Понедельник, 23.06.2025, 20:24
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Август » 14 » ЁДИМИЗДАСАН, "ПАХТАКОР" !
15:16
ЁДИМИЗДАСАН, "ПАХТАКОР" !

«Пахтакор-79»: Ўттиз бешга кирган ғам...

 

Ўзбек футболининг қалбида аламли из қолдирган бу ғам бу йил 35га қадам қўяди... Ҳаёт ўтавераркан...Йиллар чархпалак мисол айланаверади...Аммо ўзбек футбол мухлисларининг юрагидан бир парчани юлиб олиб кетган бу ғам йиллардан йилларга ўтиб яшайверади...

Ахбор Имомхўжаев, Тўлаган Исҳоқов, Биродар Абдураимов каби ўша машъум фожеанинг тирик гувоҳи бўлганлар бу ғамни 35 йилдан бери ўз қалбларида сақлаб юрибдилар...35 йил...Айтишга осон... Сизу биз бунинг қанчалик аламли эканини ҳеч қачон ҳис қила олмаймиз... Бундай воқеа дунёдаги ҳеч қайси футбол мухлисининг, умуман ҳеч кимнинг бошига тушмасин...

Мен ўтган йили “Пахтакор-79” ҳақида бир мақола ёзгандим. Бу йил бу мавзуда ҳеч қандай янги нарса бита олмадим...Ўша ўтган йилдаги мақоламни яна бир бор эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдим... Зеро, ўтмишдаги дард ҳақида янгидан янги битиклар битиш шарт эмас...Уларнинг руҳини ёд этиш, ҳурматини бажо келтириш, ўзбек футболи ривожи учун амалга оширган хизматлари олдида бош эгиш керак...

Ҳа, бу дард биз билан бирга яшайди... Токи, ўша самога сочилиб кетган юлдузларнинг ўрнини босадиган янги ёшлар етишиб чиқмас экан, токи ўша ёшлар ўзбек футболининг довруғини яна ўша вақтлардаги каби юқори даражаларга олиб чиқмас экан, бу дарднинг алами йилдан йилга кучайиб бораверади...

Машъум ҳодисага оид статистик маълумот:
1979 йил 11 август куни соат 13 дан 35 дақиқаю 38 сония ўтганда Тошкент – Гурьев – Донецк – Минск йўналиши бўйича учаётган “ТУ-134” русумидаги самолёт рўпарадан Челябинск – Кишинёв йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган худди ана шу русумдаги самолёт билан 8400 метр баландликда тўқнашиб кетади. Тўқнашув натижасида иккала самолёт бортида бўлган жами 178 нафар йўловчи ва экипаж аъзоларининг барчаси ҳалок бўлди. Уларнинг орасида ўзбек футболининг байроқдори бўлган “Пахтакор” жамоасининг   17 нафар аъзолари ҳам бор эди...

Мана улар:
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий  Идгай Тазетдинов
Халқаро тоифадаги спорт устаси  Владимир Федоров
Ёшлар ўртасидасида Европа чемпиони  Михаил Ан
Спорт усталари:        

Олим Аширов
Равил Агишев
Виктор Чуркин
Сергей Покатилов
Николай Куликов
Юрий Загуменних
Владимир Макаров
Константин Баканов
Александр Корченов


Спорт усталигига номзодлар:

Шуҳрат Эшбўтаев
Владимир Собиров
Сирожиддин Бозоров

                           
Жамоа маъмури:   Мансур Толибжонов
Жамоа шифокори:   Владимир Чумаков

Мен юқорида номлари келтирилган футболчиларнинг бирортасини ҳам ҳаётда кўрмаганман. Насиб қилмаган. Лекин уларнинг барчасини худди ҳаётда кўргандек, яқиндан таниш бўлгандек танийман.  Дадамнинг мароқли ҳикоялари, катта ёшдаги қўшниларимнинг хотиралари, ўша футболчиларни кўрган, улар билан ёнма-ён юрган иноснларнинг эсдаликлари орқали уларни яхши кўриб қолганман.

Ишонмасангиз, сиз ҳам даднгиздан сўраб кўринг. Ўша жамоа ҳақида, ўша футболчилар ҳақида. Михаил Аннинг ажойиб техникаси, Владимир Федоровнинг “ўзига хос” финтлари ҳақида сўранг. Шу ҳақида гап бошласангиз кифоя. Даднгиз ёки бошқа бир катта ёшдаги мухлис керак бўлса сизга соатлаб уларнинг ўйини, маҳорати, чиройли голлари, ажойиб ғалабалари ҳақида сўзлаб берадилар. Беихтиёр ўша футболчиларни сиз ҳам яхши кўриб қоласиз. Меҳрингиз тушиб қолади уларга.

Юқорида айтиб ўтганимдек, мен ўша шонли “Пахтакор”нинг ўйинларини кўрмаган бўлсам ҳам, улар ҳақидаги маълумотларни, мақола ва эсдаликларни доимо катта қизиқиш билан ўқиб, ўзим учун таъсирли жойларини ён дафтаримга ёзиб юришни одат қилиб олгандим. Бугун, ўша фалокат содир бўлганига ўттиз уч йил бўлган кунда ўша эсдаликларни сизларга ҳам “илинишга” қарор қилдим. 

“Пешонага ёзилгани...”

Жамоанинг ёш иқтидор эгаларидан бўлган Сирожиддин Бозоров ўша пайтлар “Пахтакор”нинг ўринбосарлар таркибида тўп сурарди. Аммо ишончли ўйинлари туфайли у аста-секин асосий таркибга жалб қилинаётганди. Фожеадан бир кун олдин Сирожиддин ўринбосарлар таркибида Минск шаҳрига учиб кетиши керак эди. Аммо ўша куни дадаси уни кўриш учун вилоятдан пойтахтга келиб қолади. Сирожиддин мураббийлар рухсати билан ўша куни дадасининг олдида қолиб, эртаси куни асосий таркиб билан Минскка қараб йўл олади... Сирожиддиннинг отаси шу воқеадан кейин қандай аҳволда қолганини, ўзини қанчалик айбдор ҳис қилганини тасаввур қилишга юрак чидамайди... Аммо...“Пешонага ёзилгани” деб шунга айтишса керак-да...
               
“Холамга айтинг, мендан хафа бўлмасин...”

“Пахтакор”нинг истеъдодли ўйинчиларидан бири Виктор Чуркин ўша машъум сафарга отланаётган пайтда онаси уни йўлдан қайтаришга ҳаракат қилади. Сабаби ўша пайтда Чуркиннинг Чимкентдаги холаси қизининг никоҳ тўйига қариндошлари қаторида уларни ҳам таклиф қилганди. “Ўғлим, битта учрашувга бормасанг бормабсан-да. Ахир жиянингни ҳаётида бир марта бўладиган никоҳ тўйини ташлаб кетасанми? Улар хафа бўлишади-ку?!”- дейди онаси унга. Виктор бўлса шундай жавоб қайтаради: “Ойи, шу пайтгача жамоа билан, ўртоқларим билан доимо бирга бўлиб келганман. Бормасам бўлмайди. Қолаверса, мухлислар ҳам бу ўйинни катта қизиқиш билан кутишмоқда. Холамга айтинг, мендан хафа бўлмасин...”

“Тобутда ҳеч ким йўқ...”

Виктор Чуркиннинг биринчи мураббийи ва оилавий дўсти Виктор Плясуновнинг хотираларидан: “Ўша фалокатдан сўнг Витянинг тобутини олиб келишиб, бувисиникига қўйиб туришди. Хонада мен, унинг онаси, рафиқаси ва ўғли ғамгин ҳолатда ўтирардик...  Бирдан онаси ўрнидан туриб, тобутни очмоқчи бўлди. Мен эса уни бу ишдан қайтаришга уриндим. Шунда у: “Боламнинг совуқ чеҳрасини тўйиб-тўйиб кўриб қолай”, деб йиғлади.  
- Вера, тобутда ҳеч ким йўқ, тушуняпсанми?
- Нега йўқ бўларкан? Қани у? Қаёқларда қолиб кетди?
- Улар осмонда... Начора, кўникишга мажбурмиз...

“Ҳали-ҳануз ишонмайман...”

Таниқли мураббий Аҳмад Убайдуллаев ўша пайтлар энди-энди “Пахтакор” таркибида кўзга кўринаётган пайтлари эди... У ўша кунларни қуйидагича эслайди: “Ҳали-ҳануз ўша даҳшатли воқеа юз берганига ишонгим келмайди... Эндигина мамлакатга танилаётган, ҳар қандай жамоа билан тенгма-тенг кураша оладиган команда бир зумда йўқ бўлиб кетса...

...10 август куни “Қибрай спорт базасидаги кечки машғулотдан сўнг барча ўйинчилар уйларига қайтишди. Эртасига эрталаб Минск шаҳрига учишимиз лозим эди. Бош мураббийимиз менга ва Анатолий Могильнийга жароҳатимиз туфайли сафарга бормаслигимизни тайинлади. Эртаси куни мени республика спорт қўмитасига чақиришди. У ерга борсам шерикларим Анатолий Могильний ва Тўлаган Исҳоқовлар ҳам ўша ерда экан. Аввалига биз ҳаммамизни жамоа кетидан Минскка жўнатишса керак деб ўйлагандик. Аммо қўмита раиси содир бўлган даҳшатли воқеани айтиб берди...”

“Дўстларимнинг сиймоси кўз ўнгимдан кетмайди...”

Ўша машъум рейсдан “бахтли тасодиф” туфайли қолиб кетган моҳир футболчи “ўзбек ўғли Тўлаган” - Тўлаган Исоқов ҳалокатдан сўнг футбол билан хайрлашди. Бу пайтга келиб у 30 ёшда эди. Аммо унинг футболдан кетишига ёши эмас, руҳий ҳолат кўпроқ таъсир ўтказди. “Стадионга ёки клуб базасига келсам марҳум дўстларимнинг сиймоси кўз ўнгимдан кетмасди, - дея эслайди Тўлаган Исҳоқовнинг ўзи. – Барча жамоадошларим гўёки атрофимда юргандек кўзимга кўринаверишади. Охири бу ҳолатга чидай олмадим. Кетишга қарор қилдим... Жамоа бошқаруви ва ҳаттоки, ўша пайтдаги ҳукумат раҳбарлари ҳам жамоада қолишимни сўрашди. Аммо иложим йўқ эди...”

Ким билади дейсиз, ўз дўстлари билан ҳар қандай ҳолатда – ғалаба-ю мағлубиятда ҳам бирга бўлиб келган Тўлаган Исоқов ўша куни севимли жамоаси билан бирга бўлмаганидан, ҳа, ҳар қанча ғайритабиий туюлмасин, ўша самолётда бирга бўлмаганидан ўзини айбдордек ҳис қилгандир...
                                            
 “Бугун ўйин бўлмайди...”

Ўтмишнинг таниқли спорт шарҳловчиси, журналист, бир сўз билан айтганда, ўзбек футболининг жонкуяри бўлган  Ахбор Имомхўжаевнинг “Футбол – қувончим, дардим, фахрим” деб номланган китобларида  ўша ҳалокат кунидаги  воқеалар қуйидагича эсланади.

“Шум хабардан дилим вайрон бўлиб қайтар эканман, маҳалламиз-нинг нуронийларидан бири Санжар отага дуч келиб қолдим. У киши футболга ўта ишқибоз. “Пахтакор”нинг Тошкентда ўтадиган ўйинларига канда қилмай боради. Мен билан қаерда учрашиб қолсалар, футбол ҳақида, “Пахтакор” ҳақида саволларни ёғдириб ташлайдилар. Бу сафар ҳам гапни футболдан бошладилар. “Ахборжон, ўғлим, Минск Динамочилари билан ўйин қандай бўлар экан?” 

Ғалати бўлиб кетдим... Тилим айланмайди. “Бугун ўйин бўлмайди”, - дея олдим холос.

- Нега?
-Ҳалокат, отажон, ҳалокат....  – Бошқа сўз тополмадим. Отахон 
ҳаммасини тушунди. Секингина “Кимлар?” деди у шалвираб. 
-Ҳаммалари...

Водариғ, қариянинг киприкларидан мунчоқ-мунчоқ бўлиб тушаётган аччиқ, аламли кўз ёшларини кўрдим. Ёш қалқир, у унсиз йиғларди. Бу дард эди, парча-парча бўлиб кетган умид эди бу кўз ёшлари...”

Бу китобни  5-6 марта ўқиб чиққанман. Аммо шу жойига келганда мен ҳам ўзимни тутиб туролмайман. Томоғимга нимадир тиқилиб, кўз ёшларим дувиллаб тўкила бошлайди.

Мақсадлари улкан бўлган, орзулари беҳисоб бўлган, миллионлаб мухлисларнинг қалбидан жой олган йигитлар учун йиғлайман.  Жаҳон даражасидаги футболчи бўлиб етишаётган Михаил Ан учун, ҳужум қироли бўлган Владимир Федоров учун, “чимилдиқ кўрмай кетган” Сирожиддин Бозоров учун, Олим, Равил, Витя, Коля, Володя – осмонга чиқиб, қайтиб тушмаган барча жамоа учун...

Сиз доимо қалбимиздасиз!!!    

Ёқубжон Бобожонов

Просмотров: 716 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Август 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031