Понедельник, 23.06.2025, 20:13
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Август » 14 » ТОШБАҚА ВА МЕН
15:25
ТОШБАҚА ВА МЕН

ТОШБАҚА ВА МЕН

«У сояни ҳайдайди, тарқатмоқчи бўлади...»
Хуан Рулфо, Мексика адиби

I

Ҳаво чидаб бўлмас даражада дим эди... Денгиз тўлқинлари қуруқликка бехосдан итқитиб юборган балиқдек ҳавони каппалаб-каппалаб ютаман. Шунда ҳам етишмайди. Худди осмонни устингизга аллаким зичлаб ташлаб қўйгандек... Ҳаво жуда-жуда оғир эди. Кўйлакнинг тугмачасини ечдим. Аллақайдан эсиб қолган енгил шабададан ўзимга келгандек бўлдим.
Ер ҳам иситмалаётганди...
Ҳовури юқорига ўрлар, шундоқ ҳам етишмаётган ҳавонинг бир қисмини ўз домига тортиб-тортиб кетарди.
Уйга базўр етиб олдим. Хонага қадам қўйишимни биламан, бурнимдан тирқираб қон оқиб кетди. Қон тўхташи учун каравотга чўзиларканман, кўзим беихтиёр аквариумга тушди: қиямасига туриб қолган аквариумдан анчагина сув тўкилган, бир талай балиқчадан энди уч-тўрттагина қолган, улар сув озлигидан бўғилаётгандек жон ҳолатда типирчилар эди.
«Лаънати Бароқ! Яна эски ҳунарини кўрсатибди-да?! Тутсам, бас, сўйиб ташлайман».
Кўзларим тиниб кетди. Кун бўйи одамнинг силласини қуритаёзган ҳавонинг димлиги ўз таъсирини ўтказаётганди.
«Сўйиб ташлайман... - билинар-билинмас қимирлаган лабларим орасидан кучсиз сас чиқди. - қўлга тушсин, тутиб олай...»
Шу ҳолатда кўзим илиниб, бироз мизғиб олганимни ҳам сезмай қолдим.
Бирдан ҳаммаёқ тасир-тусур овозга тўлиб, уйғониб кетдим. Кучли шамол деразани очиб юборибди. ўрнимдан туриб, деразани ёпгани шошилдим. Ёмғир шариллаб қуяётганди. Ёзда ёмғир ёғиши, тағин шунақанги қиёмига етказиб, челаклаб қуйиши бу ерлар учун кутилмаган ҳодиса!
Хонага очиқ деразадан уфуриб кирган топ-тоза ҳаводан мириқиб симирдим. Ҳаводан денгизнинг иси келаётгандек эди. Аммо бу ерларда денгиз нима қилсин?! Атроф биёбон бўлса...
Эҳ-ҳе, бу ерлардан денгизга етиш учун неча-неча тоғни ошиб ўтиш лозим. Шуниси ҳам дуруст. Ана, биттасини қуритиб, адойи тамом қилдик-ку?! Денгиз ҳар ҳолда инсонга яқинлашмагани, иложи борича, узоқда тургани маъқул экан. 
Адашаётганим йўқ: келаётган ис чиндан ҳам денгизники, денгизники...
II

Дарвозани кимдир тимдалагандек, сўнг тиқирлатгандек бўлди. Ташқарига йўналдим. Энди ёмғир тинган, булутлар обдон «кўнгил»ларини бўшатиб олганди. Оромижон ҳаво. Тўйиб-тўйиб симираверсанг-симираверсанг... Дарвозани очдим. Ҳеч зоғ йўқ. Бир муддат кўчанинг ўртасига чиқиб, ён-веримга алангладим.
Бугун ҳушим ўзимда эмасди, балки биров тақиллатмаса ҳам, менга шундай туюлгандир. Дарвозани ёпиб, ортга қайтдим. Даҳлизга кираверишда кўзим ҳўл изга тушиб қолди. Кўринишидан Бароқнинг изига жуда-жуда ўхшарди. ўхшайди ҳам гапми, ўзгинаси!
«Бўлди, қўлга тушдим, деявер, Бароқ!»
Ошхонадан беихтиёр ошпичоқни олдим-да, иложи борича оёқ учида юриб, хонамнинг эшигига яқинлаша бордим, қўққисдан ичкарига отилиб кирдим, шошиб эшикни ёпдим.
«Ўлдим, деявер, Бароқ!..»
Нигоҳим дастлаб аквариумга йўналди. Йўқ, Бароқ кўринмасди. Унинг ўрнида тошбақа, ҳа, ҳа, тошбақа, менга тикилганча турарди. Ўткир нигоҳи қаеримнидир жизиллатиб ўтди. Бу нигоҳ менга шунақанги яқин, таниш эдики, ундан кўзимни узолмай қолдим.
«Қўлингдагини ташла!» - деб амр қилгандек бўлди нигоҳ.
Қўлимдаги пичоқ буткул ёдимдан кўтарилибди. Бу ғалати нигоҳ мени нима учун саросимага солиб қўйганига ўзим ҳам ҳайронман. Қўлимни қаёққа қўяримни билолмай эсанкирадим. Қўл ортиқчалик қилаётганди. Пичоқни узоқроққа, бир чеккага ташлаб қўйдим. У нигоҳини мендан ҳали узмаган, шу нигоҳи билан ниманидир менга уқтирмоқчидек бўларди. 


III

- Биласанми, Дилшод, мени йўқотишга кўп уринишган. Бир сафар тоғнинг чўққисига олиб чиқишиб, ўша ердан тошдек улоқтириб юборишган. Тажрибамдан бир нарсани айтай - чаёнлар билан, асло, дўст тутинма! Биттасини дарёдан ўтказиб қўйсам, заҳарли нишини зимдан санчмоқчи бўлиб турган экан. Шунда сувга бир шўнғиб, ўзини чўктириб юборганман. Яна нималар қилишмаган, дейсан... Гуриллаётган гулханнинг ўтида куйдирмоқчи, тегирмоннинг тоши билан эзғиламоқчи, ховончада толқондек туймоқчи бўлишган. Эҳ-ҳе, барини санайверсам, адо бўлмайди. Лекин барибир ўша ерга денгиз бўлиб қайтаверганман. Ҳа, ҳа, денгиз бўлиб...



IV

- Соя - пихини ёрган устамон. У инсонни ўзига қулай томонидан ёритади. Натижада инсонга қорнидан бўлак ҳеч нарса кўринмайди. Кўзи одида фақат кунига, соатига, дақиқасига нима биландир тўлдириш зарур бўлган мешдек, э йўқ, тоғдек деса ҳам бўлар, ҚОРИН! У соянинг марҳамати билан қорнини дақиқа сайин, соат сайин, кун сайин тўлдириб туриши керак. Гўё бўш қолса, шабада учириб кетадигандек. Соя инсоннинг наздидаги қориннинг аксини тобора катталаштиравергани сари у жами инсоний ҳисларини бирма-бир унутиб боради. Дунёни истаган лаҳзасида бир-бирини юҳодек ютишга ҳезланиб турган қоринлар эгаллайди. Дунёнинг ҳақиқий эгаси соя соялигича қолаверади. Инсон соядан бехабар ўз бахтсизлигини пешонасининг шўрлигидан кўраверади.

V

- Хўп, мени йўқотиш кимга керак? Айбим нима? Фақат биргина сукут сақлаб кузатаётганимми? Нигоҳим деворларни тешиб, темир эшиклардан сизиб ўтаётганими? Ўйлайсанки, денгиз, осмон, ер, дала, умуман борлиқ соясида яшашга маҳкум инсонни кузатиш менга ўзгача ҳузур бағишлайди. Э, йўқ, мен жарчиман, холос. Вазифам - соя остида яшаётган инсонга соя шамоллаб тумов бўлиб қолгани ёки аразлаб бутунлай уни ташлаб кетаётганидан воқиф этиш. Инсон эса соянинг остида яшаётганига ишонгиси келмайди. У ўзини озод, бахтиёр ҳис қилгиси, дунёнинг эгасиман дея хаёл қилишни хуш кўради. Эҳтимол ундаги нурга ташналикни ҳам шунга йўйса бўлар.

VI

- Агар дунёда соянинг таъқибидан озод фақат бир мавжудот бўлса, у ҳам бўлса, у ҳам бўлса ўзим - тошбақаман! Ҳаттоки, қадимги юнон аҳли дониши Зенон инони билан кетимдан чопағон Ахиллес ҳам соядек қувиб кўрган. Бахтимга, шундай чопқир паҳлавон нечоғлик уринмасин, у ҳар гал етиб келган жойида мени учратолмай хуноб бўларди. Мен шу дақиқада аллақачон бошқа нуқтада бўлардим... Ана шунақа! Соя, дунёнинг якка соҳиби бўлган соя, мени қувиб-қувиб етолмаган!

VII

- Нега осмонда, ё бўлмаса сувнинг юзасида худди қуруқликдагидек юролмаймиз, деб ҳеч ўйлаб кўрганмисан?
- Йўқ, - дея бошимни чайқатиб қўйдим.
Тошбақанинг нигоҳи сўзлашдан тўхтамас экан, хонани гир-гир айланишга тушди. Қизиғи, мен ҳам ўзимни тутолмай, унга қўшилиб, юра бошладим. Деворларда, шипларда, ҳеч қандай ғайритабиий ҳодиса бўлмаётгандек бир-бир қадам ташлардим. Ҳақиқатдан ҳам, шипда юришнинг гашти бир бошқача экан... Шипга орқамни ўгириб ётиб олдим. Ёнгинамда осиғлиқ, аниқроғи, алифдек қотган чироқдан бошқа ҳеч нарса менинг диққатимни чалғитолмасди...

VIII

- Чор атрофингдаги тошларга беписандлик ва аллақандай истеҳзо билан қарашинг менинг кулгимни қистайди. Ахир улар бу истеғзога ҳам, беписандликка ҳам заррача арзимайдилар. Чунки улар ҳам бир вақтлар мендек тошбақа эдилар. Соя уларга агар масъулиятни унутиб тошга айлансалар, қолган умрларини фароғатда кечиришларига кафолат берди. Шундай ҳавойи нарсаларга учган айрим тошбақалар бошу оёқларидан кечиб юборишганди. Шу тариқа бир бўлак тошга айланишган қотишган. Энди соя уларга ҳадик билан боқмайди. Ахир тошдан ҳеч садо чиққанми? У на эътирозини, на бахтиёрлигини ифода қила олади. Тошларнинг аччиқ қисмати устидан кулаётгандек ҳайкал ясаб, пойига гулчамбарлар қўядиган инсонларни эса ҳеч тушунолмайман. Наҳотки бу дунёда масъулиятдан чўчиб, тошга айланганлар эътиборга лойиқ бўлса...

IX

- Аслида дунёни кўтариб турган ҳам ўзим эдим. Соя қаёқданам пайдо бўлди-ю одамларни йўлдан урди. Одамлар ўртасига нифоқ тушиб, Ерда ҳаловат йўқолди. Уруш кетидан уруш, ажал кетидан ажал, дунёни жабрдийдаларнинг фиғони тутиб кетди. Ер ҳам чайқалиб-чайқалиб, охири мувозанатини йўқотди-да, устимдан думалаб кетди. Ана, ҳалигача ҳадсиз урушлардан ўзини ўнглолмаётган Ер думалаб-думалаб кетаётир... Тўп... Сапчадек узилган бош... Чархпалак... Ғилдирак... Ҳаммаси, ҳаммаси айланиб думалаб кетаётир... Урушлардан эси оғаёзган инсонлар эса кўнгилларига таскин бергандек, Ер ўз ўқи атрофида айланаяпти, Ер Қуёш атрофида айланаяпти, деган уйдирмага чиппа-чин ишониб қўя қолишди. Ундай бўлса, тўп, сапчадек узилган бош, чархпалак, ғилдираклар ниманинг атрофида айланаяпти? Улар Ер мувозанатидан чиқиб, устимдан тушиб кетганини тан олгилари келмасди. Тан олгилари келса-да, соя, соя бунга йўл қўймай, янгидан-янги урушларга ўт пуркаганча ҚОРИНни тобора қаппайтиргандан қаппайтираверарди. Ҳозирга келиб, дунё менинг устимда тургани ҳақидаги ҳақиқат ҳам афсонага чиқариб қўйилди. Афсона бўлиб қолиши, ҳақиқатнинг унутилиши соя учун жуда муҳим эди. Менинг кўнглимга далда берадигани ҳақиқатнинг жилла қурса, афсонага айланиб кетса-да, инсонларнинг хотирасидан ўчмаслигидир. Пайти келадики, афсонадан Ерни устимда ҳақиқатдан ҳам кўтариб турганимни англаб қолишади. Ҳозирча эса вазифам аниқ: сукут сақлаб кузатиш, кузатиш, кузатиш...

Х

- Буларнинг барини қоғозга тушираяпсанми? Биров ўқиб кўради, сўнгра... Хом хаёлларингни қўй. Сўнгра... ҳеч нарса бўлмайди, ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Одамларнинг иши йўқ: ҳақиқатни топдингми ёки ундан ҳам каттароғиними, яхшиси, ҳар ким ўз билганидан қолмасин. Сен уларга ҳалақит берма, оёқлари тагида ўралашма, чивиндек эзиб кетишади, сўнгра ўзингни айбдорга чиқариб қўйишдан ҳам тойишмайди. Дунёни гўзаллик қутқаради, деб кетган эди биттаси. Қани, биронтаси қулоқ тутдими унга? Тутган бўлса, дунёнинг холи шу бўлармиди? Кўзгудаги аксингга бир боқ! Ахир сенга ҳеч кимнинг маслаҳати керакмаслигини кўзларинг айтиб турибди-ку?! Нима учун бунчалик кўп ўқийсан? Дунё-дунё китобларни варақлаб, титкилаб чиқишингнинг боиси не? Биламан-ку, сен улардан ҳеч нарсани ўрганмоқчи эмассан. Дунёга тўла-тўкис ақлли бўлиб келгансан. Фақат иккинчи бор, дунёни гўзаллик қутқаради, деб одамларнинг кулгусига қолишдан қўрқасан. Бирор нарсани иккинчи бор айтиб қўймаслик учун тинмай ўқийверасан, ўқийверасан... Охири умринг сўнгида бир нарсага тушуниб етасан. Бирор фикрни биринчи бор айтдингми, иккинчи бор айтдингми, борингки, учинчи бор, мингинчи бор айтдингми, ҳеч бир аҳамияти йўқ. Инсонлар, барибир, ўз билганларидан қолишмайди. Шундай экан, хом хаёлларингни ташла, сўнгра... ҳеч нарса бўлмайди, сен тошбақага айланолмайсан...

XI

Шипда ёнбошлаб ётарканман, хонамнинг илк бор кенглигини туйгандек бўлдим. Пастга қарадим: оёғи осмондан бўлиб ётган каравот, ёзув столи, уёқ-буёқда сочилиб, қалашиб ётган китоблар, қоғозлар... Оёқ қўйгани жой тополмай кўпинча хонамнинг торлигидан хуноб бўлардим. Ўшанда шип бўшлиги хаёлга келмаганини қаранг! Мана мазза қилиб эшитиб ётибман тошбақанинг ҳикоясини... 

XII

- Тунов куни бир она-болани кузатдим. Онаси боласини нуқул ниқтайди: «Намунча, тошбақадек имилламасанг, тезроқ юр, илдамроқ...» ҳайрон бўлдим. Боласининг бор юриш-туриши шу бўлса, қайданам тезлатсин. Ё югурсинми? Унда ҳам гап эшитиши тайин. Ахир онаси югур эмас, юр деяпти-ку?! Баравар одим ташлашлари мумкинмиди? Онасининг қадами билан боласининг қадами бир эмас. Демак, «тошбақадек имиллаётган бола» деган ибора ноўрин қўлланилган. Тошбақадек имиллаётган боланинг холи шу экан, бундан ортиқ тез юролмас экан, уни айблаш, қутқилаш тўғри эмас. «Етамиз, етамиз, ошиб кетамиз!» каби қуруқ шиорлар ҳам фақат кишини чалғитади, холос. Тошбақадек имиллаётган боланинг табиий ҳоли шу экан, ошиб кетиш уёқда турсин, у ҳеч қачон етолмайди ҳам... У хаёлан қуваётган, етишни орзу қилаётган нимадир ҳам ҳаракатдан, ривождан бир дақиқа бўлса-да, тўхтаб қолмайди-ку?! Шуни унутмаган ҳолда, ҳеч кимни ҳеч қачон ошиб кетасан, деб зўрлашнинг ҳожати йўқ. Унақасига ҳам, бунақасига ҳам, тошбақадек имиллаётган бола имиллаётган тошбақалигича қолаверади.

XIII

Бир чуқур нафас олиб, ўпкамни ҳавога тўлдириб олдим-да, бошимни аквариумга солдим. Сув бошнинг чарчоқларини ювиб ташлади. Сув ўтлари орасидан хонам яна бир бошқача кўринарди. Балиқчалар салтанатларининг катта қисмини берухсат эгаллаб олган бошдан норози бўлаётганликларини ўзларига хос тарзда билдирмоқда эдилар: бурчакда биқиниб олиб олишганди. Ўпкамдаги ҳаво тамом бўлди. Сўнгги нафас булқиллаб сувнинг юзасига кўтарилиб кетди. Сувдан бошимни кўтармай нафас олдим. Ичим сувга тўлди. Оғзимдан, бурнимдан сув ичимга кириб борарди. Нега шу пайтгача сувда ҳам нафас олиш мумкинлигини билмай юрган эканман-а?ў! Кимдан қўрққанман?! Қўрқув нималигини ўзи биламанми? Сувда бўлишига қарамай, қулоғим тошбақанинг ҳикоясини негадир аниқ-тиниқ эшитаётганди. 

XIV

- Фикрларимнинг тиниқлигию ҳисларимнинг беғуборлигидан роса ҳайратланаётгандирсан-а?! Ахир, сенинг соя остида қолган ҳисларинг олдида меники нақ мўъжизанинг ўзи эмасми! Менда сендагидек ғаразгўй чиркин ўйлар, ифлослигу бадбинликлар йўқ дейсанмиў Бор! Бўлганда қандоқ! Фақат улар вужудимда тошга айланиб, танамдагига қўшилаверади. Яхшиям устимдаги тошим бор, бўлмаса ана шунақанги иллатларнинг домидан чиқолмай, охир-оқибат соянинг тагида қолиб кетишимга тўғри келардими...

XV

- Қизиқ, нега ҳамма бу дунёда шивирлайди. Овозларини баландлатгани қўрқишади. Тўрт девор орасига биқиниб олишади-да, талвасага тушганча шивирлайверишади, шивирлайверишади. Ҳа, дарвоқе, девордаги қулоқлар ҳақида! Ҳақиқатдан ҳам улар - қулоқлар, одамни ютиб юбора олармикан? Деворнинг қулоғи бўлса, одамларни тўрт девор орасида биқиниб олиб шивирлашишга нима мажбур қилади? Атай, девордаги қулоқ эшитиши учун шивирлашишса, нимадан талвасага тушишади? Ошкораликданми?! Бу сўзни ҳам ғалати талаффуз қилишади: «О-о-о-о-о-о...» ҳеч нарсадан бехабар одам қўшиқ айтаяпти-да деб бепарво ўтиб кетиши мумкин. Лекин мен шивир-шивирларга анча тушуниб қолдим. Улар «о-о-о-о-о»ни эслатувчи ғуборни, хасни ҳам йўқотишга, унини ўчиришга ҳаракат қилишади. Сизларда «о-о-о-о-о-о» ўлган дейдиганларга эса, бизда чинакамига «о-о-о-о-о-о» бор, фақат халқнинг ўзи «о-о-о-о-о-о»ни истамаса, атай зўрлаб бўлмайди-ку, деб эътироз билдиришади. Шунда сафдан кимдир бўғиқ овозда «о-о-о-о-о-о» деб отилиб чиқади. У шу кўйи «о-о-о-о-о-о»лаганича дунё билан видолашади. Халқ сукут сақлайди. Бизда «о-о-о-о-о-о» бор, фақат айтадиганлар йўқ, деб кўникиб қўя қолишади.

XVI

- Соя қориндан бошқа нарсаларни кўришни истаётганлар билан қандай муносабатда бўлади? Аввалига уларга мукофот бериб кўради, лавозимини кўтариб, юмшоқ оромкурсиларга ўтқазиб қўяди. Кўпчилик ушбу тадбирлардан кейин яна ҚОРИНдан бўлак ҳеч нарсани кўрмай қолади. Аммо шунга ҳам кўнмаганларни «о-о-о-о-о-о» деб сафдан ёриб чиққанларнинг қисмати кутади. Бу қисматни эса жуда озчилик инсонларгина ўзларига раво кўришади.

XVII 

Тошбақа ўзидан бошқага гап бермай, шунақа тинмай фалсафа сўқмоқчими? Тонггача, кейинги ҳафтанинг то шу кунигача, кейинги ой, кейинги йил, кейинги аср, тўхтовсиз гапираверса, барини эшитиб ўтираверишга сабрим чидармикан? Тошбақа 300 йил умр кўради, дейишади. Менинг қисқа умрим унинг уч асрлик ҳангомаларини тинглаш билан ўтиб кетса-я!
Бошимни сувдан кўтарганимга балиқлар думларини ликиллатиб қувонишаётганди. Сочимнинг ҳўлини сочиқ билан артар эканман, тошбақа ўз дунёсининг хаёлларига ғарқ бўлганича, ҳамма нарсани унутганини ҳис қилдим.

XVIII 

- Биз тошбақаларнинг давлатимиз ҳам, подшоҳимиз ҳам йўқ. Биз бировларнинг устидан ҳукмрон бўлишни хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Тошбақаларни жаҳон уруши уёқда турсин, бирор маротаба сан-манга бориб қолганларини эслолмайман. Яшашга жой танламаймиз: қуруқликми, сувликми, фарқи йўқ. Ҳаттоки, осмонда тошдек қотиб, бақрайиб турган юлдуз-тошбақалар билан ҳам келишиб яшашга қодирмиз. Сизлар ҳам озод, бахтиёр яшамоқни истаётган экансизлар, тошбақага айланиб қўя қолинглар. Ахир дунёда соянинг таъқибидан озод бўлган ягона мавжудот бор, у ҳам бўлса...

XIX

Тошбақага қўйиб берсанг, яна нималар деб валдирамайди. Гапини тугатар-тугатмас аквариумдаги сувга солдим. У менинг ҳаракатларимга тушунолмай, сукут сақлаб кузатганича бошини чиқарди. Шу пайт чеккада ташландиқ ётган пичоқ билан бошини чўрт узиб ташладим...
Шу дам қаёқданам пайдо бўлди-ю, тошбақанинг бошини Бароқ илиб кетди. Аччиғим чиққанча унинг ортидан тикилиб қолдим.
«Қўлимга тушадиган кунинг ҳам бўлар, Бароқ! Ўшанда сен билан яхшилаб бир гаплашиб қўймасамми? Илло, бу энг охирги асаббузарлик бўлади...»
Ўзиям тошбақадан зап шўрвамисан, шўрва бўлди-да?!
Ҳамма шўрвани мақтаб-мақтаб тановул қиларкан, хушхўрлигини алоҳида таъкидлаб қўярди. Шўрванинг нима учун бунчалик ХУШХЎРЛИГИ эса мендан бошқа барчага қоронғи эди...

ХХ

... У ўзини кўпам куттириб қўйгани йўқ. Саҳронинг қоқ ўртасида бўлишига қарамай, денгиз ҳавосини туйгандек бўлдим. Ахир бу атрофда денгиз йўқ эди-ку?! Шунда, шунда тошбақанинг гаплари ёдимга тушди-ю даҳшатдан тупугим бўғзимда қотиб қолди. Ахир, ахир, у мен барибир, не бўлганда ҳам, денгиз бўлиб қайтиб келаман демаганмиди?!
Ҳа, у денгиз бўлиб қайтаётир...

XXI

Бир ой бўлдики, туну кун шу тоғу тошдаман. Устимга бир пудлик тошни ортволиб, тўртоёқлаб у ердан-бу ерга юраман. Тиззаларим, қўлларим шилинавериб-шилинавериб қотиб кетди. Тош ҳам худди танамга ёпишиб, танам билан тобора чатишиб кетаётгандек. Жуда-жуда истасанг, ҳар қандай тилагинг ижобат бўлиши бегумон. Яқинда тошбақа билан бирга, бирга кузатамиз сукут сақлаб соянинг остида қолган инсонларни... Менинг ҳаётим сенинг масъулиятинг олдида ҳеч нарсага арзимас экан, билсам. Ҳаммасига қорин, лаънати қорин айбдор. Дунёни кўзимиздан тўсиб қўйиб, МАСЪУЛИЯТни унутишимизгача олиб келибди. Майли, соянинг макри олдида ожиз эканмиз, ҳеч бўлмаса уни сендек кузата оламиз-ку?! Ахир унинг ҳукмронлигидан озод бўламиз-ку?! Мен, нима, иситмалаётганим йўқми? Ҳароратим жойида, ўттиз еттига бормаяпти. Фақат хавотирим: ахир бу кўрсаткич соянинг остидаги-ку?! Демак, демак... Дунёда ҳамма одамларнинг иситмаси, аслида баланд экан! Иситмалаётган дунё! Иситмаси ошкор бўлишидан жони ҳалак, шўрлик инсонлар!
Ҳа, фақат тошбақаларгина соядан озод яшайди. Уларга ҳавасим, ҳайратим беҳадлигидан ҳам, албатта, шак-шубҳасиз, тошбақага айланаман. Озод бўлишни истаётган неки одамизот бўлса, бари тошбақага айланиши керак. Момоталоқ бўлиб кетган тиззаларимнинг учи зир-зир қақшаб оғриётганию устимдаги зилдек тошнинг оғирлиги ҳам мени бу аҳдимдан қайтаришга қодир эмас. Мен ОЗОД бўлишни истайман. Озодлик учун эса ҳар қандай машаққатларга чидаб беришга розиман.
Мана, тўртоёқлаб ёнингга йўл олдим, эй денгиз бўлиб қайтаётган тошбақа...

Муаллиф: Дилшод Нуруллаев
Просмотров: 679 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Август 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031