Рауф Парфи 1943 йилнинг 27 сентябрида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманига қарашли Шўралисой қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. Отаси Парфи Муҳаммадамин ўғли анчагина ўқимишли киши бўлиб, шўролар қувғини даврида Фарғонанинг Водил қишлоғидан Шўралисойга келиб қолган. Онаси — Сакинахоним Исабек қизи ҳам завқи баланд, китоб кўрган, мумтоз адабиётни биладиган аёл бўлиб, у киши ҳам асли фарғоналик бўлган. Рауф Парфи 1960 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетига ўқишга киради. У ердаги сабоқлар 1965 йилда битган бўлса-да, шоир “Марксча-ленинча фалсафа” деб аталмиш фандан ўтолмагани ва қайта имтиҳон топширишни истамагни учун университетдан диплом ололмайди.
Рауф Парфи 1966-67 йилларда Янгийўлда чиқадиган “Колхоз ҳақиқати” газетасида мухбирлик қилади. 1967 йилда Тошкентга келиб, Кинематография давлат қўмитасида муҳаррир бўлиб ишлади. 1971-77 йилларда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир лавозимида фаолият кўрсатди. Сўнг “Ойдин” газетасида, 1987 йилгача яна Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида меҳнат қилди. 1987-89 йилларда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, 1989 йилдан 1997 йилгача уюшма тарғибот марказида катта муҳаррир, 1997-1999 йилларда “Жаҳон адабиёти” журнали бўлим мудири вазифаларида ишлади. Улкан ўзбек шоири Рауф Парфи Ўзтурк 2005 йилнинг 28 мартида юрак хасталигидан вафот этди.
Рауф Парфининг биринчи шеъри 1953 йилнинг 5 мартида ўн ёшида Сталин вафотига бағишлаб ёзилган марсия бўлди. У мактабнинг деворий газетасида босилган. Тақдирни қарангки, ижодини инсоният тарихидаги энг ёвуз жаллоднинг ўлимига марсия шеър ёзишдан бошлаган болакай улғайгач, инсон эрки ва ҳуқуқлари учун курашувчи ижодкор бўлиб етишди. Университетнинг биринчи босқич талабаси эканида унинг қаламига мансуб “Лайло” шеъри миллат ёшларининг энг севимли қўшиғи сифатида куйланарди.
Шоирнинг биринчи шеърлар китоби — “Карвон йўли” 1968 йилда босилди. Шундан кейин турли йилларда унинг “Акс-садо” (1970), “Тасвир” (1973), “Хотирот” (1975), “Кўзлар” (1977), “Қайтиш” (1978), “Сабр дарахти” (1986), “Сукунат” (1989), “Тавба” (2000), “Сўнгги видо” (2005) каби шеърий китоблари чоп этилди. Ўзбек адабиёти ривожи ва миллий маънавиятни шакллантиришдаги улкан хизматлари учун 1999 йилда Рауф Парфига “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилди.
Рауф Парфи ўзбек ўқувчиларини жаҳон шеъриятининг энг сара намуналаридан баҳраманд этиш мақсадида дунё адабиётидаги бир қатор машҳур асарларни она тилимизга таржима қилган. Чунончи, Байроннинг “Манфред”, Нозим Ҳикматнинг “Инсон манзаралари”, Маҳмуд Ҳодийнинг “Озодлик лавҳалари”, Карло Каладзенинг “Денгиз хаёли”, А.Дюманинг “Уч сарбоз” ва бошқа кўплаб нодир асарлар Рауф Парфи қалами туфайли ўзбек китобхонларига етиб борди.