Понедельник, 20.05.2024, 04:25
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2015 » Июль » 12 » «ЎРГИМЧАК ТЎРИ» ИСКАНЖАСИДА
14:48
«ЎРГИМЧАК ТЎРИ» ИСКАНЖАСИДА

Долзарб мавзу

«ЎРГИМЧАК ТЎРИ» ИСКАНЖАСИДА

 
АҚШнинг Pew Internet & American Life Project компанияси электрон тижорат соҳасида ишлаётган 1300 дан зиёд мутахассис ўртасида сўровнома ўтказди. Мутахассисларга ягона савол билан мурожаат қилинди: яна ўн йилдан сўнг интернет тармоғи инсоният ҳаётида қандай ўрин тутади? Кўплаб иштирокчиларнинг (66 фоиз) фикрича, яқин ўн йиллар ичида тармоқ фаолиятини маълум муддатга ишдан чиқарадиган киберҳужум уюштирилиши мумкин. Сўнгги пайтларда интернетда жиноий ҳаракатларнинг ўсаётганини ҳисобга олиб, шундай фикрга келинган бўлса ажаб эмас.
56 фоиз мутахассис эса тез орада технологиянинг ривожланиши натижасида интернетдан фойдаланиш осонлашишини таъкидламоқда. Масалан, телефон, автомобилга ўрнатилган, ҳатто кийимга қўшиб тикилган мослама ёрдамида ҳам интернетга чиқиш имконияти пайдо бўлади. Масофавий таълим янада ривожланиб кетишини 57 фоиз мутахассис башорат қилган, яна шунчаси эса интернет туфайли уй ва иш орасидаги масофа йўқ бўлиб кетишини айтган.

Мутахассислар, шунингдек, интернет тармоғининг ОАВ ва таълим муассасаларига таъсири юқори даражага етишини таъкидлашган.
Мазкур башоратларнинг айримлари бугун ўз исботини топмоқда. Интернетнинг бошқа оммавий ахборот воситаларидан устунлик жиҳати шундаки, у деярли бутун дунёни қамраб олган. Маълумотлар ҳаддан ташқари тез ва ғоят катта аудиторияга тарқалади. Бундан ташқари, интернет марказлашган бошқарув ва назорат тизимига эга эмас. Айнан шундай хусусиятлар қора ниятлилар учун қўл келиши турган гап. Бугун дунё матбуоти кибертерроризм таҳдиди ҳақида бир-биридан хавотирли маълумотлар тар­қатмоқда. Одатдаги террорчидан фарқли равишда, кибертеррорчи белига портловчи моддаларни боғлаб олиб, гавжум жойларга ўзини урмайди. Аммо у компютер қаршисида ўтириб, дунё­нинг исталган давлатидаги ахборот тизимларига зарар етказиши мумкин. Масалан, «Ал-Қоида» ташкилоти элликка яқин веб-сайтнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаб турар экан. 2001 йил 11 сентябр воқеаларини амалга оширган террорчилар электрон почта орқали шифрланган маълумотларни алмашишгани маълум бўлди. Шунингдек, террорчилар интернет орқали кўз остига олинган нишон ҳақида 80 фоизгача маълумот тўплаши мумкин экан.
Маълумки, интернет жуда кенг кўламдаги маълумотларга эришиш имконини беради ва унда деярли исталган саволга жавоб топиш мумкин. Масалан, болалар учун озиқ-овқат маҳсулотлари дўконини топишни истайсизми? Ёки компютер таъмирловчи фирманими? Муаммо йўқ. Қидирув тизимида керакли сўровни амалга оширасиз ва саноқли сонияда миллионлаб жавоб оласиз.
Дарҳақиқат, катта ёшдагилар учун интернет жуда фойдали. Аммо ёшлар ҳақида нима дейиш мумкин? Кейинги пайтларда интернетнинг ёшларга салбий таъсири ҳақида тез-тез гапирилаяпти. Ўтказилган тадқиқотлар хулосасига кўра, интернет ресурсларидан назоратсиз фойдаланиш бола онгига салбий таъсир ўтказади. Ҳатто, боланинг ўқишга бўлган қизиқишини орттириш хусусияти ҳақидаги гаплар ҳам салбий жиҳатлар соя­сида қолиб кетди. Негаки, интернетдаги турли номақбул маълумотлар бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Интернетда цензуранинг йўқлиги ва бола ўз ёшига муносиб бўлмаган сайтларга кириб қолиши эҳтимолининг кучлилиги юқоридаги фикрларни тасдиқлайди.
Ҳозирча дунёнинг кўпгина мамлакатларида вояга етмаганларнинг муайян сайтларга киришини чекловчи қонунлар ишлаб чиқилмаган. Истисно тариқасида фақат Хитойни келтириш мумкин. Ушбу мамлакатда, болалар кирмаслиги лозим бўлган сайтларни филтрловчи махсус дастурий таъминот ишлаб чиқилган. Бу воситанинг қай даражада фойдалилиги эса ҳозирча аниқ эмас.
Муаммонинг хавотирли жиҳати шундаки, ёшларнинг интернет сайтларига билим олиш мақсадида кириши иккинчи даражали масала бўлиб қолмоқда. Аксарият ўсмирлар тармоқдан мусиқа, ўйин ва расмлар кўчириб олиш мақсадидагина фойдаланишади. Кейинги пайтда болалар интернетдан мулоқот учун ҳам фойдаланишмоқда ва бу ҳам, мутахассислар фикрича, жуда зарарлидир.
— Виртуал муҳитда мулоқот қиларкан, болалар зарурий алоқа-муносабат кўникмаларини ўзида шакллантира олмайди, — дейди шифокор Сарвар Бегимқулов. — Бундан ташқари, бола камҳаракат бўлади ва очиқ ҳавода кам вақт ўтказади. Булар боланинг нафақат ижтимоий жиҳатдан ривожланишига, балки соғлиғига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Асосий вақтини компютер олдида  ўтказадиган боланинг иммунитети пасаяди, кўриш қобилияти ёмонлашади. Кўпинча ортиқча вазндан қийналишади.
Ғалати туюлиши мумкин, лекин интернет тармоғининг болаларга кўрсатадиган салбий таъсиридан бири — саводхонликнинг пасайишидир.
Нега бугунги кун ўқувчиси китоб ўқимайди? Бугун матбуотда бу савол билан бот-бот чиқишлар қилинмоқда. Кўпинча бунга телевидение, видео, ИНТЕРНЕТни сабаб қилиб кўрсатишади. Аслида ҳам шундаймикан? Балки ўзимиз ёшларни китобхонликка ўргата олмаётгандирмиз? Ёки уларни ўзига торта оладиган асарларнинг камлиги сабаб бўлаётгандир бу ҳолга. Бизнингча, китоб ўқишни хоҳламайдиганлар ҳамма даврда ҳам бўлган. Китобга қизиқтиришнинг қандай серунум услублари бор? Оила, мактаб, кутубхонанинг бу борадаги ўрни кўнгилдагидек деб айта оламизми? Яхшиси, аввал ёшларнинг ўзига қулоқ тутайлик.
Дилобар СОБИРОВА, ЎзМУ талабаси:
— Интернетдан жуда кўп фойдаланамиз, ҳаётимизни усиз тасаввур эта олмаймиз. Чунки ундан хоҳлаган мавзуда реферат, турли маълумотлар, чиройли расм­ларни кўришимиз, улардан нусха олиш мумкин. Лекин ўқувчиларнинг тайёр реферат ёки ўзига керакли маълумотларни интернетдан кўчириши изланишдан тўхтатиб қўймайди, деб айта олмаймиз. Агар ўқувчи ёки талаба керакли маълумотни китоб, журнал, энциклопедиялардан қидирса, бундан ортиғини олиши мумкин. Чунки бир маълумотни қидираётганда бошқа бир маълумотга ҳам эга бўлиш мумкин. Қолаверса, битта эмас, балки бир неча китобни варақлашга тўғри келиши мумкин. Натижада китобга бўлган меҳр, шунингдек, сўз бойлиги ошади. Энг асосийси, ўз устимизда изланамиз. Интернетни ёмон дейишдан йироқман, чунки унинг ҳам ижобий томонлари кўп. Фақатгина тайёрга айёр бўлиб қолишдан сақланиш кераклигини таъкидламоқчиман, холос.
* * *
www. Internetworldstats.com сайтида жуда қизиқ маълумот келтирилган. Унга кўра, дунёда 1 миллиард 596 миллион интернет-фойдаланувчи бор. Ер юзида 6 миллиард 710 миллион одам яшаши ҳисобга олинса, демак аҳолининг 23,8 фоизи, ўртача ҳисобда ҳар тўртинчи одам интернетдан фойдаланади. Ўзбекис­тонда эса ҳар ўн иккинчи одам (8,8%) доимий фойдаланувчидир.
Ўз-ўзидан маълумки, фойдаланувчилари сони бўйича 3 миллиард 780 миллион аҳолиси бўлган Осиё қитъаси дунё миқёсида етакчилик қилади. Қитъада уларнинг сони 819 миллион 792 минг кишини ташкил қилади.
Аҳоли умумий сонининг интернет фойдаланувчиларига нисбати бўйича 337 миллион 572 минг аҳоли яшайдиган Шимолий Америка етакчилик қилади. У ерда аҳолининг интернетга мурожаати 74.4 фоиз бўлиб, бу аҳолининг тўртдан уч қисми доимий фойдаланувчи деганидир.
Бутунжаҳон тармоғидан фойдаланиш кўрсаткичи бўйича 804 миллион аҳолининг 393 миллиондан кўпроқ қисми ёки 48.9 фои­зи доимий фойдаланадиган Европа қитъаси иккинчи ўринда туради.
Тармоқдан фойдаланишнинг энг паст кўрсаткичи Африкада кузатилади. Қитъада яшовчи 975 миллион аҳолидан бор-йўғи 54 миллиони ёки 5,6 фоизи интернетдан фойдаланади.
Хўш, МДҲ давлатлари, хусусан, Марказий Осиёда аҳвол қандай? Қуйида МДҲ давлатлари бўйича интернет фойдаланувчилар сонини келтириб ўтамиз:
1. Россия – 38 000 000
2. Украина – 6 700 000
3. Белоруссия – 2 809 800
4. Ўзбекистон – 2 400 000
5. Қозоғистон – 1 900 600
6. Озарбайжон – 1 500 000
7. Қирғизистон – 750 000
8. Молдавия – 700 000
9. Тожикистон – 484 200
10. Грузия – 360 000
11. Арманистон – 172 800
12. Туркманистон – 70 000
2000-2008 йиллар оралиғида дунё бўйича фойдаланувчилар сони текширилганда, МДҲ давлатларида кескин ўсиш кузатилди. Мисол учун, бу вақт оралиғида Ўзбекистонда фойдаланувчилар сони 320 марта ошган. 2000 йил охирида Ўзбекистонда 7500 фойдаланувчи қайд этилган бўлса, 2009 йилнинг бошида бу кўрсаткич 2 миллион 400 мингни ташкил этди.
* * *
Психологлар, шунингдек, дунёдаги кўплаб ота-оналар ҳам болаларнинг интернетга боғланиб қолиши муаммосига дуч келишди. Тадқиқотчиларнинг бу борадаги башоратлари эса кишини умидсизлантиради. Яқин келажакда зарур чоралар кўрилмаса, миллионлаб ёшлар интернетга «асир» бўлади.
Шундай бўлса-да, ўта кескин чораларга мурожаат қилиш шарт эмас. Ота-оналарнинг етарли даражадаги назорати остида бола интернетдан фойдаланиши мумкин. Акс ҳолда, «тақиқланган мева» ҳолати юзага келиши мумкин ва бу ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган. Аммо...
Аммо, минг афсуски, қизиқувчанлик ёшларимизни тақиқланган томонга жалб этмоқда. Компютер тизимлари хавфсизлиги соҳасида етакчилардан бўлган «Касперский Лабораторияси» фирмаси таҳлилчилари фирманинг «Kaspersky Security Network» (Касперский Хавфсиз Тармоқ) технологияси ёрдамида бутун дунё бўйлаб тўплаган маълумотлар кишини қайғуга солади. Болалар фойдаланаётган компютерлардан ҳар соатда 180 минг марта порно сайтларга киришга уриниш кузатилган. Компаниянинг ота-оналарга компютерда ишлаётган болани назорат қилишда ёрдам берадиган индивидуал дастури эса «порнография» категорияси бўйича суткасига 4 000 000 та шундай уриниш бўлганини кўрсатган. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, бундай уринишларнинг катта қисми кечки пайт, асосий қисми эса тунги соат 23 дан кейин содир бўлади.
Биргина Россияда ўсмирлар орасидаги зўравонлик кўлами миллий ҳалокат тусини олмоқда. Болалар мактабга боришга қўрқишади. Интернетда ҳар куни болалар ва ўсмирларнинг ўзлари мобил телефон билан суратга олган зўравонлик ва беҳаёлик тасвирланган видеомаълумотлар пайдо бўлмоқда. Ўсмирлардаги ҳомиладорлик ҳолати баъзи мамлакатларда ҳар 1000 нафар аёлнинг 143 тасида учрамоқда — бу, ўз навбатида, ҳомила тушиши ва абортлар сонининг ўсишига олиб келади.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, 2006 йил интернетда мавжуд бўлган порнографик сайтларнинг умумий даромади 97,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Интернетдаги тил ўргатувчи, ахборот етказиб берувчи ва яна шунга ўхшаш бошқа фойдали сайтлар даромади юқоридаги сумманинг чорак қисмини ҳам ташкил этмайди (Internet Filter Review, 2006).
* * *
Фарзандларимизнинг эртанги куни, маънавияти қандай бўлади? Бу саволга жавоб излашдан кўра, уларнинг келажаги ҳақида қай­ғурмоқ лозим. Лекин бир нарсани аниқ айтиш мумкин — эртанги кунимизда ҳам интернетнинг таъсири албатта акс этади.
Ҳозирча унинг салбий таъсиридан қандай қутулиш мумкин, деган қийин саволга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрайлик. Чунки касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал.
Бугун деярли барча ўқув даргоҳларида интернетдан бепул фойдаланиш имконияти бор. Бундай жойларда ўқув характерига эга бўлмаган ресурсларга киришга йўл қўймайдиган «филтр» ҳам қўйилган. Бу интернетнинг ўсмирларга салбий таъсирига қарши кураш усулларидан биридир.
Худди шу усулда интернет-кафе ва клубларга борувчи ўсмирлар ёшини ҳам чегаралаш мумкин. Лекин ҳозирча бундай қилинмаяпти. Чунки бу каби муассасаларнинг асосий мижозлари айнан ўсмирлардир. Агар бу ёшдаги мижозларга фойдаланиш тақиқланадиган бўлса, бундай муассасалар ўз-ўзидан инқирозга учрайди.
Балки, қатъий чоралар кўриб, масалан, Хитойда қилингани каби, фойдаланишни чегаралаш мумкиндир. Аммо интернет қисқа фурсатда ҳаётимиздан катта ўрин олган шароитда буни амалга оширишнинг иложи бормикан? Мутахассисларнинг таъкидлашича, яқин келажакда интернет шу даражада тез ривожланадики, у нафақат почта, балки телевидение, кутубхона ва ҳатто дўкон вазифасини ҳам ўтай бошлайди. Натижада, кишилар театр, истироҳат боғлари ёки музейларга бормай қўйишади ва виртуал оламда яшашга ўтишади. Бу оламда бутунлай яшай олишмайди, албатта. Лекин барибир муаммо долзарблигича қолмоқда.
Просмотров: 1048 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031