
Субҳидам. Этни жунжиктирувчи майин шабада эсарди. Зулмат пардасининг ҳошиялари униққан, аммо тонг бўзариб улгурмаган маҳал, гўё ён-атроф сув остига қараганингиздек хира кўринади.
Катта тезликда келиб, шифохона эшиги олдида тўхтаган машина атрофдагиларнинг диққатини тортди. Машинадан тушган эркак, орқа ўриндиқда ўтирган аёл қўлидан тўрт-беш ёшлар чамасидаги беҳуш болани олиб ичкарига отилди. Аёл йиғлаганича унинг ортидан эргашди.
Иккинчи қават зинасига кўтарилаверишда эркакнинг йиғи аралаш гумбирлаб садо берган овози деворни титратиб юборди гўё:
– Ким бор? Ёрдам беринглар! Қарасаларинг-чи, ахир!
Оқ-сариқдан келган, жажжи болакайнинг нафас олиши базўр билиниб турарди.
– Нима керак бўлса айтинг, дунёнинг нариги чеккасидан бўлса ҳам олиб келаман, фақат боламни сақлаб қолинглар! – наъра тортди эркак. Жувон эса гўё полапонининг ҳаёти хавф остида қолган қуш каби парвона бўлганича тинимсиз чирқилларди.
Орадан икки соат ўтиб, боланинг аҳволи янада оғирлашди. Унинг юрак уриши секинлашиб қолган, деярли нафас олмаётгандек эди. Ота-она эса ақлдан озар даражага етганди.
Шифокорлар бош шифокор хонасига йиғилишди. Улар боланинг дарди ҳақида бир қарорга келолмай ташхис қўя олмас, вақт эса ўтиб борарди. Шу пайт навбатчи ҳамшира отилиб кирди:
– Аҳволи оғирлашди, алаҳсираяпти! – деди у.
…Истараси иссиқ, ёқимтойгина бола ярим беҳуш, кўзлари юмуқ: “Бобожон, мени ҳам олиб кетинг! Мен ҳам кетаман!”, дея ожиз шивирларди.
Боланинг бу сўзлари атрофдагиларни карахт қилиб қўйганди. Ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, ҳеч бир муолажа кор қилмас, барига бепарводай бола эса “кетиб борарди”…
* * *
– Чойинг стол устида, ичиб ол. Тушлигингни ҳам қўйиб қўйдим, ерсан, –деди она машина юкхонасига молларини жойлаштирар экан.
– Она… – деди бўсаға олдидаги зинада эрталабки совуқдан жунжикиб ўтирган майкачан бола онасига ялинчтоб мунгли нигоҳларини тикиб.
– Нима дейсан? – деди она қарамаган кўйи.
Агар она шу тобда сал синчков қараганида бола жуда сиқилаётганини, тинимсиз кафтининг юмшоқ жойини эзиб, ирғалиб ўтирганини кўрган бўларди. Одатда, бу узоқ вақт ёлғизликдан қийналган ёки руҳан тушкунликка тушган катта ёшдаги кишиларда учраши мумкин бўлган ҳолат эди. Дунёнинг нелигини англаб улгурмаган гўдакнинг бу ҳолга тушиши эса…
– Кетманг! – деди бола яна ўша оҳангда.
– Вой, бу кишимнинг гапини қаранг! – деди жувон.
– Нима? – эркак машинадан тушди. – Нима дединг, нодон? Ўйнагани кетаяпмизми? Бор, кир ичкарига!
Бола отасининг қаҳрли дағдағасидан учиб тушиб, кўзлари ёшга тўлди. Лаблари чўччайиб, болаларга хос одат билан эгнини* қисиб, бўйнини ичкарига тортди.
– Болам, мен кетмасам ким ишлайди? Ким сенга ўйинчоқлар олиб келади, – муросага келган бўлди она.
– Керак эмас! – илк бора онасига кўзида милт-милт ёш билан тик қаради. – Менга ҳеч нарса керак эмас! – деди ва изиллаб йиғлаганича ичкарига отилди.
– Талтайтириб юборибсан!
– Қўйинг, дадаси, ҳали бола-да!
Деразадан кўзлари ёшга тўла боланинг мунгли юзи кўринди. У тутун бурқситганича узоқлашаётган машина ортидан қараб қолди. Кейин совуқ қотаётгандек жажжи қўлчалари билан елкаларини ишқалаб, дарди бор одамдек тинимсиз оғир “уф” тортганича у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Хона деворлари сиқиб, митти юраги вужудига сиғмай бораётгандек эди. У бу оғриқни сингдира олмас, ҳаловати йўқолганди. Ўзини мажбурлаб дастурхон бошига келиб ўтирди, бўлмади, чайналган, томоқдан ўтмаган нон луқмаси стол устида қолди. Ҳеч қаердан қўним топа олмай хона бурчига бориб, тиззасини қучганича кўзларини бир нуқтага тикиб, ирғалиб ўтирди. Кўнглига ҳеч нарса сиғмас, телевизорга қарагиси ҳам келмасди, у унда-бунда сочилиб ётган ўйинчоқларини бир-бир тепиб, кўчага чиқиб кетди.
Ўртоғи Султонмуроднинг уйи ёнига келганда хаёли бўлинди, қандай келиб қолганини билмади, бир муддат тараддудланиб туриб қолди. Султонмурод ҳали уйқуда, чақирай деса, онасининг бобиллаб беришидан қўрқди. Ҳовли бурчига тўкилган қум устига чиқиб ўйнай бошлади.
– Тўзитиб ташлама, орқангдан тозалаб юрадиганинг йўқ! – бола туйқус ортидан эшитилган зардали овоздан учиб тушди. – Эрталабдан тушига кириб чиққанми нима бало, бор уйингга! – Султонмуроднинг онаси минғирлаганича уйга кириб кетди.
Бола бошини эгиб кўча томон энди юзланганида ҳовли чеккасидаги кичик айвончалик уйчадан йўтал товуши эшитилди. Бу уйчада Султонмуроднинг бобоси, ёлғиз яшарди. Саксонни қоралаган бу қария оёқдан қолган, кўзлари ҳам яхши кўрмасди. Бола уйчага кирди. Уйчанинг деворлари лойсувоқдан чиқарилган, ўртага кичкина, ранги униқиб кетган тўқима гилам тўшалиб, деразага оддий мато парда тутилган, хона тўридаги кароватда эса кўрпа остида билинар-билинмас чол ётарди.
– Ҳайитмуроджон! Сизми, болам?
– …
– Келинжон! Сизми?
Жавоб бўлмагач, тишсиз милкларини кўрсатиб, оппоқ соқолини селкиллатиб умидвор кулди.
– Султонмурод, шумтака, сенмисан? Қуёш қайси томондан чиқди?
– Мен Султонмурод эмасман, – деди бола ва чолга яқин келди. – Юсуфман, Султонмуроднинг ошнаси!
– Ие, қани, яқинроқ келинг-чи, Юсуфжон! Кап-катта йигит бўлиб қолибсиз-ку?! – қария томирлари бўртиб, терилари буришиб, илон терисидек ялтираб қолган, қалтироқ қоқсуяк қўллари билан боланинг бошидан тутиб, пешонасидан меҳр билан ўпиб қўйди:
– Илоҳим, умринг узоқ, ризқинг зиёда бўлсин!
Бу муомала болага ёқди.
Йиллар давомида ёлғизликдан қийналаётган чол ҳамсуҳбат топилганидан яйраб кетди. Ўғил бўлмиш Ҳайитмурод ҳайдовчи, баъзида ойлаб уйда бўлмайди. Келганда ҳам “Ота, қандай, маза яхшима, камчилик йўқма?” дея ҳол сўрашдан нарига ўтмайди. Келини Султонпошшанинг хонага гўё танкдек бостириб кириб, бирор суюққина овқат солинган идишни тўқиллатиб қўйиб кетишини айтмаганда, одам йўқламайди.
– Меҳмон бўлиб келибсиз-да, эртак айтиб берайми, отажон? – деди чол ёстиғи тагидан икки дона конфет олиб узатаркан.
Юсуф мамнун бош ирғаб, унга яқинроқ келиб ўтирди.
Суҳбатлари боғланди. Ёришаётган диллар шууридан хона ҳам файз олгандек эди. Орадан бир муддат ўтиб, эшик остонасидан Султонмурод кўриниш берди:
– Юсуф, юр ўйнаймиз,!
– Шошмай тур, зўр жойига келди! – деди чолни берилиб тинглаётган бола. – Ўзинг кел!
– Йўқ, онам уришади, мен қумда ўйнайман, – деди-ю Султонмурод узоқлашди.
Улар суҳбат билан бўлиб, туш вақти бўлганини ҳам сезмай қолишди. Келин бўлмиш бир оз нон билан бир коса ёвғонни тўқиллатиб қўйиб чиқиб кетгач, биргалашиб овқатланишди. Унча маза-матраси бўлмаган шўрва икковига ҳам жуда хуштаъм ва мазали туюлди. Кечга яқин бола уйига қайтди. Кайфияти яхши, ўзини жуда енгил ҳис қилар, гўё мурғак қалбини босиб турган аллақандай юкдан халос бўлгандек эди. Кўксини тўлдириб нафас олди. Атрофга завқланиб, суқланиб боқди.
Нафосатга бурканган оламни қушларнинг ажиб чуғур-чуғур навоси тутиб кетган, ҳилвирабгина эсаётган ёқимли шабададан дарахт япроқлари ва майсалар маҳзун тебраниб, гоҳ шивирлаб, гоҳ шувиллайди, йўл четидаги бўй чўзган турфа гулларнинг муаттар ифори димоққа урилади. Шундоққина ёнгинасидан икки капалак қувлашиб қуёш нурларида жилваланиб, куй оҳангига мос шилдираганича ўйноқлаб оқаётган ариқча устидан учиб ўтишди.
Бола уйга кириши билан ҳаммаси ўзгарди, юраги сиқилди. Уйқуга кетар экан, бир нарсадан – тонг отиб яна чол билан учрашишидан, унинг суҳбатидан баҳраманд бўлишидан мамнун эди. У туш кўрди, тушида ҳам чол билан суҳбатлашиб чиқди: у конфет сўриётгандек лунжини айлантириб тамшанар, тинимсиз илжаярди…
Орадан кунлар ўтди. Чол ва боланинг бир-бирларига меҳрлари туташди. Баъзида уларнинг қувноқ кулгулари ҳовлини тутиб кетарди. Бу ҳол албатта кимларгадир ёқмасди.
– Чиқ, менинг ортиқча нонсўқарни боқадиган ҳолим йўқ! – жувон болани сургилаб чиқарди.
– Келинжон, майли, тегманг, еганда нима ерди, болага озор берманг!
– Сиз аралашманг! – кўзлари чақчайган жувоннинг афти ғижимланган қоғоздек бужмайиб кетди. – Берганни шукр қилиб еб ётавермайсизми!
Сўнгра болани уйдан чиқариб, эшик олдида худди полизини ўта қайсар жонивордан қўриқлаётган бир қиёфада икки қўлини белига қўйиб, оёқларини керганича кўзларини болага ғазабнок тикиб тураверди. Бола бир оз ўйланиб турди-да, югурганича уйига кетди ва камёб неъматлардан, ширинликлардан қучоғига сиққанича олиб, ўша жойида ҳануз ғўддайиб турган жувоннинг қўлига тутқазди-да, бамайлихотир чолнинг ёнига кириб кетди. Уларга бошқа халақит беришмади…
Ҳар иккиси ҳам буткул ўзгариб қолган эди: илгари тўшакдан бош кўтара олмайдиган чол деворга суяниб ўтирадиган, рангларига нур битиб, анчагина тетиклашганди.
Бола эса катталардек фикрлайдиган, вазмин табиатли, ҳамма нарсага жиддий қарайдиган, илгарилари ота-онаси изидан эргашиб юрадиган бўлса, энди уларнинг келиб-кетишлари билан иши ҳам бўлмай қолди. Бу ҳолдан аввалига ажабланган ота-она “эс киргандир-да” деб эътибор бермай қўя қолишди.
Орадан уч ой ўтиб, чол оламдан ўтди.
Буни ўзи ҳам сезган чоғи, бир кун олдин Юсуф билан жуда қуюқ хайрлашди, пешонасидан искаб-искаб ўпар экан, кўзи тўла ёш негадир қайта-қайта миннатдорчилик билдирди. Унинг оламдан ўтганини ҳам шу бола билди. Туни билан алаҳсираб, субҳидамда кириб келганида чолнинг очиқ кўзлари тепага қайрилган, юзларида мамнун бир табассум қотиб қолганди. Ота-бола яйраб кулишган чоғларида унинг юзига худди шундай ифода қалқарди…
Шундан сўнг Юсуф анча вақтгача ўзига кела олмади. Ҳамма нарсага беэътибор бўлиб қолди. Қалби тилаётган “нарса”ни излаб безовта кезинарди. Чол яшаётган кулбани ҳам маъракалар ўтгач, бузиб юборишди. Чолдан хотира бўлиб бола қалбида унинг маъюс чеҳраси, нимтабассуми қолганди. Бошини силаган меҳр уфуриб турган кафт тафтини соғинар, хирқироқ овози қулоғи остида тинимсиз янграр, уларни қўмсаб ҳеч қаерга сиғмай борарди.
…Субҳидамдан машинага юкларини ортаётган ота-она ортидан бола чиқиб келди. У анча озиб, кўзлари чўкиб қолган, хаста одамдек оғир-оғир нафас оларди.
– Она…
Бола эшик кесакисига ҳолсиз суянди.
– Нима дейсан?
– Кетманг…
– Яна бошладингми инжиқлигингни! – машина ичидан отанинг зардали овози эшитилди.
– Отаси!? Унинг мазаси йўқ! – жувон ўғлини илк бора кўраётгандек хавотирда қаттиқ тикилди. – Ранги бошқача!
Бола бошқа бир сўз айтмади, ерга беҳол қулади…
* * *
Отанинг ҳоли паришон, ўғлига қилган дилозорликлари, қаттиқ гаплари хаёлидан кетмас, виждон чиғириғидан ўтган ҳар бир савол юрагига ўқдек қадаларди!
Қаттиқ гапирган кезлари ўғлининг сескангани, маъюс кўзларини олиб қочиб, эгнини қисганлигини кўз олдига келтираркан, ўзидан нафратланиб, ич-ичидан эзилиб борарди.
Шифокорлар хона бурчагида болага сўнгги илинж – наркоз бериш ҳақида сўзлашаётганда… юзидан нур ёғилиб турган қария кириб келди ва бемор томонга ўтди. У алаҳсираётган боланинг қўлини силаб-сийпаб, пешонасидан меҳр билан ўпди ва қулоғига нимадир дея шивирлаб, хонадан чиқиб кетди. Уни фақат кўзларини юмиб ётган болагина кўргандай эди.
– Бола қайтаяпти, юрак уриши тезлашди! – дея йиғлаб юборди ҳамшира.
Чиндан ҳам барча мосламалар боланинг юрак уриши тезлашиб, нафас олиши яхшиланиб бораётганлигини кўрсатарди.
– Агар кўрсаткич мана бу белгидан ўтса у яшайди, – деди шифокор ва у бармоғини олиб борар-бормас, юрак уришини кўрсатувчи мосламадаги белги шу кўрсаткичдан ошиб ўтди.
– Хайрият! – енгил тин олди шифокор, – хавф ортда қолди, у энди яшайди.
Манба: “Китоб дунёси” газетаси, 2013 йил 5(152)-сон