Баъзи фантастик асарлар тўқима бўлиши мумкин. Бироқ, бу гапларнинг деярли лоф-қофи йўқ, кўпига замондошларим гувоҳ!
Шу куни мен хаёл отига миндимми ё мўъжиза рўй бердими, ишқилиб, ёшлигим ўтган даврга саёҳат қилиб келдим. Меҳнат фаолиятимни бошлаган таҳририятга қандоқ борганим ва масъул котиб билан гурунг қилганимга ўзим ҳам ҳайронман.
Суҳбатдошим гапларимни ақлига сиғдира олмади, мутлақо ишонмади. Бугунги замондошларим эса, аксинча, “нега юздан бирини айтдингиз?” дея таъна қилсалар ажабмас!..
Хуллас, ўша куни совуқдан бироз этим жунжикиб, қадрдон таҳририятим биносига ҳаяжон ичра кирдим. Деразаларига турли ранглар билан “Янги – 1985 йилингиз билан!” деган ёзувлар битилган узун каридор тўрида котиба қиз Гулбаҳор машинкада чақ-чуқ эткизиб ёзяпти. Ҳозир кўзимга "алмисоқдан қолган"дек кўринган бу матоҳ ўша йиллар учун ажиб мўъжиза эди!
Кунора чиқадиган газета материалларини "печатлаш"дан (ўша даврда машинкада ёзишни шунақа дердик) бўшамайдиган машинкадан фойдаланиш, айтайлик, бирор ҳикоямни эмин-эркин ёзишимнинг имкони бўлмасди. Уйида машинкаси бор "бойвачча"ларга ҳавасим келар, мен учун бу қўл етмас орзу эди. Машинкам бўлганида қанча нарса ёзардим, дея армон қилардим. (Ҳозир ишхонамда алоҳида, уйимда эса шахсий компьютерим бор!)
Котибанинг тепасида турган тепакал киши қандайдир қоғозга қараганча ўқиб (“диктовка” қилиб) турибди. Ие, Озод ака-ку! Ўзи радиомухбир, туман партия ташкилоти фаолларидан. Мени ўзимга мақтаб, негадир мажлисларда усталик билан "танқид қилиб" катталарни қойил қолдирадиган "устоз"лардан бири эди. Ҳаммага эшиттириб жеркигач, қулоғимга пичирлаб узр сўрарди...
Янги асрда кўп нарса ўзгарди, фақат, шунақа тоифадаги кимсаларнинг феъли-атворлари ўзгармади…
Каловланиб қолдим. Салом-алик қилсаммикин?
Берилиб ишлаётганини кўриб, тўхтадим. Демак, газетанинг шу сонига шошилинч мақола ёзишяпти. Уларга ҳалақит бермасдан рўпарадаги қия очиқ эшикдан мўраладим.
Хона тўрида ўша замон “доҳий”сининг газета ўқиб ўтирган сурати. Бир ёнида “Газета – коллектив тарғиботчи, коллектив ташвиқотчигина эмас, айни пайтда коллектив ташкилотчи ҳамдир” деган шиор ёзилган плакат, иккинчи ёнида кимларнингдир қонини эслатиб турувчи қип-қизил байроқ.
Мактабда ашула дарсида: "Бу қизил байроқ, Ленин байроғи. Кўтарамиз биз доим юқори" дея жўр бўлиб куйлардик. Демак, у бизникимас, бировнинг байроғи ва номи ўчган куни унга қўшилиб ўша матоҳлари ҳам даф бўлган!.. Бу давр одамлари шу гапларни эшитгани ҳам қўрқишарди…
Рутубатли хона ичини қандайдир ранг (краска) ҳиди тутган. Эҳ-ҳа, бир ижодкор таърифлаганидек – “бўёқлари қотмаган газетанинг муаттар бўйи!” Кўп журналистларнинг димоғига “ўтириб” қолгани учун ҳам қадрли бўлиб қолган антиқа ҳидлар...
Бу ерга ҳозир қандай келиб қолганимни англолмай довдираётган бўлсам-да, ёшлик хотирамга муҳрланган манзараларни қайтадан кўриш ҳаяжонга соларди. Тушимми ё ўнгим? Мўралаб турганганимни кўрмасдан катта столда газета макетини чизаётган кишини таниб, қийқириб юбордим:
– Эй-й, Қўзивой ака! Ўзингизмисиз! Ассалому алайку-ум!
Ўрта бўйли, қорачадан келган жуссаси чайиргина масъул котибимиз бошини кўтарди. Майин табассум ўйнаб турадиган думалоқроқ юзи ҳозир негадир тундроқ. Ёзув-чизув қилаётган пайтидагина тақадиган кўзойнагини қўлига олиб, ғалати қаради. Киринг, деган маънода им қоқди.
Жаҳли чиққанидагина тиришадиган пешонаси тарам-тарам бўлганидан билдимки, қандайдир нохуш гап айланган. Одатига кўра вазминлик билан сўрашгач, ўтиринг ишорасини қилди. Бир зум термулиб турди-да, босиқлик билан гапирди:
– Толибжоннинг акасимисиз? Жуда ўхшаркансиз. Овора бўлибсиз-да. Ғалвани ўзимиз тинчитдик. Укангизни койиган бўлдик, шундай қилмасак, юмалоқ хат (ўша даврда юқори ташкилотдагилар эътибор билан қарайдиган имзосиз иғво хатларини шундай аташарди) ёзганларнинг кўнгли жойига тушмасди. Танбеҳ берганимиздан сўнггина улар бироз тинчиди...
– Ўзи нима гап?– Ҳеч нарсани англай олмай сўрадим Қўзивой акадан.
– Укангизнинг устидан иккита хат ёзишганини эшитгандирсиз?
– Хўш-хўш?– Вужудим қулоққа айланди.– Қанақа хатлар?..
– Биринчиси, уйланмаган болага бир хонали уй ҳам берилмаслиги керак эди, деб райисполкомга (ўша даврда райижроқўм деган ташкилотни шундай аташарди) арз қилишган. Иккинчиси, “Ленин тилини яхши билмайдиган ёш, тажрибасиз журналист бўлим мудирлигига тайинлангани нотўғри бўлди” деб райкомга (ўша даврдаги туман партия қўмитасининг номи) ёзишган экан,– деди масъул котибимиз хомуш оҳангда.– Катталарга амаллаб тушунтирдик. Гапнинг очиғи, Толибжоннинг қалами ўткир, ўзи ҳаракатчан, изланувчану, рус тилига нўноқлиги панд беряпти-да. Бу замонда рус тилини билмасдан ҳеч ким кўкармайди. Ёш йигит, ўрганса бўлади-ку. Иннайкейин, уйлантириш масаласини ҳам ҳал этиш керак. Чунки, булар бугун тинчигани билан эртага яна ёзишса – тағин бош оғриқ...
Дафъатан ёдимга тушди. Роса хуноб бўлгандим ўшанда. Имзосиз хат "муаллиф"ларини кейинчалик аниқлаганман. Ўшанда уларни "Граф Монте-Кристо" романидаги Данглар, Фернан ва Кадруссга, ўзимни эса Эдмон Дантесга ўхшатган эдим. "Кутмоқ ва умид қилмоқ керак" деган ақидага амал қилдим. Буни қарангки, қисматларимиз ҳам қай бир жиҳатдан ўша асар қаҳрамонларига ўхшашиб кетди. Менинг карвоним аср ошди! Яратганнинг ўзи иғвогарларга жазосини берди. Иғвогарлар бу кунларга етиб келолмади...
Мен Дантесга ўхшаб бойиб кетмаган бўлсам-да, Ўзбекистоним эришган беқиёс бойликлардан баҳраманд ва бахтиёрман! Бу бойлигим уникидан юз чандон ортиқ!..
Ҳаяжондан ўзимни тута олмадим. У замонга қандоқ бориб қолганимни англай олмасам-да, азиз устозни, бетакрор ёшлигим ўтган ажиб дамларни қайта кўраётганимдан юрагим ҳапқираётганди. Қалбим буюрганини қилдим. Шарт ўрнимдан турдим-да қучоқ очганча Қўзивой ака томон отилдим:
– Туринг устоз, сизни би-ир бағримга босай!
Илкис ҳаракатимдан ҳайрон бўлган устоз беихтиёр ўрнидан қўзғолди. Ёш ходимнинг акасини хафа қилиб қўйдимми, деб хижолат чекаётгани юзида аён кўринди. Кейин қариндоши билан кўришаётгандек елкамга қўл ташлади. Савол назари билан юзимга термулди. Мен ҳаяжон ила устозни бағримга босарканман кўзимга шашқатор ёшлар қуйилди. Бир дам нафасим бўғилиб, зўрға ўзимга келдим. Сўнг, уни жойига ўтиришга даъват этдим. Ёнига стулни суриб, бафуржа ўрнашиб олгач, ҳаяжон билан гап бошладим:
– Мени танимадингиз-а? Толиб Эркиновнинг худди ўзиман! Сиздан кўп яхшиликлар кўрган шогирдингизман!
Бу одам ичмаганми, деган хавотирда Қўзивой ака юзимга разм солди-да эътироз билдирди:
– Ҳозир ҳазиллашадиган пайтимас...
– Ҳазиллашаётганим йўқ,– дедим устознинг елкасига аста қўл ташлаб, секин тушунтиришга ҳаракат қиларканман.– Фантастик китоблар ўқигансиз-ку, туврими? Уларнинг баъзилари рост экан. Мен ҳозир 2010 йилдан қайтиб келдим! Худонинг каромати билан...
Суҳбатдошим оқариб кетди. Жим, дегандек кўрсаткич бармоғини лабига босди-да, ваҳима ичра шивирлади:
– Редакцияда “худо” деган сўзни нега тилга оласиз? Шантаж қилаётганга ўхшайсиз-а? Ахир, осмондан тушмагандирсиз?..
– Мени ҳозир осмондан тушган, деб ҳисоблайверинг, устоз! Чиндан ҳам биз ҳозир 2010 йилда яшаяпмиз! Ўша Толиб укангизнинг ўзгинасиман!
Қўзивой ака кўзларимга анча термулиб қолди.
Ишонгиси келмаса-да, гапимга кўнган бўлди. Модомики, ходимиманми, "қилмишимга яраша" бироз танбеҳ берди:
– Нималар деб алжираяпсиз? Янги йил байрами ўтганига ҳафтадан ошди. Яна ичдингизми? Афти ангорингизни қаранг, ичкилик қаритиб қўяёзибди-ку, Толибжон? Хафа бўлманг. Ленин тилини билмаслик шунчалик айбми, деган гапингиз чатоқ бўлган. Кеп-кеп райкомнинг завотделига (бўлим мудирига, демоқчи) шунақа дейсизми? Редакция ходимига ярашмайдиган гап! Бунақада компартия сафига ҳечам қабул қилишмайди. Керак бўлса, комсомолдан ҳам ўчиришади. Ундан кейин редакцияда ишлашга ҳаққингиз йўқлигини яхши биласиз...
Кулгидан ўзимни тия олмадим. Бу гаплар ҳозирги замондошларимнинг ҳам кулгисини қисташи турган гап.
Бироқ, у давр одамини мен тушунмасам, ким тушунарди? Замонасига яраша гап топишга ҳаракат қилдим:
– Жон устоз, илтимос, гапларимни эшитинг. Коммунист, комсомол деган гаплар ҳа демай хазонга айланади!.. Одамлар ундан ғижиниб юришади.
Қўзивой ака яна сапчиб тушди. Кўзойнагини қайта тақиб юзимга қаради. Оқ оралаган сочларини кафти билан силаркан, бошини сарак-сарак қилган-ча, пичирлади:
– Сизга нима бўлди, Толибжон? Ҳазил ҳам эви билан-да.
– Хай майли, сиз ҳазил деб қабул қилинг,– дедим уни тинчлантиришга уриниб.– Фақат, эътибор билан тингланг. Ҳозир мозийга қандоқ қайтганимни тушунтира олмайман. Бизнинг замонда тараққиёт шунчалик тезлашяптики, ҳадемай исталган даврга қайтиб бориб келадиган машиналар ишлаб чиқилса ажабмас. “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильмини кўргансиз-ку. Шурик ихтиро этган машина эсингиздами? Шунақа мўъжиза яратиш ҳеч гап бўлмай қолди... Хай, у машинани қўя турайлик. Сизга ёлғон менга ва яратган эгамга чин бўлган...
– Илтимос,– дея бўғилди Қўзивой ака.– “Худо”, “эгам” деган сўзларни айтманг. Ахир, мени ҳам партиядан ўчириб, ишдан ҳайдаб юборишади-ку...
– Хўп, айтмаганим бўлсин,– дедим у даврнинг даҳшатларини билганим учун тилимни тийишга ҳаракат қилиб.– Бу ёғини эшитсангиз, мазза қиласиз!
– Шошманг,– деди масъул котибимиз сўзимни бўлиб.– Деворнинг ҳам қулоғи бор...
Шу сўзларни айтаётиб, ўрнидан турди, ортимдан айланиб ўтиб эшикни зичлади. Менга ғалати тикилди. Мастми, деса, ичмаганман! Қўл остимдаги ўша ходимми, деса, анча ўзгариб (улғайиб!) қолганман. Сал кам чорак асрдан буён қиёфам бироз ўзгарган бўлса-да овозим, ҳовлиқиброқ гапиришим ўша-ўша. Каловланиб қолган Қўзивой ака охиригача эшитишга қарор қилгани ҳорғин чеҳрасидан кўриниб турарди. У секин жойига ўрнашди-да, қулоғим сизда деган маънода қаради.
Шу лаҳзада бир мудҳиш ҳодисадан юрагим шув-в этди. Гапларимга ишонтиришим учун унга бир ҳақиқатни айта олсам кошки эди. Яъни, келгуси йили – 1986 йил февраль ойида сиз қазо қиласиз. Мурдангизни ўзингиз ўсган Қизилтепага обориб, дафн қиламиз... Яна бир йилдан кейин вилоят газетасига ўтган Қаҳрамон исмли ҳамкасбимиздан бевақт ажрадик, деб мотам тутамиз. Келгуси йили Озод аканинг жасадини Хоразмга олиб кетишади... Кейин муҳарриримиз Ҳакимовни сўнгги манзилга кузатамиз... Орадан кўп ўтмай "исёнкор" мухбир Собировнинг юраги уришдан тўхтайди...
Журналистлар ўзи каммиз-у, мунча кўп ўламиз?..
Туман таҳририятидаги бормоқ билан санарли ходимларнинг беш нафари кетма-кет кетиворса-я…
Бу гапларни айтиш ўлимдан ҳам баттар-ку. Яхшиси, башоратчига ўхшаб гапираман. Фақат, бу ҳақиқат! Ҳанг-манг бўлиб турган устозга ётиғи билан тушунтира бошладим:
– Ҳозир ақлга сиғдириб бўлмайдиган воқеалар амалга ошганини кўрдим, устоз! Ҳатто, эртакларда ҳам бунақасини эшитмагансиз...
– Нима гап?– Қошларини чимирди Қўзивой ака.– Тезроқ айтсангиз яхши бўларди. Райкомда бўлган пленум (ўша даврдаги йиғилишнинг бир тури) материалларини Озод ака ўзбекчага ўгиряпти. Вақт зиқлиги учун биратўла диктовка қиляпти. Тезроқ бермасак, типографиядагилар тўполон қилишади...
– Ҳа демай таржима қилишга ҳожат қолмайди,– дедим ишонч билан.– Ҳамма йиғилишлар, мажлислар ўзбек тилида бўлади! Ҳатто республикада…
Қўзивой ака сапчиб кетди:
– Ҳай-ҳай, одамни қўрқитманг,– деди бўғилиб.– Бу гапингизни эшитиб қолишса, иккимизни ҳам миллатчига чиқаришади-ку...
Суҳбатдошимни амаллаб тинчлантирдим:
– 1989 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганидан кейин ўзбек тили – давлат тили бўлади-да!
– Бас!– Суҳбатдошим титраб кетди.– Жинни бўлиб қолдингизми ё мени жинни қилиш учун шунақа гапларни ўйлаб топдингизми? Деворнинг қулоғи бор, ука...
– Қулоққа айланган деворлар қулаб тушади, ака!– Дадилланиб гапимда давом этдим.– Ҳозир сиз эшитишга ҳам қўрқадиган гаплар 1991 йилларга бориб оддий воқеликка айланади! Ўша йили 31 август куни Ўзбекистон ўз давлат мустақиллигини эълон қилади! Жаҳон харитасида Ўзбекистон деган давлат пайдо бўлади! 2010 йилдаги талабаларимга мана шу қўрқинчли давр ҳақида айтсам, улар тасаввур қилиша олмайдилар. Тасаввур қилишни ҳам истамайдилар. Буни қарангки, ўша давр учун оддий воқеликка айланган гапларни сиз ҳам эшитишни истамаяпсиз...
– Узр,– деди Қўзивой ака элликдан ошганида эл бўлганини кўрсатиб.– Сафсата бўлса ҳам эшитганим бўлсин. Айтаверинг-чи...
– Район – туман, область – вилоят, посёлка – шаҳарча деб аталадиган бўлади. Кечирасиз, ҳозир қаерда турибмиз?
– Оржоникидзе районида.
– Мен айтаётган давр ёшлари мана шу сўзингизга тушунмайди! Улар бу ерни – Қибрай тумани деб билишади. Оржоникидзенинг ҳайкали ўрнига…
– Ҳай-ҳай-ҳай.– Суҳбатдошимнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.– Ҳар не келса – тилимдан, деб юрманг тағин…
– Эй-й, Тошкентда Лениннинг ҳайкали олиб ташланганида Қибрайда Оржоникидзесига бало борми? Ленин майдони – Мустақиллик майдонига айланади! Майдон бошида бахт-иқбол тимсоли бўлган эзгулик аркаси, буюк она ҳайкали бунёд этилади. Бу майдонда армиямиз қуролини намойиш қилиб ўтмайди. Аксинча, одамлар яйраб дам оладиган сўлим боғ барпо этилади! Карл Маркснинг катта калладан иборат бьюсти ўрнида Амир Темурнинг от устида ўтирган маҳобатли ҳайкали ўрнатилади. Ўша боғ – Амир Темур хиёбони деб аталади! Бу ерда Оржоникидзе ҳайкали ўрнида мустақиллик монументи қад ростлайди!
– Оржоникидзе совхози-чи?– Капалаги учиб сўради секингина Қўзивой ака.– Ленин колхозининг ҳам номи ўзгарадими?
– Номи тугул ўзи ҳам йўқ бўлади! Сталин даврида деҳқонларнинг ерлари зўравонлик билан тортиб олиниб, колхоз (жамоа хўжалиги) тузилган бўлса, мустақиллик ўша ерларни ҳақиқий эгаларига – деҳқонларга қайтариб беради! Ўз ерларида деҳқонлар бошқача иштиёқ билан ишлайдилар! Ундан ташқари, катта-ю кичик ишлаб чиқариш корхоналари, дўконларгача хусусий бўлиб қолади. Қўлидан иш келадиган ишбилармон, тадбиркорларнинг куни туғади! Улар ҳатто Ўзбекистон либерал-демократик партиясини тузиб, мамлакатда тадбиркорликни ривожлантиришга бел боғлайдилар!
– Шошманг, компартия нима бўлади?
– Ҳайкалларига қўшилиб гум бўлади! Сўнг, ҳақиқий кўппартиявийлик вужудга келади. Халқининг келажаги ва фаровонлигини ўйлайдиган – Халқ демократик партияси, миллий тараққиёт учун курашадиган – Миллий тикланиш демократик партияси, фидойи ёшларни атрофига жипслаштирган – Фидокорлар миллий-демократик партияси, адолатли жамият қуришга бел боғлаган – Адолат социал-демократик партияси юрт келажаги учун майдонга чиқади! Сайловлар номигагина ўтмайдиган бўлади. Бешта сиёсий партия биттадан номзодини кўрсатади. Сайловчиларнинг ўзлари ҳам ташаббускор гуруҳ тузиб, ўз номзодларини кўрсатадилар! Ҳақиқий демократик жамият шу тариқа барпо этилади.
– Райком, райисполкомлар нима бўлади?
– Улардан ҳам асар қолмайди. Туман ҳокимлиги бўлади! Фуқаролар эса ўзларини ўзлари бошқаради! Ҳақиқий фуқаролик жамияти барпо этилади. Ўз уйи, маҳалласида одамлар эмин-эркин яшайдилар!
– Райкомнинг органи бўлган газетамизнинг тақдири не кечади?– Ҳайрон бўлиб сўради масъул котиб.
– “Коммунизм тонги” газетаси “Қибрай садоси”га айланади! Ўзимизнинг байтқўрғонлик Абдуҳамид ака бош муҳаррир...
Қўзи ака кўрсаткич бармоғини лабига босди:
– Чуш-ш. Муҳарриримиз Ҳакимовнинг юраги ёмон бўлиб қолади…
– У даврда ҳеч ким муҳаррирликка талашмайди. Хоҳлаган киши газета ташкил қилаверади! Матбуот эркинлиги, сўз эркинлиги журналистларга жон бахш этади! Журналистика факультетининг айрим талабчан талабалари эса шунга ҳам қаноат ҳосил қилишмайди.
– Уларни қаёқдан биласиз?– Мийиғида кулди суҳбатдошим.– Профессор бўласизми, дейман?
– Илмда қай даражага етишимни кейинги гал келганимда аниқ айтаман. Ҳозирча фан номзоди, доцентман! Она тилимизга давлат мақоми берилгач илмий ишларни ҳам бемалол ўзбек тилида ёздик! Диссертациямизни ҳимоя қилиш учун бегона шаҳарга бош уриб бормадик. Она шаҳримиз Тошкент улкан илмий марказга ҳам айланди! Жонажон пойтахтимизнинг ўзида фан номзоди, доктори, профессор, академик бўлишимиз мумкин! Сиз билган В.Ленин номидаги ТошДУ – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига айланади! Камина ўша даргоҳ катта ўқитувчиси сифатида талабаларини ҳар йили мана шу таҳририятга (редакция шунақа аталади) олиб келиб, амалиёт сирларини ўргатаман!
– Яхши ният – ярим давлат,– деди Қўзивой ака энсаси қотаётганини билдирмасликка ҳаракат қилиб.– Аммо, бу гапларингизни бошқаларга зинҳор айта кўрманг. Сиз билан худди тушимда гаплашаётганга ўхшайман.
– Ўша айтаётганларингизни тушунгизда кўрасиз, демоқчи бўлдингиз-а?– Завқим келиб шундай жавоб қайтардим мен ҳам.– Юз фоиз кўз ўнгимизда амалга ошади ҳаммаси! Энди бу ёғини эшитинг. Анави чиққиллаб турган машинкага эҳтиёж қолмайди. У матоҳни кўрганлар худди эски қорачироқни кўргандек бўлади.
– Машинкани айтаяпсизми?
– Худди шундай.
– Токли машинка ҳозир ҳам бор-ку. Ё бошқачаси чиқадими?
– Компьютерлар пайдо бўлади!
– У нима дегани?– Пешонаси тиришди Қўзивой аканинг.
– Машинкадан тортиб бутун босмахонанинг деарли ҳамма ишини ўзи осонгина бажарадиган технология! Қилаётган ишларингизни экран орқали бемалол кузатиб турасиз. Қўрғошинни эритиб, линотип машинада матрица тайёрлаш, суратларни клешче қилдириш деган машаққатли ишларга ҳожат қолмайди. Ҳозир битта хато сўзни тўғрилаш учун она сутимиз оғзимизга келади, шундайми?
– Гапингизни бўлдим, узр,– деди масъул котиб муштига йўталиб.– Кеча иккита саҳифада тузатиш қилганимиз учун босмахонадагилар бизга жарима тўлайсилар, деб туриб олишган…
– Бу алмисоқдан қолган босмахонадан юз чандон зўрлари пайдо бўлади. Улар бизга ўхшаган буюртмачиларни талашиб юришади!..
Қўзивой ака ёқасини тутганча ўзига-ўзи гапирган бўлди:
– Етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган гаплар-а…
– Биз уни ҳушимизда кўрамиз! Кўришгина эмас, ўша улуғвор ишларга камарбаста ҳам бўламиз! Айтсам, ишонгингиз келмайди. Айтаверайми?
Суҳбатдошим нимадандир ҳадиксираса-да, фантастикадек туюлаётган бу гапларни ҳам эшитгиси келаётгани ҳорғин чеҳрасидан кўриниб турарди. У атай соатига қараб қўйди-да, буйроқ оҳангида пичирлади:
– Қани эшитайлик-чи?
Ҳаяжон ҳарқанча кучли бўлмасин, ёдимга тушган гапларни бирма-бир айтишга ҳаракат қилдим:
– Ўзбекистон ўз миллий валютаси – сўмга эга бўлади!
– Валюта деганингизни тушунмадим…
– Миллий пулимиз бўлади! Унга она тилида "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки" деб ёзилиб, 25, 50, 100, 200, 500, 1000 сўмликлар алоҳида кўрсатилади.
– Ғаройиб-ку,– деди Қўзивой ака бош чайқаб.– Ақлга сиғмайдиган гап…
– Буниси ҳали ҳолва,– дедим ҳаяжон билан.– Андижон ва Самарқандда замонавий машина заводлари бунёд этилиб, кўчаларимиз "Нексия", "Тико", "Дамас", "Матиз", "Лассет", "Ўзотайўл" деган ўзимизнинг машиналар билан тўлиб кетади! Худо хоҳласа, ўғлингизга шунақа машиналар миниш насиб этади!..
Минг коммунист бўлмасин, шу тобда суҳбатдошимнинг лаблари унсиз нима деб пичирлаганини англадим. Чамаси у дилдан "худо хоҳласа!" деди!! Гапимни ҳаяжон ила давом эттирдим:
– … Ҳозир Қизилтепангизга бориб келмоқчи бўлсангиз, бир-икки кун илгари автобусга билет олмасангиз йўлга чиқмайсиз, шундайми? Автобуслар хусусийлашгани шундай зўр бўлар эканки, ярим тунда ҳам кўчага чиқсангиз, бемалол кетаверасиз. Ҳайдовчилар йўловчиларни талашадилар!
– Худди тушга ўхшайди-я,– деди суҳбатдошим пичирлаб.– Тушда ҳам бунақаси бўлмаса керак.
– Ҳозир бу гаплар чиндан ҳам қўл етмас орзу, ажойиб тушга ўхшайди,– дедим завқ билан.– У даврда эса бу кунлар ҳам қўрқинчли тушга айланади!..
– Пленумдаги гапларни эшитганингиз,– деди Қўзивой ака бош чайқаб.– Бирорта мачит борлиги аниқланса, шафқатсиз чора кўрилиши айтилди. Бир коммунист ўлганда жаноза ўқишган экан, муллани ҳам, диний маросим ўтказган ўғлини ҳам қамаб қўйишган. Диний сарқитдан батамом қутуламиз, деган масала кўндаланг қўйилди…
– Ҳа демай юртимизда шу қадар диний эркинлик бўладики, уни тасаввур ҳам қила олмайсиз,– дедим устознинг гапини бўлиб.– Ақл бовар қилмайди-я.
– Қанақасига?
– Тўқсонинчи йилларда Қуръони карим ўзбек тилига таржима қилиниб, "Шарқ юлдузи"да чоп этилади. Кейин, миллиондан ортиқ нусхаларда катта китоб ҳолида чиқади.– Шу гапларни айтаётганимда Қўзивой ака пешонасини чангаллаганча ерга қараб ўтирарди. Эшитишга қўрқаётган бўлса-да, ичида "бу қўл етмас орзуга тушингда етасан!" деяётгани сезилиб турарди. Мен эса воқеликка айланган ҳамма гапларни тўлиқ айтишга улгура олмаётганимдан юрагим ҳапқириб сўзлардим.– Юртимизга худонинг назари тушади! Ҳатто давлатимиз раҳбарининг ҳам "Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда" деган китоби чиқади! У кишининг ташаббуси, саъй-ҳаракатлари билан ҳадис илмининг султони бўлган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг қабри устида ҳайратомуз бинолар бунёд этилади. У ер зиёратгоҳга айланади. Бутун дунё мусулмонларининг бу ердан оёқлари узилмай қолади!
Қўзивой ака пичирлаб сўради:
– Бухоронинг қаерида дедингиз?
Шунда бироз шўхлигим тутди. Кўнглимдаги баъзи туманларни тарқатиб юбориш илинжида ҳазил аралаш шундай дедим:
– Менинг устимдан иғво хатлари ёзганларнинг аждодлари ҳам иғвогар бўлишган. Улар Имом ал-Бухорийдек бобокалонимизга кун бермаганлар ва алал-оқибат шундай улуғ сиймо Бухородан бош олиб чиқиб кетган. Ичиқора нусхалар уни Самарқанд қалъасига ҳам киритишмагач, Пайариқ туманидаги Ҳартанг деган қишлоққа йўл олган. Айтишларича, у ерда қариндошлари бор экан! Ўша ерда қазо қилган. Қабри топилгач, бу қишлоқнинг довруғи дунёга достон бўлди!
– Қизиқ гаплар,– деди суҳбатдошим қошларини чимириб.– Бухорийнинг номи тикланади, денг.
– Бу буюк бобокалонимизнинг тўрт жилдлик Ҳадис китоблари чиқади! Бундан ташқари, Бухорода Баҳовуддин Нақшбандий, Самарқандда Имом ал-Мотрудий, Фарғонада Бурҳониддин ал-Марғиноний, Ғиждувонда Хўжаи Жаҳон хўжа Алдулхолиқ Ғиждувонийнинг мақбаралари тикланиб, чинакам зиёратгоҳларга айлантирилади. Уларнинг "Ҳидоя", "Мухтасар" каби нодир китоблари она тилимизда нашр этилади! Қатор диний газета-журналлар чиқа бошлайди, Ўзбекистон телевидениеси ва радиосида диний-маърифий мавзуда туркум кўрсатув ва эшиттиришлар бериб борилади.
– Айтмоқчи, "Рўза зарар" деган мақолани ўқидингизми?– Савол назари билан қаради суҳбатдошим.– Чиндан ҳам шунчалик зарарлимикин?
– Рўзанинг қанчалик фойдали, руҳимиз шифоси эканини бир кўрсангиз,– дедим завқ билан.– Ҳозир телевизорда уни ёмонлаётганлар уялиб қолишади! Давлатимиз раҳбарининг фармони билан республикамизда иккита ҳайит кенг кенг нишонланади! Ўша байрамлар арафасида минглаб юртдошларимиз ҳаж зиёратига бориб келадилар. Уларга давлатимиз ўзи ғамхўрлик кўрсатади! Тошкент шаҳридаги Хасти Имом масжиди шундай таъмирланадики, дастлаб бунёд этилганида ҳам шу қадар бўлмагандир, деб ҳайратга тушасиз. Шунча ишларни дадиллик билан амалга оширганини эътироф этган халқаро диний ташкилотлар 2007 йилда Тошкент шаҳрини Ислом маданиятининг пойтахти деб эълон қилади!
Қўзивой ака, бас, дегандек қўлини кўтарди. Не ҳолки, кўзлари жиққа ёш. Бу гал товуши титраброқ чиқди:
– Ҳ-ҳажга боради, дедингизми? Ўзбеклар чет элга чиқиши мумкинми? Кейин, уларнинг авлодлари бирор жойга ишга киришида "Қариндошинг чет элда бўлганми?" деган савол берилмайдими? "Личний листок"да ("Шахсий варақа" демоқчи) шунақа савол борлигини биласиз-ку?
– Сиз вақти-вақти билан Қизилтепангизга қандоқ бориб келсангиз, ўша давр одамлари Япония, Жанубий Корея, Хитойдан тортиб бу ёғи Франция, Буюк Британия, Америкагача худди шундоқ эмин-эркин бориб келаверади! Минглаб ёшларимиз ўнлаб ривожланган давлатларда таҳсил олиб келадилар. Сабабини айтайми? Ўзбекистон мустақил давлат бўлганидан кейин манаман деган юздан ортиқ давлат билан дипломатик алоқалар ўрнатади! Чет элларда Ўзбекистон элчихоналари фаолият кўрсатади! Ўзбекистон байроғи дунё узра ҳилпираб туради! Билаги бақувват йигитларимиз бокс бўйича, истеъдодли укамиз шахмат бўйича, бир эпчил қизимиз теннис бўйича жаҳон чемпиони бўладилар! Футболчиларимиз Хитойдек улкан давлат жамоасини икки бора мағлубиятга учратганини кўрсангиз…
Телефон жиринглаб, суҳбатимиз бўлинди. Қўзивой ака гўшакни кўтарар экан, қандайдир хотиннинг русчалаб айтган гапларидан пешонаси тиришди.
– Қизилтепага заказ (телефон алоқасига буюртмани шундай дердик) қилгандим– деди ҳафсаласи пир бўлиб.– Улашнинг имкони бўлмади, дейди.
Тараққиётдан шунчалик ортда юрганимизни ҳис этиб, этим жимирлади. Эсиз, шу тобда чўнтагимга қўл телефонимни солиб олмаганим чакки бўлди-да. Қўзивой акани бир қойил қолдирардим. "Қани ака, телефон рақамингизни айтинг!" дея Қизилтепасига зумда "улаб" берсам бормиди!..
Афсус, бу ҳақдаги гапларимга ҳам суҳбатдошим унчалик ишонмади…
Кўплаб хонадонларимизда видео, ҳатто видеокамералар борлигига ҳам ишонтира олмадим.
Интернет ҳақидаги гапларим ҳам унга сафсатадек туюлди чоғи…
– Фантастик асар ёзсангиз бўларкан,– деди кутилмаганда Қўзивой ака бошини илкис кўтарганча қандайдир фалокатнинг олдини олишга уриниб.– Ҳаммаси хаёлий гаплар-а?
Бу гапга жавоб ортимдан эшитилди. Чамаси, шу тобда эшикдан мўралаб қолган Озод акани чалғитиш учун суҳбатдошим атай шундай деган. Тескари қараб ўтирганим боис у кишини кўрмай қолганим чин.
Хонага гурс-гурс қадам ташлаб кирган ўша ҳамкасбимизнинг луқмаси қулоғимга чалинди:
– Аслида фанат боланинг лоф гаплари денг, ҳи-ҳи-ҳи…
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
Унинг товуши жуда узоқлардан эшитилди.
Очиғи, бунақа товушлар чиндан ҳам олис-олисларда қолиб кетганди…
Ўз замонамга қай тарзда қайтиб келганимни англай олмай қолдим. Туш кўрдимми ёки…
Шахсий ижодхонамда компьютеримга термулиб ўтирарканман, ширин хаёллар асло тарк этмасди!..
Хаёлан бир дафъа бориб келган даврим ҳақида ўйлаш нечундир мароқли эди!
Яхшиям, бу гапларимизни Шоюсуф ака эшитмади. Бир-икки кўйлакни кўпроқ йиртган, ҳаяжони, миллий туйғулари кам бўлмаган, қалами анча ўткир бу қадрдонимнинг ҳам юраги қинидан чиқиб кетармиди…
Агар шу воқеалар чиндан юз берган бўлса, эҳтимол, Қўзивой аканинг юраги бекорга ёмон бўлиб қолмагандир, деган ўй кўнглимдан кечди. Балки, у ҳам дардини Озод акага айтиб бергач… Юраги тарс ёрилай деганда Озод ака муҳаррир Ҳакимовнинг қитиқ патига теккандир? Ҳакимов ҳам Собировни шу гаплардан воқиф этган бўлса не ажаб?.. Ҳаммаси кетма-кет юрагини чангаллаб қолишган-ку?..
Бир пайтлар устимдан ёзилган “юмалоқ хат”ларга жиғибийрон бўлиб юрган кезларим "келажакдан келган меҳмон"дан ўша гапларни эшитганимда нима бўларди? Балки, шу заҳоти юрагим тарс ёрилиб…
Хўш, ҳозир шундай мўъжиза юз берса-чи? Айтайлик, бир одам “2100 йилдан қайтиб келдим”, деса қандоқ қабул қилардим?
У "Ўзбекистонда ҳар бир кишининг шахсий вертолёти бор, сиз ўзга сайёрадан ҳам уй қурасиз", деса довдираб қолмасмидим?
Йўқ, энди бизни ҳеч ким довдирата олмайди!
Ахир, сўнгги чорак аср ичида ҳаётимизда шунчалик ўзгаришлар юз берди-ку! Уни ўтган аср одами ақлига ҳам чиғдира олмаслиги аниқ эди!
Тараққиёт деганлари қанчалик шиддат билан илгарилаб кетаётганини кўриб турибмиз-ку!
Бир машҳур қизиқчимиз “XXI аср – ўзбеклар асри бўлади!” деганида юз бора ҳақдир!
Ўз заминини забт этганларга ўзга сайёрадан уй қуриш нима бўпти!..

13.10.2013