Понедельник, 23.06.2025, 19:40
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Август » 21 » Ой адашган кеча
11:16
Ой адашган кеча

Ой адашган кеча

 
-Бувижон, аям қачон келади?-дея сўради бола бувисининг бўйнидаги ранг-баранг мунчоқлар билан ўйнашар экан.
-Келади, болам, келади...-буви кўз ёшларини кўйлагининг беўхшов узун енгига артар экан, ҳирқироқ ва ғариб бир овозда.-Сен катта бўлгач, албатта келади,-деди.
-Нимага ҳозир келмаяпти?-сўради тили бийрон бола.
-Ҳозир аянг узоқда, жоним болам,-буви шундай дея нурсизланиб, четларини ажин босган нигоҳини қоронғу осмон фонида ўз ёнига чорлаётгандек милтиллаб турган сон-саноқсиз юлдуз тўла кўкка тикди.
-Аянг, жоним болам, ҳув анави оймомо тарафларда.
Сенга кўпдан-кўп конфет ва ўйинчоқлар олиб келишга кетган. Ҳозир сенга ўша ойдан қараб ўтирибди.
Бола ойга ўзгача бир меҳр билан боқди. Жилмайганича шивирлаб, ўзича алланималар деди. Буви англай олмади. Ўрнига чўзилар экан, кўзлари унда бўлди.
-Энди, болам, ётиб ухлагин. Ухласанг тезроқ катта бўласан. тезроқ катта бўлсанг, аяжонинг ҳам тезроқ қайтади.
Хирмон буви овоз чиқариб йиғлаб юбормаслик учун титраётган бармоқларини лабларига босди. Аммо қалби тўрида ҳамон уйғоқ, қаттиқ ўксик инган ҳижрон ва соғинч туғёни исканжасидан нигоҳларига ёш қуйилиб келаверди. Набирасини ухлатиш учун унинг елкасига оҳиста ура бошлади. Одатда, Самандар шундай қилингач, тезда уйқуга кетар эди. У ухлади. Эрининг, сўнгра болаларининг ишдан, ўқишдан қайтишини кутиб ўтказилган ҳисобсиз тунлар сафига яна бир бедор тун қўшилди. Бу дарёдан бир томчи эди, холос. Аммо бу томчи...
-Эй, Худойим,-қиблага юзланди она. -Ҳеч қурса бирини олиб қолсанг бўларди-ку? Қариганимда ҳам ҳижрон беҳаловатли азобларинг бормиди? Беш кунлигим борми, йўқ... кетиб-кета олмайман, қолиб-қола олмайман. Самандаржонни кимга топшириб кетаман?
Шавқатсиз вақтнинг оғир залворлари букиб қўйган дол қоматли муштипар буви саждага бош қўйди. 
Самандар тунлари уйқудан уйғониб кетиб, ойни соатлаб томоша қиладиган, унинг кўкда пайдо бўлишини орзиқиб кутадиган, кечикаверса, тоқатсизланадиган бўлиб қолди. Кунни унинг хаёллари билан ўтказарди. Асрлар оша ошиқлар қалбини севикли ёр тимсолида маҳв этган фусункор ой энди яна бир мурғак вужуднинг оташин қалбида ошён қурди. 
Орадан кунлар ўтди.
-Уфф, шу етимча ҳам жонимга тегиб кетди. Ўзимники етмасмиди?! Синглингиз билан куёвингиз ётишибди дунё ташвишидан холи, боласининг ташвишини бизнинг гарданимизга юклаб. Бу ёқда ойижонингиз ҳам хархаша қилавериб, одамни ҳоли- жонига қўймайди. Бир жонимга шунча ташвиш шартми? Мен тенгиларнинг қўли ўйин-кулгидан, меҳмондорчиликдан бўшамайди. Мен ҳам одамман. Бу дунёга бир марта келаман, бундоқ ўйнаб-кулиб қолай,-деди Мая эрига қарата.
-Уфф! Қачон тинчийди сенинг минғир-минғиринг? Жонга ҳам тегдинг-ку! Улар ўзлари билан ўзлари бўлиб, ўша мушук болалатган бостирмангдан бери келишмаса. Еганлари бир коса шўрва-ю, бир бурда нон бўлса. Тушунмадим сенга, хотин, нега бунча чакагинг очилиб қолди?-деди Мурод ўгирилиб ётиб олар экан.
-Жон дадасижониси, мени ҳам тўғри тушунинг. Жиянчангиз ҳали тўрт ёшга тўлгани йўғ-у, болаларимизни уриб кун бермаяпти. Ўш нарса, майиб қилиб қўйса, кейин дод-войдан не наф? Сиз бўлса, уззукун ишдасиз, нимани ҳам билардингиз.Бу ҳам камдек, ойингиз ҳам шу етимчанинг ёнини олгани-олган. Хўп дея қолинг, шуни болалар уйига юбора қолайлик. У ерда ҳам яхши қарашар экан-ку?
-Бўлмағур гапларни гапираверма. Бола ҳеч қаерга кетмайди! Бола-да, уришишади, тағин ярашишади. Бу ёғи онамнинг овунчоғи бўлиб турибди. Кейин одамлар нима деб ўйлашади?
Хирмон буви хасталаниб ётиб қолгач, Самандар атрофида "буви-бувижон" дея парвона бўлди. Хирмон буви боланинг беғубор нигоҳидаги умид ғунчалари ўтига дош бера олмай кўзларини олиб қочди.
-Самандар сенга омонат, болам, уни кўз қорачиғингдек асрагин. Кўзида ёш бўлмасин, жигарингнинг боласи-а,-ўғлига уқтирган бўлди она.
Кўп ўтмай Хирмон буви омонатини топширди. Самандарнинг ўша куни бувисини излаб бўзлаши йиғламаганни ҳам йиғлатди. Хирмон бувини қўйиб келишгач, қабри устидаги тупроғи селгимай турибоқ, Самандар учун оғир кунлар бошланди. Мая эрининг кўз ўнгида болани тергамас, қўни-қўшнилар олдида ҳам яхши гапирар, ҳоли қолишгач эса бор ҳунарини ишга соларди. Мурғақкина гўдак зиммасига уй йиғиштириш, коса-товоқ ювиш, ҳожатхонани тозалаш ишларини юклаб қўйган эди. Болалари тегажоғлик қилиб, ҳунар кўрсатишса ҳам, бирор иш юзасидан эридан танбеҳ эшитса ҳам, аламини Самандардан оладиган бўлди. Кунлар шу зайлда ўта бошлади. Самандар бувиси ва ота-онаси меҳрини қумсаб бурчак-бурчакларда йиғлаб олар, кўз ёшларини Маяга кўрсатмасди. Мая уни бу аҳволда кўрса, хуморидан чиққуни қадар савалаб, оғзига келган сўзлар билан ҳақорат қиларди. Бу болага оғирлик қилиб, тунлари алаҳсираб чиқадиган одат чиқарди. Арзимаган хатоси учун аёвсиз жазоланиб, қишнинг қорли-қировли совуқ кунларида ташқарида туриш Самандар учун азобли онларга, Мая учун эса одатга айлана борди.
Баҳор фасли кириб келди.
-Юр, бу ёққа, етимча. Сени ўзи Раззоқ пиёнистанинг итига ем қилиш керак,-Мая боланинг қулоғидан тутган кўйи ҳовли томон етаклади. 
-Шу ердан қимирлама. Овозинг чиқса, кунингни кўрсатаман, эшитдингми?
Самандар кўзларида ёш, оғриқдан ловиллаётган қулоғини қўли билан тутганича қўрқув инган нигоҳини ерга қадаган кўйи ёмғирдан пана бўлиш учун уй деворига қисинди. Баҳорнинг ҳаддидан ошган совуқ шамоли, ҳукмронлик тизгинини ўз қўлига олган, момақалдироқ чақнаб, еру-кўкни ларзага солар эди. Самандарнинг эгнидаги оқ кўйлак ва иштончаси зум ўтмай ивиб, бутун вужуди совуқдан қалтирай бошлади. Муздек ердан уфураётган совуқ яланг оёқдаги Самандарнинг баданига қаттиқ оғриқ берди. Шамолдан пана бўлиш учун уй бурчагига янада тиқилиброқ ўтирар экан, юзини кафтлари билан беркитиб, нафас ҳовури билан ўзини иситган бўлди. Дилдираб кўз югуртирди. Ўмғирдан беркитадиган бирор бошпана топмади. Совуқдан оёқлари оғрийвергач, оёқ қирраларида ўтириб, совуқ қотган панжаларини бармоқлари билан уқалаб қизитган бўлди. Ияги қалтираб, совуқдан дилдираганича оёқларини навбатига кўтариб тушура бошлади. Бу ҳам наф бермади. 
Совуқ шамол, шаррос қуяётган ёмғир заптига олди. Уйга кирмоқчи бўлди, аммо қўрқув устун келиб, уй эшигини очишга ўзида журьат топа олмади. Шу пайт қорайиб турган осмон фонида тўда-тўда бўлиб кўчаётган булутлар узра тўлин ой жамол кўрсатди. Самандар ўрнидан ирғиб турди. Оҳиста шивирлади;
-Аяжон...аям...Менинг аям! 
Қибла томон силжиётган булутлар узра гоҳ кўриниб, гоҳ кўзга ташланмай қолаётган тўлин ой уни ёнига чорлаётгандек туюлди. энди у совуқ шамолни ҳам, савалаётган ёмғирни ҳам сезмас, қўрқувни буткул унутган эди. Ой ундан узоқлашаётгандек бўлди.
-Ая, аяжон, мени ҳам олиб кетинг,-йиғлади Самандар. -Мен ҳам сизнинг олдингизга бораман, аяжон,-ой томон талпинар экан, бола кўча томон югурди.
Бир томони кенг даладан шовуллаб, ваҳима солиб турган дарахтзор ажратиб турган, иккинчи томони эса қатор уйлар ястанган кўча қоронғу ва кимсасиз бўлиб, ҳар-ҳар жойдаги кўлмаклар узра ёмғир томчилари кўпикланиб турар, лой бўлганлиги сабабли анчайин тайғинчоқ эди. 
-Аяжон, мени ташлаб кетманг,-Самандар йиғлаганича бор кучи билан югурди. Унинг шовқинини эшитган қўшни ҳовлидаги ит безовта ҳуриб Самандар ортидан ҳаллослаганича чопди. Самандар баҳайбат итнинг важоҳатидан қўрқди, югура кета туриб, ўзини ҳимоя қилиш мақсадида кескин ўгирилди, аммо оёғи кўлмакдаги сувга тайриниб йиқилди. Ўзини ўнглай олмай, бир неча бора юмалаб кетди. Қаттиқ йиқилди чоғи, аввалига англай олмай бир муддат карахатланиб, тиззанлаган кўйи туриб қолди. Ит ташланди. Бола сув ичра тимирскиланди. Қоронғуликда кўзлари ҳеч нарсани илғамас эди. Панжаларига илашган нарса борки, ваҳшат билан ташланаётган итга отаверди. Ер тирнайвериб бармоқлари қонаб кетди. Оғриқни сезмади. Кўлмакни сачратиб, қўрқувдан қичқириб йиғлаганича итга сув сепа бошлади. бир муддат ўтиб, итнинг аввалги важоҳатидан асар ҳам қолмади. Миттигина бўлса-да, бола устунлик қилди. Ҳаётга интилиш, яшашга бўлган иштиёқ қўрқув ва ожизликдан устун келди. Ит ҳура-ҳура чекинди.
-Аяжон,-шивирлади у кўкка боқаркан, тағин югурмоқчи бўлди. Аммо тиззасида турган қаттиқ оғриқдан мункиб кетди. Йиғлаб юборди. Йиқилганида тиззаси қаттиқ лат еган эди. 
Юз-кўзини қўли билан артиб, ёмғир томчиларини сидириб ташлаган бўлди. Оқсоқланганича кўча бўйлаб югура кетди. 
Аввалига шиддат билан ёғаётган ёмғир ҳам анча секинлашиб, кўз ёшлардек оҳиста томчилар, шамол эса боланинг сочларини меҳр билан силарди. Хавотирда ён-атрофга аланглаб олган Самандар югуришда давом этди. Югурди-югураверди. Оғриқни, борлиқни унутди. Бу дунёда ёлғиз у ва кўкда сузиб юрган тўлин ой бордек. Қувончининг чеки йўқ эди. Ахир, аяси у билан. Югурса, югураверса, унга етиб олади. У чарчамайди! Югуради, югураверади. Эртага ҳам, индин ҳам, қанча кўп керак бўлса шунча югураверади, фақат аяси ёнида бўлса бўлди. Фақат аяси кетиб қолмаса бўлгани. Унга бошқа ҳеч нарса керак эмас! У узоқ, жуда узоқ югурди. Қишлоқ уйлари, далалар ҳам, шамол шовуллаб тебранаётган дов-дарахтлар ҳам ортда қолди. Кўп югурганидан оёқлари толди, кўкси тез-тез кўтарилиб тушар, ҳар-ҳар дамда қаттиқ чарчоқ ва зўриқиш туфайли ўпкасида пайдо бўлган оғриқдан букчайиб қолар, хаёлида ой узоқлашгандек туюлиб, сўнгра тағин югурар эди. У билан кўкда баб-баравар сузаётган тўлин ой гоҳ булутлар орасига шўнғир, шунда бола кўзларини кўкка тикканича туриб қолар, ойни кўриши билан чеҳраси чирой очиб, югурганича йўлида давом этарди. Кутилмаганда у бирдан тўхтади. Кўзлари кап-катта очилди. Кўз ўнгида намоён бўлган манзарадан чуқур-чуқур нафас олганича ҳайратдан қотган эди. У хурсандлигидан нафасини ичига тортиб, болаларча беғуборлик билан қийқириб юборди. Унинг бу қийқириғида бутун олам гўзаллиги ва қувончи мужассам эди. Шундоққина рўпарасида, қўл етгудек масофада тўлқинланаётган ой сатҳи бағрига чорлаган бўлди. 
-Ая...Аяжон...-у пастга ўқдек учди. Жажжи қулочларини кенг ёйганича шамолдек елиб борарди.
Қайт! -дея кўз ёш тўкди осмон. Қайт! -дея ўтинар экан, кўксидан итариб, этаклари узра ёпишган бўлди шамол. Қайтгин, биз билан қол!- ўтинди қадами узра надомат ила бош силкиб қолаётган майсалар, ўз устидаги ёмғир томчиларини кўз ёш мисоли тўкканича.
Оёқлари ердан узилди...
-Ҳиқ...ай...
Меҳрга ташна, оташин қалб, покиза бир вужудни бағрига олар экан, кўл фақат бир бора, бир борагина тўлқинланди, халос. 
Тошмади. 
Тошса эди! Тошса эди!!! 
Тўлқинланди-ку?!
Эркин Норсафар ўғли
Просмотров: 707 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Август 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031