министрлар Кенгашининг маҳсус хати бўлиши керак, унинг устига умуман касалхонада ётаверганимдан безиллаб қолган эдим… Бўлмаса уйимга кетаверай десам, доктор ўзингиз биласиз деб қуя қолди.
Касалхонадан чиқиб, биз Вячеслав Соловьёвнинг ишхонасига бориб нима қилишни ўйладик. Ўшанда мен Тошкентга телефон қилдим. Ўзбекистон спорт қўмитасининг раиси Мирзаолим ака Иброҳимов билан гаплашдим. Кейин катта мураббийимиз Олег Базилевичга ҳам телефон қилдим. Улар, жароҳатим тузалаётганини эшитиб ҳурсанд бўлишди ва тезда Тошкентга қайтишимни, Пахтакорчилар сафида 11 август куни Минскка учиб кетишим зарурлигини айтишди, йигитларни қўллаб-қувватлаш кераклигини таъкидлашди. Менимча улар ҳали ҳасса таяниб юрганимни билишмасди ... Минскдаги ўйиндан сўнг Базилевичнинг эски дўсти машҳур врач Элизаровга жароҳатимни кўрсатиш ниятлари борлигини ҳам айтишди. Бу ишларнинг ҳаммаси фожеадан бир кун олдин 10-августдаги гаплар, - деб эслайди Тўлаган Исоқов.
- Мен ҳамма гапни Соловьёвга айтиб бердим, у киши бир оз ўйлаб кейин яхши ўйинга киришиб кетишим учун ҳали камида 2 ой муҳлат кераклигини қайд этиб, ҳозир шошилмай, жароҳатимни оҳиригача тузатиш, амалий машқларни ўтказиш, ўз устимда ишлаш кераклигини маслаҳат берди ва даволаниш чоғида унинг уйида тураверишим ҳам мумкинлигини айтди. Аввалига иккиландим, кейин устознинг гапларига кириб шундай иш тутдим, ҳитойлик табибларнинг ҳам бир ойсиз ўйинга тушмагин деб, қатъий айтган гапларини ҳам эсладим. “Пахтакор-79” билан боғлиқ мудҳиш воқеа ўтиб кетганидан сўнг ўйлаб қарасам, бу Оллоҳдан менга берилган катта неъмат экан, Парвардигорнинг ўзи мени ҳатардан асраган экан…
11 август
1979 йилнинг 11 августи. 11 август куни Москвада мен собиқ Пахтакорчилар Леонов, Кузмин, Патрикеев ва бошқалар билан учрашишим керак эди. Шу куни биз Кузминнинг уйида йиғилишиб эски воқеаларни эслаб суҳбатлашиб ўтирган эдик, шу аснода телефон жиринглаб қолди… Сизни сўрашяпти, деб менга телефон гўшагини тутқазишди. У томонда йиғламсираган аёлнинг овози эшитилди, у Соловьёвнинг рафиқаси эди. Пахтакорнинг ҳалокати ҳақида узуқ юлуқ сўзларни англаганимда секин аста эсим оғаётгандек туюлди, кўз олдим қоронғилашди… тик тура олмай стулга йиқила ёздим… тилимга бир сўз келмай, ўртоқларимга бу мудҳиш ҳабарни айтишга ўзимда куч топа олмасдим… ҳамма мени кўриб қўрқиб кетди… Опамизнинг менга қарата, “сен иккинчи Бобровсан, Бобровсан” деган гаплари ғира-шира эсимда қолди…
Кўзларимдан тинмай тирқираб ёш оқа бошлади. Кейинчалик билсам буюк хоккейчи ва футболчи Бобров ҳудди менга ўхшаб 50-йиллар бошида Москвадан Свердловскка учадиган самолётда жамоасидан қолиб кетиб тирик қолган экан… Соловьёвнинг гапиришга мадори бўлмай карахт ҳолатда бўлиб, шунинг учун бизларга унинг рафиқаси телефон қилган экан. Ҳаммамиз тезда Соловьёвнинг уйига этиб бордик, у киши бизни кутиб турган экан, ҳар биримизни қучоқлаб ҳўнграб йиғлаб кўришди, биз ҳам йиғладик. Шунча эркакнинг йиғлагани ғалати бўлар экан. Лекин Тошкентда бундан-да даҳшатли манзаралар бизларни кутиб турганини ҳали билмас эдим… Кейин мен Соловьёвдан менга Тошкентга тезда билет топиб беришларини сўрадим, зудлик билан Тошкентга боришим кераклигини айтдим. У киши иккита билет олингани ва касаллигига қарамай мен билан бирга Тошкентага боришини айтди. Шунда Соловьёв ҳамма йигитларни бирма-бир кўз олдидан ўтказиб, қанчалик уларга ишонгани, уларга яҳши тарбия берганини ғурур билан қайта қайта таъкидларди. Дарҳақиқат унинг ”Пахтакор” жамоасага катта меҳнати синган. У киши Федоров, Ан, Ҳадзипанакис, Аширов ва бошқа йигитларимизнинг оёққа туришида анча ҳиссаси бор. Кечаси биз Тошкентга учадиган бўлдик. Шу пайт ҳаяжонланганимданми ёки асабийлашганимданми, билмадим, оёғимда яна қаттиқ оғрик сеза бошладим, буни ўзимдан бўлак ҳеч кимга билдирмасликка ҳаракат қилиб, яна ҳассага таянишга мажбур булдим…
Биринчи таъзия телеграммаси АҚШнинг "Космос" клубидан келган
1979 йилнинг 12-августи. Эрта тонг, соат 5.00 Тошкентга етиб келдик, такси билан тезда Ўзбекистон футбол федерациясига бордик. Федерация биносига кирсак, одам лиқ тўла… Мен федерациядагилардан кимлар ҳалок бўлгани ҳақида сўраганимда ҳали ҳеч нарса маълум эмаслигини айтишди. Кун ёриша борган сари бутун Тошкент борган сари мотамга ўрала бошлангадек туюлди, ҳамма ерда битта гап… бутун жамоа ҳалок бўлибди… Аммо, собиқ марказнинг буйруғига биноан, бу фожеа ҳақида на Москва, ва на Тошкент ҳеч қандай ахборот беришмади. Лекин, ўзбек футбол мухлислари бу ҳақда хориж радиоси тарқатган баённомасидан билиб қолишди, ва бу мудҳиш хабар тезда бутун Ўзбекистонга тарқаб кетди…
Ўзбекистон футбол федерацияси биносида кўзим қандайдир ғалати ҳалкаро, расмий телеграммага тушиб қолди. Пахтакор жамоасининг ҳалокатга учраши сабабли биринчи таъзия телеграммаси АҚШдан, Йью Йоркнинг машҳур “Космос” футбол жамоаси клубидан келибди. Фожеа ҳақида Ўзбекистон ҳалқи, умуман ҳали ҳеч ким, аниқ маълумотга эга эмас эдилар. Билишимча, ҳалокат юз берганидан сўнг, 15-20 дақиқадан кейин ушбу телеграмма Ўзбекистонга етиб келган экан. 2-3 кундан кейин эса, “Пахтакор” стадиони ёнидаги катта майдонда, Ўзбекистон спорт қўмитаси биноси ёнида катта стендлар ўрнатилиб нафақат собиқ иттифоқдан, Европа, Осиё, Африка ва Америкадан минглаб таъзия телеграммалари кела бошлади. Барча мухлислар келаётган телеграммаларни ўқишга ҳақли эдилар…
1979 йилнинг 18-августи. “Тошкент” халқаро аэропортига махсус самолетда Днепропетровскдан марҳум “17 Пахтакорчи”нинг жасадлари солинган тобутлар олиб келинди... Бу даҳшатли манзарани кўришни ўзи нақадар оғир эди… Аэропортнинг ўзида бўлиб ўтган катта мотам митингида Ўзбекистон раҳбарияти номидан Оқил Умирзоқов, футбол жонкуяри Жура Ҳоназаров, Вячеслав Соловёв, мен ва бошқалар сўзга чиқдик. Ҳамманинг юзида чуқур қайғу, дард, алам, кўзларида ёш… Гулчамбарларга ўралган 17та тобутлар олдида марҳум Пахтакорчиларнинг катта фото-суратлари қўйилган, ҳар бирининг ёнида ота-оналари, оила аъзолари ва яқинлари кўзларида ёш билан туришибди… У томонга қарашани ўзи мен учун даҳшат эди… Кўзимдан эса тинмай ёш оқаверарди…
Митингда шунингдек собиқ иттифоқ чемпионатнинг биринчи ва иккинчи лигада иштирок этаётган барча Ўзбекистонлик футбол жамоалар, Қозоғистондан “Қайрат”, Тожикистондан “Помир”, Туркманистондан “Строитель”, Қирғизистондан “Олға”, Москва футбол федерацияси ва бошқа футбол жамоалари вакиллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Шу куни “17 пахтакорчи”дан фақат бештаси “Боткин” қабристонига қўйилди. Қолганларини оила аъзоларининг илтимосига кўра турли шаҳар ва қишлоқлардаги қабрстонларга дафн қилишди. Бир неча йилдан сўнг, “Боткин” қабрстонида, ўшанда мен таклиф қилган мемориал комплекси ташкил қилинди. Айтганимдай, у ер ҳамиша турли миллат ва динга мансуб футбол мухлислари билан гавжум. Рамзий қабрлар эса доимо гуллар билан бурканиб ётибди. Мен ҳам у ерга тез-тез бориб марҳум дўстларимни зиёрат қиламан…
Янги "Пахтакор" ёки грузинларнинг мардлиги
Тошкентда "Пахтакор"нинг янги жамоасини тузиш борасида ишлар қизгин бошланди. Унинг орасида Олег Базилеевич ҳам командани тарк этган эди. Собиқ Иттифоқ футбол федерацияси қўлидан келганича янги жамоага ҳар тарафлама ёрдам кўрсатди. Янги “Пахтакор” футбол жамоаси тузилди. Тошкентдаги биринчи ўйин Тбилисининг “Динамо” жамоасига қарши эди. Ўшанда катта мураббий Нодар Аҳалкаци, жамоа капитани, Федоров ва Анларнинг яқин дўсти Давид Кипиани бўлган эди. Жамоада Чивадзе, Дараселия ва бошқа машҳур ўйинчилар бор эди. Мен ҳам Давидни жуда яҳши билар эдим, уларни кутиб олиш учун аэропортга чиқдим. Борсак, бир ноодатий манзарага кўзим тушиб қолди… самолётнинг ичи гул билан тўла. Давид Кипиани ва бошқалар кўзларида ёш, йиғи билан самолётдан бирин кетин тўша бошлашди. Улар билан қадрдонлардай йиғлашиб кўришдик, бир оз дардлашдик…
Ўшанда Давид Кипиани менга Тбилиси стадионида “Пахтакор” футбол жамоасига қандай ҳурмат бажо келтирилгани, барча футбол мухлислари Пахтакорчилар ҳотирасига сукут сақлашлари, кўпчилигининг кўзларида ёш қалкигани ва футбол майдонида бўлаётган ушбу таъсирчан манзарани Грузия телевиденияси шарҳловчиси, машҳур Коте Маҳарадзенинг илиқ, қалбдан чиққан ва барчанинг юрагига ўқдек қадалган дил сўзлари билан бутун республикани йиғлатгани ҳақида гапириб берганида, мен бу таъсирли гапларни эшита туриб чидолмай йиғлаб юбордим, менга қўшилиб Давиднинг ўзи ҳам йиғлади…Сўнгра уларни “Ўзбекистон” меҳмонхонасига таклиф қилиб, бир оз дамолишларини айтдим. Улар эса, бизларни аввал қабирстонга олиб борасизлар, кейин меҳмонхонага борамиз, деб туриб олишди.
Ўша пайтда грузиялик футболчилар учун чемпионатнинг бошқа лидерлари каби ҳар бир очко жуда муҳим эди. Аммо, Давид мени алоҳида, ўзининг ёнига чақириб қуйидагиларни айтди: Бу мотам куналарида биз сизларни мағлуб этишга ҳаққимиз йўқ! Бизнинг бугунги ўйинимиз Ўзбекистон ҳалқига, марҳум Пахтакорчи дўстларимиз хотирасига бизнинг футбол жамоамиз томондан кўрсатилган эътироф ва чукур ҳурматимиз рамзи деб қабул қиларсизлар, деди… Дарҳақиқат, янги тузилган “Пахтакор” жамоаси ўшанда Тошкентда ўзининг биринчи ўйинини ўтказди. Стадионга 60 000дан ортиқ мухлис этиб келди, ўшанда Пахтакорчилар Тбилисининг “Динамо” жамоасини мағлубиятга учратишди, Давид Кипиани эса ўз жамоадош дўстлари билан инсонпарварлик бурчини адо этганликларидан мамнун бўлган ҳолда бошларини баланд кўтариб, грузинларга ҳос мағрурлик билан стадионни тарк этишган эди...
Федоров ва Тазетдиновнинг ҳазили чинга айланди
Идгай Борисович, жуда зиёли ва ақлли инсон бўлган эди. Жамоа футболчилари уни жуда ҳурмат қилишиб ўзларига яқин тутар эдилар. Бўш вақтларимизда бирпас ҳордиқ чиқарганимизда қизиқ-қизиқ воқеалардан гапириб берардилар. Тренер сифатида жуда кучли мутаҳассис бўлган. У киши билан боғлиқ бир воқеани гапириб бераман: Кочетковнинг тренерлик пайтида бизларни Непалга таклиф қилишган. Ўйин жуда қизиқарли воқеалар остида ўтганди. Биз у ерда жуда чиройли ўйин кўрсатиб йирик ғалабага эришганмиз. Самолётда қайтаётганимизда, мен Федоров билан мурабийларимиз Кочетков ва Тазетдинов ёнида ўтириб қолдик. Гапларимиз жуда қизиқарли ўтаётган эди. Нима ҳам бўлиб, Володя Федоров Тазетдиновга қараб ёшини сўраб қолди, Тазетдинов 46даман деб жавоб қайтарди. Володя шунда 14 йил қолибди деб қолди… ҳаммамиз пенсия ёшимикан, юбелеймикан деб тушундик, кейин Федоров ўзича, секин овозда, - вафотигача, деб қўйди… Ўшанда Тазетдинов ҳам тинч турмай, эҳтимол сен билан бирга бир кунда ўлармиз, деб у ҳам совуқкина жавоб қайтарди.… Мен буларни эслаб, уларда қандайдир белги бўлганмикан деган ҳаёлга бораман. Қарияларимиз гапирадику, яҳши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар омин деркан…
- Бугун мана шундай йигитларимизнинг ўз ватанига содиқ бўлиб ҳизмат қилганликларини, ўзаро миллий тотувлик, дўстлик масалаларида улар кўрсатган намунали футбол ўйинлари ва уларнинг инсоний фазилатлари ҳақида кўпрок айтилган ва айтилаверади. Улар ўзбек футболининг ривожланишига катта ҳисса қўшган йигитлардир, - деб эслайди собиқ пахтакорчи Тўлаган Исоқов.
“Пахтакор-79” юлдузлари
Идгай Тазетдинов
Равиль Агишев
Михаил Ан
Олим Аширов
Сирожиддин Бозоров
Константин Баканов
Юрий Загуменных
Шухрат Эшбутаев
Александр Корченов
Николай Куликов
Владимир Макаров
Сергей Покатилов
Владимир Сабиров
Идгай Тазетдинов
Мансур Толибжонов
Владимир Фёдоров
Владимир Чумаков
Виктор Чуркин
Улар ҳақиқий футбол юлдузлари эди. Яратган уларни раҳматига олсин
|