Понедельник, 23.06.2025, 20:46
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Август » 14 » «ПАХТАКОР-79». ФОЖИА ХРОНИКАСИ
18:56
«ПАХТАКОР-79». ФОЖИА ХРОНИКАСИ

«ПАХТАКОР-79». ФОЖИА ХРОНИКАСИ

Тўлаган Исоқов: «Пахтакор-79» чемпионликка даъвогар жамоа эди...» 

Эртага 11 август… хотира куни. Шу муносабат билан эътиборингизга спорт устаси, юлдузли «Пахтакор» футбол жамоасида да 15 йил Геннадий Красницкий, Бирадар Абдураимов, Владимир Фёдоров, Михаил Ан, Василис Хадзипанакис каби жаҳонга машҳур футболчилар билан ёнма-ён тўп сурган Тўлаган Исоқов билан ўтказилган суҳбатни ҳавола қилмоқчиман. 


- Бир нарсага ачинаман,-дейди Тўлаган ака. - Улар жуда ёш кетишди... Биз қандай бетакрор жамоадан маҳрум бўлганимизни кейинроқ англадик. Улардан келажакда иқтидорли мутахассислар, мураббийлар, футболимиз профессорлари етишиб чиқарди... Минг афсус, тақдир шу экан... 

*** 

Ҳамма нарса жиддий жароҳатдан бошланди... 

«Шахтёр» жамоаси билан бўлган учрашувда қаттиқ жароҳатландим. Ўшанда А.Пяних деган футболчи ноқулай сакраб, оёғимга шикаст етказганди. Тошкентлик шификорларга раҳмат, қисқа муддатда кейинги ўйинга тайёрлашди. Шундан сўнг Москванинг «Динамо» сига қарши ўйнадик. Бахтга қарши А.Новиков деган ҳимоячи худди ўша жароҳат олган жойимга иккинчи бор тепди - оёғим қаттиқ лат эди. Бу ҳаётимдаги энг оғир жароҳат эди… Ўшанда 0:1 ҳисобида ютқазаётгандик, унинг устига икки ўйинчимиз алмашган эди. Нафақат чопиш, ҳатто юришга ҳам мадорим йўқ эди. Оёғим зирқираб оғрир, аммо жамоадошларим қистовлари билан ўйинни давом эттирдим. Шу куни мағлуб бўлдик, кечқурун меҳмонҳонада чидаб бўлмас оғриқни сездим. 

Жамоа врачи Чумаков кечаси соат бир-иккиларда оғриқ жуда азоб бераётгани ва жароҳат авж олиши мумкинлигини сезиб, тез ёрдам чақирди ва мени Москвадаги травматология касалхонасига олиб борди. Докторнинг фикрига кўра, оёғимда гематома пайдо бўлиб, қон бир жойда жамланиб, яхши юришмагани сабабли оғриқ кучайган. Менга яқин орада майдонга тушолмаслигим ва жиддий муолажа олишим кераклигини уқтиришди. Кейинги ўйинимиз «Заря»га қарши. Эрталаб мураббийимиз жароҳат шунчалик авж олгани, оёғимдаги гипсни кўриб ҳайрон қолди. Чунки Чумаков ҳеч кимни уйғотмай ҳаммасини ўзи ҳал қилганди. Тошкентга қайтдим ва махсус даволаниш курсини ўта бошладим... Мени футболнинг ашаддий мухлиси Александр Теркин исмли шифокор даволади. Унинг гапига қараганда, жароҳатим жиддий экан. Оёқдаги қонни чиқариб олиш зарурлиги, агарда йиринг пайдо бўлса, мураккаб операция қилишга тўғри келиши ва камида 2 йил футболдан маҳрум бўлишимни ҳам айтди. Ўшанда 30дан ошган эдим… 

Врачлар 2 ой чопмаслигим ва тўп тепмаслигимни уқтиришди. Кейин танишларим ёрдамида хитойлик табибдан игна санчиш муолажасини олдим. Бир ҳафтадан сўнг секин-аста ҳаракат қилишга киришдим, лекин ҳассани ташлашга эрта эди… 

«ПАХТАКОР-79». ФОЖИА ХРОНИКАСИ: СЎНГГИ УЧРАШУВ ВА… 

1979 йил 8 август: Чемпионатнинг иккинчи ярми эндигина бошланганди. Шу куни Ворошиловграднинг «Заря» жамоасини 3:1 ҳисобида ютдик, ҳаммада кўтаринки кайфият, футболчиларнинг кийиниш хонасига кириб йигитларни табрикладим. Улар мени кўриб хурсанд бўлишди ва тез сафга қайтишимни тилашди. Ўшанда йигитларимизда қандайдир кўтаринки кайфият, куч-қувват, кўзларида олов, бирдамлик ва дўстона муҳитни сездим. Ҳа, йигитларимиз чемпионлик учун курашга астойдил бел боғлагандилар. Менинг ўрнимга Шуҳрат Эшбўтаев чиқиб, йўқлигимни билдирмасликка ҳаракат қилганди. Улар билан ўтириб анча гаплашдик, лекин бу учрашув сўнггиси эканлиги, уларни бошқа кўрмаслигимни билмасдим. Ҳамма билан бирма-бир қучоқлашиб хайрлашдим ва бир кундан кейин Москвага бориб, у ердаги мутахассисларга кўринишим кераклигини айтиб, уйга қайтдим. 

1979 йил 9 август: - Москвада профессор Зоя Сергеевна Миронова деган Ортопедия институтининг катта мутахассисига кўринишим керак эди. Эрталаб аэропортга борганимда мени жамоамиз маъмури Мансур Толибжонов кутиб турган экан. Москвага учдим. Етиб боргач, биринчи навбатда, бизга устозлик қилган, «Пахтакор-79» «архитектори», бўлган буюк мураббий Вячеслав Дмитриевич Соловьёвнинг хонадонига бордим. Анча вақт гаплашиб ўтирдик, Тошкент, миллий урф-одатларимиз ва айниқса, Соловьёв тарбиялаган йигитларни эсладик. Агар у дардга чалинмаганида, ҳеч шубҳасизки, «Пахтакор»ни чемпион қиларди. Соловьёв кўплаб донгдор жамоаларда ишлаган, аммо «Пахтакор»га меҳри ва эътибори юқори эди. 

1979 йил 10 август: - Эрталаб рентген-плёнкалари ва ташхис натижаларини олиб Зоя Сергеевна ҳузурига бордим. У барча ҳужжатларимни бирма-бир кўздан кечириб, оёғимни диққат билан текширди. Соловьёвга қараб, Тошкентга шунчалик кучли жарроҳлар борлигидан ҳайрон қолганлигини таъкидлади. 

Клиникадан чиқиб, Соловьёвнинг ишхонасига бориб, нима қилишни ўйладик. Фурсат топиб Тошкентга телефон қилдим. Ўзбекистон спорт қўмитаси раиси Мирзаолим ака Иброҳимов билан гаплашдим. Кейин катта мураббийимиз Олег Базилевич билан ҳам… Улар жароҳатим битаётганини эшитиб хурсанд бўлишди ва тезда Тошкентга қайтишимни, «пахтакорчилар» билан 11 август куни Минскка учиб кетишим кераклигини айтишди. Улар ҳали ҳассага таяниб юраётганимни билишмасди. Минскдаги ўйиндан сўнг Базилевичнинг эски дўсти - машҳур врач Eлизаровга жароҳатимни кўрсатиш ниятлари борлигини ҳам айтишди. Бу ишларнинг ҳаммаси фожиадан бир кун олдин рўй берганди. 

Бор гапни Соловьёвга айтдим, у бироз ўйланиб, ўйинга киришиб кетишим учун камида 2 ой кераклигини таъкидлади. Шошилмай жароҳатни охиригача даволашим, кейин амалий машқларга киришишим ва ўз устимда ишлашим кераклигини маслаҳат берди. Бу пайтда уйида яшашим мумкинлигини айтди. 

Аввалига иккиландим, кейин устознинг гапларига кириб шундай иш тутдим, хитойлик табибларнинг «Бир ой ўйинга тушмагин», деган гапларини ҳам эсладим. «Пахтакор-79» билан боғлиқ мудҳиш воқеадан сўнг билсам, Оллоҳнинг ўзи мени хатардан асраган экан… 

1979 йил 11 август: - Шу куни Москвада собиқ «пахтакорчилар» - Леонов, Кузмин, Патрикеев ва бошқалар билан учрашишим керак эди. Биз Кузминнинг уйида йиғилишиб, эски воқеаларни эслаб, суҳбатлашиб ўтиргандик, шу аснода телефон жиринглаб қолди – «Сизни сўрашяпти», деб менга телефон гўшагини тутқазишди. Қулоққа тутсам, йиғламсираган аёлнинг овози эшитилди, у Соловьёвнинг рафиқаси эди. «Пахтакор»нинг ҳалокати ҳақида узуқ-юлуқ сўзларни англаганимда, секин-аста эсим оғаётгандек туюлди, кўз олдим қоронғулашди, тик туролмай стулга йиқила ёздим... Тилимга бир сўз келмай ўртоқларимга мудҳиш хабарни айтишга куч топа олмасдим. Ҳамма мени ҳолатимни кўриб қўрқиб кетди... Соловьёвнинг гапиришга мадори қолмай карахт ҳолатда бўлиб, шунинг учун унинг рафиқаси телефон қилган экан. 

Ҳаммамиз тезда Соловьёвнинг уйига етиб бордик. Бизни кутиб турган экан. Ҳар биримизни қучоқлаб, ҳўнграб йиғлаб кўришди, биз ҳам йиғладик. Шунча эркакни йиғлагани ғалати бўлар экан. Лекин Тошкентда бундан-да даҳшатли манзаралар кутиб турганини ҳали билмасдим... Кейин Соловьёвдан Тошкентга тезда чипта топиб беришини сўрадим. У иккита чипта олгани ва касаллигига қарамай, мен билан бирга учишини айтди. 

МОТАМГА БУРКАНГАН ЎЗБEКИСТОН 

1979 йил 12 август: - Эрта тонг, соат 5:00да Тошкентга етиб келдик. Такси билан тезда футбол федерациясига бордик. Федерация биносига кирсак, одам лиқ тўла... Кимлар ҳалок бўлишгани ҳақида сўраганимда, ҳали ҳеч нарса маълум эмаслигини айтишди. Кун ёриша борган сари бутун Тошкент мотамга ўрала бошлагандек туюлди, ҳамма ерда битта гап - бутун жамоа ҳалок бўлибди... Аммо собиқ марказнинг буйруғига биноан, бу фожиа ҳақида на Москва ва на Тошкент ҳеч қандай ахборот берди. Лекин ўзбек футболи мухлислари бу ҳақда АҚШнинг «Озодлик» радиоси тарқатган баённомадан билиб қолишди. 

Биринчи таъзиянома 

- Ўзбекистон футбол федерацияси биносида кўзим қандайдир ғалати халқаро телеграммага тушди. «Пахтакор»нинг ҳалокатга учраши сабабли биринчи таъзия телеграммаси Нью-Йорк шаҳрининг машҳур «Космос» клубидан келибди. Фожиа ҳақида ўзбек халқи деярли маълумотга эга эмасди. Билишимча, ҳалокат юз берганидан 15-20 дақиқа ўтиб, ушбу хабарнома Ўзбекистонга етиб келган экан. 2-3 кундан кейин эса, Eвропа, Осиё, Африка ва Америка давлатларидан минглаб таъзияномалар кела бошлади. Мухлислар уларни ўқишга ҳақли эдилар. Шу боис спорт қўмитаси биноси ёнида катта стенд ташкил этилди. 



«Пахтакор» фожиаси ва Шароф Рашидов 

1979 йил 12 август: 
- Ўзбекистон спорт қўмитасига бордик. У ерда Мирзаолим ака Иброҳимов кутиб олдилар ва кўп ўтмай бизни Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов ҳузурига олиб боришди. Биласизми, ўшанда Шароф Рашидов бизни кўзда ёш билан қарши олдилар. Ҳассага таянган ҳолда у кишига яқинлашдим, Шароф ака мени бағрларига босиб, «Болам, сени Парвардигорнинг ўзи сақлаб қолди, лекин йигитларимиз жуда ёш кетишди, эссиз, эссиз, энди нима қиламиз?»,-деган сўзлари ҳамон қулоғим остида чалиниб турибди. 

«Пахтакор» стадионига кунига 30-40 минг мухлис келиб, «Пахтакорчилар»ни қачон олиб келишади? Қаерга дафн қилишади?»,-деб сўрарди... Шароф Рашидович ўша учрашувда мен ва Вячеслав Соловьёвга мурожаат қилиб, «Сизлар марҳум «пахтакорчилар»га жуда яқин бўлган инсонсизлар. Бугун мухлислар сизларга термулиб туришибди. Халққа фожиани тўғри тушунтириб, «пахтакорчилар» хоки яқин вақтда олиб келиниши ва албатта, бир жойга дафн қилинишини айтинглар»,-деб илтимос қилдилар. Шахсан мен ҳар куни стадион олдида йиғилган мухлислар қаршисида 4-5 марта собиқ «пахтакорчилар», кўмиш маросимини ташкил қилиш комиссияси қарорлари ҳақида ва бошқа саволлар хусусида чиқиш қилардим. 

Йигитлар хоки олиб келинганидан кейин Шароф Рашидов биздан уни қаерга қўйиш кераклиги ҳақида сўрадилар. Мен биринчи бўлиб ўз фикримни билдирдим: «Пахтакор» стадионига кираверишдаги тепаликда катта майдон бор. У ерда ёдгорлик мажмуаси ташкил қилса яхши бўларди». Бу таклиф Шароф Рашидовга маъқул тушди. Аммо кейинчалик айрим ота-оналар бунга қарши чиқишди. Турли миллат вакиллари ҳисобланган оилалар ҳалок бўлган фарзандларини ўз урф-одатлари бўйича кўмишга рухсат сўрашди. Шуни таъкидлаш жоизки, дафн маросимларини давлат ўз зиммасига олди, оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди, нафақалар тайинланди. 

Сўнгги видолашув 

1979 йил 18 август: - «Тошкент» халқаро аэропортига махсус самолётда Днепропетровскдан марҳум «пахтакорчилар»нинг жасадлари олиб келинди. Аэропортнинг ўзида бўлиб ўтган мотам маросимида кўпчилик сўзга чиқди, жумладан, Вячеслав Соловьёв ва мен ҳам. Ҳамма чуқур қайғуда, кўзларида ёш... Гул алвонларга ўралган 17та тобут олдига марҳум «пахтакорчилар»нинг катта-катта суратлари қуйилган, ҳар бирининг ёнида ота-онаси, оила аъзолари ва яқинлари кўзларида ёш билан туришибди. 

Маросимда собиқ иттифоқ чемпионати биринчи ва иккинчи лигасида иштирок этаётган Ўзбекистоннинг барча футбол жамоалари, Қозоғистоннинг «Қайрат», Тожикистоннинг «Помир», Туркманистоннинг «Строитель», Қирғизистоннинг «Олға», Москва футбол федерацияси ва бошқа клублар вакиллари иштирок этишди. Шу куни 17 «пахтакорчи»дан беш нафари Боткин қабристонига қўйилди. Қолганлари оила аъзоларининг илтимосларига кўра, ўз шаҳар ва қишлоқларидаги қабристонларга дафн қилинишди. 

Инсонпарварлик 

- Қисқа вақт ичида янги таркиб шакллантирилди. Биринчи ўйин Тбилисининг «Динамо» жамоасига қарши эди. Грузинларни катта мураббийи Нодар Ахалкаци, жамоа сардори Давид Кипианилар Фёдоров ва Анларга яқин дўст эдилар. Жамоада Чивадзе, Дараселия ва бошқа машҳур ўйинчилар тўп суришарди. Мен ҳам Давидни жуда яхши танирдим. Уларни кутиб олиш учун аэропортга чиқиб, ноодатий манзарага кўзим тушди... Самолётнинг ичи гул билан тўла. Давид Кипиани ва бошқалар кўзларида ёш билан самолётдан бирин-кетин туша бошлашди. Қадрдонлардай кўришдик, бироз дардлашдик... Давид Кипиани ҳалок бўлган «пахтакорчилар»га Тбилиси стадионида қандай ҳурмат бажо келтирилгани ҳақида гапириб берди: барча йигитларимиз хотирасига сукут сақланган, ҳамманинг кўзида ёш... Таниқли шарҳловчи Котэ Махарадзенинг қалб қўридан чиққан сўзлар барчага ўқдек қадалгани, бутун Республикани йиғлатгани ҳақида гапириб берганида, кўзларимдан ёш қалқиб чиққанди. Давиднинг ўзи ҳам йиғлаганди. Сўнгра уларни «Ўзбекистон» меҳмонхонасига таклиф қилиб, бироз дам олишларини айтдим. Улар эса «Аввал қабристонга борамиз», деб туриб олишди. 

Аэропортда бир пиёла чой ичиб, соат бешларга яқин «Боткин» қабристонига бордик. Бу ерни зиёрат қилганларидан сўнг грузиялик меҳмонлар билан Михаил Ан кўмилган Юқори Чирчиқ туманига йўл олдик... Ўша пайтда «Динамо»га ҳар бир очко муҳим эди. Аммо Давид мени ёнига чақириб шундай деди: «Бу мотам кунларида сизларни мағлуб этишга ҳаққимиз йўқ. Бугунги ўйинимизни Ўзбекистон халқи, марҳум «пахтакорчи» дўстларимиз хотирасига жамоамиз томонидан кўрсатилган эътироф ва чуқур ҳурмат рамзи сифатида қабул қилинглар». Ўша куни стадионга 60000дан ортиқ мухлис тушди. «Пахтакорчилар» рақибни мағлубиятга учратишди. Давид Кипиани ва жамоадош дўстлари эса инсонпарварлик кўрсатганларидан мамнун ҳолда стадионни бошларини баланд кўтариб, грузинларга хос мағрурлик билан тарк этишди... 

Марҳум дўстларим ҳалокатни сезишганми...? 

Идгай Тазетдинов 

- Идгай Борисович зиёли ва ақлли инсон эди. Футболчилар уни ҳурмат қилишар ва ўзларига яқин тутишарди. У билан боғлиқ битта воқеа ҳеч қачон хотирамдан кўтарилмайди. Кочетков бош мураббийлиги даврида жамоани Непалга таклиф қилишди. Ўйин қизиқарли ўтди. Биз чиройли ўйнаб, йирик ҳисобда ғалаба қозондик. Қайтишда самолётда мен ва Фёдоров мураббийларимиз - Кочетков ҳамда Тазетдиновлар ёнларидан жой олдик. Мароқли гурунг авжига чиққанида, нима бўлдию, Володя Тазетдиновдан ёшини сўраб қолди. «46даман», деб жавоб қайтарди мураббий. Володя шунда «14 йил қолибди»,-деди. Ҳаммамиз нафақа ёшини ҳисоблади, деб тушундик. Лекин Фёдоров ўзича, секин овозда қўшиб қўйди: «Мураббийнинг вафотигача». Тазетдинов эса, «Эҳтимол, сен билан бир кунда ўлармиз», деб совуққонлик билан жавоб қайтарди. Мен буни эслаб, уларнинг қалблари ниманидир сезганмикин, деган хаёлга бораман. 

Мансур Толибжонов 

- Мансур ака ҳақида гапирганимда, у кишининг олийжаноблиги, футболчиларга ғамхўрлиги ва бошқа одамийлик хислатларини чуқур ҳурмат билан эслайман. Жароҳат олиб ётганимда, менга ўша пайтда обрўли саналган «Жигули» енгил автомобили ажратилганини хабар қилишди. Буни эшитиб, Мансур акага мурожаат қилдим ва машинанинг «06» маркалисидан олиб беришларини илтимос қилдим. Пулни эса отамдан олишларини айтдим. Оқшом пайти Мансур ака касалхонага яхши кайфиятда кириб келдилар ва машина калитини менга тутқаздилар. 

Роса хурсанд бўлдим, аммо машина ҳайдай олмасдим. Шунинг учун Мансур акадан уни уйга олиб боришларини сўрадим. Шу орада машина нархи 1000 сўмга ошган экан (1979 йил). Пул масаласида гап очсам, у киши «Олдин - оёғингни даволатиб олгин, кейин бир гап бўлар», дедилар. Кейин билсам, етмаган пулни ўз ёнларидан қўшиб юборган эканлар... Москвага кетаётганимда Мансур акага учраб, пулни қайтармоқчи бўлдим. Аммо «Москвада қанча бўлишинг номаълум, ёнингда турсин, кам-кўстингга ишлатарсан»,-деб пулимни олмадилар. 

Ўзбекларда қарзни вақтида қайтаришга катта аҳамият берилади. Мансур акадан қарздор бўлиб қолгандим. Уни энди кимга қайтараман? Ота-онасигами ёки аёлига? Кўпчилик танишларим, «Албатта, оиласига беринг», дейишди. Кеннойимиз Юлдуз опага пулни олиб борганимда, уларнинг кўзларига ёш келиб, «Мансур акамдан кўпчилик қарз бўлган экан, аммо фақат сиз олиб келдингиз»,-дедилар. Юлдуз опанинг айтишича, Мансур ака худди ниманидир сезгандай кетишларидан бир кун олдин қоғозга кимларга қанча қарз берганлари ва кимлардан олганларини ёзиб қўйган эканлар: «Пахтакорчилар» доимо сафарга бориб-келишарди, ҳеч вақт у киши яқинлари билан бунчалик хайрлашмагандилар. Ҳамма қариндошларни бориб кўрдилар. Кечқурун жуда безовта бўлдилар, менга болалик ва ўсмирлик даврида кўрган қийинчиликлари, ҳаётлари ҳақида, ҳеч қачон айтмаган воқеаларни гапириб бердилар. Нимагадир ўлимни кўп тилга олдилар: «Юлдузхон, ўлим ҳақ, у менга фақат осмони фалакдан келади... Ерда ўлмасам керак...». 

Владимир Фёдоров 

- Валерий Лобановский даврида собиқ иттифоқ термаси таркибида фақат Киев «динамочилари» ўйнашган, жамоага биргина Владимир Фёдоров киритилганди. Ўшанда Украина футболи мутасаддилари ва шахсан Валерий Лобановский Фёдоровни бир неча марта «Динамо» таркибига чақиришган. Лекин у «Шу заминда тўп суриб дунёга машҳур бўлдим. Энди қарзларимни қайтариш вақти келди. Яна бир нарсани билиб қўйинг, «Пахтакор» чемпион бўлмагунга бу ердан ҳеч қаерга кетмайман», - дея таклифни рад этарди. Мана сизга, ўзбекистонлик оддий бир йигитнинг фидойилиги, халқимизга бўлган ҳурмати. Бу ҳозирги ёшларимизга ибрат бўлиши керак. 

Володя билан боғлиқ яна бир воқеани гапирмоқчиман. Бир куни «Пахтакор» стадиони яқинидаги ресторанда рафиқам билан овқатланиб ўтиргандик. Володя Фёдоров залга кайфияти тушиб кетган, ғамгин ҳолда кириб келди. Бироз ичиб олганга ҳам ўхшади. Уни олдимга чақириб, «Нима бўлди сенга, кечқурун машғулотлар бор-ку?»,-дея сўровга тутдим. У бўлса: «Оқсоқол, биласизми, биз барибир авиаҳалокатда ўламиз. Шунинг учун бугун бироз ичдим». Ресторандаги бу учрашувимиз фожиадан бир ой олдин яъни 1979 йилнинг 11 июль куни бўлиб ўтганди. 

Михаил Ан 

- Ўзбек футболининг ифтихори. Ан 1976 йилги собиқ иттифоқ ёшлар терма жамоасида сардор эди. Eвропа чемпиони бўлди. «Халқаро тоифадаги спорт устаси» унвонини олди. 1979 йилнинг баҳорида Миша иттифоқ миллий жамоаси таркибида Лос-Анжелес шаҳрида ўтган халқаро турнирда қатнашганди. Турнирда Миша энг яхши ярим ҳимоячи сифатида эътироф этилганди. Ўйинларда Миша дирижёрлик вазифасини аъло даражада бажарарди. Фёдоров-Хадзипанагис-Ан учлиги кўплаб гранд жамоаларга хавф соларди. Тасаввур қилинг, бир ўйинда ким бурчакдан қаторасига икки марта гол урган? Фақатгина Михаил Ан. 

Миша ҳам Минскдаги ўйинга бормаслиги керак эди. «Заря»га қарши баҳсда қаттиқ жароҳатланганди. Лекин қандайдир куч уни ўша куни аэропортга етаклаган. Худди куёв болага ўхшаб, замонавий, чиройли костюм-шим кийиб олган Ан аэропортга келиб «Йигитлар мен ўйнай олмасамда четда туриб сизларни қўллаб-қувватлайман»,-деганида ҳаммалари хурсанд бўлишибди. Аслида Миша самолётда учишдан қўрқарди, ҳар доим ёш боладай ўзини ноқулай сезарди. Ўшанда эса... 

Йигитларимизнинг ота-оналарига фожиа ҳақида хабар бериш нақадар оғир эди. «Политотдел»да яшаган Михаил Аннинг ота-онасидан хабар олгани бордим. Мени кўрган онаизор додлаб йиғлаб юборди. Дўстимнинг онаси мен билан кўришаркан, беҳад нола қилдики, оҳу фироғидан атрофдаги аёллар тугул, эркакларнинг ҳам диллари тилка-пора бўлди. Кейинчалик билсам, онаизор Мишани ўлганига ишонмай, ҳаётдан кўз юмгунга қадар ўғлини йўлини пойлаб эшикка термилиб кун ўтказибди... 

Сергей Покатилов 

- Ашхободлик Сергей ажойиб инсон эди. Жуда меҳнатсевар, машқ қилиб чарчамасди. Кўпчиликнинг хабари бўлмаса керак, унинг елкаси доимо чиқиб кетаверарди. Шунинг учун жарроҳлар унга махсус «спица»дан фойдаланишни тавсия этишган. Ҳар доим уни кийиб дарвозада турарди. Футболга шунчалик ишқибоз ва фидойи эдики... Жаҳли чиққан пайтда бирорта тўп ўтказиб юбормасди. Шунинг учун турли йўллар билан жаҳлини чиқаришга ҳаракат қилардик. Серёжа оиласига меҳрибон бўлиб, айниқса, янги туғилган қизалоғини яхши кўрарди. Ёнида доимо унинг ва рафиқасининг суратларини олиб юрарди. Рафиқаси Ирен ҳам ажойиб аёл. У бизга Серёжа билан боғлиқ қизиқ бир ҳолатни гапириб берганди: «Серёжа учиб кетганидан сал вақт ўтиб, уйда қизалоғимга овқат тайёрлашга киришдим. Шунда қизим бирдан чинқириб уйғониб кетди. Уни қўлга олган пайтда кўзим бехос Серёжанинг деворда осилиб турган расмига тушди. Шунда кўзларига тикилиб қолдим. Ўшанда бехосдан: «Серёжа нега менга жонсиз кўзларинг билан қараяпсан»,-деб юбордим. Кейинчалик билсам, айнан ана шу дақиқаларда уларнинг жонлари узилибди...» 

Олим Аширов 

- Олимжон инсон сифатида тенги йўқ, камтарин эди. Футболчи сифатида эса, ўз ишининг устаси - профессионал бўлган. 11 ёшидан Тошкентдаги Республика спорт-интернатида футбол илмини ўрганди. Иқтидорли ҳужумчи Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзосига айлангач, кейинчалик Соловьёвнинг назарига тушди. Шу-шу улар ота-боладай бўлиб қолишди. 1979 йили эса собиқ иттифоқ олимпия терма жамоасига номзод этиб кўрсатилди. Олимжон билан ака-укадай эдик. У келишган йигит, ичмасди, чекмасди, доимо чиройли кийиниб юрарди. Менга ҳар доим Абдулла Қодирийнинг Отабекини эслатарди. Оиласига жуда содиқ бўлиб, икки ўғлини беҳад яхши кўрарди. Улар оталарининг изидан боришди. Бундан 5-6 йил олдин Олимжоннинг катта ўғли фарзандли бўлибди. Унга бобосининг исмини қўйишибди. Ажабмас, яқин йилларда Олимжон Ашировни яна «Пахтакор» жамоаси таркибида кўрсак. Илоҳим умри билан берган бўлсин, кам деганда бобосига ўхшаган инсон бўлиб етишсин. 

Юрий ЗАГУМEННИХ 

- Асли у катта футболга Хабаровскнинг «Луч» жамоасида қадам қўйган. Кейинчалик олти йилга яқин «Зенит»да ўйнаган. Машҳур мураббий Павел Садириннинг яқин дўсти эди. Юрий «Зенит»да ўйнаётганида умуртқа поғонасидан жиддий жароҳат олиб, оғир хас­талик - параличга чалинади. Даволаниш наф бермагач, жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлади. Бир неча соат давом этган операциядан сўнг Юрий ўзига келиб, врачга савол берибди: «Мен футбол ўйнайманми?» Доктор эса «Сиз яшайсиз»,-деган экан. 

Шундан сўнг Юра етти ой шифтга қараб ётади. «Зенит» уни аллақачон жамоа таркибидан чиқариб юборган экан. Собиқ иттифоқ тузуми даврида шунақа эди, касал ёки майиб бўлиб қолсангиз, ҳолингиз вой... Бу тузум машҳур футболчиларни бошига қанчадан-қанча маломатлар солди. Бунга Эдуард Стрельцов, Игорь Нетто, Валерий Воронин, Геннадий Красницкий, Хорен Оганесян каби кўплаб футболчилар қисмати мисол бўла олади. 

Қисқаси, Загуменних биринчи гуруҳ ногирони, деб топилади ва унга фақат ётиш тавсия қилинади. Унинг матонатига қойил қолмасдан иложингиз йўқ. Футболга меҳри шунчалик кучли бўлганки, барибир катта аренага қайтаман, дея ўзига сўз беради. Касал бўлишига қарамай, олдинига оёқда туришни ўрганади, кейинчалик секин-аста юриш, ундан сўнг югуриш ва футбол ўйнашга киришади. Буни кўрган шифокорлар ва «зенитчилар» ҳайрону лол қолишган. Лекин жамоа барибир уни қайтариб олмайди. Шунда «Пахтакор»га катта мураббий этиб тайинланган Александр Кочетков Юрани Тошкентга таклиф қилади. Охир-оқибат ўз ҳаракатлари ва тиришқоқлиги туфайли катта футболга қайтади ва ўз юлдузини «Пахтакор»да топади. 



Александр КОРЧЁНОВ 

- Жуда тажрибали ва зиёли инсон эди. Чуқур билими билан ҳаммани лол қолдирарди. Унга ҳатто Володя Фёдоров ва Миша Анлар ҳам тан беришарди. Сашада етакчилик қобилияти ҳам кучли эди. Майдонда тезлик борасида унга етадигани топилмасди. Минскка кетишдан олдин Сашанинг рафиқаси қаттиқ шамоллаб, касал бўлиб қолади. У раҳбарлардан рухсат сўрамоқчи эди. Менимча, рухсат ҳам олган. Аммо... У асосан Анатолий Могильний билан жуфтликда тўп сурарди. Кетишдан бир кун олдин нимагадир Анатолий Тошкентда қолади, Александр Корчёнов эса касал рафиқасини уйида қолдириб, сафарга отланади... 

Сирожиддин БОЗОРОВ 

- Кейинги авлод вакили, асосий таркибда бирор ўйинда майдонга тушмаган, аммо иқтидорли ёшларимиздан бири бўлган Сирожиддин Бозоров ҳақида ҳам фақат илиқ гаплар айтиш мумкин. У келажаги порлоқ, серғайрат ва бақувват ўйинчи эди. Буни мутахассислар яхши билишар, секин-аста уни катта футболга тайёрлаб боришга киришишганди. Сирожиддин Ўзбекистон ёшлар термаси аъзоси эди. Мактаб-интернатни битирганидан сўнг «Пахтакор» жамоаси ўринбосарлар таркибига қабул қилинган. 11 августга қадар Тошкент Давлат жисмоний тарбия ва спорт институтига кириш илинжида имтиҳонлар топшираётганди. Демак, Минскка бормасдан бемалол имтиҳонларни топширса ҳам бўларди. Бироқ бу унинг характерига мос эмасди. У футбол деса жонини беришга тайёр эди. Ўша машъум кун арафасида Тошкентга жиянини кўргани тоғаси келганди. Улар мураббийнинг олдига бориб, бир кунга жавоб сўрашади. Натижада Сирожиддин Минскка асосий таркиб билан учадиган бўлади... 

Олег БАЗИЛEВИЧ ҲАҚИДА 

- Олег Базилевич буюк футбол профессори Валерий Лобановскийнинг яқин дўсти, фикрдоши ва ишончли одами эди. Ўша пайтда Лобановский ўйлаб топган тактика ҳалигача Eвропа футболида қўлланиб келинмоқда. Базилевичга ҳам ундан кўп нарса юққан. У «Пахтакор»га ўз фикрлари, режалари билан келган ва унча-мунча ғояларини амалга оширишга ҳам эришганди. Мураббий замонавий услубларни кенг қўлларди. Аммо 2-3 услуби менга ёқмаганди. Унга бу ҳақда гапиргандим ҳам. Дастлаб гап футболчининг бўйи ҳақида кетганди. Унинг фикрича, замонавий футболчининг бўйи камида 175 см. бўлиши керак эмиш. 

«Пахтакорчилар»дан Агишев, Собиров ва бошқа кўплаб футболчилар баланд бўйли эдилар. Мен ўшанда гап бўйда эмас, дея Пеле (170 см.)ни мисол келтирганман. Менинг бўйим ҳам 169 см. эди. Лекин бу менга 15 йил «Пахтакор»да ўйнашимга халақит бермаган. Бугунги замонавий футбол бундан 31 йил аввал мен айтган гапларни тасдиқлади. Масалан, ЖАРда жаҳон чемпионлигига эришган Испания жамоаси футболчилари ҳам унчалик баланд бўйли эмаслар-ку! Фикримча, футболчининг бўйи қанчалик паст бўлса, унинг координацияси шунчалик баланд, мабодо новча бўлса, бу жиҳати суст бўлади. 

КЕТИШИM САБАБЛАРИ 

- Олег Базилевичнинг кетишига сабаблар кўп эди. Менимча, фожиадан сўнг у кўпчиликка ёқмай қолди... Денгизчиларда бир анъана бор, ҳалокатга учраганда, сардор кемани охирги бўлиб тарк этади. Биринчидан, у жамоа билан бирга бўлмай Сочига, хотинининг ёнига жўнаб кетганди. Нима бўлганда ҳам, расмий ўйинни ташкил қилиш унинг вазифасига кирарди. Кўпчиликнинг фикрига кўра, биринчи раҳбар сифатида у ҳам самолётда бўлиши шарт эди. Иккинчидан, «пахтакорчилар»ни кўмиш маросимида у жамоани қайта тиклаб, марҳум йигитлар орзуларини амалга ошириш тўғрисида гапирди. Лекин кейинчалик турли баҳоналарни рўкач қилиб, Тошкентни тарк этди. Шундан буён бу мутахассиснинг ҳаёти билан умуман қизиқмадим. Москванинг ЦСКА жамоасида мураббийлик қилганди. Ўшанда Тошкентга келганида мухлислар уни қандай қарши олганларини эслашга ҳожат бўлмаса керак. Умуман олганда, Олег Базилевич Тошкентга келганида жамоамиз анча етук, сараланганди. Бу жамоа билан чемпион бўлиш мумкин эди. Билмайман, кўз текканми? Бу қисмат... 

«ПАХТАКОР»НИ ТАРК ЭТИШ... 

- Ҳамма нарсага вақт малҳам. Жароҳатим секин-аста битди. Лекин кайфиятим кундан-кунга ёмонлашиб борарди. Янги ташкил топган жамоа мени негадир қизиқтирмасди. Қандайдир совуқлик бор эди. Шунда жамоани тарк этиш, умуман, катта футболдан кетишга қарор қилдим. Чунончи, қаттиқ руҳий босим остида эдим: ҳеч нарса ёқмас, жуда муҳим ва қимматли нарсадан ажралиб қолгандай ўзимни ўта нохуш ҳис этардим. Бу ҳақда дарров Шароф Рашидовга ҳам хабар етказишибди. У киши мени олдиларига чақиртириб, биринчи навбатда, соғлигим, кайфиятим ҳақида сўрадилар. Кейин жамоадаги аҳвол, муҳит ва четдан келган футболчиларнинг савиялари ҳақида савол-жавоб бўлди. Хуллас, суҳбатдан сўнг яна «пахтакорчилар» сафига қўшилдим. Марҳум укаларим мени ҳурматлаб «оқсоқол», деб чақиришарди. Қибрайдаги базамизда машғулотлардан кейин ҳазил-ҳузул авж оларди. Ҳа, қачон Қибрайга борсам, йигитларимиз сиймолари кўз олдимда намоён бўлади. Майдонда ҳам шу ҳол. Янги жамоада мен танийдигани фақат «Пахтакор» ўринбосарларидан қабул қилинган Яновский ва яна бир-икки киши... 

Қолганларни танимасдим. Қибрайда Яновский билан битта хонага жойлаштиришди. Гаплашиб турганимизда бирданига кўзим оёғим остида ўрмалаб юрган каттакон чаёнга тушди. Яновский ҳам бу нима деб ҳайрон қараб турарди. Чаённи ўлдирдик, лекин бу ҳам яхшилик белгиси эмас, деб бир тўхтамга келдимда, бошқа «Пахтакор» либосини киймасликка қарор қилдим. Яновский мураббийларга менинг қароримни етказар, деб кийиниб чиқиб кетдим. Кўпчилик мени ортга қайтаришга роса уринди, лекин ҳаммага рад жавобини бердим. Кейин яна Шароф аканинг ҳузурига чақиришди. У киши: «Яна нима бўлди? Нимага «Пахтакор»га қўшилмаяпсиз». Мен йигитларимиз кўз олдимдан кетмаётганликлари, бошқа футбол ўйнамаслигимни билдириб, «Пахтакор» сафига чақирмасликларини илтимос қилдим. Шароф ака мени тўғри тушундилар ва жавоб бердилар. Хайрлаша туриб менга футболдан узоқлашмаслигим, ўз устимда ишлашим ва кейинчалик эҳтимол, «Пахтакор»га мураббий сифатида қайтишимга ишонч билдирдилар. 

ФИДОЙИЛАР ЭДИК... 

- «Пахтакор»да тўп сурган кўплаб футболчилар марказнинг катта мутахассислари назарига тушиб қолишганди. Афсус, катта пул ва тоғ-тоғ ваъдаларга ишониб жамоани тарк этганлар ҳам учраб турарди. Лекин айнан «Пахтакор-79»да тўп сурган йигитларимиз ўз жамоалари фидойилари бўлиб қолишди ва бошқа клубларга ўтишмади. Бизни бир мақсад боғлаб турарди - бу ҳам бўлса жонажон жамоамизни юқори ўринларга олиб чиқиш. Мисол учун, мени «Торпедо», «Черноморец» жамоаларига чақиришган: «Кел, машина, уй берамиз». Бизнинг юртга бўлган фидойилигимиз ҳамма нарсадан устун эди. Буларни нимага эсладим? Ҳозирги ёшларга қараб ҳайрон қоляпман. Ўша пайтда бировга қарам эдик. Шундай бўлсада, кўпчилик ўз юртига фидойи бўлиб қолаверди. Ҳозир мустақил давлатмиз, дунёга ўзингни намоён қилишинг учун имкониятлар муҳайё. Футболчи хоҳласа «Милан», хоҳласа «Челси» ёки «Барселона»да ўйнаши мумкин. Фақат, бунинг учун кўп ишлаши, тер тўкиб, ўзини кўрсатиши керак. Афсус, бугунги аксар ёшларимизда шу нарса етишмаяпти. Фидойилик масаласида ўйинчиларимизда камчиликлар мавжуд, деб ўйлайман. Ўзбекистонда етарли шароитлар яратилди, жаҳон андозаларига жавоб берувчи футбол майдонлари ва бошқа иншоотлар барпо этилди. Футболчилардан эса фақат яхши ўйин талаб қилинади. Лекин улар яратилган шароитларга жавоб берадиган ўйин кўрсатишяптими? Биз бундай шароитларни етти ухлаб тушимизда ҳам кўрмаганмиз. Бундай футбол майдонлари бўлмаган, лекин орамиздан жаҳонга машҳур футболчилар етишиб чиқишди. Қани айтингчи, стадион марказидан гол урган, дарвоза тўрини йиртиб юборган, бурчакдан бир неча марта дарвозани ишғол қилган, дриблинглари билан кўпчиликни лол қолдирган Красницкий, Абдураимов, Фёдоров, Анларга ўхшаш футболчилар ҳозир борми? 

ҲАМИША БАРҲАЁТ 

- Мудҳиш воқеа рўй берганига ҳам 30 йилдан ошибди... Мен бир нарсадан қўрқаман, йиллар ўтиб йигитларимизнинг номлари эсдан чиқиб кетмасмикин? Тўғри, улар шарафига ёдгорликлар ўрнатилди, фильмлар яратилди, мақолалар чиқиб турибди. Лекин менимча, бу каби хайрли ишлар бардавом бўлиши зарур. Токи ҳозирги ёшлар йигитларимизнинг ватанга садоқат билан хизмат қилганликлари, ўзаро тотувликлари ва бошқа инсоний фазилатларидан мунтазам хабардор бўлиб туришсин. 

ГРEЦИЯДАН МАКТУБ 

- 60 йиллик юбилей кунимда Грециянинг Салоники шаҳридан машҳур Василис Хадзипанакисдан чиройли безалган табрикнома келди. Василис дил сўзлари билан бирга яна бир маъноли гапни қўшиб қўйибди: «Мой дорогой Туля, нас осталос мало, береги себя». Василис билан тез-тез қўнғироқлашиб турамиз. Яқинда телефон қилганида, уччовимиз, яъни Фёдоров-Хадзипанакис-Исоқов триоси ҳужумга ўтганида машҳур жамоалар ҳимоячилари титрашлари ва ҳаяжонланишларини эсладик. Бундан ташқари, орқадан оғир кавалерия - Михаил Ан етакчилигидаги иккинчи эшелон қўллаб-қувватлаб турса, ҳеч қандай жамоа дош беролмасди... 

Маълумот учун 

Ўтган асрнинг 60-70-йилларида кўзга кўринган иқтидорли ҳужумчи Тўлаган Исоқов ўзбек футболининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган. У «Пахтакор-79» жамоаси билан узвий боғлиқ. 1949 йили Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида таваллуд топган Исоқов футболга илк қадамларини пойтахтдаги эски шаҳар мавзесида жойлашган «Спартак» стадионида қўяди. Унга тўп тепишни мураббий Маъруф Акбаров ўргатганди. 1966 йилдан бошлаб, 15 мавсум мамлакатнинг бош жамоаси либосида майдонга тушган ҳужумчининг фаолиятига ёш футболчилар ҳавас қилишса арзийди. Олдинги чизиқда Красницкий, Абдураимов, Фёдоров ва Анлар билан осонгина тил топишган ҳужумчига ўта муҳим голлар уриш унчалик қийинчилик туғдирмасди. У «Пахтакор»да жами 52та гол урган. Ҳаммамиз учун мудҳиш фалокатдан сўнг фаолиятига нуқта қўйган Исоқов уч йил Москвадаги мураббийларни тайёрлаш олий мактабида таҳсил олади. Юртимизга қайтган собиқ ҳужумчи мураббийлик фаолиятини бошлайди. Орада маълум муддат Тошкент вилоятидаги спорт мактабига раҳбарлик қилади. 1989 йили уни В.Носовнинг ўрнига «Пахтакор»га таклиф этишади. Кейин Исоқов ЎФФ тизимида фаолият кўрсатди. Футболимиз фахри шунингдек, турли йилларда «Шаҳрихон», «Сурхон», «Зарафшон» ва «Локомотив» клубларида бош мураббий вазифасида самарали ишлади. 

Мавлон ШУКУРЗОДА суҳбатлашди, “Interfutbol” газетаси. Тошкент 2010 йил.
11.08.2012
Просмотров: 1064 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Август 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031