Понедельник, 23.06.2025, 18:07
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Сентябрь » 11 » Колумбни уйғотган даҳо ёхуд Американи ким кашф қилган?
13:02
Колумбни уйғотган даҳо ёхуд Американи ким кашф қилган?

Рейтинг:   / 0 

ЁмонЖуда яхши 
Тоифа: Фикрлар
 
Қараб чиқишлар: 26
Печать

Барчамизга яхши маълумки, халқимизнинг миллий маънавиятини минг йиллар давомида сайқал топган азалий қадриятларимиздан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб миллий маънавиятимиз билан бирга, унинг ажралмас қисми бўлган муқаддас динимиз ва қадимий анъаналаримизни тиклаш, жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш, ўсиб келаётган авлоднинг ана шу маънавий хазинадан баҳра олиб улғайишига алоҳида эътибор берилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида  бутун дунё эътироф этган Муҳаммад Хоразмий, Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Баҳоуддин Нақшбанд сингари буюк аждодларимизнинг таваллуд саналари кенг нишонланиб, уларнинг қутлуғ зиёратгоҳлари, юзлаб тарихий ёдгорликлар, меъморий обида ва мажмуалар обод этилди, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий мероси ўрганилди. Бугунги кунда дунёнинг кўзга кўринган олим ва мутахассислари фаннинг турли соҳаларида қалам тебратган мутафаккирларимизнинг илмий меросига қайта-қайта мурожаат этиб, бундан неча асрлар муқаддам, замонавий технологиялар мавжуд бўлмаган шароитда ўз илмий қарашларини ўта аниқлик билан ифода этганларига ҳайратланиб, таҳсинлар айтмоқдалар.
Яқинда Буюк Британиянинг тарих фанига ихтисослашган “History Today” журнали Жон Хопкинс университети профессори Фредерик Старрнинг “Шундай қилиб, Американи ким кашф қилган?” номли мақоласини эълон қилди. Унда олим мана неча асрлардан бери, илмий жамоатчилик орасида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган масала – Шимолий Американи ким кашф этгани ҳақидаги саволларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилган. Маълумки, кўпчилик бу қитъанинг кашф этилишини сайёҳ Колумб номи билан боғлайди. Айни мавзуда илмий изланишлар олиб борган олимлар Колумбга қадар номаълум қитъага шимоллик денгизчилар бир неча бор қадам қўйганлари, бироқ улар ушбу ҳудуднинг янги қитъа эканидан мутлақо хабарсиз бўлганларини исботлаганлар. Фредерик Старрнинг таъкидлашича, асосан савдо-сотиқ билан кун кечирган шимолликлар агарда ўз ишининг устаси бўлганида, улар бу “янги ерлар” эканини фаҳмлаган бўлардилар.
Олим Ғарб билан Шарқни боғловчи карвон йўллари ўтган Мовароуннаҳр ҳудудида қадимдан савдо-сотиқ, ҳунармандчилик тараққий этгани, уч минг йил муқаддам маҳаллий савдогарлар ўз маҳсулотларини Европага, Хитой ва Ҳиндистонга олиб бориб сотганларини қайд этади. Мақолада айтилишича, шимолликлардан фарқли равишда мовароуннаҳр-ликлар ўзлари бориб кўрган ҳудудларнинг иқлими ва географияси тўғрисидаги аниқ маълумотларни бошқаларга баён қилганлар ва уларни ёзиб қолдирганлар. Табиийки, бу минг йиллар аввал ҳам ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида илм-фан, маданият ва ижтимоий ҳаёт дунёнинг бошқа чеккаларига қараганда анчайин ривож топганини тасдиқлайди.

Фредерик Старр буюк аждодларимиз Абу Райҳон Беруний ва Аҳмад Фарғонийнинг инсоният олдидаги тенгсиз хизматлари ҳақида тўхталиб, Ернинг шарсимон эканлигини аниқлашда, экваторнинг узунлигини ҳисоблашда ўз даври учун ақл бовар қилмайдиган илмий инқилобни амалга оширганларини таъкидлайди. Уларнинг тадқиқотлари ўта аниқ арифметик рақамларга асослангани боис, авваллари умумэътироф этилган қадимги грекларнинг ҳисоб-китобларига сезиларли тузатишлар киритган. Орадан беш аср ўтиб, Аҳмад Фарғонийнинг “Самовий ҳаракатлар ва илми нужум тўплами” китобида келтирилган маълумотларни диққат билан ўқиган Колумб ўзида ички ишонч ҳиссини туйиб, машҳур саёҳатларига тайёргарлик кўра бошлайди. Колумб “оламшумул кашфиёт”ига шубҳа билан қараётган кишиларни айнан Фарғонийнинг лотин тилидаги таржима китоби асосида ишонтиради.
Шунингдек, мақолада Берунийнинг ибратли ҳаёт йўли, илмий фаолияти, олиб борган тадқиқотлари ҳақида Ғарб кишиси учун қизиқарли маълумотлар келтирилади. Муаллиф “Беруний ҳиндуийлик ва ислом динларини солиштирма ўрганиб, илк бор “Қиёсий диншунослик фани”га асос солганини эътироф этади. Ваҳоланки, ҳозиргача илм аҳли ушбу фаннинг “отаси” сифатида немис олими Макс Мюллерни таниб келади.
Беруний Ер шари айланасини аниқлаш бўйича жиддий изланишлар олиб боради. Шу мақсадда шарсимон тригонометрия ва синус қонунини қўллаган ҳолда янги услубни яратади. Олим асос солган мазкур услуб шу даражада мукаммал эдики, унинг натижасида аниқланган ҳисоб замонавий технологиялар яратилганидан сўнг ўлчанган Ер шари узунлигидан бор-йўғи 10,44 милга фарқли эди.

Мақола муаллифи бундан ўн аср муқаддам яшаган аждодимизнинг тенгсиз заковатини эътироф этиб, жумладан шундай дейди: “Ҳозирги кунгача Берунийнинг ҳисоб-китобларни қай тарзда амалга оширганлиги сирлигича қолмоқда. Бу, албатта, унинг билими ва салоҳияти фавқулотда юқори бўлганидан далолат беради”.

Беруний ўзининг “Қонуни Масъудий” асарида Шимолий ва Жанубий Америка қитъаларининг мавжудлигини шунчаки, қадимий асотирлар ёхуд ҳаёлий ўй-фикларга асосланиб эмас, балки узоқ йиллик кузатишларга таянган ҳолда илмий асосда илгари суради. “Беруний Ер юзининг бешдан уч қисмида ҳеч нарса йўқ, фақат сувдан иборатлигини қайд этсада, уни мантиқ ва кузатувлар нуқтаи назаридан инкор қилади. Унинг минералогия соҳасида ўрганган билимлари ушбу жараёнда жуда қўл келади. Олим қаттиқ жисмлар сувдан кўра оғир эканлигини яхши билади. “Сувли дунё Ер шарини номутаносибликка олиб келмасмиди? Дунёнинг бешдан икки қисмига тушган турли кучлар қолган қисмига таъсир ўтказмайдими?” Ана шундай саволларга жавобан, Беруний Европа ва Осиё ўртасидаги океан кенгликларида бир ёки ундан ортиқ  номаълум ерлар ҳамда қитъалар борлигини қайд этади”, — дейди Фредерик Старр. Шу боис Ғарб олими янги қитъа кашфиётчиси қаторида Абу Райҳон Берунийнинг номи тилга олинишга ҳақли деб ҳисоблайди: “Беруний Шимолий Америка кашфиётчиси сифатида тилга олиниши лозим.

Ҳар ҳолда, у олиб борган илмий тадқиқотлар натижасидаги хулосалар бошқаларники сингари шунчаки фаразлар эмас. У қўллаган воситалар венециялик ёки шимоллик денгизчилар ишлатган услуб ҳам эмас, балки жиддий кузатувлар, маълумотларни сифат ва сонда таҳлил қилиш ҳамда тўғри мантиқ асосидаги назариядир”.

Ҳа, чиндан ҳам биз ҳар қанча фахр қилса арзийдиган, дунёни зимистон тутган чоғда ҳам илм нури қоронғу йўлларини нурафшон қилган буюк аждодларнинг ворисларимиз.

Президентимиз таъкидлаганларидек: “Тарихимизда бундай беназир сиймоларнинг мавжудлиги ўзига хос бир феномен, яъни ўта ноёб бир ҳодисадир. Бу эса нафақат бугунги, айни пайтда эртанги авлодларимизнинг ҳам маънавий бойлигига айланиб, халқимизга ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайдиган руҳий куч-қувват ва мадад бериши муқаррар”.
Дарҳақиқат, тарихини билган, кимнинг, қандай улуғ инсонларнинг вориси эканини англаган инсон доим буюк ишларга шай бўлади. Уни ҳеч қандай куч танлаган йўлидан, эзгу мақсадларидан оғдиролмайди. Аждодларига муносиб авлод бўлиш эса ҳар биримизнинг асл фарзандлик бурчимиздир. Бинобарин, биз Жон Хопкинс университети профессори ўз мақоласининг хотимасида эътироф этганидек: “Шак-шубҳасиз, қадимги дунё ва буюк Европа олимлари орасидаги энг буюк кашфиётчи”нинг зурриёдимиз.

 

Дилшод Носиров,

Тошкент ислом университети қошидаги академик лицей ўқитувчиси

Просмотров: 1128 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Сентябрь 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930