Савол: ассалому алайкум! Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясининг 1-том 153-бетида “Азроил одамлар тақдирини билади, аммо улардан ҳеч бирининг ўлиш вақтини билмайди. Бу муддат яқинлашганда Аллоҳ тахти олдида ўсадиган дарахтдан ўлимга маҳкум этилган кишининг номи ёзилган барг узилиб ерга тушар экан. Шундан кейингина Азроил қирқ кун ичида унинг жонини олиши керак экан” деб ёзилган. Шуларни изоҳлаб берсангиз.
Жавоб: ва алайкумус салом. “Азроил” номли фаришта аслида Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда “малакул-мавт” (ўлим фариштаси) номи билан зикр қилинган (Қаранг: Сажда сураси, 11-оят). “Азроил” ибронийча сўз бўлиб, “Аллоҳнинг бандаси” маъносини англатади. Азроил жон олиш ишига тайинланган ва у қиёмат куни барча жонли нарсалар ва фаришталар ичида энг охири вафот этувчидир.
Қуръони каримнинг кўпгина ўринларида ўлим фариштаси бандалар жонини олиши ҳақида маълумотлар берилган. Ўша оятлар тафсирида бу борада келган кўплаб маълумотлар бор.
Қуръони каримда ўлим фариштасига жон олишда ёрдам берувчи бошқа фаришталар ҳам борлиги айтилган (Қаранг: Анъом сураси, 61-оят).
Энди, ўша сиз айтган манбадаги ривоятга тўхталадиган бўлсак, бу асли йўқ, тўқимага ўхшамоқда. Сабаби биз ишончли манбалардан шу маънодаги бирон ривоятни топмадик. Баъзи китобларда қайси жойда ўлим фариштаси “Азроил” деб зикр қилинган бўлса, у исроилиётлардандир, яъни Аҳли китоблар ривоятидир, дейилган. Маълумки, уларнинг ривояти инкор ҳам этилмайди, тасдиқланмайди ҳам. Лекин, ўша исроилиётларни шариатда ҳужжат қилиб олинмайди.
Имон-эътиқод масаласи ўта нозикдир. Бу борада гапирганда ёки ёзганда эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Дуч келган манбадан иқтибос олиб китоб ёзиш мусулмон бандага хос эмас. Зеро, динимизда ҳар бир нарсанинг асосли ва ишончли бўлишига катта аҳамият берилади. Сизга маслаҳатимиз шуки, фаришталар ҳақидаги ишончли маълумотларни ақида мавзусига оид китоблардан, Исломнинг асоси бўлган Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ўқиб ўрганишингиз мумкин. Шариат илмига мутахассис бўлмаганлар томонидан ёзилган китобларни ўқишдан эҳтиёт бўлиш керак!
Савол: ассалому алайкум, ҳазрат. Сизга бу саволни бериш-бермасликни узоқ ўйладим. Мен жуда ёш бўлишимга қарамай давлат хизматида юқори лавозимда анча йил ишладим. Иссиқ жон. Соғлиғим ёмонлашганида ўзимнинг “дўстим” ва ҳамкасбим турли ўйинлар қилиб, ишдан ноҳақ кетишимга мажбур қилди. Ишдан кетганимга ачинмайман. Тирик жоннинг насибасини Аллоҳ беради. Мени қийнаётган савол шуки, менга қарши турли фитналар уюштирганларни жазолаш учун имконим бор. Бир кўнглим, уларни муносиб равишда жазолаш, яъни улар ярамас, фисқу фасодчи кимсалар эканларини барчага ошкор этиш керак, дейди (улар ёлғиз менга эмас, жуда кўпчиликка шу иғво ишларини қилишган). Яна билмадим. Сиздан тўғри қарор қабул қилишимда маслаҳат сўрамоқчи эдим. Жавоб учун олдиндан раҳмат!
Жавоб: ва алайкумус салом. Банда борки, хатодан холи эмас. Шундай экан, дўсту биродарлар, ҳамкасблар ўзаро кечиримли бўлишлари талаб этилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида ўзгалар хатосини кечириш ва интиқом олмай, авф қилиб юбориш фазилати ҳақида жуда кўп тўхталиб ўтилган. Фақат бу Аллоҳ ва Расулининг ҳаққига оид хатолар бўлмаслиги керак. Чунончи, Ислом билан боғлиқ нарсалар беҳурмат қилинганда, шариат чегарасидан чиқилганда авф қилиш ярамайди. Бунда интиқом олиш керак. Сабаби авф қилинса, бу ишлар яна такрорланиши, одамлар шариатга беписандлик билан қарайдиган бўлиб қолиши мумкин.
Сиз сўраётган нарса, агар сизда айб бўлмаган ҳолда йўқ жойдан туҳмат қилиниб, сизга жабр-зулм етказилган бўлса, у ҳолда бунга қарши курашиш лозим бўлади. Айниқса бу сиздан бошқаларга ҳам қилинган бўлса. Агар индамай юраверилса, Ер юзида тажовукорлик, зулм ва истибдод кучайиб кетади. Авф этиш билмай қилинган хатолар билан боғлиқ. Агар хато атайин ва давомли қилинаверса, унда авфга ҳожат қолмайди. Бунда айбдорларни муносиб жазолаш, бунинг имкони бўлмаса ёки ўзининг кучи етмаса, уларни фош қилиш, одамларга эълон қилиш керак бўлади. Бу асло чақимчиликка кирмайди. Бироқ бунда эҳтиёткорлик ва адолат билан иш тутиш лозимки, интиқом оламан, ёмонларнининг жазосини бераман, деб бировга зулм қилиб қўйишдан сақланиш керак.
Савол: ассалому алайкум! Қориларнинг маълум маблағ эвазига хатми Куръон қилишлари жоизми? Биздаги баъзи муллалар ўзлари “бир хатми Қуръон қилдирворинг”, деб ҳам айтишади.Уларга камроқ пул беришса, ўшандай одамларникига бормайдиган бўлишади. Уларнинг бу иши жоизми?
Жавоб: ва алайкумус салом. Қуръон тиловатига ҳақ олиш борасида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Моликий ва шофеъийлар Қуръон тиловатига ҳақ олиш жоиз, десалар, ҳанафий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари бу иш жоиз эмаслигини таъкидлашган. Ҳанафий мазҳабининг баъзи вакиллари шартлашмасдан, Қуръонни Аллоҳ розилиги учун тиловат қилгач, кўнгилдан чиқариб берилган нарсани бирон таъмасиз олишда зарар йўқ, дейишган. Аммо олдиндан шартлашиб олиш, камроқ пул берса, қироат қилишдан бош тортиш умуман мумкин эмас. Зеро, Қуръон Аллоҳнинг каломи. У Аллоҳ розилиги учун ўқилади. Маълумки, Аллоҳ розилиги, умуман охират билан боғлиқ ишлар пул билан ўлчанмайди...
Савол: ассалому алайкум, қори ака! Яқинда бир қиз билан танишдим. У оқила, намозхон, яхши қиз экан. Лекин оилали, менинг ҳам оилам бор (!). Унинг эри бошқа аёлга ҳам уйлангани яқинда маълум бўлди. У жуда кўп изтироб чекди. У бировнинг аёли бўлса ҳам унга нисбатан кўнглимда илиқлик бор. Мен уни ажратиш ёки зино қилиш ниятим йўқ. Саволим шуки, у билан жаннатда бирга бўлишни сўраб дуо қилсам бўладими? Саволим сизда ғазаб уйғотса минг бор узр сўрайман!
Жавоб: бировнинг никоҳидаги аёлга кўз олайтириш, унга рағбат билдириш мумкин эмас. Ўша сиз “танишган” аёл эрининг бошқа хотини бўлиши у ўзга масала. Мусулмон эркак ҳар тарафдан қодир бўлса, тўрттагача уйланиши мумкин. Иккинчи хотинга уйланди, дегани, биринчисига хиёнат қилди, дегани эмас. Агар ўша сиз “танишган” аёлнинг боши очиқ бўлганида, эри бўлмаганида бошқа гап эди. Шундай экан, унга бўлган ёмон шаҳватларни қалбингиздан чиқариб ташланг ва тавба қилинг. Унга оддий муслималарга қиладиган муомалангизни қилинг.
Маълумки, жаннат аҳлига дунёдаги аёллардан-да покроқ ва гўзалроқ жуфтлар, ҳури ийнлар ато этилади. Сиз Аллоҳ розилигини талаб қилаверсангиз, барча мақсадингизга етасиз. Аллоҳ гуноҳларимизни кечириб, тўғри йўлида бардавом қилсин!
Савол: ассалому алайкум, устоз. Аҳволларингиз яхшими? Бу саволни бир танишим илтимосига кўра юборяпман. Савол шуки, бир хил жинс вакиллари бир-бирини яхши кўриши ҳукми қандай? Албатта тўғри маънода.
Жавоб: ва алайкумус салом. Соғлиқларим яхши, алҳамдулиллаҳ! Севги турлари кўп. Масалан, ота-онага бўлган севги, ватанга нисбатан севги, дўсту биродарларга бўлган севги ва бир жинсдаги инсоннинг ўзга бир жинс вакилига бўлган севгиси – рағбати ва муҳаббати. Киши ўз жинсидаги кишини яхши кўриши мумкин. Бу фақат биродарлик, ака-укалик ёки дўстлик, яъни меҳр-шафқат, инсоний фазилатларини яхши кўриш маъносида бўлади. Ҳадиси шарифларда мўмин ўз мўмин биродарини яхши кўриши, ўзига раво кўрган нарсани биродарига ҳам илиниши ҳақида кўрсатмалар келган. Яна ансорларни яхши кўриш имон аломатидан бири экани ҳам таъкидланган. Демак, бир жинслилар ўртасидаги биродарлик маъносидаги яхши кўришга нафақат рухсат этилган, балки тарғиб ҳам қилинган. Зеро мўмин мўминни ёмон кўриши, унга нисбатан қалбида ҳасад ва гина сақлаши мумкин эмас. Аммо шаҳват ва фаҳш маъносидаги “севги” бир жинслилар орасида қатъиян таъқиқланади. Ҳадиси шарифларда ўз жинсидагилар билан шаҳватини қондирган кимсалар лаънатланган. Лут алайҳис салом қавмидаги нобакор кимсалар ҳам мана шу жирканч одат сабаб Аллоҳнинг жаҳрига учраган. Демак, эркак эркакни, аёл аёлни фақат меҳр-шафқат, ака-ука ёки опа-сингил сифатида яхши кўриши мумкин. Қуръони каримда “ҳуббун” (севги, муҳаббат) сўзи ва бу ўзакдан ясалган бошқа сўзлар “мутлоқ севги”, “мойиллик”, “ёқтириш” маъносида ишлатилган. Севги, деганда фақат шаҳвоний ҳирсни қондиришга қаратилган севгини тушунмаслик лозим.
“Ҳаё имондандир” дейилади ҳадиси шарифда. Мўмин банда фаҳш ишлардан ҳаё қилиши керак. Аммо ҳалол ва ҳаромни аниқ билиб олиш йўлида ортиқча уятчанлик бандага зарар қилади. Шу маънода қуйида жинсий ҳаёт билан боғлиқ баъзи муҳим маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Эр ўз никоҳидаги хотинининг фақат олд тарафидан яқинлик қилиши керак. Орқа аврат ва бошқа жойларга жинсий алоқа қилиш қатъиян мумкин эмас. Ҳадиси шарифларда хотинининг орқа авратига яқинлик қилганлар ҳақида қаттиқ гаплар айтилган. Масалан, Сунан соҳиблари келтирган ривоятда бу ишни қилганлар малъун (лаънатланган) экани зикр этилган. Бу жуда оғир гап. Лаънат бандани Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштиради. Лаънат бандани дунё ва охиратда бадном қилади. Бу маънодаги ҳадис бошқа муҳаддислар томонидан ҳам келтирилган. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Эркак ёки аёлнинг орқасига яқинлик қилган (кимса)га Аллоҳ назар қилмайди” (Термизий ва Аҳмад ривояти). Демак, хотинининг орқа авратига яқинлик қилиш бандани Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум этади. Бу нарса ўша манфур ишнинг гуноҳи кабира эканидан дарак беради. Қайси банда аввалда билмай шу ишни қилган бўлса, тавба қилади ва бошқа бу ишга қўл урмайди. Шунда унинг тавбаси қабул қилинишидан умид бўлади.
Баъзилар оғиз ва бошқа аъзоларга жинсий яқинлик қилиш ҳақида сўрамоқдалар (бу, аслида жуда уятли ҳолат!!!) ва ўзини олими замон санаган баъзи “аллома”лар бу иш жоиз эканига фатво бермоқдалар. Қанчалик улкан “жасорат”?! Юқорида келтирилган ривоятларда аёлнинг олд жинсий аъзосига яқин бўлган бошқа бир аъзога яқинлик қилишдан қаттиқ қайтарилмоқда. Энди бир ўйлаб кўрайлик, у билан Аллоҳни зикр қиладиган, таом ейдиган, ичимлик ичадиган покиза оғизга жинсий яқинлик қилиш қанчалик гуноҳ ва нобакорликдир?! Аллоҳ таоло барчамизга инсоф ва тавфиқ берсин!
Савол: ассалому алайкум! Аввалги берган саволимга тўлиқ жавоб олдим. Аллоҳ рози бўлсин ва илмингизни бундан-да зиёда қилсин! Яна савол йўлламоқчи эдим. Маълумки, шариатда эркаклар тўрттагача уйланиш ҳуқуқига эгалиги айтилган. Интернет саҳифаларининг бирида “жаннатда эркак киши ўткинчи дунёдаги икки нафар хотини билан бирга бўлади”, дейилган. Шу ростми? Агар эркакнинг тўрт нафар хотини бўлса, қолганларининг ҳуқуқи бузилмайдими? Саволим нотўғри берилган бўлса, узр! Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
Жавоб: ва алайкумус салом. Ўша интернет сайти бу маълумотни қаердан олган экан? Унинг далили асослими, ҳужжатининг қуввати қай даражада? Аслида Қуръони каримда мусулмон эркак қодир бўлса, тўрттагача уйланиши мумкинлиги айтилган. Охиратда эса бандага покиза жуфтлар берилиши зикр қилинган. Уларнинг адади ҳақида турли ривоятлар бор.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Жаннат аҳлидан бўлган энг қуйи поғонадаги (киши) учун етти даража бўлади. У олтинчисидадир, унинг тепасида еттинчи (даража) бор. Унинг уч юз нафар ходими бўлиб, ҳар куни тонгда ва кеч кирганида унга уч юзта лаган келтирилади. Ҳар бир лаганда олтин ранг бўлиб, бошқасидагига ўхшамайди. (Жаннат соҳиби) уларнинг аввалидан қандай лаззатланган бўлса охиргисидан ҳам шундай лаззат олади. У: “Эй Раббим, агар менга рухсат берсанг, жаннат аҳлини таомлантирар ва ичимлик берар эдим. Шунда ҳам мендаги нарсадан камайиб қолмайди”, дейди. (Жаннат соҳиби) учун дунёдаги завжаларидан ташқари ҳури ийнлардан етмиш икки нафар хотин бўлади. Улардан биттасининг ўриндиғи (ёки ўтирган жойи) Ердаги бир мил жойни (1848 метрни) олади”(Аҳмад ривояти. Ривоят санади заиф).
Ушбу ривоятда жаннат васфи келтирилмоқда. Унга кўра, жаннатдаги энг қуйи мартабадаги одамга ҳам жуда кўп неъматлар ато этилади. Жумладан, эркак кишига дунёдаги хотинларидан ташқари 72 нафар ҳурлар никоҳлаб қўйилади. Уларнинг гўзаллиги, покиза, бокира ва маъсумалиги Қуръони карим оятларида баён қилинган.
Зайд ибн Арқам розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Жаннат аҳлидан бўлган бир эркакка ейиш, ичиш, жинсий алоқа ва шаҳватда юз нафар эркакнинг қуввати берилади...” (Доримий ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Муҳаммаддан ривоят қилинади:“Одамлар “жаннатда эркаклар кўпми ёки аёлларми”, деб ўзаро мақтандилар ёки баҳслашдилар. Шунда Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу: “Абулқосим саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатга биринчи кирадиган гуруҳ Бадр кечасидаги Ой суратида бўлади. Ундан кейинги (гуруҳ) эса осмондаги энг ёрқин юлдуз суратида бўлади. Улардан ҳар бир эркак учун икки хотин бордир. У иккиси болдирларининг асли гўштнинг орқасидан кўриниб туради. Жаннатда бўйдоқ бўлмайди”, деб айтмаганмилар?” деди”(Муслим, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Абдураззоқ ривояти).
Бу ривоят зоҳирига кўра, жаннат аҳлининг кўпчилик аъзолари аёллардан иборат бўлади. Аслида ҳадиси шарифда жаҳаннам аҳлининг аксар қисми аёллар экани айтилган. Буни “Одам алайҳис-салом болаларининг кўпи аёллардир. Аммо жаннатда бир эркакка кўплаб ҳури ийнлар берилади”, деб тушуниш керак. Валлоҳу аълам.
Сиз айтган ўша интернет саҳифасида мана шу ривоят бироз нотўғри етказилган бўлса керак. Бундан олдинги ҳадисда жаннатдаги эркак учун дунёдаги хотинларидан ташқари 72 нафар ҳурлар никоҳлаб қўйилиши айтилганди. Имом Муслим Муҳаммаддан қилган ривоятда эса жаннатий эркакнинг икки нафар завжаси бўлиши айтилмоқда. Демак, бунда аниқ бир адад йўқ. Уларнинг адади қанча бўлиши Аллоҳгагина аён. Биз бундай нарсаларга чалғиб, асосий вазифамизни унутмаслигимиз керак. Тўғри, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён қилинган ғайб нарсаларга шубҳасиз имон келтирамиз. Аммо жаннат неъматлари, у ердаги ҳаёт ҳақида турли гаплар айтиш тўғри эмас. Жаннатни қўлга киритсак, у ерда жуда кўп неъматларга эришамиз. Жаннатдаги ҳаёт ҳақида тортишиш, жаннатни сўрашда ғулувга кетиш яхши эмас. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам поклик ва дуода ғулувга кетишдан қайтарганлар.
Абу Наоъмадан ривоят қилинишича,Абдуллоҳ ибн Муғаффал ўғлининг: “Эй Аллоҳ, мен жаннатга кирсам, Сендан жаннатнинг ўнг томонидаги оқ қасрни қўрайман!” деб дуо қилаётганини эшитиб, “эй ўғлим, Аллоҳдан жаннатни сўра ва У Зотдан жаҳаннамдан паноҳ тила. Зеро, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта бу умматда поклик ва дуода ҳаддидан ошадиган бир қавм бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, деди(Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад, Абд ибн Ҳумайд, Байҳақий “Ас-сунанул кубро”да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Ушбу ривоятда поклик ва дуода чегарадан чиқмаслик лозимлиги таъкидланмоқда.
Покликда ҳаддан ошиш аъзоларни уч мартадан кўп ювиш, таҳорат, ғусл ва нопок нарсаларни поклашда сувни исроф қилишдир.
Унутмайликки, аёллар ҳуқуқини юқори кўтарган Исломдан бошқа дин ва тузум бўлган эмас. Аёллар ҳуқуқи мана шу ўткинчи дунёда бузилмаган экан, охиратда ҳам шундай бўлиши аниқ. Сиз у ёғидан хавотир олманг. Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, шариатда буюрилган ишларни қилиб, қайтарилганлардан қайтсангиз, минг, ҳатто миллион нафар фосиқ, бетавфиқ эркак кишидан афзал саналасиз. Масаланинг бу томонини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Кейин, жаннатдаги ҳаёт ҳақида баҳслашгандан кўра ўша муборак маконга кириш ҳаракатида бўлиш ақлли банданинг ишидир.
Савол: ассалому алайкум. Менинг саволим шундан иборат: эр ўз маҳрамининг авратини ушлаши ёки ўпиши мумкинми? Илтимос, бу иш гуноҳ бўлса, тушунтириб беринглар! Ҳаммамиз шу авратдан тушганмиз-ку!
Жавоб: ва алайкумус салом. Эркак ўз никоҳидаги аёлнинг ҳар бир аъзосига назар солиши, уни ушлаши мумкин. Аёл ҳам ўз эрининг ҳар бир аъзосига, жумладан фаржига назар солиши ва уни ушлаши жоиз. Лекин иккиси ҳам бир-бирининг фаржини ўпиши мумкин эмас! Сабаби оғиз покиза аъзо, фарж эса ўпиладиган аъзо эмас. Фақат уни ҳожат юзасидан ушлашга рухсат берилган. Масалан, эркак истинжо қилишга қодир бўлмаса, никоҳидаги аёли унга истинжо қилишда ёрдамлашиши мумкин. Бошқаларга бу иш рухсат этилмайди.
Инсон икки фарждан ўтиб яралгани бошқа масала. Бу нарса, ўша фарж ва ундан чиқадиган нарсалар покиза, дегани эмас. Буни тўғри тушуниш керак. Фарждан тушганмиз-ку, деб жинсий муомала вақтида хоҳлаган ишини қилавериш мусулмон одамга тўғри келмайди!
Жавоб: ва алайкумус салом. Аслида қимиз ичиш мумкин. Аммо ҳозирда бу борада эҳтиёт бўлиш керак. Сабаби қимизга спирт қўшилаётган ҳолатлар ҳам бор. Спирт маст қилувчи бўлиб, мўмин банда маст қилувчи ичимликнинг ҳар қандай туридан сақланиши керак.
Абу Мусо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мен ва Муоз ибн Жабални Яманга юбордилар. Мен: “Эй Расулуллоҳ, бизнинг ерларда арпадан қилинадиган “мизр” ва асалдан тайёрланадиган “битъ” номли ичимликлар бор”, дедим. У зот: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир”, дедилар”(Муслим ва Аҳмад ривояти).
Абу Довуддан қилинган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Қавмингга айтгинки, ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир”, деганлар.
Аслида Абу Мусо розийаллоҳу анҳу маст қилувчи ичимликлар эмас, балки “мизр” ва “битъ” номли ичимликларнинг асл моҳияти ҳақида савол берганди. “Мизр” арпа, бўғдой ва жўхоридан, “битъ” эса, ривоятда айтилганидек, асалдан тайёрланади.
Ушбу ҳадис маст қилувчи ичимликлар хоҳ узумдан, хоҳ бошқа нарсалардан олинган ёки сутдан тайёрланган бўлсин, барчаси хамр ҳукмига киришига далолат қилади. Мозирий айтади: “Узумнинг сиқиб олинган суви ачимасидан аввал ҳалоллигига ижмоъ қилинган. Агар ачиб, кўпирадиган бўлса, унинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаром бўлади”. Қимиз ҳам худди шундай. Уни янгилигида ичиш мақсадга мувофиқ. Спитр қўшилган ёки кўп тургани сабаб маст қилувчи ичимликка айланган қимизни ичиб бўлмайди.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар бир хамр ҳаромдир”(Муслим, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
“Ҳар бир хамр ҳаромдир” дегани маст қилувчи ичимлик ёки таомларнинг ҳар қандай тури ҳаромлигини англатади.
Демак, қимиз жуда ачиб, маст қиладиган даражага келиб қолса, уни ичиш мумкин эмас. Шу сабаб дуч келган жойдан бу ичимликни сотиб олиш тўғри бўлмайди. Уни ишончли кишилардан харид қилиш мақсадга мувофиқдир.
Биз юқорида қимизнинг маст қилиш даражасига кўра ҳукмини баён қилдик. Аммо бия сутини ичиш борасида ҳам турли қавллар айтилган. Уламолар наздида гўшти ейиладиган ва тирик ҳайвоннинг сути ҳалолдир. Бунда хилоф йўқ. Аммо баъзи ҳайвон гўштлари ва сути борасида турли фикрлар айтилган. Бия сути шофеъий, ҳанбалий ва ҳанафийлардан Абу Юсуф ва Муҳаммадлар наздида пок ва ҳалолдир. Абу Ҳанифадан икки хил ривоят нақл қилинган. Ҳасан Абу Ҳанифадан ривоят қилишича, отнинг суъри ҳам, сути ҳам макруҳдир. Бошқа ривоятда биянинг сутини ичишнинг ҳечқиси йўқ. Сабаби сутини ичиш билан унинг жангга чиқишига тўсқинлик бўлмаслиги айтилган.
Моликийлар наздида отнинг гўштини ейиш, сути ичиш мумкин эмас[1] (“Жавоҳирул-иклил”). Моликийлардан қилинган бошқа ривоятда от гўштини ейиш танзиҳий макруҳ, дейилган.
Кишилар орасида бия сутидан тайёрланган ичимлик “қимиз”, туя сутидан тайёрлангани “қимрон”, дейилади, деб айтганлар ҳам бор. Шунга кўп, қимрон ичишда ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Аммо қимиз ичиш борасида турли гаплар айтилган. Бия сути ҳақида бизнинг мазҳаббошимиздан икки хил гап собит бўлган бўлса, у кишининг шогирдларидан саналган Абу Юсуф ва Муҳаммадлар наздида бия сутини ичиш жоиз. Фақат қимиз ва қимрон ичишда юқорида айтилган шартларни ёддан чиқармаслик лозим.
[1] Аҳли сунна вал жамоа уламолари орасида отнинг гўшти ҳалол ёки ҳаромлиги борасида ихтилоф бор. Лекин бу ихтилофга от гўштининг нопоклиги эмас, балки унинг кундалик эҳтиёжларда, хусусан жанг-жадалларда керак бўлгани сабаб эканини унутмаслигимиз лозим.