«ТИКОНСИЗ ГУЛ ОЧИЛАДИМИ, ОЧИЛМАЙДИМИ?!»
Абдукарим Мирзаев
Гулни севамиз, аммо тиконидан қочамиз. Тиконнида, гулнида яратувчиси БИР эканлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз…Севгилимиздан келган ҳар нарсага рози бўламиз. Гулни гул ҳолатига олиб келган аслида тиконидир… Қачонки Унинг гулига-да, тиконига-да рози бўларканмиз, нима учун билмаймизки; гул кўкартиришни истаганнинг қўлига, албатта тикон киришини… Ҳар неъматнинг бир кулфати бўлишини… Жаноби Ҳақ; Яратганларини муҳаббатидан яратди… Зотан яратишдан мақсад ҳам муҳаббат эди. Муҳаббат ишларида, муҳаббатсизлик қилганлар, аслида инсонлардир. Гўзал яратилмишларни, ўз манфаатлари йўлида қурбон қилган ҳам, аслида одам боласидир. Ҳазрат Иброҳим (а.с); фақир ва бечораларга, йўлчиларга ҳар доим дастурхон ёзардилар ва ҳар неки бўлса уларга улашардилар. Кунларнинг бирида бир мусофир учун дастурхон ёздилар, аммо мусофир Аллоҳнинг номини айтмасдан таомлана бошлагани учун жахл қилдилар. Жаноби Ҳақ…; Ё Иброҳим, Мен бу қулимнинг мени инкор этишига қирқ йилдирки сабр қиламан, сен бир мартасига чидолмадингми? Бизни гул билан сийлаганга ташаккур айтишни биламиз, аммо бу гулни сийлаган, устига-устак ҳар доим севгисини ва раҳматини ҳис эттирган буюк Меҳрибонимизга нима учун ташаккур айтмаймиз? Унинг тақдим этгани гулни хидлашдан чекинмас эканмиз, нима учун тиконига нонкўрлик қиламиз?.. Бизни муҳаббатидан яратган буюк Аллоҳ, бизларга зулм қилмайди, мусибатларда синамайди… Буларнинг ҳаммаси нафсимизнинг таслим бўлмаганидан. Аслида биз билган мусибатлар, бизнинг тушунчаларимизда пайдо бўлган мусибатлар холос… Қани эди; Туғилишдан ўлимга қадар кечган умрда Уни жуда кўп эсга олсак, унинг муҳаббатига эришмоқ учун кўп ҳаракат қилсак. Бу дунёни Унинг ризосини қозонмоқ учун бир имтихон вакти эканлигини идрок эта билсак!.. Қани эди! Қани эди; Ундан келган ҳар нарсага исён қилмасдан рози бўла олсак, “Роббим мен учун ҳайирли бўлган нарсани мана шундай тақдир этди, демак, мен ҳам таслим бўлиб бош эгишим керак”, дея олсак… Қани эди; “Ё Рабб! Ҳар неки бор, яратган сенсан… Сен яратганинг учун жаннатингга-да, жаҳаннамингга-да розиман”, дея олсак… Қани эди; “Бир қанча кўшк учун, бир қанча ҳур учун… Жаннат… Жаннат… деганларга жаннатни бергин. Менга сен кераксан”, дея олсак… Қўлларингизни очинг ва ховучларингизга қаранг… ТИКОНСИЗ ГУЛ ОЧИЛАДИМИ, ОЧИЛМАЙДИМИ?
Абдукарим Мирзаев
|