АМЕРИКАЛИКЛАР …..”ТУПОЙ” ЭМАС!
Михаил ЗАДОРНОВ
АҚШ ВА РОССИЯ
Таржимон ШАРҲИ
Қуйида ўзбекчаси келтирилган мақолани таниқли рус қизиқчи-артисти Михаил Задорнов 2010 йилда ёзган бўлса-да, бу асар ўзбеклар учун ҳам ибратли, деган фикрда мен уни ўзбекчага ўгирдим ва муҳтарам ўқувчилар диққатига ҳавола қилмоқдаман. Орадан уч ярим йил ўтган, замон анча ўзгаргани учун муаллифнинг баъзи фикрлари етарли даражада бахслидир. М. Задорнов ҳазил-ҳузул гаплар билан, бироқ жиддий равишда АҚШ ва Россияни кўп соҳаларда солиштиради, Россия АҚШдан ўрнак олиб, ўзида ўша соҳаларда халқ фойдасига ўзгаришлар қилиши лозимлигини айтади.
Талай соҳаларда Россия АҚШдан орқада экан,бизнинг Ўзбекистонни ҳатто солиштириб ҳам бўлмайди. Орамизда АҚШ, Англия, Франция каби мамлакатлардан нолийдиган ватандошларимиз ҳам бор. Уларнинг иддаоларига қарши битта саволни қўйиш кифоя, деб ўйлайман: “Нега минглаб америкаликлар, инглизлар, французлар Ўзбекистонга бориб яшашмайди-ю, минглаб ўзбекистонликлар АҚШ, Англия, Францияга бориб яшашни истаб туришибди, минглаби яшаб ҳам туришибди?”.
АМЕРИКАЛИЛАР …..ТУПОЙ ЭМАС!
“Жонли Журнал” (ЖЖ) даги ўзимнинг бир неча мақолаларимда мен америкаликларга нисбатан фикримни ўзгартирдим, деб ёзганимдан кейин менга саволлар кела бошлади. Қисқа жавоб беришнинг иложи бўлмади – бутун бошли очерк туғилди, уни сизларнинг ҳукмингизга ҳавола қилмоқдаман.
80-чи йиллар охирида АҚШга қилган гастроль сафаридан қайтгач, ҳар қандай совет одами каби менга ҳам бенуқсондай кўринган мамлакат ҳақида шодиёна очерк ёздим. Йиллар ўтди, менинг АҚШ ҳақидаги фикрим деярли қарама-қаршисига алмашди. Менинг телевидениеда намойиш этилган бир концертимдан кейин “Ҳу, тупойлар!” ибораси ҳатто менинг устимдан кулиб юрган эстрада пародистлари томонидан кўплаб ишлатилди. Тўғри, пародияларнинг маъносига қаралса, уларнинг ҳар бирида ижрочилар менинг устимдан эмас, “тупой” америкалилар устидан ҳазил қилишгани – улар менга нисбатан қилинган пародияларда мен кузатганимдан ҳам ақлсиз кўринарди. Натижада “Ҳу, тупойлар!” умумхалқ иборасига айланди, АҚШ элчихонасидагиларга АҚШга нисбатан Россияни мен қайрагандай туюлди, ва менинг визамни бекор қилишди.
Йиллар эса ўтгандан ўтиб борарди… Яқинда эса ҳатто менинг ўзим ҳам кутмаган ҳодиса юз берди – Америка ҳақида менинг фикрим яна ўзгара бошлади. Мен ҳатто хафа ҳам бўлдим – мен қанақа принципсиз одам эканман-а? Бор-йўғи йигирма беш йил ичида бир мамлакатга нисбатан фикримни учинчи марта ўзгартирмоқдаман! Мени шарқ доноларидан бирининг яқинда ўқиганим фикри қутқарди: “Фақат ахмоқ ҳаётда ўз фикрини ўзгартирмайди!” О! Демак, мен ахмоқ эмас эканман! Шундай бўлса, сизлар – ўқувчилар ва телетамошобинларни ўзимнинг янги фикрларга ошно қилишим мумкин. Бунинг устига, улар орасида ахмоқмаслар, Худога шукур, ҳали етарлича кўп.
Тўғри, ҳозирги кундаги Америкада ҳамма нарса ҳам силлиқ эмас … Аммо биз, Россиянинг одамлари – уларни айблашга ҳаққимиз йўқ! Биринчидан … Уларда давлатнинг барча мулозимлари бирорта ҳам партияга аъзо эмас! Ҳеч бўлмаганда иккитасида. Бу ҳам қандайдир мувозанат. Уларнинг конгрессменлари, депутатлари, ҳукумат аъзолари машиналарини ўзлари бошқаради ва Америка шаҳарларида ҳаракатни мигалка-пигалкалари билан даҳшатга солмайдилар. Уларнинг шаҳарларида ўртасидаги бир қаторда машиналар ҳар икки томонга юриши мумкин бўлган учқаторли ҳаракат йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.
Бу “тупой” Американинг ФБР (Федерал тергов бюроси – ФТБ) ва ЦРУ (Марказий разведка бошқармаси – МРБ) ходимлари мамлакатдаги бозорлар, супермаркетлар ва аптекалардан тортиб нефть, газ, қурол, қўзиқорин ва ўйинчоқлар савдосигача бўлган бизнесни ўз қўллари остида ушлаб турмайдилар… Улар ўз хотинлари, ўйнашлари ва ўйнашларининг ўйнашлари номига очиб қўйилган қалбаки корхоналар орқали барча йирик компанияларга улушли акциядорлар бўлиб кирмайдилар. Америкада мулозимлар пора ёки олдиндан тўланадиган откат талаб қила олмайдилар. Бу “тупой” Америкада ҳар қандай “тупой”масни унинг мансаби, погони, таниш-билишига қараб ҳам ўтирмай дарров қамаб қўйишади … Бунинг устига, мулозим қанчалик катта ўғирлик қилса, унга қамоқ жазоси муддати шунча катта бўлади.
Бир америкалик юристни суд бир неча қонунларни бир пайтда бузганлиги учун ҳар бирига чиқарилган муддатларни қўшиб 78 йилга қамади. У машинасида солиқ тўланмаган пора олиб кетаётган экан! Бунинг устига у тезликни ошириб юборган, хавфсизлик камрини тақмаган ва рульда бўлатуриб, ўз мижозидан навбатдаги порани телефонда гаплашиб кетаётган бўлган. Америка қонунларини бизнинг мулозимларга қўлланилса, улар катта қисми 300 дан 500 йилгача қамоқда ўтирган бўлар эди. Россияда уларга бундай жазо қўрқинчли эмас. Бизда аниқ мамлакат белгиси бор: агар сен қамашган бўлса, демак сен кам ўғирлагансан, агар сени Давлат Думасига ёки мулозимлик курсисига ўтқазиб қўйишган бўлса – сен ўғирлаганларинг шунча-ки, сени ҳеч қачон қамамайдилар. Машина, қимматбаҳо пўстин, қимматбаҳо буюмларни кичик одамлар ўғирлашади. Катта одамлар – электростанциялар, темирйўллар ва нефт вишкаларини ўғирлашади.
Бизнесменлар билан Россия ҳукуматининг дўстлиги ҳозирги кунда ўғирлик қилиш учун берилган расмий лицензияга тенглаштирилган. Шунинг учун Америка иқтисоди икки протез (чўпоёқ) – нефть ва газда тетапоя эмас, шунинг учун у ҳеч қачон трубадан – на нефть ва на газ трубасидан учиб чиқиб кетмайди! Бунинг устига оддий “тупой” америкаликлар “ақлли” россияликлардан фарқли ўлароқ ишлашни билишади. Уларда 15 кун Янги йил байрами бўлмайди. Ундан кейин яна 15 кун хитойликларнинг Янги йилига тайёргарлик ҳам йўқ. Уларга “эски янги йил” ибораси нимани билдиришини тушунтириб бўлмайди, “контролли рождество” деган иборани тушунтириш ундан-да қийин. Бизда эса май ойида 12 дам олиш куни бор – бу кунларда шаҳарларимиз бўшаб қолади, ҳатто Москвада машинада, у ҳали Кавказ ва Ўрта Осиёнинг пойтахти бўлмаган 50-чи йилларда юргандай юрасан.
Кимгадир бу ўта майда кўринар, бироқ Американинг хавфсизлик хизматлари ходимлари террорчиларга қарши курашганда террористик амалиёт содир бўлмасдан мамлакат хавфсизлигини ҳимоя қилишади! 11 сентябрдан кейин Америкага бирорта ҳам бахтсиз ҳодиса ёпирилмади. Бизникилар эса террористик амалиётни у содир бўлгандан кейин билишади ва дарҳол телевидение орқали террорчиларни шармандаликда айблай, ҳаммасини тутиш ва думини тугишни ваъда қилиб жиноий иш қўзғата бошлашади. Шундан кейин совет давридаёқ телевизорга ишониб қолган одамларимиз тинчланадилар, мулозимлар эса ўзларининг тўғридан-тўғри вазифаларини бажариш – давлат пирогини бўлишга тушадилар.
Пермда тунги клуб ёниб кетгандан кейин барча “мансаб хафа қилганлар” Россияда хавфсизлик техникасига жавоб бермайдиган ёшлар клубларини умрбод ёпиб ташлаймиз, деб қасам ичдилар. Яъни, амалан ҳаммасини! Сўзларининг устидан чиқдиларми? Икки-уч ҳафтага ёпдилар! Ҳеч қанча ҳам вақт ўтган йўқ эди, Россиянинг ҳамма эгри-бугри жойларида ёшларнинг тунги қопқонларига – совет давридан қолган собиқ омбор, молхона, товуқхона, сарой ва ертўлаларгача бўлган иморатларни янги хўжайинлар томонидан паст шифтли, ачиган ҳидли пентхаусларга, ўзларининг ёндирувчи ҳаётларига қайтдилар. Уларнинг ичида яна “сифатга қараганда паст баҳоли” тортилган шифтларгача учиб чиқадиган хитойликлар петардалари ўйин-кулгуни “қиздирмоқдалар”.
Ҳозирги Американинг шону-шўҳрати нафақат давлат мулозимларининг яхши сифатларидандир. Американинг барча нафақахўрларининг ўз уйлари, ишончли медицина хизмати, яшашга етарли минимумдан анча катта нафақага эга. Биздаги нафақа эса умрининг охиригача газ, сув ва иситиш учун пул тўланмаган ҳолда саккиз квадрат метр жойда яшашни билдиради. Яъни, худди сатҳи саккиз квадрат метр бўлган муз устида яшагандай. Тўғри, шуни ҳам айтиш керак-ки, душанба ва жума кунлари икки маҳал овқати ҳам бор. Америкада нафақахўр тумовдори олиш учун аптекага келиб пули етмай қолиши мумкин эмас.
Америкада ўзларининг фахрийларини қадрлашларини кўрсангиз! Америка президенти 1945 йилда Буюк Ғалабага эришган уруш фахрийларини тўлиқ уй-жой билан 2010 йилда таъминлаймиз, деб ваъда беришини кўз олдингизга келтириш мумкинми? Ўша фахрийлар жойлардаги мулозимларга президент ваъда қилган уй-жойларни беришни сўрасалар, мулозимлар уларга: “Уй-жойни сизларга президентнинг ўзи берсин. Президент сизларга уй-жой беришни жуда ҳам истаб турган бўлса, ўзиникини берворсин. Бизда бўш уй-жой йўқ. Бироқ биз қураяпмиз, ҳаракат қилаяпмиз … 2020 йилгача уй-жойни аниқ берамиз. Келиб туринг!”. Айтгандай, президент ҳамма фахрийларни уй-жой билан таъминлашга буйруқ бергандан кейин, ишончли манбаълардан маълум бўлди-ки, кўпгина мулозимлар ўзлари, хотинлари ва ўйнашларига фахрийлик гувоҳномасини ёздириб олишибди.
Бизнинг соғлиқни сақлаш тизимимиз америкаликларнинг ўз фуқароларининг соғлиғини сақлаш тизимидан у-бу нарсани ўрганса арзимайдими? Америка аптекаларида ҳатто мушуклар ҳам ялашни истамайдиган сохта аспирин ва сув қўшилган валокардин сотишмайди. Америкада тез ёрдам машинаси ҳамма вақт ўз вақтида етиб келади! Астраханда бир қизиқчи талаба тажриба ўтказибди: у бир вақтнинг ўзида тез ёрдам машинасини чақирибди ва пицца олиб келишни буюрибди. Пицца тез тиббий ёрдам машинасидан 40 минут олдин етиб келибди!
Мен саҳнадан шу нарсалар ҳақида гапирсам мулозимлар Россиянинг бу барча беўхшовликлари бизга совет давридан мерос қолган, деб рад қилишади. Э, шундайми? Мулозимларнинг коттеж уйлари, оффшор зоналардаги ҳисоб-рақамлар ҳам совет давридан қолганми? Яқинда бир тўда ёшлар бир фахрийни уриб ўлдиришибди ва орденларини сотиш учун олиб кетишибди. Шундай нарса совет даврида бўлармиди? Америкалик қариялар нафақа ва имтиёзларининг ҳисобига бутун дунё бўйича саёҳат қилиб юришади! Америкалик кампирларни бутун дунё аэропортларида ногиронларнинг бошқаруви автоматлаштирилган замонавий аравачалари ва бежирим таралган оппоқ сочларига қараб таниб олиш мумкин. Уларнинг пули косметик салонларга боришга ҳам етади!
Яхшилаб қарасангиз, Американинг устунликлари ҳамма жойда кўринади. Уларнинг ҳожатхоналаридан уйга кириш подъездларининг ҳиди келмайди! Уларнинг кўчаларида мастлар йўқ. Столба ёки ёритгич устунига “суяниб қолган” ҳар қандай одамни полиция олиб кетади. Полициячилар бу одамларнинг ҳамма нарсасини – калитидан то ишлатилган рўмолчасинача тортиб олишмайди. Ғаройиб, америкалик полициячилар пора олишмас экан! “Тупой” бўлганлари учун бўлса керак – олиш мумкинлигини билишмаса керак.
Америкаликларнинг хушмуомулалиги ҳақида россиялик авлодларимизга афсоналар айтиш мумкин. Иқтисодий инқирозга қарамай уларда хизмат кўрсатишнинг барча соҳаларида хушмуомулалик йўқ бўлмади. Ҳа, – уларда кулимсираб юриш системаси одамларга сингдирилган, деб менга эътироз билдиришлари мумкин. Майли-да! Менга кўра биздаги системасиз, туғма беадабликдан барибир ўша яхши. Менинг ёрдамчим Сахалинда краб сотиб олмоқчи бўлди. Тунука банка эзилганини кўриб сотувчи аёлдан уни алмаштириб беришни сўради. У жавобан кулимсираб, афтини қийшайтириб: “Нега? Сиз крабни банка билан қўшиб ейсизми?” – деди.
Америкада эрталаб қизлар ва ёш аёллар ишга кетаётиб жамоат транспортида шпилькали (ўткир товонли) пойафзалда ва тирноқдан калта юбкаларда юришмайди. Оддий америкаликлар эрталабдан юқори модали кийим кийиш “ахлатдан чиқиб подшоҳ бўлган”дай ёмон таъб эканини аллақачон тушуниб етишган. Табиий, америкаликларда ҳам ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай халқ сингари ўзларининг сўкишлари бор. Тўғри, уларнинг сўкиши бизникига таққослаганда шахмат ўйинидаги, зўрға айтилган “шоҳ”га ўхшайди. Шундай бўлса-да, ёшлар жамоат жойларида, ҳамманинг олдида сўкинмайдилар. Менинг синглим Москвада троллейбусда кетаётган бўлган. Иккита, кўриниши ёмон бўлмаган талаба троллейбус ичида шовқин қилиб эҳтимоллар назариясининг бир формуласини сўкиниш аралаш муҳокама қилишаётган экан. Синглим уларни охоҳлантирибди. Талабаларга тан бериш керак – жим бўлишибди. Ўн минутдан кейин бири иккинчисига: “Кўраяпсанми, гапириш ҳам мумкин эмас” – дермиш.
Дарвоқе, талабалар ҳақида… Уларда талабалар университетни битиргач мамлакатдан чиқиб кетишмайди. Уларга, Америкага, дунёнинг ҳамма томонидан ўқигани талабалар келишади. Ёш америкаликлар бир-бирига ёрдам беришга ҳаракат қилишади:
— Жон, сен бакалаврсан-а? Мен ҳам бакалаврман. Лекин дўстимиз Тим ҳали бакалавр эмас, унга ёрдам бериш керак!
Бизда тушунчалар бошқача:
— Серёга, сен турмада ўтиргансан-а? Мен ҳам ўтирганман. Дўстимиз Федька ҳали ўтирган эмас, ёрдам бериш керак.
Америка таълимдаги тест системасидан аста-секин воз кечаяпти. ЯДИ (ягона давлат имтиҳони)ни фақат хоҳлаганларга қолдиришган. Улар асосий бир нарсани тушундилар: ақлсизликни давом эттириш самарасиз. Биз эса бутун дунё воз кечган таълим системасини қабул қилдик. Худди бошимиздан яримпарчаланиш даври бир одам умрига тенг бўлган навбатдаги радиоактив ахлатни тўккандай туюлади менга. Шунинг учун яхши олимлар Америкадан кетиб қолишмайди. Олимлар миясининг “оқиб” кетиши [олимларнинг бошқа мамлакатларга кетиб қолиши – Таржимон] – ҳукумат миясининг оқиб кетишидир [қўштирноқсиз – Таржимон].
Америкадан спорт тренерлари ҳам кетиб қолишмайди. Улар алоҳида ҳурматга эга! Спортчилар Ватан қаҳрамонларига тенглаштирилган. Ёш америкаликлар ҳар бир ўқув юрти олдида қурилган спорт майдончаларида спорт билан шуғулланишади. Америкалик ёшларнинг мускуллари фақат жойстик ва компьютер “сичқонча”си туфайли бўртиб турмайди. Улар билан таққослаганда бизнинг шоввозлар ҳақиқий профессионал яримспортчилар – ҳали спорт билан шуғулланмасданоқ допинг дори ичабошлашади. Тунги клубларни қўятурайлик, Америка стадионларида супермаркетлар, ярмаркалар ва автомобил салонлари очилиши мумкин эмас. Америкалик спортчилар спорт бўйича америкалик мулозимларига қул эмас. Олимпиада ўйинларига америкалик спорт бошлиқлари бирини массажчи (уқаловчи), бирини врач, бирини психолог, бирини чанғи мойловчиси қилиб ҳужжатлаштириб ўзларининг хотинлари, ўйнашлари, ўйнашларининг ўйнашлари билан боришларини кўз олдингизга келтира оласизми? Америка оёққа туриб кетади-ку – бу пуллар сиз билан бизнинг солиқларимиз-ку, деб.
Американинг ҳавас қиладиган яна бир жойи шу-ки, улар табиатни эҳтиёт қиладилар, уларнинг ўрмонлари папирос қолдиқлари ва ахлатга ботиб кетган эмас. 90-чи йиллар бошида менинг Калифорниялик дўстларим мени табиат қўйнида дам олиб келишга таклиф этдилар. Биз ўрмон четидаги бир майдончада тўхтадик. Менга майдончага президент келишидан олдин лаганбардор мулозимларнинг буйруғи билан майдончани супуриб, ўтларни ювиб, буталар баргларини бўяб қўйишгандек туюлди. Ҳа, Америкада ўрмонлар, майдончалар, дарёлар қирғоқларида пепси-кола, фанта, ред-бул банкалари қалашиб ётмайди … Қоғозли ва полиэтилен пакетлар буталар шохчаларида илиниб ётмайди, қумли пляжларда эса ишлатилган шприцлар қандайдир ерости аждаҳонинг мўйловидек ердан чиқиб турмайди.
Менинг Уссуриядаги ўрмончи дўстим бир неча йил илгари Иордания қиролини тайгага экскурсияга олиб борган. Қирол СССРда ўқигани учун рус тилини яхши билган. “Ўрмон хўжайини” унга: “Мана бу ер энг камёб жой! Биз турган жойга ҳали одам оёғи қўйилмаган!” – деган. Иордания қироли ҳайрон бўлиб “ўрмон хўжайини”дан қайтариб сўраган: “Одам оёғи босилмаган? Бу нима, бўлмаса?” – деб ерда ётган презервативни кўрсатган. Табиатни америкалиларнинг ўзи эъзозлашади, ҳеч ким уларни ўтказилгандан кейин ерда илгаригидан ҳам кўпроқ ахлат қоладиган шанбаликка чиқишга мажбур қилмайди. Бизда эса, губернаторлар ўрмонларни ахлатдан тозалаб чиқишга буйруқ беришлари учун Медведев билан Путин Россиянинг Курилидан тортиб то Подмосковьесига қадар пиёда юриб чиқишлари керак.
Айтгандай, америкалилар биздан фарқли Потёмкин қишлоқлари қуришни ўргана олмадилар. Америкада бирорта конгрессмен ўзининг штатига президент боришидан уч кун олдин аэропортдан штат марказигача йўл абгорлигини эслаб ҳеч кимни дарҳол йўлни янгилашга мажбур қилмайди – дарҳоллик бу йўл сифати бўйича бир марта ишлатиладиган йўл бўлишини у билади. Путин боришидан олдин Россия шаҳарларининг бирида Бош вазир шаҳар касалхоналарининг бирини кўрмоқчи экани маълум бўлган. Шаҳар мэри касалхонага соғлом одамларни ётқиздирган!
“Тупой” Америкада, такрорлайман, ҳамма нарса ҳам яхши эмас. Ҳа, уларнинг сиёсати жангари сиёсат. Унинг севган иши ўзининг “демократия”сини тарқатиш. Айниқса, нефти бор мамлакатларга тарқатиш. Бироқ, кўпчилик америкаликларнинг юзида табассум билан ҳаёт кечириши ҳар қандай сиёсатдан муҳимдир. Кўчаларда, лифтларда, метрода, навбатда турганларида улар жилмайиб юришади! Уларда нафрат йўқ.
Бизда эса кўпчиликнинг юзидаги ифода шундай-ки, гўё эртадан кейин эрталаб охират куни бўлгандай, бугун эса кейинги куннинг кечидай. Москвада бир қиз, бойлар учун мўлжалланган уй лифтига кирса, орқасидан юзида қайнонасидан бошқа ҳамма қариндошларини кўмиб келаётгандай ифодани сезиш мумкин бўлган бир эркак ҳам кирган. Қиз қўрқиб кетган – одам ҳар куни қўрқув уйғотадиган нарсаларни телевизорда кўраверса ёки газетадан ўқийверса, бу – табиий ҳол:
— Вой, мен сиз билан лифтда бирга кетмайман!
Эркак ҳатто ажабланмабди ҳам:
— Кетмасанг, қолавер! – деб уни лифтдан улоқтирворибди.
Америкада бундай ҳодиса ҳатто тасодифан ҳам юз бермайди.
Ўйлайман-ки, Америкада инсонни тириклигида ҳурмат қилишлари энг қадрли бойликдир. Ҳатто газеталарда халқ таниган одамлар ҳақида бирор яхши нарса ёзмасдан қўймайдилар. Бизда бир аниқ-тиниқ ҳозирги замон белгиси амал қилади: агар бирор одам ҳақида телевизор ёки газетада яхши гапларни айта ёки ёза бошласалар, демак, у ўлган бўлади. Бизнинг олимлар ва маданият ходимларини америкаликлар биздан юқорироқ баҳолашади. Буюк рус шоири Евгений Евтушенкони талабаларга рус шеърияти ҳақида лекция ўқиш учун АҚШга таклиф қилишган. Россиянинг ўзида эса у ортиқча одамга айланди. Солженицин ҳам шундай бўлди – ўзларини демократдай кўрсатиш учун уни АҚШдан ватанга қайтишни ташкил қилганларидан кейин шундай бўлди! Унинг маслаҳатларини ҳеч ким эшитгани ҳам йўқ. Жаноб Солженицин, сиз бизга файласуф сифатида эмас, ҳайкал сифатида кераксиз.
Биздан фарқли америкаликлар жаҳон маданиятини ҳурмат қиладилар! Америка театрлари афишаларида бизларникидагидек “Ромео ва Жульетта” пьесасига ўхшатма” – “Вагина монологлари» [Вагина – аёллар жинсий органи - Таржимон] номли спектакллар пайдо бўлмайди. Россиянинг Пермь шаҳри театридагидек бутун биринчи саҳна давомида қаҳрамонлар тамошобинлар кўзи ўнгида унитаз [ҳожат чиқариладиган қурилма - Таржимон]га ҳожат чиқаришни намойиш қилиш кўринишида “Кармен” операсини Американинг бирорта театрида қўйишмайди. Натижада, танаффусда Пермь театри буфетига бирорта одам у-бу егани бормади – кўпчилик қусқиси келиб ўтирганди. Американинг китоб дўконларида “Пассив некрофил кундаликлари” [Некрофил – ўликлар билан жинсий алоқа қилувчи одам - Таржимон] ёки “Аёллар ва уларнинг қанжиқлиги” каби китобларни кўрмайсиз. Бундай китоблар жамият томонидан ҳақоратли, деб қабул қилинади. Уларни махсус кичкина дўконларда қалбан ногирон одамларга сотишади.
Энди, энг асосийси. Америка ўзининг тарихи билан фахрланади. Боз устига, улар оила давлатнинг асоси бўлиши кераклигини тушуна бошладилар. Худонинг Ер юзидаги кўриниши – банклар ва оффшорлар эмас, севги ва табиатдир. Ҳатто Ҳолливуд севги ва табиатнинг бизнес устидан ғалабаси ҳақида кетма-кет бир неча фильмлар яратди. Битта “Аватар”нинг ўзи америкаликлар биринчи бўлиб ўзларига табиат кўзи билан қараб, ўзларининг устидан кулганларини исботлади. Улар асосийларнинг асосийси – яхшилик бабло [пул, бойлик - Таржимон] устидан ғалаба қилиши кераклигини тушундилар! Офарин! Айни пайтда беҳисоб бабло йиғиб олдилар! Бизнинг “киногуруҳчалар” эса ҳалиям депрессуха [Депрессия – руҳий касаллик, ҳаётга қизиқишнинг йўқолиши, арзимаган нарса учун ҳиссиётга берилиш ва ҳ.; Депрессуха – депрессиянинг энг ёмони - Таржимон] киноларни суратга олиб ётишибди.
Ўша америкаликлар россиялик киночилар Россия подшоҳи Иван Грозний ҳақида суратга олган “Подшоҳ” фильми каби ўзларининг бирорта президенти ҳақида камситувчи фильм ишламайдилар. Америкаликлар ўзларининг севимли астронавтларини, шу мавзуда Россиялик киноишловчилар ишлаган “Қоғоз аскар” фильмида қалбларида йиғилиб қолган барча ахлатни совет космонавтикаси устига ағдаришгандай, ахлатга кўмиб ташлашларини тасаввур қилиш мумкинми?
Ақл бовар қилмайди, бироқ айни факт – америкаликлар бизнинг тарихимизни биздан кўра чуқурроқ ўрганишмоқда. Бизнинг ҳукмдорларга археологик қазилмалар учун пул сарфлашнинг нима ҳожати бор? У фойда келтирмайди-ку! Айнан америкаликлар Воронеж яқинида, Уралда, Пермьдан узоқ бўлмаган жойда олиб борилаётган археологик қазилмалар учун катта-катта пул траншларини ажратишган… Уларнинг хизмати туфайли яқинда одамларнинг қолдиқларига қараб инсониятнинг ҳаммасиям Ер юзига Африкадан тарқалмагани аниқланди. Маълум бўлди-ки, европақиёфалик ирқ шимолда етилган экан. Шунга ўхшаган фикрни мен фараз сифатида телевизор орқали гапирганимда бизнинг олимлар мени славянофил [славянпараст - Таржимон] ахмоқ, дея кўрсатишга ҳаракат қилдилар.
Кўринишидан, охирги инқироз йилларида чалаахмоқларнинг бошқаруви Америкага фойдали бўлди. Яқин-яқингача қоратанлиларга жамоат жойларида пайдо бўлиш маън қилинган эди. Бугун эса АҚШнинг янги президенти – афроамерикалик. Айтишларича, Барак Обама дастлабки сайланганидан кейин Оқ уйдаги ўзининг кабинетига келганда биринчи қилган иши – иш столи устидаги [болаларга мўлжалланган] бўяладиган ва қийиладиган қоғозлар, қалайдан ясалган аскарчаларни улоқтирган. Ҳазил ҳазил йўлига-ю, бу соғлом фикрлайдиган президент менга ёқади. Ўзининг нутқлари билан у оддий америкаликларни рок-музика ишқибозларини рок-юлдузлар алангалатишларидан кам алангалатмайди. Ҳозирги кунда у ваъдалари учун Нобель мукофотини олган дунёда ягона одамдир.
Ишончли манбаълардан маълум бўлишича, у ҳатто Болтиқбўйи давлатларига Россиянинг қитиғига тегавермаслик ҳақида ёзилмаган инструкция берибди. Ўзи Москвага, Ғалаба байрамига келиш истаги борлигини айтди. Бечора Болтиқбўйи давлатлари ҳам энди 9 Майда Россия пойтахтига келишга ва Америка президенти мулозимлари қаторида, байрам эгалари – “мустамлакачилар” билан бирга буюк Ғалабани нишонлашга мажбурлар. Барак Обама Гуржистоннинг энг юқори лавозимли раҳбари Саакашвилини ўз мансабидан олиб ташламоқчи бўлаётгани ҳақида миш-мишлар юрибди. Умид қиламиз.
Ҳар ҳолда, АҚШнинг янги маъмурияти ўзининг “у-бу”чи Юшченкосига тармашиб олмагани умид бағишлайди. Афтидан, олдинги президент командаси қанчалик ақлий етукмас “раҳбарлар”ни ўз атрофига тўплаганини америкаликлар тушунишди, чоғи. “Балиқчи балиқчини…!ни дегандай. Бир неча йил илгари Юшченко буйруғи билан Пасхадан олдин Киевда реклама тахталарига “Христос воскрес!” [“Исо тирилди!” - Таржимон] деб ёзилган ранг-ба-ранг плакатлар илиб ташлашди. Ёзувнинг тагида “Сизнинг Виктор Юлченконгиз” деган ёзув киритилган экан. Бу ҳақда Обамага айтишганда яримкун уни ҳиқичоқ қийнабди.
Яқинда Барак Обама Франция президенти Саркозининг “Капитализм ўзини оқламаяпти! У бундан кейин ҳам бизни инқирозга етаклайверади” деган сўзларини такрорлаб мени айниқса қувонтирди. Қаранг-а! Барча олдида айтилган бу сўзлари учун ўртаҳол америкаликлар уни қарсоқ билан тақдирладилар. Охир-оқибат етиб борибди! Шундай хулосам учун олдинги асрнинг олтмишинчи йиллар охирида мен Москва авиация институтида фалсафадан зачёт олган эдим! Америка тараққийлашиб бормоқда, ўсмоқда! Марксни бор кучлари билан ўқимоқдалар. Яқинда Ленингача ҳам етиб боришади, Сталин нутқларидан ҳам иқтибослар келтиришни бошласалар керак. Уларнинг ҳукуматида совет Госплан [СССР Госплани – СССР вазирлар маҳкамаси қошидаги давлат режалаштириш комитети - Таржимон]ига ўхшпш муассаса ҳам пайдо бўлди. Банклар ўртасида социалистик мусобақа бошланишига ҳам оз қолди, шекилли!
Америкаликлар одам қиёфасидаги капитализм қурмоқчи бўлаётгандай ҳис-туйғу бор. Биз-чи? Биз мулозимларнинг бебурд башараси одамлар ғашини келтириб турган капитализм учун бор кучимиз билан курашмоқдамиз. Бундай катта фарқнинг сабаби нимада? Сабаби шунда-ки, америкалик қонунбонлар ўзларини қонунлардан юқори эмасмиз, деб ҳисоблайдилар. Энг ёқимли томони янги президент сайлангач, Америка ва Россия орасида олди-берди бошланди!
Нега Америка туфайли бошланган дунё инқирозидан у чок-чокидан ситилиб кетмаяпти-ю, бизни барча янгилик-ахборотларда инқироздан чиқиб кетганимизга ишонтиришларига қарамасдан биз йилдан-йилга камроқ қувонаяпмиз? Шу учун-ки, биз илдизи қирқилган дарахтга ўхшаймиз. Россияда ҳар сафар ҳукуматга янги одамлар келганда улар ўзларининг барча муваффақиятсизликларини бошқага ағдариш ва ўзининг ҳукуматда содир этган қутурган безбетлигини яшириш учун ўтмишни қоралай, тарихни бошқаттан ёза бошлайдилар. Рюриклар ҳукумат тепасига келганда ҳам, 1612 йилда чор (шоҳ) династияси алмашганда ҳам, 1917 йилда большевиклар ҳокимиятни олганда ҳам, афсуски яқингинада ҳокимиятга демократлар келишганда ҳам шу нарсани қилишди. Нега демократлар совет даври билан боғлиқ бўлган барча ёрқин нарсаларни пастга уриш ва қора сиёҳ чаплашга ҳаракат қилишмоқда? Чунки қўрқишади – қайтиб келади ва шу бир неча йиллар ичида давлат бўғирсоғидан тишлаб узиб олишган ҳамма нарсаларини тортиб олади, деб ўйлашади.
Илдизсиз дарахт қурийди. Унинг йўғон танаси кичраяди, қуриган шохлари шохчаларга айланади, барглари эса бевақт тўкилади. Бугунги Россия илдизлари деярли бутунлай қирқилган қудратли дуб дарахтидай. Тўғри, ҳали бу дубнинг тирик бир илдизи бор – бу бизнинг оддий рус халқимиздир. Мулозимлар ҳам эмас, олигархлар ҳам эмас. Уларнинг ҳам, буларнинг ҳам ватанлари йўқ. Улар учун қаерда фойда чиқса, ўша жой улар учун ватан! Униси ҳам, буниси ҳам дуб танасидаги шохчалардир. Америкаликларга қойилман! Улар биздан олдин шохча қаерда, илдиз қаердалигини тушунишди! Агар биз бугуноқ улардан соғлом бўлиш сирларини ўрганмасак, Россия-“феникс” [Феникс – ёниб кетиб, кулдан яна тирилган афсонавий қуш - Таржимон] биринчи марта тирилмаслиги мумкин!
Бир куни менга Америкага бориш учун виза беришса, мен у ерга яна ўзимнинг концертим билан борсам, саҳнага чиқиб сўзбоши сифатида: “Ҳу, рашнз, ҳу тупойлар!” десам, нима бўларкан деб ўйладим. Ўйлаб кўрсам, хато қилаётган эканман. Руслар орасида келажагимиз учун зажигалка [Зажигалка – ёндирувчи, олов берувчи қурилма - Таржимон] бўлувчи ноёб ақл ва алангали юрак эгалари сақланган. Улар кам эмас. 2009 йил кузида Курил оролларидан бири Кунаширда, меҳмонхонани тарк этаётганимда, меҳмонхона фаррорши (аёл)га чой-чақа бермоқчи бўлдим. У қўлини минг рублли пулдан қиздирилган металлни ушлагандай тортди:
— Вой, бу нима? Нега? Кимга? Менгами? Нима учун?
— Сиз бир ҳафта давомида менинг хонамни жуда яхши йиғиб-йиғиштириб турдингиз! Бу сизнинг мукофотингиз!
— Нима қилаяпсиз? Ҳеч қачон олмайман. Умуман олганда … Менга олган ойлигим етиб-ортади…
Мен бир пайтнинг ўзида ҳайратланган, уялтирилган ва қувонтирилган эдим. У аёлга маоши етиб ортар экан! Мен Россия ҳукуматида ишлайдиган икки мулозимни биламан – уларга маоши етмайди! Кундан кунга уларга маош етмаслиги ошиб бораверади. Айниқса уларнинг хотинларига етмайди. Фақат битта “аммо” бор… Уларнинг хотинлари аллақачонлардан бери кулимсирамайдилар. Улар юзларини пластик операция қилдиришган, шунинг учун чин дилдан қотиб-қотиб кулиш уларга тавсия қилинмайди. Чоклари йиртилиб, лаблари ёрилиб кетади, атроф-муҳитни ифлос қилишади. Кунаширдаги фаррош аёл иш пайтида ҳам табассум билан юради. Унинг келажаги ғарблик пластик хирург томонидан таранг қилиб тортиб қўйилган эмас, юз териси ҳам думғазасигача тортилган эмас, шунинг учун ҳам ҳаёт унга орқаси билан эмас, олд томони билан қараган.
Ҳа, Россия бўйлаб кезиб, мен унда кўпгина одамлар сақланганини кўрдим-ки, улар “Пул ҳаёт учун, ҳаёт пул учун эмас!” дейилган қадимги донолик асосида яшашар экан. Демак, ҳали ҳамма нарса йўқолган эмас. Биз ҳали, яқин ўтмишимизда айтилганидек, Америкага етиб оламиз ва ундан ўзиб ҳам кетамиз. Фақат жон бошига матрёшка [Матрёшка – ёғочдан ясалган, бир нечаси кетма-кет ичма-ич жойлаштирилган, аёл қиёфасидаги қўғирчоқ]лар сони бўйичагина эмас. Ўша пайтда биз америкаликларга кўпроқ ҳавас қиламиз – уларда тоннель охирида ёруғлик кўринди, бизга эса ҳозирча … шаъм кўринаяпти.
Толиб ЁҚУБОВ таржимаси.
|