Султон Али:
“Ҳаёт – бу ўйин. Унда яхши ижрочи бўлиш керак”
Ўн беш йилдирки, Султон Али ижод ва изланишлари билан миллий мусиқа санъатимизнинг ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келяпти. Юртимизда кенг нишонланадиган байрам ва тантаналарни “Ассалом, Ўзбекистон”, “Шарқ таронаси” ва “Бахт куйи” каби кўнгилларга ёруғлик улашувчи куйларсиз тасаввур қилиш мушкул. Бу мусиқалар ҳар бир ўзбек қалбининг мадҳиясига айланган, десак муболаға бўлмайди. Қуйида севимли бастакоримизнинг ўй ва кечинмалари билан танишасиз. Асарнинг яралиши — Ижоднинг қийин томони шуки, кўп нарса кайфиятга боғлиқ. Руҳий жараён билан ҳисоблашмасликнинг иложи йўқ. Нимадир ёқиши керак. Бундай мушкул дамда нажотни жаҳон классикаси ва миллий мусиқадан излайман. Табиийки, мусиқа тинглаш менинг хоббим. Мусиқада гўзаллик катта аҳамиятга эга. ...Албатта, таъсир асардан асарга беихтиёр кўчиши мумкин. Бу қайтар дунё... Топаман десангиз, кимдир кимдандир таъсирланганига гувоҳ бўласиз. Шунинг учун “тақлидчи” тамғасини босишга шошмаслик керак. Биргина камчиликни жазолайман, деб ўнлаб фазилатларни бой бериш мумкин. Яратилаётган асарни тасаввуримда тиклайман. Ҳар бир чолғуни хаёлан чалиб кўраман. Ҳа, бу нолани чиқариш учун най керак ёки саксофон, скрипка эса мавзунинг бошқа бир қиррасини ифодалайди... Кейин созандаларни чақириб чалдираман. Битта куйнинг ўзида ҳамма чолғуларни ишлатиб бўлмайди. Айнан кераклисидан фойдаланиб, мусиқага безак берасиз. Гўзалликдан гўзаллик яралади?.. — Ички дунёси гўзал инсонгина гўзал асарлар яратиши мумкин, дейишади. Баҳсли фикр. Одам табиати ўзгарувчан. Мусиқа яралаётганда, албатта, ҳолатга кўчасан. Бу борада йиллар давомида ўзлаштириб келинаётган тажриба ёрдам беради. Ҳар қандай етук композиторнинг ҳамма асарини ҳам юқори савияда деб бўлмайди. Ёмон куйлар ҳам яратиш мумкин. Ахир, битта ота-онадан ҳар хил фарзандлар туғилади-ку. Ҳаёт шуниси, яъни бир хил эмаслиги — ҳамиша аъло бўлолмаслиги билан гўзал. Инсон ҳам шу! Табиатни жуда яхши кўраман. Ҳақиқий мўъжиза! Табиат ҳам яратади, ҳам вайрон қилади. Инсон ҳам шу табиатнинг фарзанди. Сувсиз тирикликни тасаввур қилиб бўлмайди. Лекин у туфайли рўй берадиган тошқинни хаёлга келтириш бир даҳшат. Шунинг учун ҳам, дуога қўл очганда, албатта, “Сув балосидан ўзинг асра!” деймиз. Оловни томоша қилишни ёқтираман. Лекин унинг учқунидан қўрқаман... Мени кўпроқ эртанги кун ўйлантиради. Ўтмиш эса огоҳлантириб туради. Мен учун энг муҳими — мусиқаларимнинг қанчалик узоқ умр кўриши. “Устоз кўрмаган шогирд...” — Шахсан мен маълум бир одамни “Мана бу зот, менинг устозим”, деб айтолмайман. Консерваторияда ҳам иккинчи курсгача ўқиганман. Ҳаммага ибрат қилиб кўрсатса бўладиган интизомли йигитлардан бўлмаганман. Лекин айтишим керак, мусиқа борасидаги кўпгина ахборотни консерваториядан олганман. Бирон бир мусиқа ёқиб қолса, албатта, “касал” бўламан. Ўз-ўзидан таҳлил бошланади: нега бу қадар гўзал? Мураккаблигининг сири нимада? Турфа оҳанглар уйғунлигига қандай эришган? Шу жумбоқ тугунини ўзим мустақил ечишим керак. Ўзимизнинг уста ҳофизлар ижоди билан бирга буюк италян композитори Эннио Морриконе, француз композиторлари Пол Мориа ва Энигма санъати мен учун катта мактаб вазифасини ўтади. Шу мактаблар ичида яшаганлигим учун ҳам, жаҳоннинг хоҳлаган бир мамлакатида ўзимизнинг санъатимизни қўрқмасдан намойиш эта оламан. Чунки бизнинг мусиқа халқаро йўналишда ижро этилади. Мен бу йўлни танлагунча, мусиқа орқали бошқа миллатлар қалбига қандай кириб бориш сирларини ўргандим. Истеъдод иродага таянади — Истеъдод Худонинг бебаҳо неъмати. Ва омонати ҳам. Истеъдодни вужудингга беркитганча, ўзинг билан олиб кетиш катта гуноҳ. Уни фақат меҳнат орқалигина юзага чиқариш мумкин. Бунда истеъдод фақат иродага таянади. ...Икки марта барча-барчасини — ҳаётимни ҳам, ижодимни ҳам бошқатдан бошлашимга тўғри келди. 1995 йилда “Ўзбекистон” гуруҳи билан чиққан бўлсам, 2006 йилда оркестрни (Султон Али бошчилигидаги оркестр) қайта тикладим. Ўта тушкун кайфиятда эдим. Ҳар гал Тошкентга қайтаётганимда, юрагим ҳаприқиб кетарди: “Мени яна қандай ажабтовур янгиликлар кутаётган экан?”. Ўшанда фақат ўзимга суяндим. Тушундимки, турли-туман миш-мишларни бартараф этишга ожизман. Олдинда фақат бир йўл бор: ўзингни тўлалигича ижодга бахш эт! Одатда ишлаётганимда, яралаётган асар ҳолатига ўзим кириб, ундаги дардни ўзлаштираман. Бироқ “Дардим йиғлар”нинг куйида — асосан ўзимнинг ҳиссиётларим... Бешинчи синфгача космонавт бўламан, деб орзу қилганман. Онам мусиқа интернатига топширгандан сўнг, санъатга қизиқиш бошланган. Ўн икки ёшимда чет эл эстрадасига маҳлиё бўлиб, шу орқали санъатга кириб келганман. Ўрганишни рубобдан бошлаганман. Бошқа чолғу асбоблари “тили”ни яхши биламан. Чолғулар “тили”ни тушунмасдан туриб, оркестр учун мусиқа ёзиб бўлмайди. Шогирдларим орасида хонандалар бир қанча. Машғулот давомида уларга қўшиқ айтиб, мақом орқали ўргатаман. Лекин ўзим хаёлан ҳам хонандаликка даъво қилмаганман. Одам ўзига ярашадиган ишни қилиши керак. Компютерда овозимни тўғрилаб, ўзимча ашула айтиб кўрсам ҳам бўларди. Лекин бу сохта томошанинг кимга кераги бор? Ўзимгами? Машҳурлик учунми? Машҳур бўлиш иштиёқи одамни асосий иш — ижоддан чалғитади. Санъатни табиийлик асрайди. Султон Алини улғайтирган ҳаёт — Болалигим қандай кечганидан қатъи назар, мен ҳеч кимдан хафа эмасман. Бу — тақдир! Қайсидир маънода хурсандман ҳам. Эҳтимол, болалигим мураккаб кечгани учун ҳам ҳаётни эрта танигандирман. Барибир, одам қачон бўлса ҳам мураккаб синовларни бошидан ўтказишига тўғри келади. Хоҳланг-хоҳламанг, умрингизда бир бор бўлса ҳам бу йўлдан ўтасиз. Таскин шуки, барча қийинчиликлар болаликнинг шўхликлари билан оқиб кетган. Ўйлаб қарасам, ўша дамда бошдан кечираётганларим азоб эканини англамаганман ҳам. Лекин эндиликда шундай ҳолатларга дуч келгудек бўлсам, жуда оғир қабул қиламан... Бугун эса улар ўтиб кетган. Ота-онам хотираси ҳурмати, улар билан боғлиқ яхши кунларни эслайман. Аслида шунақа бўлиши ҳам керак... Умид қиламанки, уларнинг руҳи бугунги ютуқларимдан хабардор... Олдинда мени яна нималардир кутаётган бўлиши мумкин. Лекин болалигим мени чиниқтириб қўйган. Ҳаёт, бу — ўйин. Унда яхши ижрочи бўлишинг керак. Ўзим қандай ижрочиман? Нимагадир қодирлигимни, айни дамда ожизлигимни ҳам сезаман. Энг муҳими, айбимни тан олиб, кечирим сўрашни, вақти келса, таслим бўла олишни ҳам биламан. < Хусусий киностудиялар қайси йўлдан бораяпти Беҳзод Муҳаммадкаримов: “Гамлет билан муштараклик сезаман” > . Изоҳни қўшиш
|