«МАҚОЛАНГИЗНИ ЎҚИДИМ»
Лазизжон Бахранов
Мақолангизни ўқидим
Маълумки, комилликка интилиш халқимизнинг қадимий қадриятларидан ҳисобланади. Сабаби азал-азалдан элимизнинг донишманд фарзандлари ўз асарлари, турмуш-тарзлари орқали барча-барчани комил инсон бўлишга даъват қилиб келишган. Энг муҳими, улар илмий-ижодий ғояларига шахсий ҳаётларида ҳам оғишмай амал қилишган. Соддароқ айтганда, тили билан дили бир бўлган уларнинг.
Мен тарихимизга оид китобларда ва айрим мақолаларда, кўпинча, ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, ал-Фарғоний сингари аждодларимиз қаторида ал-Марвазийнинг номига ҳам кўзим тушар эди. Лекин бу зот ҳақида бирор маълумотга эга эмасдим. У кишининг сиймоси мен учун гўёки булутлар орасига яширинган тоғдек таассурот қолдирарди. Ва ниҳоят яқинда севимли нашрим «Жаҳон адабиёти» журналининг 2010 йил июл сонида эълон қилинган таниқли шоир ва таржимон Мирпўлат Мирзо қаламига мансуб «Комиллик сири» мақоласини ўқиб, Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ал-Марвазийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлдим.
Мен бу ўринда бот ал-Марвазий ҳақида эмас, балки Мирпўлат Мирзонинг «Комиллик сири» мақоласининг ўзига хос хусусиятлари, улуғ аллома ҳақида ёза туриб билдирган қатор мулоҳазалари ҳақида тўхталиб ўтмоқчи эдим.
Аввало муаллиф ал-Марвазий ҳаёти ва фаолияти мисолида унинг сиймосини бугунги замон кишиси қалбига, дунёга қарашига яқинлаштиради. Хусусан, мақоланинг бир ўрнида муаллиф, «Биз буюк аждодлар ҳақида гап очганда, кўп ҳолларда уларнинг эзгу фазилатларини тилга олишга мойилмиз. Шу боисдан баъзан уларни китобий сиймоларга айлантириб қўямиз. Шу ўринда бир жиҳатни таъкидламоқчиманки, Ибн ал-Муборак ҳақида сўз кетганда ана шу майлдан тийилишни камина аввал-бошдан кўнглига тугиб олганди». Балки шунинг учун ҳам конкрет фикр қилаётган ёш авлод, прагматик руҳда яшаётган бугунги одам учун «китобий сиймолар»нинг таъсири, тарбиявий аҳамияти камайиб бораётгандир. Ҳақиқаттан ҳам, кўпгина илмий-оммабоп мақолаларда улуғ аждодларимиз эртак қаҳрамонларидек тасвирланган бўлса, ушбу мақолада муаллиф бошқача ёндашувни илгари суради: «… баъзан бизга, ўтмиш алломаларимиз турмуш ташвишларидан озод, дунё ғамларидан мутлақо мосуво зотлардек туюладилар.
Айниқса, илм кишисини биз одатда вужуд-вужуди билан мутолага шўнғиган, ҳаётий эҳтиёжлардан йироқ, тирикчилик ғам-ташвишларига бегона одам сифатида тасаввур қилиб келганмиз. Чуқурроқ идрок этсак, бу шўро замонида юргизилган сиёсатнинг «самараси» эканлигини англаб оламиз. Совет замонида мулк, пул, бойлик илм кишилари учун мутлақо керак бўлмаган нарса деган тушунча ҳам шаклланган эди. Ўзининг қашшоқлигидан фахрланувчи зиёлилар халққа ибрат қилиб кўрсатиларди. Бу тушунчаларнинг тўғри ақида эмаслигини эндиликда кўпчилигимиз ич-ичимиздан ҳис қилиб турибмиз. Бу сиёсатнинг тагида нима яширинганлигини эса илғаш мушкул эмас…».
Муаллиф фикрини давом эттирар экан, ал-Марвазий «советча тасаввур»даги инсон бўлмаганлигини, аксинча, унинг мол-мулки тўрт юз минг динордан зиё бўлиб, ҳар йиллик даромади юз минг динорга тўғри келганлигини қайд этади: «Лекин бу бойлик — бу давлат унга отасидан мерос қолмаганди. Бу катта мол-дунёга у ҳаёти давомидаги саъй-ҳаракати туфайли эришган эди… Ибн ал-Муборак ҳар йили топган юз минг динор пулини илм аҳлига сарфларди. Айни чоғда бу маблағни камайтирмаслик учун у тинмай ишлар, тижорат йўлида узоқ юртларга сафар қиларди. Аллома комиллигининг сири мана шу эзгу амали ва тиниб-тинчимаслигидадир балки?».
Бугунги бозор муносабатлари барчамизнинг дунёқарашимизга ўзига хос таъсир кўрсатди. Маънавият ва моддият мувозанатини сақлаш иродаси анча сустлашиб, ўзим бўлайчилик, нима қилиб бўлса ҳам пул топ деган фалсафалар, минг афсуски, кўпчиликнинг ҳаётий ақидасига айланиб бормоқда. Ўйлайманки, «Комиллик сири» мақоласида ал-Марвазий ҳаётига оид келтирилган тафсилотлар ва ривоятлар, муаллифнинг теран ақл билан йўғрилган мулоҳазалари ҳар қандай бугунги кун кишисини ўйга толдирмай қўймайди. Хусусан, муаллиф ёзади: «Ибн ал-Муборакнинг бошқаларга қиладиган ҳиммати ҳамиша беминнат эди. Жумладан, Ибн ал-Муборак ҳатто жазирама иссиқ кунларда ҳам соим(рўзадор) бўлиб, муҳтож одамларни энг яхши таом билан боқар эди. «Оч кишининг қорнидаги бир луқма, дер эди у, — менинг ўлчовимда масжид қургандан ҳам аълодир, гарчанд, у масжидни бир ўзим қурадиган бўлсам ҳам.» Муаллиф ушбуларни қайд қилар экан, лекин биз, бугунги кун одамлари, бундоқ ҳимматни, бундоқ меҳр-мурувватни тасаввур қила оламизми деган хавотирини билдиради: «Тасаввур қилганда ҳам бунга ишонишга қурбимиз етармикан? Зеро, теварак-атрофимиздаги ҳаётни кўриб турибмиз, кошона уйлар солаётганларнинг яшаш тарзи, уларнинг ҳаётдаги ақидаси, пулга бўлган бемисл «меҳр-муҳаббатлари» бизга беш қўлдек аён…»
Муаллиф Ибн ал-Муборак ҳаётидан лавҳаларни ҳикоя қила туриб, йўлакай шу каби дил изҳорларини, ўй ташвишларини жонли ҳаётий мисоллар, теран фикр-мулоҳазалар воситасида баён қилади.
Жумладан, Ибн ал-Муборакдаги комилликнинг яна бир қирраси меҳр-оқибат туйғуси эканлигини таъкидлайди: «… У дўстликни қадрлайдиган қалб эгаси эди… Дарвоқе, айни пайтда сизнинг асл дўстингиз борми?» — дея ўқувчига мурожаат қилади ва Ибн ал-Муборак ҳаётини ёритар экан, комил инсоннинг дўстга, дўстликка муносабати ҳақида атрофлича фикр билдиради. Шунингдек, буюк донишманддаги улуғ инсоний фазилатлар, аввало покиза оила заминида ниш урганлигини қайд этади.
Мақоланинг энг қизиқарли нуқтасида муаллиф аксар қалби уйғоқ инсонларни тўлқинлантириб юборадиган саволни ўртага ташлайди: «Мени баъзан бир нарса ўйлантиради: ҳалол, иймонли-диёнатли инсонлар нега фақат ўтмиш замонларда яшаганлар? Ундай инсонлар бугунги кунда анқонинг уруғими? Топиб бўлмайдими ундай зотларни бугунги кунда?». Саволга жавоб бериб, бир дўсти билан боғлиқ воқеани ҳикоя қилади ва «…агар мен бугунги кунда кимни комил инсон деб аташ мумкин, деган саволни беришса, мен аввало ўша дўстимни кўрсатган бўлардим,» — дея хулосасини дангал айтади. Бу хулосадан кейин ўқувчида атрофидаги одамларга эътиборлироқ ва ҳайрихоҳ бўлиш фикри туғилса ажаб эмас.
Умуман олганда, «Комиллик сири» мақоласи Ибн ал-Муборакдек улуғ бобокалонимиз ҳақида қизиқарли маълумотлар, мулоҳазалар билан бойлигидан ташқари, мақоланинг ҳар бир нуқтасида ҳар бир юртдошимизда ал-Марвазийга хос фазилатларни кўриш истаги, она Ватанимизга бўлган зўр муҳаббат сезилиб, билиниб туради. Мақолада келтирилган ҳаётий мисоллар, муаллифнинг жонкуярлик билан билдирган фикрлари ўқувчини илмга, бир-биримизга меҳр-муҳаббатли бўлишга ундайди. Қани эди, «Комиллик сири» мақоласини ўқиб, пулу мол-дунёга муккасидан кетаётган, нафси йўлида ота-онасини, ака-укасини, керак бўлса, ўз юртининг манфаатини унутиб қўяётган айрим юртдошларимиз моддият билан бирга маънавият ҳам инсонга бирдек зарурлигини, дейлик, ал-Марвазий каби илму маърифат ва моддий эҳтиёжларни бир қўлда тутиш мумкинлигини англаб етишса… Шу маънода мазкур мақолани «Маърифат» газетасида кўчириб босиб — ўқитувчилар, улар орқали эса ўқувчилар ҳукмига етказиш маънавиятимизнинг янада юксалиши учун фойдали бўлур эди. Бундан ташқари, «Маънавият тарғибот» маркази мақолани рисола тарзида чоп этса-да, турли давлат ва нодавлат ташкилотларидаги маънавият дарсларида қўлланма сифатида фойдаланилса, «Баркамол авлод йили»да амалга ошириладиган ишлар самараси бундан-да ошган бўлур эди.
Лазизжон БАХРАНОВ
|