Понедельник, 23.06.2025, 17:53
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 4
Гостей: 4
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Сентябрь » 11 » Савдога қўйилмайдиган ягона бисот...
13:03
Савдога қўйилмайдиган ягона бисот...

Рейтинг:   / 0 

ЁмонЖуда яхши 
Тоифа: Фикрлар
 
Қараб чиқишлар: 242
Печать

Ҳеч унутолмайман. Қанча кулгули бўлса, шунча нохуш. Хаёлан эслаб, ўзимча ёйилиб кулаётган чоғда “Эй, лодон, сен кимнинг устидан куляпсан?”, деган савол кайфиятнинг нақ белидан тепади-қўяди-да...  Тўрт-беш йил олдин Миллий матбуот марказида аёл қаламкашлардан бирининг китоби тақдимоти бўлганди. Китобда замонамиз қаҳрамонларининг жўшқин фаолияти фахру ифтихорга тўлиб-тошиб ёзилган... Ўзидан сармаст муаллиф шаънига минбардан минбарга, даврадан даврага кўчиб юрадиган оташин сўзлар айтилиши бир одатий ҳол, энди. Бунга ажабланишнинг сира ҳожати йўқ. Лекин у ердаги ғайриодатий қилиқлар...  Ҳа- ҳа, айнан қилиқ...

Ҳамду санолар орасида йўл-йўлакайига хотинлар сочиқми-ей, рўмолми-ей, сандиқдаги атаб қўйилган шойи матоларми-ей, янги китоб муаллифи — “қаҳрамон” елкасига ташлашар, Тўмарис момою Нодираи Даврон издоши деб олқанган “қаҳрамон” ҳам меҳри ийиб дугоналарини сийлаётган дамда “Эб-би, ман ўлай” деган бир овоз қулоққа чалинганди. Ажаб-ажаб нағмаларга билдирилган энг холис баҳо чекка қишлоқдан келган аёлнинг мана шу таажжуби бўлди, менимча. Қай бир маънода жамият жиловини тутмоққа чоғланган аёлларда эса мана шу содда, дўлвор жувондаги фаросат етишмагандек, гўё.

Ўша кунги манзара одамдаги ички маданият миқёсини қалам ушлаш, ненидир қоралаш, бурро-бурро сўзлаш ва “халқ орасида юрган”лик кўрсатмайди, деган тўхтамга олиб келарди.  Ўтаётган йиллар, тусланаётган одамлар атвори эса бу мулоҳаза шунчаки мушоҳада тўхтами эмас, айни ҳақиқат эканини таъкидлаяпти.

…Ўзимча ўйлайман, (бу ҳам бир хаёлда), агарда, йиғиндаги фаол жамоат хонимлари ҳеч қурса Николай Гогол, Антон Чехов, Азиз Несин, Эркин Аъзам ё Мурод Муҳаммад Дўст асарларидаги кинояни тушуниб, завқ билан ўқиганида, ўзининг устидан ўзи кула олиш санъатини эгаллаганида эди, ортиқча замзамаларга ўрин қолмасмиди? Бу ёзувчилар асарлари кўзгу мисол бизга ўзимизни танитиб, ўзингни ўзинг танқид қила олишга имкон беради. Циркдаги масхарабоз томошасидан мириққандек, ўзингни томоша қилиш ҳам бир имконият-да. …Ойна қаршисида ўзингга оро бериш учун хиёл ушланиб қолганингда “ака, менга бир қаранг” кўйлагини кийиб олган жувоннинг ўйноқи кўзлари “яш-шанг, кам бўлмайсиз”, деб қадалиб тургандай ё  жиловинг катталар ихтиёрига ўтиб, ўз сўзингга ўзинг эгалик  қилолмай қолган чоғда Қурбонойнинг “Сен ҳам ўзимиздан экансан-ку, дугонажон”, деган истеҳзоси қулоққа чалингандай бўлади. Чоршанбижонни-ку эсламай қўя қолай, дил яна хира тортади... Қаранг, мутолаанинг “хавфли” томонлари ҳам бор, жавлон уриб яшашингга халал беради. Лекин танлов ўзингизнинг қўлингизда.

Айтишингиз мумкин, хўп ўша “эб-би, ман ўлай” ҳам шу ёзувчиларнинг асарларини мароқ билан ўқиганмикан, бундай ҳолатларни баҳолаш одамдан алоҳида зукколикни ё китобхўрликни талаб қилмайди, фаросат бўлса бўлди-да,  деб.

Фаросат истеъдод сингари Яратганнинг ноёб инъоми. Фақат истеъдоднинг ўзига таяниб бўлмаганидай, эзгу ҳисларга, андишаю истиҳолаларга бой қалбни бу ҳаёт довонларидан омон олиб ўтишга ёлғиз фаросатнинг кучи ҳамиша ҳам етавермайди. Турмушнинг тайинсиз тутумлари ичдан емирувчи бир қурт, инсондаги неки ажойиб фазилатлар бўлса, шуларнинг барини у кемира бошлайди. Ҳаётнинг қийқириқ ҳою ҳаваслари кўнгилни дағаллаштириб, туйғуларни даққи қилиб қўяди. Зеро, қозоқ халқи “қизларнинг ҳаммаси яхши, лекин ёмон хотинлар қайдан чиқади?” мақолини бежиз  айтмаган. Ё “ёмон қизни келин қиляпмиз” деган гапни ҳеч бир ўзбек оғзидан ҳам эшитмаймиз. Лекин... Хуллас, руҳимиз қумурсқалар емишига айланмаслиги учун фаҳму фаросат, яъни туғма идрок недандир куч, озуқа олиши зарур. Қолаверса, айнан бўш дарахтни қурт ейиши ҳақидаги ҳикматни кўпчилигимиз яхши биламиз.

Тан олайлик, аксарият оилаларда китоб ўқиётган одамга бекорчига қарагандек муносабат одатий тус олган. Чунки ғирт нақди билан қараганда, бадиий асарлар одамнинг на қорнини тўйдиради, на бирини икки қилади. Аксинча, савдойи саркаш қилгани қолади. У берадиган ақл, таассурот ҳаёт учун оғирлик қиладигандай...  Ҳатто, баъзан, ҳаёт бунга арзимайди деган шаккокона фикр ҳам йилт этиб ўтади.

Бехижолат айтиш мумкинки, халқимиз орасида ўзини бамаъни ҳисоблайдиган шундай аёллар етарлича  топилади: шахмат  ўйиними, китоб ўқишми ё қарта ўйиними, ҳаммасини бир кўзда кўради. Бадиий     китоб ё газета ушлаган одамга кўз қири тушди, дегунча: “Тўвба қилдим,                                                                                                                                                                                                   тўвба-ей, пиёзгиналарнинг ўтини юлса, кетмонми, ўроқми ушласа, икки сўмини тўрт сўм қилса бўлмайдими?” деб юзингизга нотавонга қарагандек термулади. Ё “шахмат қурғурни чиқарган” ялқовнинг уйгинасини “ёндириб” юборади. Битта чарм тўп ортидан ўн бир эркакнинг лўк-лўк югуриб юриши ва унга миллионлаб бекорчихўжаларнинг тикилиб туриши хурмача қилиқдан, тўқликка шўхликдан бошқа нарса эмас, улар учун. Айтарсиз, жонсарак онахонларимизнинг уй-рўзғор ишларига, турмуш ташвишларига куюнчаклиги-да, бу, деб. Лекин куюнчак оналаримизни қўшниникига — элакка бир чиқариб юборинг-чи? Ё биргина олди-берди тугунлару асъасали маросимга айланиб кетган тоғора тузатишларга сарфланган вақтни ҳисоблаб кўринг-чи? Янги туғилган бир парча этдан иборат вужудга ҳаво ўтказмас, куёв-келинлар либосини эслатувчи ажабтовур кийимни кийдириш хаёлида ўтган кунлар-чи? Аёлини туғуруқхонадан лимузинда олиб чиқиш илинжида эртадан кечгача тик оёқда зир-зир югураётган ота бўлмиш аҳволини кўз олдингизга келтиринг. Ё турмуш ўртоғи ўша ажнабий машинада олиб кетмагани учун ўзини ниҳоятда таҳқирланган деб билган аёлнинг ҳоли-чи? Номини айтмай қўя қолай, қайси жонивор йиғласин? Албатта, китоб ўқиган одамнинг ҳаммаси ҳам доно, эзгу ўй-хаёлли, закий деб айтолмаймиз. Шундай десак, ёлғон гапирган бўламиз.

Китобхонларнинг ҳам турфа  хили бор. Кимлардир, давр шамолларига ҳамоҳанг тебраниб туриш,  жамиятнинг илғор вакиллари сафида юриш учун китоб варақлайди. Бир пўрим бўйинбоққа қарагандек, жавон тўла китобларга нуфуз рамзи деб билади. Ва қай бир мавзуда бўлмасин, хоҳ юбилей кечаларию расмий тадбирлар, хоҳ соф дўстона мулоқотлар ё хуфёна дил изҳори бўлсин, барибир,  недир қилсаки, суҳбатдошини, аҳли даврани мот қилса. Улар китобдан кўра ўзидаги китобсеварни, китобхон бўлган ЎЗИни севади. Аксарининг англашу билиш доираси “Тафаккур гулшани” даражасида.

Яна кимлар учундир, бадиий адабиёт эҳтиёж, холос. Ўз кўнгли майлига кўра, дид талабидан келиб чиқиб ўқийди. Улар орасида содда китобхонлар ҳам бор, хос китобхонлар ҳам. Хоҳ Саида Зунунованинг ҳикоялари бўлсин, хоҳ Достоевский асарлари, баридан ўз кўнглига дардкаш, суҳбатдош излайди. “Уруш ва тинчлик” романини ўқиш баҳонасида Толстой бобоси билан ҳасратлашади, дугонаси Наташа билан эса синиқ ойнинг шикаста шуъласи остида шивирлашади. Бундай китобхонларда одамовилик хусусиятлари ҳам сезилади. Халқона тил билан жўнгина айтганда, “одам иси” кўп-да ёқавермайди. Бу ғайриҳолни қай маънода тушуниш мумкин? Тасаввур қилинг: “Нега бизнинг уйга келиб кетдингиз? Ташландиқ қишлоқнинг бир гўшасида Сизни ҳеч кўрмаган бўлардим, эсиз... Аччиқ азобнида билмасдим сира. ... Кўнгилга мувофиқ топиб бир ҳамдам, Вафодор бир хотин, шафқатли она Бўлардим, тотмасдан ишқ савдосини. Ўзга биров билан?! Йўқ, мен жаҳонда Бағишламас эдим кимсага қалбим! Тақдирда ёзилган ўзгармас асло, Тангри иродаси: сендамиш чеким! ” дея Татьяна билан тун бўйи сирлашган кўнгил “Бахо билан Уми...” (Баҳодир ва Умида исмининг қисқартирилгани) можаросига ё Бўстон опанинг мошкичири пиёзини куйдириб қўйганию Эшмамат билан Тошмаматнинг қандай қуда бўлгани ҳақидаги ҳангомалари “иси”га дош бериши азоб-да. Шунинг учун ҳам улардаги бегоналикни, ўзгачаликни оломон кибрга, олифтанамо даъволарга йўяди. Ўта содда, хаёлпарастлари  эса Дон Кихот мисол аянчли кулги уйғотади... Нима бўлганда ҳам бу каби китобхонларда самимият кучли, улар на душманликни, на ҳасадни дўндира олади.

Яна бот-бот қулоққа чалинади: ёшлар китоб ўқимайди. Катталар-чи? Адабиёт муаллимлари-чи? Журналистлар-чи? Ё китобхонлик ёшликкагина тегишли бўлган мавсумий паллами? Умрни чойхона паловлару сомса санаб гурунгларда ўтказиш улғайиш аломатимикан? Адабиёт ўқитувчилари орасида бир сўровнома ўтказинг-чи, охирги марта мол-ҳолидан, хотинлар йиғинию гап-гаштакдан, бандагарчиликдан (одамгарчилик эмас) вақт орттириб қайси бадиий асарни мутолаа қилган экан? Сўнгги ўн йилликдаги ўзбек адабиётининг умумий аҳволи ё юз йил ичида Нобель мукофотига сазовор бўлган ижодкорлардан ҳеч қурса ўнтасининг номини санай олармикан? Бадиий адабиёт “Ғиёсиддин кичкина оиласида дунёга келган Навоий 1441 йил туғилиб, 1501 йилда ўлган”, “Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов тоталитар тузум давридаёқ “Ўзбегим” ва “Ўзбекистон” шеърларини ёзган”, дейишгина эмас, ахир. Ёки байрамларда “Онажоним — меҳрибоним” деб бақиртириб шеър ёдлатишнинг ўзи адабиёт бўлолмайди! Ёшлар китобхон бўлиши учун, аввало,  катталар, адабиёт ўқитувчиларининг ўзи китобсевар, мустақил мутолаа кўникмасига эга бўлишлари зарур.

Қизиқ, болалигимда адабиёт ўқитувчиси, деган-да, тўю базмларда оҳанг тортиб шеър ўқийдиган, бийрон-бийрон сайраётган нотиқ келарди. Чунки, кимки гапининг орасига шеърнамо нимарса тиқса бўлди, каллани сарак-сарак қилиб: “адабиётчи-да” дейишарди. Юқори синфда ўқиб юрган кезларим мана шу жўн таассурот ортида, аянчли манзара бекиниб ётганини фаҳмлагандай бўлдим. Чунки ўша адабиёт ўқитувчилари, асосан, аллақандайдир тадбирлар учун фақат байрамона шеърларни декламация — ясама оҳангда ёдлатишдан нарига ўтмасдилар. Кузатишимча, аҳвол ҳалиям шу.  Ҳайронман, “тантановор оҳангда ифодали ўқиш ҳали шеъриятни таниш эмас, сен шеър ўқиётганингда ўз кўнглингни тилмочига айланишинг керак, шоир сен айтишга қийналаётган сирни, ҳақиқатни сўзда ифодалайди. Сен шеър орқали юрагингни оч! У сенинг табибинг. Жароҳатларингни давола! Онангни хафа қилиб қўйдингми? Мана, Есениннинг “Онамга мактуби”ни ўқи ё Абдулла Ориповнинг “Онажон” шеърини... Зора, улардаги изтироб юрагингдаги дардни тошга айлантирмасдан эритиб юборса... Ё шоирни тинглаб кўр-чи, у ўзи ҳақида нималар деяпти. Кўнгил — одамзотнинг очиқ савдога қўйилмайдиган ягона бисоти”, деб уқтираётган адабиёт ўқитувчилари топилармикан, ўзи?! Иншо ёздираётган муаллимларимиз: “Бадиий адабиёт воқеликка, сизни ўраб турган муҳитга, атрофингиздаги одамларга нисбатан сизнинг кўнглингиз муносабати. Шунинг учун “Мен нечун севаман, Ўзбекистонни?”, “Мен севган қаҳрамон” ё “Менинг маҳаллам” мавзусида иншо ёзсангиз, катталардан, телевизордан эшитган гапларингизни эмас, ўзингизнинг хаёлингиздан ўтган фикрларни, сизга таъсир қилган воқеаларни ёзинг, мен шунга баҳо қўяман”, деб тушунтира олишяптимикан? Агар шундай ўқитувчилар чиқиб қолса, демак, миллатимизнинг эртасига ҳам умид қилса бўлади.

Мутолаа нимага керак? У бизга нима беради? Ҳозирча тушунганларим: ҳақиқатни сезиш туйғусини тарбиялайди, эшик ортидаги ҳаётни кўришга ундайди. Сиз бир қанча ёзувчилар билан мулоқот қилиш асносида ҳар кимнинг ҳам кўзи тушавермайдиган ҳаётнинг қирраларини кўрасиз. Шу маънода чин китобхон ҳеч қачон мурғак қизалоғининг қўлидан ушлаб, редакцияма-редакция изғимайди. Хўмрайган деворлар орасида зурриёдининг бор тоза хаёлларини хазон қилиб, йўқ жойдан истеъдод ясашга уринмайди. Ичи бўм-бўш ноғорадан “Чўли ироқ” чиқмаслигига кўзи етади. Гарчи фарзандида недир бўлса-да, боланинг шаффоф оламига ола-чипор рангларни олиб кириб, уни сеники-меники деган олишув майдонига ўз қўли билан бу қадар эрта улоқтирмайди. Яъни, аллақандай танловлару мукофотларни деб, болани болалик дунёсидан маҳрум этмайди. Бу ўринда ғолиб бола ҳам, мағлуб бола ҳам ютқазади. Иккисининг ҳам аҳволига ҳавас қилолмайсан. Муваффақият уни ҳавойиликка, кибрга, сохтагарчиликка олиб борса, мағлубият аламга, дарди бедаво ҳасадга йўлиқтиради. Ўз қўлингиз билан  болангизни мажруҳ қилиб қўясиз.  Асли бу ялтироқ ўйинлар бола учун эмас, бари сиз учун, қониқмаган шуҳратпараст нафсингиз учун керак.

Ўз кўнглингни ўқиш, ўзинг орқали ўзгани танишни ҳам ўргатади. Ичингизга шўнғийсиз. Бахтни ҳам, бахтсизликни ҳам ўзингиздан излайсиз. Ўзини таниган ўзгани танийди, тушунади, кечиради. Бу жараён одамдаги худбинликнинг олдини олади. “Эй, биродар, сени сўқир кўнглингдан ҳам бошқа кўнгил, бошқа ҳақиқат бор. Ҳаёт сенинг тантиқ хоҳишинг учун бир эрмак эмас”,  деган ҳақиқат сари етаклайди. Ва дардни танитади. Эҳтимол, сиз бахтсизликка дуч келмагандирсиз, лекин бахтсизлик нималигини биласиз. Мазлумни хўрламайсиз. Ёки ўзга дардлар, ўзга севинчлар, бошқалар ҳаётини яшаш эвазига ўз бахтсизлигингизни унутгандай бўласиз.

...Миллий театрнинг отахон актёрларидан бири виқор билан: “Энди ўзбек ҳаётини қайнона-келинсиз тасаввур қилиб бўлмайди-да” деганди. Маҳалла қаричи билан қараганда жуда тўғри. Лекин қайнона келин машмашаси бутун бир миллатнинг бош муаммосига айланиб қолиши айни трагик-комедиянинг ўзгинаси эмасми! Хоҳлайсанми-йўқми ич-ичингни Чўлпоннинг аччиқ устида алам билан ўзга миллат аёлини афзал билиб айтган гапи тирнайди: “Миллат болаларининг бахти ҳақиқий-маданий Оналар қўлида бўлмаса, бизнинг оқибатимиз ёмон” (“Кеча ва кундуз” романи). Муаммо шуки, гап бизнинг оналаримиз — миллат оналари,  мушфиқ, муштипар, деб билганимиз аёллар ҳақида кетяпти! Бу ҳақиқатга ён бергинг келмайди, оғринасан, лекин начора! “Бекорчидан Худо безор”.  Ҳақиқат шуки, арзирли корга ярамайдиган, бўм-бўш бошнинг маҳсули бўлмиш урфнамо даҳмазалар тегирмон тоши мисоли инсон қадрини, умрини топтаб ташлаяпти. Инсон тақдирини йўққа чиқараётган ана шу чучмал ўй-хаёлларнинг томошабини ҳам, қурбони ҳам ўзимиз. Табиат бўшлиққа дош беролмайди, руҳ эса деди-дедиларга... Агар руҳ озиқлантириб турилмаса, бош банд бўлмаса, шайтоннинг созига хиром айлаётган, қора ўй-хаёллар гирдобидаги одамзот ҳолига йиғлайверинг.

Қанийди ҳамма китобни севса... Албатта, бу ғирт хаёлдан ўзга нарса эмас. Лекин сиз кулаётган мана шу хомхаёлда барчамизга аён соф заминий армон бор:  агарда, ҳамма китобхон, асл санъатнинг чин шайдоси  бўлганида эди... қайнона келин можаролари бугун ўзбекнинг дардига айланмаган бўлар эди.

Иқбол ҚЎШШАЕВА

Просмотров: 761 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Сентябрь 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930