Понедельник, 23.06.2025, 20:19
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Август » 14 » КЎЗЛАРИМДА ЧАЙҚАЛАДИ УФҚ
15:27
КЎЗЛАРИМДА ЧАЙҚАЛАДИ УФҚ

НАБИ ЖАЛОЛИДДИН: КЎЗЛАРИМДА ЧАЙҚАЛАДИ УФҚ

Ватаним



Тупроғингда тупроқ гарди бўлсам, деган болангман,

Офтобингда куйиб-куйиб ёнсам, деган болангман.

Етти иқлим ҳавосида уча-уча охиро,

Қуш мисоли сенга қўниб, гулсан, деган болангман.



Ўшал мулки самодаги ойдин ойим ўзингсан,

Қанотлари юлдузлардан ул ҳумойим ўзингсан.

Тимдалайман, тирноқларим ботиб кетган кўксимда

Гоҳо-гоҳо санчиб қўйган қибла жойим ўзингсан.



Тонглар – шабнам булоғиму япроқ сочиқ бўлади,

Қаён боқсам яшил маъво – кундек очиқ бўлади.

Бир-бир босиб ўтармано, изим-беҳишт, ўзим – ҳур,

Ҳар қадамда ўзбек деган нурлар сочиқ бўлади.



Аждодимнинг арши юксак, мен ҳам ундан тўкилдим,

Баъзан тубан кетиб қолсам, воҳ, нолавор ўкиндим.

Билдим, нурдан яралганман олам кўзи толгувчи,

Боқиб кўкнинг меҳварига, яна сенга юкиндим.



Онажоним сийнасидан дилга чўккан ифорим,

Фалаклари қиш ёпинса, мангу яшнар баҳорим.

Ё Тангрининг кипригидан тўкилган ёш бир томчи,

Ё ниначи қанотида силкинганим, оҳ, орим!



Жимит лошим нелар қилай? Ўзинг жисмим, ўзинг жон,

Бир елкамда қайғу бўлса, бир елкамда жовидон.

Хушбўйларинг севганларга, севмаганга яна хуш,

Қароғимда яшар Ватан – муқаддас Ўзбекистон!





* * *

Яна келдинг. Дунё юкунди.

Япроқ каби қалқиб кетди куз.

Бўғзимдаги тоғдек юкингни

Киприкларда тортиб берди кўз.



Сўзинг борми?

Қалаштир, ёқай –

Тутунми ё,

Ҳовурми ё туман?

Хазонларнинг остидан боқай,

Киприклари дарахт, ёсуман.



Термиласан, нигоҳларингда

Фаслларнинг ҳикмати тўзғир.

Куз ҳикматли гиёҳларингда

Ранглар энди хаёлни қўзғар...



Яна келдинг!

Яна келдинг, жон –

Минг йил олдин чиққан савилим.

Лаҳзаларим, қара, бемажол,

Сен келган кун – туғилган йилим.



* * *

Хайр куз – қалб фуқароси,

Қисмат энди хазонлиғ.

Бахт деганнинг қаросин

Иккимиз ҳам қозондиғ.



Маҳзун-маҳзун ўйларинг

Туманларга айланди.

Мен соғинчга тўймадим

Ва у дилда ойланди.



Шуълалари аёзда

Титради тарам-тарам.

Кўзлар – оппоқ қоғозга

Ёшлар чизди хотира.



Ютинмоқчи бўлдингми,

Силтандилар дарахтлар?

Аямадинг кўнгилни,

Армон ичди қадаҳлар...



Кузатар сени, кузим,

Изғиринлар қарсаги.

Қизарар икки юзим

Егандайин тарсаки.



Хайр, куз!..



Светофор ёнида



Автоларни ёмон кўраман,

Сени олиб кетади қучиб.

Юрагимга жоним сўраган

Санчилади йўлларнинг учи.



Кўзларимда чайқалади уфқ

Ва қолади йўллар қонталаш.

Ҳалигина қуёш эди чўғ,

Энди кўкка ўрлаган оташ.



Мени тушун, қизил чироғим,

Шошаётган автоларни тут.

Висол – денгиз, яшил қирғоғи

Олисларда бўлсайди унут...



Жуда-жуда ёмон кўраман,

Сени олиб кетади қочиб.

Қизараман йўлни бўралаб,

Автолардек қучоғим очиб...



Юр, кетамиз



Юр, тоғларга кетамиз, эркам,

Харсангтошлар чалар чанқовуз.

Шаҳарларда сотилар экан

Юрак отлиғ қонли жонҳовуз.



Иккимизга ўхшар шамоллар:

Бўйи сенинг,

Менингдир шашти.

Бизникидир бермай саволлар

Ва жавобсиз яшамоқ гашти.



Ёнимизда бўлар фидо жон,

Қумирсқалар, ўт-ўлан – сариқ.

Улар сира қўрқмас жудодан,

Ҳур косада бахтни сипқориб.



Осмонлари – зарбоф ёпинчиқ,

Юлдузлари ботар тунлари.

Десак: “Қуёш кўзларимдан чиқ!”

Алла айтар тонгнинг куйлари...



Юр, тоғларга кетамиз, эркам,

Нигоҳлардан,

Ғамлардан йироқ.

Тошлараро чечаклар терган

Капалагим, юрагимга боқ!



Муҳаббатнинг аршлари қайда,

Нурларига беланиб учсак.

Жонҳовузнинг шарбатин ойда

Пиёладек сипқориб ичсак...



Юр, кетамиз...

Кетамиз, юрагим...



Ҳаёт кўринди



Ўзимни изладим, бир қуш кўринди,

Юракни дом этиб, қўйдим дунёга,

Сайдим сайрадию беҳуш кўринди.



Худони изладим, бир он кўринди,

Зикримни дом этиб, борлиққа сочдим,

Сайдим нафас бўлди ва жон кўринди.



Дунёни изладим, ўзимдан қочдим,

Йўлимда тумандай бир туш кўринди,

Лаҳзалар тоғлару етмас қулочим...



Ай, сени изладим, фарёд кўринди,

Ишқимни дом этиб, хокисор қолдим,

Киприкларим аро ҳаёт кўринди... 

Ўзимни изладим...

Андижон 
Просмотров: 672 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Август 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031