
Ўзбек халқининг буюк фарзанди Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” китоби 15-16 асрлардаги Хуросон, Мовароуннаҳр ва Ҳиндистон тарихи, географияси, адабий муҳити, сиёсий ва ижтимоий ҳаёти борасида ва ҳамда йирик тарихий шахслар тўғрисида қиматбаҳо маълумот беради. Мазкур асар бугунда ҳам долзарб ҳисобланган мавзулар: жамиятда мукаммал инсонни вояга етказиш, халқни фаровон турмуш кечириш йўлларини излаш, ёш авлод тарбияси, соғлом ақл ва поклик билан яшаш муҳимлигини қамраб олиб, бу борада Бобурнинг катта аҳамиятга эга қарашлари мавжуд.
Масалан, Бобур ижодида ўша замонда қабиҳ ва иллатли амал ҳисобланган майпарастлик, яъни ичкиликбозлик балоси жуда ривожлангани моҳирлик билан ва танқидий нуқтаи назар билан ёритилган.
Бобурнинг фикрича, агарда шоҳу шаҳзодалар ва бошқа давлат арбоблари ичкиликка муккаси билан берилиш оқибатида уларнинг шахсиятига ва давлат салоҳиятига путур етади, оддий халққа зулм ошади, эл фаровонлиги, маънавий ҳамда маърифий дунёга зарар етказилади.
Ўзи яшаган даврдаги тарихий шахслар ҳаёти, фаолияти ва хулқини ёзишда Бобур катта мушоҳада эгаси бўлганлигини кўрсатиб, яхшигина насрий маҳорат билан уларнинг яхшию ёмон сифатларини очиб берган.
Масалан, Ҳисор ҳокими Хусравшоҳ тўғрисида маълумот берган Бобур ёзади: “Ҳисор эли, алахусус Хисравшоҳга таалуқли эл ҳамиша шурб (ичкиликбозлик) ва зинога машғул эди”. Шу боис, Хисравшоҳни минглаб навкарлари Бобур томонига ўтиб кетгани тарихдан маълум ва “Бобурномада” ҳам қайд этилган.
Бошқа темурий шаҳзода Султон Маҳмуд тўғрисида (Абу Саид Мирзонинг учинчи ўғли, 1494-1495 йилларда Самарқанд ҳокими бўлган, золимлиги билан машҳур) шундай маълумот бор: “Зулм ва фисққа кўп машғул эди. Мутассил чоғир (ичкилик) ичар эди. Бад эътиқод киши эди, юраксиз киши эди…”
“Бобурномада” Хуросонда подшоҳлик қилган Султон Ҳусайн “Бойқаро” тўғрисида шундай маълумот бор: “Аввал тахт олған маҳалда олти-етти йил тоиб эди. Андин сўнгра ичкуга тушти…Хуросонда подшоҳ эди, ҳеч кун йўқ эдиким намози пешиндан сўнг ичмагай…”.
Бобурнинг маълумотига қараганда, Ҳазрат Алишер Навоий иниси бўлган Дарвеш Алибек (бир муддат Балх ҳокими бўлган) ҳам майпарастлик оқибатида катта давлат ишларини уддасидан чиқмаган ва вазифасини топширган.
Заҳриддин Муҳаммад Бобур Афғонистон шимолида жойлашган Қундуз шаҳрига келганида Дарвеш Алибек маст ҳолатида унинг олдига ташриф буюрган.
Мирзо Бобур ёзади: “Мен Қундуз келганда, менинг қошимға келиб эди, масх (юз шамоили ўзгарган, изоҳ биздан) ва мабҳут (ҳайратда қолиш) эди. Беклик қобилиятидин дур ва ичимлик салоҳиятидан маҳжур…”
Бобурнинг шахсий амалларида таҳсинга сазовор жойи шуки, тақдирдан кўрган ситаму жафолар натижасида май ичишга майли бўлганлигини эътироф этган ҳолда, 23 ёшигача май ичмаганлигини таъкидлаб ўтади. Буюк давлатдор ҳаётининг охирида ичкилибозлик билан қаттиқ курашиб ва ушбу муборизани давлат сиёсатига айлантирган ва фаровон турмуш гарови деб билган.
Энг диққатга сазовори, Бобур махсус фармон билан май, шароб ва инсоннинг сархуш этувчи воситаларни истеъмол қилиш, ясаш, сотиш ва тарқатишни ман этган. Мазкур фармон подшоҳ вафотидан 2 йил олдин содир этилган бўлиб, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ғозий фармони” номи билан машҳурдир.
Фармонда Бобур айтган: “Мутлақо ҳеч бир киши ичкилик ясамасин, сотмасин ва олмасин, ўзида сақламасин, элтмасин ва келтирмасин. Ичкиликдан қочинглар, шоядки нажот топсанглар”.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур дарборда шахсан ибрат кўрсатиб атрофдагилар билан ичкиликни ташлаб ўз сўзи билан: “олтин ва кумушдан ясалган май идиш ва қадаҳлари ва бошқа асбобларни ерга уруб…, пора-пора қилиб, ҳар бирини мискин ва бечорага бердилар”.
Тоҳир Фаттоҳзода, 12uz.com ахборот портали