12uz.com - Таниқли адиб ва публицист Тўлқин ЭШБЕК 1963 йил 1 июнь куни Иштихон туманида зиёли оиласида таваллуд топган, тумандаги 7 ўрта мактабда таълим олган. 1985 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаган. "Иштихон овози", "Зарафшон", "Қибрай садоси", "Ўзбекистон овози" газеталарида, "Саховат", "Ўзбекистон матбуоти", "Гулхан" журналларида, "Наврўз" нашриётида қалами қайралган. Қисса ва ҳикоялари қатор газета-журналларда ёритилган. "Жигарбандлар", "Шабада эсган кун", "Қишлоқлик бола қиссаси", "Жайдари ҳангомалар", "Адашган қиз қисмати", "Ҳаёт карвонлари" каби китоблари нашр этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Усмон Носир мукофоти лауреати, “Олтин қалам” мукофоти совриндори.
Айни пайтда у Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди, ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари.
«ТАЛАБА»НИНГ ИШҚИЙ МАКТУБИ
Ҳикоя
1. Душанба
Журналистика факультетида “талабчан” домлалигимни намойиш этдим:
– Қалам тебратмасангиз журналист бўла олмайсиз,– дедим талабаларга.– Сизларга вазифа: кунига камида бир қоғоз, демак, ҳар ҳафтада етти варақдан ижодий иш ёзишингиз шарт! Кимки ёзмаса, бу мўътабар даргоҳга “адашиб” кирганини ўзи фош этган ҳисобланади!..
Мақсадим – истеъдоднинг тўқсон тўққиз фоизи меҳнат деган фикрни исботлаш эди!.. Барака топгурлар келгуси машғулотга саккиз-ўн варақдан ёзиб келишибди! Саксон беш нафар талабанинг жами етти юз бетдан ортиқ “ижодий иш”ини кўриб ҳайратга тушдим. Ана сенга олам-олам гул мисол ижод маҳсули! Энди тўйгунингча ўқийвер, “талабчан” домла!
Олахуржун кўтарган почтачидек бир қучоқ қўлёзмалар олиб келганимни кўрган хотиним бурунчасини жийирганча саволини дўлдек ёғдирди:
– Эҳ-ҳе, шунча қоғозни қаердан олдингиз? Нима қиласиз уларни? Ёки, маклатурага топширамизми, а?
– Қоғоз эмас, талабаларимнинг ижодий ишлари,– дедим ижодхонадаги столим устига қўярканман.– Келгуси машғулотгача ўқиб, баҳоламоқчиман!
– Қандоқ улгурасиз?
– Улгуришим шарт! Келгуси душанба куни талабаларим кутишади!..
Хоним пешонасини тириштирганча дилидагини айтди-қўйди:
– Сизга нима зарил?!
– Бўлғуси журналистларга ижод сирларини ўргатмоқчиман!
Асл муддаом эса – сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб, шунга яраша машғулот ўтиш эканлигини аёлимга айтиб ўтиришни эп кўрмадим.
Бўлғуси актёрларнинг муаллимаси бўлган хотиним дафтар текширишдан безганини яшира олмади, шекилли, пешонасини тириштирган кўйи атай уф тортди. Эринмаган банда, дегандек, елкаларини учириб қўяркан, дилидаги тилига кўчди:
– Ўзингизга жавр қипсиз...
У ҳақ экан. Барча ишларимни йиғиштириб қўйиб, ҳар куни юз ўн бетдан ўқисам, келгуси машғулотгача аранг улгурарканман. Бай-бай-бай. Ўзимни адабиёт оламидаги одам ҳисобласам-да шунчалик кўп адабий-бадиий китоб ўқишга имкон топа олмасдим...
Энди ўқисанг ҳам ўқийсан, ўқимасанг ҳам ўқийсан, “дониш” домла!
Хайрли ишни бошладингми, бас, чекинма! Атай ёздирганга яраша сабот билан ўқи! Эртага ҳар бир талаба сендан жавоб, таъбир жоиз бўлса – баҳо кутади!.. Туроб Тошбекович, дейман ўзимга ўзим, талабалар олдида чув тушишдан ёмони йўқ.
Қўлёзмаларни ҳафсала билан ўқиб, адоғига баҳо қўя бошладим. Бўлғуси журналистларнинг кўпчили чакки эмаскан. Бироқ, гуруч орасида учрайдиган курмак мисол айрим ғўрроқ талабаларнинг ажи-бужи ёзувлари кўзни, ғализ жумлалар, имловий хатолари асабни ишдан чиқараёзди. Уларни ҳам “йўлга” солиш керак. Шунинг учун домламиз-да!..
Хоним уч-тўрт марта ёнимга келиб, жимгина қайтиб кетди. Аҳволимни тушуниб, нон-чойимни ҳам иш столимга келтирди... Шу куни қачон кўзим илинганини билмайман. Партага бош қўйиб ухлайдиган талабалар “сафига” қўшилиб қолаёзибман... Яхшиям, хоним уйғотиб, жойимизга таклиф этди...
2. Сешанба
Тағин тунни тонгга улашга жазм этдим. Қўлёзмалар устида жавлон уряпман. Навбатдаги “ижодий иш”ни ўқир эканман, кўзимдан олов чиқиб кетди! Ана, холос. Жим-жимадор хатга қайта-қайта тикиламан. Кимга атаб ёзилган? Наҳот бу менга бўлса?! Ол-а. Иккинчи курс талабасидан шунақа гаплар чиқибдими? Наҳот?! Мана ўша хат:
“Азиз домлажон!
Ушбу номамни ўқиб, мени жинни деб ўйларсиз? Нима қилай, ўзингиз жинни қилиб қўяётган бўлсангиз... Шу кунгача севги деган сирли сўзнинг маъносини тушунмасдим. Севиш қанақа бўлишини тасаввур ҳам эта олмасдим. Энди севгисиз яшашни тасаввур эта олмаяпман. Сизни кўрсам, ҳатто ўйласам, юрагим ҳапқириб кетаётганини қай тил билан айтай? Дарсингизда кўзингизга кўзим тушса, тамомила ўзимни йўқотиб қўяман. Сиз асл “идеалим”сиз! Афсус, бугун сизга шундай дейишга (ҳатто хат ёзишга!) ҳаққим йўқ. Сиз аллақачон ҳаётда ўрнингизни топгансиз ва қайсидир маликадек малакка бахт ато этган бахтиёр инсонсиз. Мени севиш у ёқда турсин, ҳатто юрагингизга сиғдира олмаслигингизни тушунаман. Майли, хафа бўлмайман. Бироқ, шуни билингки, менинг юрагимда ёнган аланга иккимизга ҳам етарди!.. Мана, мен умримда қўлимга қалам тутган эмасдим. Энди сизга аталган каломимни ёзмасам чидай олмаяпман. Фақат тўғри тушунасиз, деган умиддаман.
Сизнинг хаёлингиз билан яшаш қанчалик бахт эканлигини англадим! Сиз “Меҳробдан чаён” асаридаги Анварга жуда ўхшайсиз? Мен Раъноманми-йўқми, буни ҳаёт кўрсатади. Тўғри, анча кеч қолганман. Минг афсус дунёга кечроқ келдим-да... (Ёки, сиз шошиб, вақтлироқ келгансиз...) Қисмат эса бугун бизни учраштирди!..
Сизни ҳаммадан қизғанаман. Афсуски, қуёшга ўхшаб барча-барчага меҳр нурингизни беаёв сочаверасиз. Қанийди, бутун меҳрингизни жамлаб фақат ўзимга бахшида этсангиз! Эҳ, менинг телба домлам!
Севгисиз ҳаётда топмайсиз маъно,
Гар Анвар эмассиз, хазондир Раъно...
...бону”.
Куларимни ҳам, куяримниям билолмай қолдим.
Хўш, азиз ўқувчим, шу тобда менинг ўрнимда бўлганингизда сиз нима қилардингиз? Дунёни бошингизга кўтарармидингиз ё ҳаммасини ичингизга ютармидингиз?
Домла бўлмаганимда ўзим нима қилишимни айтайми?
Бир ҳурилиқо ёзган хатдан ҳапқириб кетмаган юрак юракми, дейишим аниқ эди! Кейин, менга шунчалик кўнгил қўйган гўзални увол қилмасдим... Минглаб мушкул тугунни ечган ақлим бу масалани ҳам муқаддас китобда фатво берилган йўсинда бўлса-да ҳал этиш йўлини топарди!..
Модомики, бугун домла – мураббийманми, бас, шунга яраша қадамимни билиб босишим шарт! Шогирдасига кўзола қилган домланинг кўзига зиён...
Қайдам, севгининг кўзи кўр деганлари шудир? Устозини севиб қолган ожизада гуноҳ йўқ... Унинг кўзига мирзо Анвар бўлиб кўринган бўлсам, менда не гуноҳ? Ким экан ўша Раъно? Об-бо, хаёлпараст-ей. Раъно эмиш-а! Иккинчи курсда шунақа қиз бор эканми? Ўйлаб, ўйимга етмагач, гуруҳ журналини варақладим. Ҳеч қанақа Раъно исмли қиз йўқ. А-ҳа, рамзий маънода ёзган! Исми Раъно бўлганида асло ёзмасди. Унда ўзини Кумуш дермиди! У ҳолда камина Отабекми?..
Наҳот, қирчиллама ёшимда ҳам муҳаббат боғида юришга ҳақли бўлсам!.. Ахир, қирқ ёшингда қуюласан, дейишганди-ку...
Беихтиёр хатга кўз ташладим; “телба домла” дебдими? Об-бо қизалоғи тушмагур. Ҳозир шу ерда бўлганида таъзирини берардим-а. Ўзи домласини телба қилиб қўймаса бўлгани...
Хатни қайта-қайта ўқирканман, ошхона томон қараб қўярдим. Ишқилиб, хоним кузатиб тургани йўқмикин? Бу хатни кўриб қолса нима бўларди? Ўҳ, кейин кўринг томошани. Ўша ...ни топиб берасиз, деб туриб олса-я?! Рашк энг мулойим хотинни ҳам урушқоқ қилиб қўйиши бор гап. Хайрият, у ҳозир ўз иши билан банд. Ошни дамлаб қўйгач, ўғлимизга калькуляторда ҳисоблашни ўргатяпти. Худога шукр, шундоқ “овунчоғимиз” бор!..
Хатни қўлёзмаларга солиштириб кўра бошладим. Шу ҳаракатим худди изтопар ёки қўлёзмалар институти ходиминикига ўхшаётган бўлса ажабмас. Йўқ, тополмадим. Балки, шўхроқ бола ҳазиллашдимикин? Эринмасдан йигитларнинг ёзувига солиштирдим. Йўқ, унақа ҳуснихат ягонага ўхшайди. Ё, атай ёзувини ўзгартирдимикин? Буниси ҳақиқатга яқинроқ... У ҳолда ким бўлиши мумкин? Машғулотимда гулгун яшнаб ўтирадиган қизларни бирма-бир кўз олдимга келтиришга ҳаракат қилдим. Шунда дафъатан сесканиб тушдим. Беғубор чеҳраларни бўлмағур ҳиссиёт ила эслаш бемаънилик эди мен учун...
– Ухламайсизми?– Хонимнинг товуши ҳарқанча майин бўлмасин шу тобда момагулдиракдек даҳшатли эшитилди. Илкис ётоқхонамизга қарадим. Хайрият, ортимдан пусиб келмабди. У меҳрибончилигини яна намойиш этаётганди.– Чарчаб қолманг!..
– Бемалол ухлайвер, жоним,– дедим ўзимни бамайлихотир кўрсатишга тиришиб.– Бироз ишламасам бўлмайди.
Бу гапга жавобан жуфти ҳалолим нималар деганини англолмай қолдим.
Минг ақлли, донишманд бўлма, бир жонон севаман деб турса ақлинг ҳам шошиб қоларкан. Юрагим мунча қинидан чиққудек бўлмаса. Мунча ёнмаса. Товба, Отабек ўқиган шеър нечун шу тобда ёдимга тушди:
Янги ёрни топқанда, дўстлар, эскиси нечун керак,
Эскини ўлган санаб, латта кафан бичмоқ керак...
3. Чоршанба
Хотинимдан биринчи марта сир бекитдим...
У тўғри тушуниши мумкин, барибир, эр-хотиннинг орасига совуқлик соладиган биринчи сабаб – бегона ҳақидаги гап бўлади... Қолаверса, эртага пайшанба! Оилавий тадбир олдидан ошга пашша тушмасин...
Бу хат юрак ўйноғи қилиб қўйди... Об-бо зумраша-ей. Қайси ошиқ, йўғ-е, маъшуқаю беқарор ёздийкин бу “нома”ни...
Келгуси ҳафтагача юрагим дош бериши амри маҳол. Ўша сирли мактуб эгасини топмагунча тинчий олмайман. Оёқларим беихтиёр факультет томон кетди. Товба, дейман ўзимга ўзим. Менга нима бўляпти ўзи? Ўша қиз учун кетяпманми? Вой-вой-вой, тез юришимни қаранг. Худди бир нарсадан қуруқ қолаётгандек югуряпманми? Хўш, иннайкейин-чи?.. Шу пайт бир сесканиб тушдим. Бир савол виждонимни беаёв эза бошлади: мен кимман ўзи? Мураббийманми ё телба ошиқ?.. Оҳ-воҳли ошиқлик даврим аллақачон ортда қолмадими? Эсингни еб қўйма, Туроб, ақлингни йиғ! Беихтиёр кўкрак чўнтагимга қўл тиқдим. Мени мажнунга айлантираёзган хатни қўлга олганча йўл-йўлакай жим-жимадор ёзувга кўз ташладим-у... вужудим алангаланиб кетди!..
Факультет эшиги олдида безовта бўлиб турган декан муовинининг юзи ёришди:
– Хизрни йўқласак бўларкан-да, Туроб Тошбекович,– деди у салом-алик асносида.– Уйингизга қўнғироқ қилсак, сизни қатгадир чиқиб кетган, деб айтишди.
– Тинчликми?
– “Бадиий публицистик жанрлар”дан дарс бераётган домламизнинг тоби қочиб қолибди. Амалиётини сиз ўтишингиз керак-а? Эй-й, яшанг! Ҳозир шу машғулотни ўтсангиз. Талабалар кутишяпти...
Айни муддао! Сичқон овлаётган мушукдек тимирскиланиб юрмасдан, шу машғулот пайтидаёқ орани очиқ қиламан, вассалом.
Декан муовини бўлса, “сўзини икки қилмаганимга” шукр қилиб қолгани кўзларидан аён сезилди.
Назарий билимдан кўра амалиётга – ижод осмонида парвоз қилишга ташна талабалар мени севинч билан кутиб олдилар. Машғулот ўтар эканман, кўзларим беихтиёр ўша қизни ахтарарди. Чўғдек порлаб турган кўзларнинг қай бири экан?
Дангал савол ташласаммикин? “Бирингиз менга хат ёзибсиз...” десам, хўш, ундан кейин-чи? Талабалар гув-в этиб қалқиб кетишмайдими? Нима деб ёзибди, нима ҳақда экан, деб туриб олишмайдими? Иннайкейин-чи? Хатни ошкора ўқиб бераманми? Кейин кўринг дув-дув гапни...
Шу гаплар хаёлимдан кечаётиб, талабаларнинг кўзларига боққандим, юрагим алланечук бўлиб кетди. Ахир, ҳаммаси ўз фарзандларимдек-ку! Улар ҳақида бемаъни хаёлга боришдан бемаънилик борми?! Талаба ёшлик қилган бўлса, сен ақлли бўл, дониш домла! Бўлмағур хаёллар билан юрсанг, у сени тубсиз жарга қулатади...
Барибир, хат эгасини топишим керак-ку!..
Қўнғироқ чалинганда талабалар билан хайрлашаётиб, дилимдагини сал-пал тилимга чиқаришга уриндим:
– Кимнинг менда шахсий гапи бўлса, кафедрамизга кирсин. Ўн-ўн беш дақиқача шу ерда бўламан.
Худди шуни кутиб тургандек гуруҳ сардори – Гулноза шундай деди:
– Устоз! Ҳозир ман кираман...
Бошимдан яшин ургандек бўлди. Ўз қизимдек – Гулноза айтдими шу гапни? Нима демоқчи?! Наҳотки... Эҳ, шошма, сардор сифатида бирор нарса демоқчидир? Сал бўлмаса, эсингни еб қўяёздинг-а, Туроб?! Балки, хатдан хабари бордир? Бирор дугонаси ёзган, эҳтимол дардини достон қилган бўлса не ажаб? Бўлиши мумкин! У ҳолда ҳаммаси силлиқ кўчади. Устозларга хос салобат билан масалани (гуруҳ сардори гувоҳлигида!) ижобий ҳал этаман...
Беш дақиқа ўтмай бир қучоқ қоғоз кўтарганча Гулноза кириб келди.
– Устоз, бизни амалиётга зўр ўргатяпсиз-да!– Қувноқлик билан гапирди у қўлидагиларни олдимга қўяркан.– Ҳаммамиз бетўхтов ёзяпмиз! Мана минг бетча бўпти!..
Ўтган куни топширганларингни ҳали ўқиб улгурмаган эдим-ку, дейишга тилим бормади.
Ана сенга олам-олам ижод гуллари! Тўйгунингча ўқийвер, мулла Туроб!
Уйда тағин шу аҳвол; турфа қўлёзмалардан бош кўтара олмай қолдим.
Хоним пешонасини тириштирганча иддаоли оҳангда сўради:
– Овқатингизни яна шу ерга келтирайми?
Бунақа ўтириш ўзимга малол келди. Жимгина ўрнимдан туриб, ошхона томон юрдим. Шавла еяётганда ҳам хаёлим қўлёзмаларда эди. Ёшларнинг гулгун чеҳраларини кўз олдимга келтириб, ғайратим жўшарди. Бироқ, барча ўйларимни биргина хат талқондек майдалаб юборарди.
Вужудимда икки тўлқин – Юрак ва Ақл беаёв курашарди.
Талаба – ўз номи билан талабчан бўлади. У домласидан кўп нарса талаб қилишга ҳақли! Бироқ, домланинг талаби чекланган! Билим ва тарбиядан бошқа нарса талаб қила олмайди...
Бу – ақлимдан чиққан гаплар!
Юрак амри эса бошқачароқ; дунёга келдингми, яшаб қол, армонсиз сев! Фикри ожизимча, дунёда ҳақиқий ошиқ битта бўлса – ўзимман! Синфдош қизни севган ҳолда унга ҳавас қилардим; шу қадар севилиш беқиёс бахт эмасми? Дейлик, каминани бирор қиз шунчалик севганида ўзимни қандоқ ҳис этардим? (Афсус, “Туробни севаман” деган гап шу пайтгача қулоғимга чалинмаган). Оилавий сирим бўлса ҳам айтай: “Мени севасанми?” деган саволимга ўз рафиқамдан “Сев, десангиз, севавераман...” деган ўта мужмал жавобдан бошқасини эшитмаганман.
Шуям севги бўлди-ю...
Аслида “йигитни севган қиз” ҳақида эшитсам, ғашим келарди. Гўё, дунё тескари айланаётгандек, ҳаёт мезонига дарз кетгандек туюлаверарди. Қизлар фақат севилиш учун яралган, деб ҳисоблардим.
Ўзим ҳам бир қиз севгисини қозонганим ҳақидаги хушхабардан воқиф бўлгач, бу борадаги фикрларим тамомила ўзгариб кетди...
Дарвоқе, уни қандоқ аташ керак – ошиқми ё маъшуқа? Билганим шу эдики, севган – ошиқ, севилган – маъшуқа. Бу гал мен қиз томонидан севилган маъшуқ(а)манми? Шунча китоб ўқиб, бу оддий жумбоқ ечимига кўзим тушмаган экан. Дунё тескари айланмаяптими, ишқилиб?
4. Пайшанба
Эҳ, каллам қурсин, қўлёзмалар уммонида “пайшанба тадбири”ни унутиб қўйибман-ку. Энди дам олиш керак! Пишиллаб ётган хоним уйқусираса-да ҳақ гапни айтди:
– Соатга қаранг, жума бошланганига икки ярим соат бўлди, тўғрими, бас, туринг, ишингизни қилинг! Сизга хотин эмас, хат керак!
Чаён чаққандек сабчиб тушдим:
– Қанақа хат?!
Хоним хумор кўзларини очмасдан минғирлади:
– Ана, столингиз усти тўла хат-ку? Шулардан бош кўтара олмаяпсиз-ку?
– Тўғри,– дедим салгина ўзимга келиб.
Хотиним томдан тараша тушгандек сўради:
– Бошқача хат ҳам бормиди?
– Йўғ-е, нималар деяпсан? Бошқача хат бўлса, сендан яширармидим? Доим айтаман-ку, дунёда хотинига вафодор битта эр бўлса – ўзимман!.. Сал сурил энди...
5. Жума
Муҳаббат гулшани ёшлик боғларида ажиб хотира бўлиб қолган деб юрар эдим... Ўғлингнинг бўйи бўйингга тенглашиб, мўйлаби сабза урганида бу ҳақда ўйлаш ўзи кулгили...
Ақл отига миндим, деганда муҳаббат осмонида яна бир яшин чақнаб, мени телба қилиб қўйса-я. Бу ҳақда ўйламайман, десам ҳам юрак қурғур... Мажнун бўлиб қолишимга бир баҳя қоляпти. Наҳот шу ёшимда талаба қизнинг “юрагидан урганим” рост бўлса!..
Юрак нидосини қаранг: “...илгарироқ қаерда эдинг, Лайлим!..”
Ўт-оловдан қолишмайдиган ёш қиз севгининг сирли оламини қандоқ тасаввур этишини яхши биламан! Муҳаббат боғида ғунчадек очилган ожиза оташдек юрагини ақлига бўйсундиришга ожизлик қилади. Туйғулар тоқида у ўзини қай даражада ҳис этиши аниқ. Унинг юрагини забт этган домла учун бу бахтми ё бахтсизлик?
Ишқилиб, охири бахайр бўлсин...
Хатни кўйлагимнинг кўкрак чўнтагида сақлаб юрибман. Юракка малҳам бўлсин, деганим эмас бу. Бошқа чўнтакларимга хонимнинг ҳам қўли кириб туради...
Тизгинсиз хаёлларим ўзимни тизгинлаб ташлади...
Бу нозик ишда Ақл ҳарқанча ғолиб бўлмасин, туйғулар ҳам ўз ишини қиларди; демак, бу дунёда мен ҳам лоақал бир бора (гарчи самарасиз бўлса ҳам!) севилиш бахтига мушарраф бўляпман! Ҳозир ҳаммасидан кўра худди шу ҳақда хаёл суриш мароқли эди! Демак, мен учун муҳаббат япроқлари хазонга айланмаган! Севги куртаклари барқ уриши, қалбимдаги ғунча гул янглиғ очилиши мумкин! Севилишга арзигулик йигит эканман-а! Менга кўнгил қўйган қиз (гарчи хомхаёл бўлса-да!) кимсан – талаба! Демак, ҳали талабадек севиб-севиладиган даврим! Ишқ осмонида парвоз қилаверсам бўларкан!..
Шундай туйғулар оғушида хатни қайта-қайта ўқирдим...
Ажиб туйғулар хотинимдан вақтинча сир сақлашга (асло хиёнат қилиш мақсадида эмас!) мажбур қилди. Унга билдирсам нима бўлиши аниқ; хатни бурда-бурда қилади, вассалом.
Домлалик фаолиятимга ҳам нуқта қўйилиб қолиши ҳеч гапмас...
Майли, бу ёғи бир гап бўлар. Энди хат муаллифини аниқлашим керак. “Бону”си ким бўлдийкин?.. Қайси талаба қизнинг юракчасидан урибман? Наҳот, бир қалбни забт этганман! Беихтиёр тошойнага қарадим. Қоматим чаккимас! Алпомишкелбат деганлари, ана, кўзгуда савлат тўкиб турибди! Кўнгил қўйган қизнинг ҳам дидига қойил. Барчиннинг ўзи қанақа экан?..
Эндигина бутланган ақл қўрғонимни телба туйғулар парчалаб ташлади. Шу қадар парчаладики, ўша он қўлимдаги антиқа хатни парчалаб ташлашга кучим етмасди. Муҳаббат оташида ёнган қиз юрагидаги ҳарорат вужудимни чулғаб, алангасида мени куйдираётган эди...
Хаёлимда кечган ўйлардан сесканиб кетаман. Ҳай-ҳай, ўзингни бос!..
Севиб, севгидан адойи тамом бўлган Мажнун севилиш лаззатини энди ҳис этяпман!.. Эҳ, мунчалар тотли бўлмаса бу руҳий лаззат! Вужудим мунча ёнмаса? Муҳаббат ёш танламас, оташи исталган вақтда куйдириб кул қиларкан-да...
Ҳов, ақлингдан адашма, дейман ўзимга ўзим. “Қирчиллама ёшдасан” деб кўнглингни минг кўтармасин, ҳаёт қарилик қўрғони сари етаклаётгани ўзингга аён-ку. Наҳот, ақл чўққисида собит тура олмайсан?! Шу савлатинг билан қандайдир ҳислар гирдобидан чиқа олмайсанми? Ўйлаб иш тутишга наҳот бардошинг етмаса?! Мен домлалигимни қилай, сен талаба эканингни унутма, дея хатни йиртиб ташласанг оламгулистон-ку!
Афсус, қайсидир нозанин ёзган хатни парчалашдан кўра ҳозир юрагимни парча-парча қилиб ташлаш осонроқ эди...
6. Шанба
Туйғуга эрк бермай, Ақл машъалин баландроқ кўтар, дониш домла!..
Кошки эди мудом ақл ила иш тута олсам!..
Туйғулар барибир тентиратиб қўяверади... Бўлмаса, муаллифи номаълум хатни шунча кундан бери қўйнимда сақлармидим?..
Оилага садоқат қаёқда қолди?
Бор гапдан хотинимни ҳам бохабар қилсам, иш бошқача бўлармиди! У ҳолда ҳақиқий “идеал эр” ҳисобланишим муқаррар! Телбаларча ёзилган хат шунчалик телба қилмасин, Туроб Тошбекович! Биров суйдим, деса, унга жавобан, куйдим, дейиш шартми? Ёстиқдошингдан неча кун сир сақлай оласан?..
Бу ақлли гаплар “ғишт қолипидан кўчганидан сўнг” хаёлга келди...
Мени “жинни” қилаётган қиз шу даргоҳда-ку! Уни топиб, орани очиқ қилмасам бўлмайди! Факультетга яқинлашарканман, яна вужудим титрарди. Инидан чиқаётган асаларилардек эшик бўсағасида турган қизлар саломига вазминлик ила алик оларканман, бир қур нигоҳ ташладим. Балки шулар орасидадир?
Йўқ, ҳеч ким менга сирли ё айрича боқмади...
Кафедра томон юрдим. Кузатиб турган бўлса, балки ортимдан келар? Бу умид ҳам пучга чиқди. Катта танаффус тугади ҳамки ҳеч ким “қадам ранжида” қилмади.
Талабаларнинг чеҳраларига боққанча ийиб кетдим. Уларга бегона кўз билан қараган куним ўлиб қолсам керак... Талабаларини ўз фарзандидек сева олмаган одам устоз бўла олмайди! Бу – мен кашф этган фалсафа!
Ўша фалсафамга аввало ўзим амал қилмоғим лозим!
Шундай ақл билан уйга қайтгач, чўнтакка қўл соламану...
Ташна туйғулар тентиратиб қўяди.
Ахир, севги деган илоҳий неъматни Ақл тарозисида ўлчаб бўларканми?
7. Якшанба
Хотинимнинг гапи томдан тараша тушгандек бўлди:
– Дадаси, мунча хаёлпараст бўлиб қолдингиз?..
– А, лаббай?– Гўё айб устида қўлга тушгандек ичимда нимадир чирт узилди. Бошимда қаққайиб турган хонимга ҳуркиб қарадим.– Бир нарса дедингми?
– Мунча уҳ тортасиз? Тинчликми?
Тилим зўрға айланди:
– Тинчлик...
Кўзимни олиб қочганимни сезди, шекилли, илмоқли савол ташлади:
– Намунча ўзгариб қолдингиз?..
– Қайтиб ўзгарибман?
– Ўзингизга билинмаяптими?
Катталарнинг гапига аралашма, деб минг панд-насиҳат қилсам-да ўрни келганда шартта қўйиворадиган ўғлим луқма ташлади:
– Ойимга жа-а меҳрибон бўлиб қолдингиз!
– Бунинг нимаси ёмон?– Бошқа гап топа олмагач, ўғлимга ёвқараш қилдим.– Сен қачондан буён отанг билан онангнинг ўзаро муносабатига баҳо берадиган бўлиб қолдинг?
– Бир кинода кўрувдим!– Тап тортмай бидирлади ўғлим.– Қилғилиқни қилиб қўйган эркак ҳадеб хотинига хушомад ураверади...
Бунақа бемаъни гапларни ўз ўғлингдан эшитганда жинни бўлиб қолар экансан. Ўзимни тута олмай, ўшқириб юбордим:
– Шунақа бўлмағур кинолар кўришни сенга ким қўйибди!..
Бир имо билан ўғлимизни нариги хонага чиқариб юборган хоним мени тинчлантириш учун аста бошимни силади:
– Шунгаям шунчами? Асабингизни асранг, дадажониси!.. Ахир, домла деган номингиз бор! Тўғрими, домлажон!
Ҳовуримдан тушгач, минғирладим:
– Мишиқингга айтиб қўй, отасининг бетига буйтиб бақраймасин!
Вазиятни юмшатиш учун хоним яна бошимни қучди. Сочларимни оҳиста силаркан, муросага чақирган бўлди:
– У ҳали бола-да, домлажон!
Хонимнинг “домла”лаб гапириши кулгимни қистади:
– Ўғлимиз – бола! Сен-чи? Талабамисан? Намунча “домла”лайсан?!
Хоним антиқароқ қаради:
– Талабага ўхшамайманми, домлажон?
У шу тобда худди “Меҳробдан чаён” фильмидаги Раънога ўхшарди. Уни кўриб ўзим ҳам Анварга ўхшагим келди. Юрагим ажиб туйғулардан сармаст бўлиб, сўзларим ҳаяжонли чиқди:
– Талаба қизлар олдингда эп эшолмайди!.. Сен ҳақиқий Раъносан!
– Чинданми?
– Бўлмасам-чи!
Ҳозир ундан: “Сиз Анварга ўхшайсиз” қабилида гап кутгандим, афсуски, гапнинг нишаби бошқа ёққа бурилди:
– Бир нарса сўрасам майлими?
– Хўш?– Ҳушёр тортиб қарадим хотинимнинг юзига.– Сўрайвер.
– Мен ҳам “ижодий иш” ёзсам қандоқ бўларкин?
– Майли!– Дилимдан, шу етмай турувди, деган ўй кечса-да, тилимдан бошқа сўзлар чиқди.– Ёзиш қўлингдан келадими ўзи?
– Келганда қандоқ!– Қаҳ-қаҳ отди хоним.– Шундай ёзайки, домламиз телба бўлиб қолсин!..
– Қанақа телба?!
– Худди шунақа!
– Тушунмадим?
– Мана, телба бўлиб юрибсиз-ку!!
– ...
– Ишонмайсизми?– Хоним қандайдир сирдан воқифга ўхшарди. Мени синамоқчидек ўсмоқчилаб гапирди. – Наҳотки... Ахир, мен ёзган хатни бир ҳафтадан бери қўйнингизга солиб юрибсиз-ку, домлажон!.. Худди мушук бир нарсасини бекитгандек...
– Нима?!
Туйғулар жанггида мағлуб бўлган Анвар кинода мағрур турганди. “Сен енгдинг, Раъно!” дея тан берганди. Менинг эса мажолим етмади. Диванга чўкаётиб, хонимнинг сўзларини элас-элас эшитдим:
– Сизни Мажнун қилган “...бону” – ўзимман!..
Ҳикоям туга...мади.
Навбатдаги душанбада машғулотни одатдагидан бошқачароқ бошладим. Янгилик ва ахборотга ташна талабаларимга ушбу воқеанинг ярмини айтиб бергандим, ҳаяжондан аудитория ларзага келди. Уларни қизиқтирган савол битта эди: ким ёзган экан?
Ҳикоям давом этишини истаб, атай шундай дедим:
– Машғулотдан сўнг ўша “бону”ни кафедрада кутаман...
Иккинчи қаватдан бир эмас, тўртта қиз изма-из тушиб келди.
– Домла, сизни ҳаммамиз яхши кўрамиз,– деди улардан бири дангал мақсадга кўчиб.– Баъзи курсдошларимиз суратингизни ётоқхонагаям илиб қўйишган!..
Хат “муаллифи”ни тополмаганимда бу гапдан эсанкираб қолишим аниқ эди. Энди талабамнинг беғубор чеҳрасига бафуржа боқдим:
– Хўш, кимлар экан?
У ўн икки нафар дугонасининг исмини айтиб ташлади.
Иккинчи қизнинг ҳам гапи қизиқ бўлди:
– Устоз, сизга атаб шеър ёзиб юрганлар ҳам бор.
– Хўш, қайси шоиралар?
Тағин бир талай қизларнинг исмларини билиб олдим.
Баъзи қизлар янги китобимга тақриз ёзишаётгани ҳам ошкор бўлди.
Бу гаплардан сармаст бўлиб, савол ташладим:
– Хў-ўш, сизлар-чи? Яхши кўрмайсизларми?
Қўнғир сочли талаба меҳр ила боққанча шундай деди:
– Устоз отангдек улуғ, деган мақол мағзини энди чақаяпмиз! Ҳақиқий устоз – меҳрга кон бўлар экан. Уни севмай бўладими!
Тилим базўр айланди:
– Мен ҳам сизларни ўз фарзандларимдек севаман.
Қўлидан қалами тушмайдиган қиз ҳар қандай домла учун орзу бўлган гапни айтди:
– Машғулотингизга соғиниб келишимизнинг боиси шунда!
Шу пайт эшик қоқиб келган йигит суҳбатга қўшилди:
– Сизга хат ёзган одамни топдим!
– Хўш, ким экан?
Жингалаксоч йигит тахминини айтди:
– Ўғил болалардан бири ҳуснихатини ўзгартириб ёзган бўлса керак!
– Нега шундай деб ўйлайсиз?
– Ҳар қандай ҳодисадан зўр ҳангома чиқаришингизни ҳамма билади,– деди унинг ўзи ҳам умидвор боқиб.– Ўша бола “кулгули мавзу” яратмоқчи бўлгандир!
Қирқ кокилли қиз ўзича “нишон”га урди:
– Мабодо, ўша бола ўзингиз эмасми!
Гур-р кулгидан хонамиз ёришиб кетгандек бўлди!..
Шу тобда меҳр тўла кўзларга боқиб, кўнглим алланечук бўлиб кетди. Ахир, мен уларни ўз фарзандларимдек севишим аниқ-ку! Бу буюк муҳаббат олдида ҳалигидақа гапларга мутлақо ўрин йўқ! Энди абадул-абад ҳар бир талабамнинг мафтуниман!..
...Бу ҳангомадан ютганим – навбатдаги машғулотга қуруқ бормайдиган бўлдим! “Ижодий иш”имга эса қаҳрамонларимнинг ўзлари баҳо қўйишар...

30.09.2013