Понедельник, 23.06.2025, 20:39
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Август » 18 » ҚАЛҚОНСИМОН БЕЗ КАСАЛЛИКЛАРИ ВА ҲОМИЛАДОРЛИК
17:10
ҚАЛҚОНСИМОН БЕЗ КАСАЛЛИКЛАРИ ВА ҲОМИЛАДОРЛИК

ҚАЛҚОНСИМОН БЕЗ КАСАЛЛИКЛАРИ ВА ҲОМИЛАДОРЛИК

Мухбиримиз Гавҳар Бойқулова  “Равшан даволаш маскани”нинг шифокор-эндокринологи Алиқул Элов билан  Қалқонсимон без касалликлари ва ҳомиладорлик ҳақида суҳбатлашди. 

 

Кенг тарқалган эндокрин касалликлар қаторига қалқонсимон без касалликлари ҳам киради. Ўрта Осиёдаги атроф-муҳитда йод танқислиги мавжуд бўлган шароитда бу без касалликларининг аҳоли саломатлигига таъсири анча катта ҳисобланади. Сўнгги йилларнинг маълумотларига кўра Ўзбекистонда қалқонсимон без хасталиклари катта ёшдаги 100 минг аҳолига нисбатан ҳисоблаганда 2847 беморни ташкил этади.

 

Қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши ҳомиладорликнинг кечишига салбий таъсир этади. Ўз навбатида ҳомиладорлик ҳам қалқонсимон без фаолиятига таъсир кўрсатади. Соғлом аёлларда ҳомиладорлик қалқонсимон без фаолиятида қуйидаги ўзгаришларга олиб келади.

Ҳомиладорликнинг бошланғич, ҳали ҳомиланинг қалқонсимон бези ўз фаолиятини бошламаган даврида, бўлажак онанинг қалқонсимон бези нисбатан зўриқиб ишлай бошлайди ва кўпроқ гормонлар ишлаб чиқаради.

Йоднинг йўлдош орқали ҳомила танасига ўтиб ўзлаштирилиши, ҳомиладорлик даврида модда алмашинув жараёнининг кучайиши, қалқонсимон без гормонларининг синтез қилиниши учун аёлларнинг ҳомиладорлик даврида йодга бўлган эҳтиёжини оширади. Шу била бирга сийдик орқали йод чиқишининг кўпайиши, йўлдошда тироксин конверсиясининг кучайиши билан унинг таъсирини сусайиши – ҳаммаси бирга бўлиб йод ва қалқонсимон без гормонларининг танқислигига олиб келади. Бу эса қалқонсимон безнинг катталашишига сабаб бўлади.

Ташқи муҳитда йод етарли бўлган ҳудудларда (Япония, Скандинавия) ҳомиладорлик давридаги йодга талабнинг ортиши сезиларли йод танқислигига олиб келмайди, чунки суткалик йодга бўлган талаб (150-200 мкг/сутка) бутун ҳомиладорлик даврида қониқарли таъминланади. Шу билан бирга атроф муҳитда йод танқислиги ўрта ва оғир бўлган ҳудудларда (Бундай ҳудудлар қаторига Ўзбекистон ҳам киради) меъёридан кам миқдорда йод истеъмол қилиниши ҳомиладор аёлларда қалқонсимон безининг катталашишига ва ёйма заҳарсиз буқоқнинг тараққий этишига олиб келади.

Ҳомиладор аёлнинг қалқонсимон бези ва ҳомиланинг қалқонсимон бези нисбатан бир-биридан мустақил фаолият кечиради. Онанинг қалқонсимон без гормонлари ва тиреотроп гормон йўлдош тўсиғидан ҳомила қон айланишига ўтмайди. Аммо ҳомиладорликнинг эрта даврларида онадан ҳомилага йўлдош орқали қалқонсимон без гормонларининг ўтиш имконияти борлиги тахмин қилинади. Йод, қалқонсимон без тўқималарига қарши антителолар, тиреостатик дорилар йўлдош орқали она қон айланишидан ҳомила қон айланишига ўтади.

Ҳомила қалқонсимон безининг фаолияти мутлоқ онадан ҳомилага ўтадиган йодга боғлиқ. Ҳомиладор она организмига етарли миқдорда йод кирмаслиги ҳомила танасида ҳам йод танқислигини вужудга келтиради. Бу эса ҳомилада ҳам буқоқ тараққий этишига олиб келади. Ҳомилада ва неонатал даврда гипотиреоз бўлиши туғилган боланинг ақлий ва жисмоний тараққиёти нуқсонли бўлишига сабаб бўлади.

Йод танқислиги бўлган ҳудудларда ёйма заҳарсиз буқоқнинг олдини олиш ва даволаш учун суткасига 150-200 мкг ҳисобида йод қабул қилиш тавсия этилади. Бунинг учун ҳафтасига бир-икки марта бир таблеткадан “Антиструмин” (1 таблеткада 1000 мкг калий йодид бор) ёки ҳар куни бир таблеткадан “Йодомарин-200” ёки “Йодид-200” таблеткаларини қабул қилиш буюрилади. Буни амалга ошириш одатда буқоқнинг катталашишини тўхтатади, баъзи ҳолларда уни кичиклаштиради.

Ҳомиладорликкача катта буқоқ бўлган ҳолларда, ҳомиладорликнинг бошланғич даврларида буқоқ тез катталашган ҳолларда йодни қалқонсимон без гормонлари билан бирга буюриш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун ҳар куни бир таблеткадан Л-тироксин қабул қилиш тавсия этилади. Буни амалга ошириш ҳомиладор аёлдаги қалқонсимон безнинг нормал фаолиятини тиклашга имконият беради ва ҳомиладорликни буқоққа олиб келувчи таъсирининг олдини олади.

Қақонсимон без касалликларида, унинг фаолияти бузилиши без гормонларининг меъёридан ортиқ (гипертиреоз) ёки кам (гипотиреоз) ишлаб чиқилиши билан ифодаланади. Модда алмашинувининг гипертиреоз ҳолати билан кечадиган касалликлар орасида энг муҳими ёйма заҳарли буқоқдир.

            ЁЙМА ЗАҲАРЛИ БУҚОҚ ВА ҲОМИЛАДОРЛИК

Ёйма заҳарли буқоқ қалқонсимон без гормонларининг меъёридан ортиқча ишлаб чиқарилиши билан кечадиган хасталик. Қалқонсимон без фаолиятининг кучайиши билан бирга унинг ҳажми ҳам бир текисда катталашади. Касалликнинг келиб чиқишида аутоиммун жараёнлар ва наслий омиллар иштирок этади. Хасталик кўпинча 20-50 ёшлар орасида вужудга келади ва кўпроқ аёлларда учрайди. Касаллик кўпинча ички секрет безлари фаолиятида ўзгаришлар вужудга келадиган (балоғатга етиш, ҳомиладорлик, климакс) даврларида намоён бўлади. Бундан ташқари, жисмоний ва руҳий эзилишлар ҳам касалликнинг рўёбга чиқишига шароит туғдиради.

Касалликнинг асосий белгилари (беморнинг озиб, вазнини йўқотиши, руҳий безовталик, хотиржамликни йўқотиш, асабийлашиш, юракнинг доимо тез уриши, тери нам ва иссиқ бўлиши, одинга чўзилган қўл бармоқларида майда титроқлар кузатилиши, кўз соққасининг чақчайиб туриши – экзофтальм) аниқ намоён бўлган ҳолларда заҳарли буқоқ ташхисини қўйиш қийинчилик туғдирмайди. Агар касалликнинг белгилари суст юзага чиққан бўлса, ташхис қўйишда қийинчиликлар вужудга келиши мумкин. Касаллик борлигини тасдиқлаш учун қалқонсимон без гормонлари – эркин тироксин (эр Т4) ва эркин учйодтиронин (эр Т3) ларнинг миқдори аниқланади. Ёйма заҳарли буқоқда бу гормонларнинг миқдори меъёридан ортиқ бўлади.

Қалқонсимон без гормонлари билан заҳарланиш даражасига қараб заҳарли буқоқнинг енгил, ўрта ва оғир кечиши фарқланади. Заҳарли буқоқнинг енгил кечишида асаб қўзғалувчанлиги қисман ошади, беморнинг вазни 10-15 фоиз камаяди ва юрак уриши 1 дақиқада 100 дан ортмайди. Ўртача оғирликдаги кечишида асаб қўзғалувчанлиги анча ошади, юрак уриши 1 дақиқада 100-120 орасида бўлади. Заҳарли буқоқнинг оғир кечишида бемор осон асабийлашадиган бўлиб қолади, юрак уриши дақиқасига 120 дан ошади, бемор  50 фоизгача вазнини йўқотиши мумкин. Касалликнинг бу кечишида кўпинча юракнинг тартибсиз уриши, жигар фаолиятининг бузилиши, юрак фаолиятининг етишмовчилиги кузатилади.

Заҳарли буқоқнинг енгил ва ўртача кечишида бўлган аёлларнинг 3 фоизгачасида ҳомиладорлик кузатилади. Касалликнинг оғир кечишида одатда аёллар бепушт бўладилар.

Ҳомиладорлик билан бирга кечадиган тиреотоксикоз яхши даволанмаса ҳомиладорликнинг кечишини оғирлаштиради, айниқса ҳомиладорликнинг эрта токсикозлари оғир кечади, аборт ва вақтидан олдин туғиш эҳтимоли ортади, тиреотоксикоз кризи хавфи кучаяди. Ҳомилада ва туғилган чақалоқда ривожланишнинг туғма нуқсонлари (гидро ва микроцефалия, гипоспадия, крипторхизм, киндик чов чурраси, юмшоқ танглай нуқсони, Даун касаллиги) бўлиш ҳоллари ҳамда ўлик бола туғилиши хавфи кўпаяди. Заҳарли буқоғи бўлган қатор аёллардан туғилган чақалоқларда гипотиреоз аломатлари бўлиши мумкин. Бу ҳолат кўпинча тиреостатик дориларнинг катта дозалари билан даволанганда кўпроқ учрайди. Янги туғилган чақалоқдаги гипотиреоз ҳолати кўпинча бир неча ҳафта ичида ўтиб кетади ва қалқонсимон без фаолияти меъёрига келади. Баъзи ҳолларда етишмаган қалқонсимон без гормонларини ташқаридан юбориб қоплашга тўғри келади.

Заҳарли буқоқ бўлган аёлларда ҳомиладорлик даври уларда оғир кечишини, ҳамда туғма нуқсонли, мажруҳ болалар туғилиши мумкинлигини тушунтириб, ҳомиладорликни тўхтатиш тавсия этилади. Заҳарли буқоқнинг енгил кечишида ҳомиладрликни сақлаб қолишга рухсат бериш мумкин. Агар заҳарли буқоқ бўлган ҳомиладор аёл врач маслаҳатларига кўнмасдан туғишга аҳд қилса, у ҳолда бу аёл эндокринолог ва акушер-гинеколог назоратида бўлиши керак.

Туғиш ёшидаги аёлларда ёйма заҳарли бўқоқ бўлса, у ҳолда касаллик турғун ремиссия ҳолатига келгунча бу аёллар контрацепциянинг бирор турини қўллаб, ҳомиладорликдан сақланишлари керак.  

                                 Гавҳар БОЙҚУЛОВА ёзиб олди.       

 

Просмотров: 1367 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Август 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031