“Миллат тақдири мана шу миллат вакиллари яшаган оиланинг ҳолатига боғлиқдир. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади”.
Абдурауф Фитрат
Шиддат билан ривожланаётган глобаллашув жараёнларининг фаоллашуви, маънавият ва аҳлоқий тарбияда ғарб маънавиятига хос бўлган индивидуализмнинг кучайиши ҳаётимизнинг барча жабҳаларига ва айниқса, оила муҳитига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Дарҳақиқат, оила барча ислоҳотлар, ўзгаришлар, таназзул ва тараққиётларнинг ибтидоси ва интиҳоси ҳисобланади. Жаҳон саҳнасида юз берган ҳар қандай ўзгаришлар аввало, оилада ўз таъсирини кўрсатади. Шунингдек, глобаллашув жараёни ҳам оилаларга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади.
“Глобаллашув” сўзининг маъноси халқаро интеграция, яъни бутун дунё аҳолисининг бир ижтимоий тузум остига бирлашиши, бир хил вазифа бажариши процессини англатади. Бу жараённинг салбий таъсири миллатга ва миллий ўзига хосликка путур етказади.
Глобаллашув жараённинг маҳсули сифатида “оммавий маданият” кириб келди. Бу бало ёшларни ўз домига торта бошламоқда. Бугун биз ёшларни ана шундай маънавий таҳдидлардан асрашимиз миллат келажаги олдидаги энг катта вазифамиздир. Чунки, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида аҳлоқий бузуқлик, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қолмайди”.
Мана шундай шароитда фарзанд- ларимизни ёт ғоя ва мафкурадан, турли экстремистик оқимлардан сақлайдиган энг ишончли ҳимоя қўрғони оила ҳисобланади. Ота-онадаги маданият, маънавият, истеъдод, масъулият, вақти келганда, ўғил-қизларда намоён бўлади. Ёш авлодни маънавий ва ғоявий жиҳатдан тарбиялаш, уларни зарарли таъсирлардан асраб қолишда оиланинг ўрни каттадир. Ўз навбатида фарзанднинг қандай инсон бўлиб етишиши унинг оилада олган тарбиясига, оилага маънавий-руҳий жиҳатдан узвий боғлиқ.
Бу ҳақиқатни барчамиз биламиз, албатта. Лекин, ҳозирги кундаги ёшлар тарбиясида жиддий муаммолар бу ҳақиқатни унутиб қўяётганимиздек туюлмаяптимикан. Бола илк тарбияни оилада, онадан олади. Бу жараёнда онанинг ўзи илм-маърифатдан хабардор, дунёқараши кенг, соф инсоний фазилатлари шаклланган бўлиши керак. Ёш бола ниҳоятда тақлидчи бўлади, у оилада катталарнинг барча ижобий ва салбий хатти-ҳаракатларини зийраклик билан кузатиб боради. Турмуш ташвишлари, рўзғор икир-чикирлари билан бўлиб боладаги бу ўзгаришни сезмаймиз ҳам. Лекин қўшнимизнинг хотини фалонча сўмлик пальто сотиб олганини, фалончининг қизи охирги модадаги кўйлак олганини дарров сезамиз. Дастурхон атрофида ўтириб муҳокама қила бошлаймиз: “Менинг фалончининг хотинидан қаерим кам!?” Бу каби таъна-дашном билан ишдан чарчаб келган турмуш ўртоғимизни жангга чорлаймиз. Сўнг ғазаб отига минган турмуш ўртоғимиз оғзидан боди кириб, шоди чиқа бошлайди. Ҳар хил сўкинишлар, бақир-чақирлар бора-бора кундалик турмушимизда ишлатиладиган сўзларга айланиб қолади. Секин-аста миясига ўрнашиб қолган бу сўзларни энди бола ўртоқлари, тенгдошлари билан мулоқотда қўллай бошлайди. Ногаҳон сўкинаётганини эшитиб қолсаккина қаердан ўргандинг сўкинишни? Ким ўргатди? деб тергай бошлаймиз. Аслида бу сўзларни унга ўргатган ўзимиз эмасми? Энди фарзандимизга уят, шарму ҳаё тўғрисида гапирсак, қандай бўлар экан? Президентимиз Ислом Каримов айтганларидек: “Кўп йиллик илмий кузатиш ва тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон ўз умри давомида оладиган барча маълумотларнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олар экан. Боланинг онги асосан 5-7 ёшда шаклланишини инобатга оладиган бўлсак, айнан ана шу даврда унинг қалбида оиладаги муҳит таъсирида маънавиятнинг илк куртаклари намоён бўла бошлайди” .
Боланинг қалбида маънавиятнинг илк куртаклари намоён бўлаётган жараёнда, бола тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатлар қаторига ота-онанинг ўзаро жанжаллари, ёмон гап-сўзлари, ёлғон, ҳаёсизлиги, оилавий нотинчликни киритиш мумкин. Оиладаги бу каби кунлик мажаролар болани асабини тажанг қилиб қўяди ва бола уйдан безиб, кўчада кайфу-сафо қилишни ҳоҳлаб қолади. бу ҳол, кўпинча бекорчиликдан кўчада тентираб юрган назоратсиз болаларнинг жиноятчиликка, гиёҳвандликка, тунги клубларга кириб қолишига сабаб бўлади.
Криминологларнинг тадқиқотларига кўра, ўсмирлар ва ёшлар жиноятчилигига 200 га яқин омиллар таъсир қилади. Буларнинг энг асосийси бола яшаётган, тарбия олаётган, шаклланаётган оиланинг таъсиридир. Балоғатга етмаган жиноятчиларнинг 61 фоизини жанжалкаш оилада ўсган ўсмирлар ташкил этмоқда.
Яна фарзандимиз бировни боласидан кам бўлмасин деб моддий жиҳатдан бойлигимизни намоён қилиш мақсадида фалон сўмга компьютер сотиб олиб берамиз. Фарзандимиз соатлаб компьютер қаршисида ўтирса, гўёки болам илмга жуда қизиқяпти деб ўзимизни тинчлантирамиз. Яна турмуш ташвишлари билан бўлиб фарзандимизни назоратсиз қолдирамиз.
Ҳозирда интернет тармо- ғидан фойдаланаётганларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил қилмоқда. Ёшлар эса миллат ва давлат келажагидир. Дунёда содир бўлаётган воқеалар ва ҳаракатлар тезликда интернет тармоқлари орқали тарқалади. Бугунги кунга келиб интернет жаҳондаги мавжуд мадани- ятлар, ғоялар, қадриятлар ва манфаатларни ўзида акс эттирган ягона тармоқдир. Лекин, ҳар бир нарсанинг яхши ва ёмон томони бўлганидек, интернетдан фойдаланишда баъзи масалаларни кенг миқёсда назоратга олишни тақозо қилмоқда. Бундайлар сафига терроризмни тарғиб қилувчи, диний экстремистик ғоялар тарқатувчи, ваҳшийлик, шафқатсизлик, порнография каби аҳлоқсизликка мойилликни ривожлантирувчи сайтларни мисол қилиш мумкин. Интернет ўзининг ғаразли сайтлари билан дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Ўспирин ёшларнинг онгига таъсир қилиб, баъзи ноанъанавий хабарларни ҳам тарқатмоқда. Шунинг учун ота-оналар фарзандларининг интернетда ишлаётган жараёнини қаттиқ назорат қилиши жуда муҳимдир. Ҳозирги кунда интернетнинг турли сайтлари ёшлар онгига салбий таъсир қилади, лекин кун сайин унга ўрганиб қолаётганлар сони кўпайиб бормоқда. Бундай руҳий боғланиш фожеали оқибатларга олиб келмоқда. Айрим қўштирноқ ичидаги беғараз инсонлар ёшларни порнографик сайтлари орқали нишонга олмоқда. Яъни, маънавий озуқа билан бирга, руҳий ҳаёт тарзига таъсир ўтказмоқда. Интернетни ҳаёт тарзига айлантирган ёшларимиз кўрганларини ҳаётга татбиқ қилиб, ҳар-хил кўнгилочар тунги клублар, компьютер ўйингоҳлари, дискотекаларда вақтларини ўтказмоқдалар. Бунинг натижасида аксарият ёшлар енгил-елпи ҳаётга ўрганиб қолаётгани энг ташвишлидир. Қачонки фарзандимиз жиноят кўчасига кириб қолганида ёки гиёҳванд бўлиб, наркотик моддалар исканжасига тушиб қолганида ўзимизга-ўзимиз савол берамиз. Нима учун шундай бўлди? Бунга ким айбдор? -деб айбдорни излай бошлаймиз. Аслида энг асосий айбдор ота-она эмасми?
Нега моддий бойлигимизни намоён қилувчи компьютер эмас, балки маънавий бойлигимизни намоён қилувчи китоб сотиб олиб бермадик? Натижада фарзандларимиз компьютер ўйингоҳларда кўпми ёки китобхоналардами? Уларни бу муҳитдан асраш, баркамол шахслар қилиб тарбиялаш, албатта, энг аввало ота-она зиммасидаги энг асосий ва масъулиятли вазифадир. Аммо биз зиммамиздаги бу вазифани тўлақонли адо этаяпмизми? Ёки эрталаб мактабга ва ё коллежга кетганича ярим тунда уйга қайтаётган фарзандимизни нима иш билан машғул бўлаётганини сўраб, тергаб қўйдикми? Бу саволга жавоб бериш талаб этилганда мен болам учун ишлаяпман, у учун ҳамма нарсани муҳайё қилдим, ота-оналик вазифамни бажаряпманку деб, ўзимизни овунтирамиз. Тўғри, фарзандимиз моддий жиҳатдан эҳтиёжи йўқдир, аммо маънавий жиҳатдан қандай озуқа бердик?
Физиологиядан маълумки, ўсмирлик ёшида инсон ташқи таъсирларга кўпроқ мойил бўлади. Бу даврда ўсмирларда “буюк кашфиётлар”, “буюк ғоялар”, “буюк орзулар” ва мақсад-интилишлари орқали омма эътиборини ўзига жалб қилиш ҳисси кучли бўлади. Лекин, ҳамма вақт ҳам ҳаётдаги орзу-мақсадларга мустақил эришиш ҳаракатларини амалга ошавермаслиги оқибатида ёшларда инфантиллик (ўзини ночор, тушкун, ёрдамга муҳтож ҳис қилиш) хусусияти шаклланиши кузатилади. Бундай ҳолатда уларда “олий мақсадларга интилаётган мен каби кишилар ёки жамоа мавжуд”, деган тассавур пайдо бўлади. Шунда улар ўзларининг мақсад ва интилишларини тушунадиган кишиларни излай бошлайдилар. Соддадиллик ва хаёлпарастлик кайфиятида юрган ёшлар наздида гўёки атрофда кузатилаётган адолатсизлик натижасида юзага келадиган зўриқишни йўқотишда фақат биргина йўл “буюк ғоя”ни ўзида мужассамлаштирган етакчи билан ҳаммаслак бўлишни танлашга мойиллик юзага келади. Бу йўл ўспиринни диний мутаассиб оқимлар домига тортилишига олиб келиши мумкин.
Айнан шунинг учун ҳам диний зкстремистик ва террористик оқимлар ўз сафларини ёшлар билан тўлдириш устида асдойдил “Вербовка” ишларини олиб бормоқда. Улар лоқайд, терроризмнинг асл мақсадларини тушунмайдиган ёшлар орасидан ўзларига “ўринбосар”ларни қидириб топиб, “тарбияла- моқдалар”. Ўзларининг ғараз, бузғунчилик ғояларини исломнинг мазмун-моҳиятини тўла англамаган ёшлар орқали амалга оширишга киришмоқдалар. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса ота-она фарзандининг ҳар бир босаётган қадамини кўриб туриши, кузатиб, таҳлил қилиб бориши мақсадга мувофиқ бўлади. У фарзандининг ким билан дўст тутинганини, дарсдан ташқари вақтини нималарга сарфла- ётганини, уйдан оладиган пулларига нималар харид қилаётганию телефон ёки интернетда ким билан суҳбатлашаётганини, қандай китоблар мутолаа қилаётган- лигини, дам олиш кунлари қаерга бораётганлигини, умуман, ҳар бир қадамини назоратга олиши даркор.
Бугунги глобаллашув жараёни жадаллашиб, ахборот технологиялари изчил ривожланмоқда. Мана шундай шароитда фарзандларимизни ёт ғоя ва мафкурадан, турли диний экстремистик оқимлардан сақлайдиган энг ишончли ҳимоя қўрғони оила ҳисобланади. Ота-онадаги маданият, маънавият, истеъдод, масъулият, вақти келганда, ўғил-қизларда намоён бўлади. Шунинг учун ҳам болалардаги ўзгариш, интилиш, қизиқиш ота-она томонидан назорат қилиниши айни муддаодир. Ана шундагина биз ҳар томонлама етук, баркамол, мустаҳкам иродали, энг муҳими юксак маънавиятли, комил инсонларни тарбиялашдек буюк мақсад-вазифамизни уддалаган бўламиз. Зеро, ҳар томонлама етук баркамол авлод нафақат оиланинг, ота-онанинг, шу билан бирга бутун жамиятнинг энг муҳим ва катта бойлигидир.
Арофат Исманова,
Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази тадқиқотчиси