Понедельник, 20.05.2024, 01:43
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2015 » Май » 21 » Меҳрнинг умри узун
14:07
Меҳрнинг умри узун

Меҳрнинг умри узун

«Ота-она  қўлида болалар азиз омонатлардир. Шунинг учун буларни гўзал тарбия этмоқ, яхши хулқларга ўргатмоқ ва кўркам одатларни тушунтирмоқ лозим бўлади» дейилади ҳикматларда. Бу жуда пурмаъно гаплар. Айниқса, бугун орамиздан меҳр-оқибат бироз узоқлашган кезларда, жигарнинг жигарга эътибори сусайганида унинг мазмунини чақишга уринасан, киши. Қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган инсоннинг ота-онасидан  яхши хулқ, яхши тарбия, кўркам одатлар мерос қолган эканки, уларга ҳавас қилса арзийди.

1978 йил.  Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги  Қизилравот қишлоғида яшовчи Тошмуҳаммад  Ўрозалиевнинг бошига  тақдир жуда оғир синовларини ёғдирди. Йигирма ёшлардан ўтган йигитчанинг оёғига иш пайти темир тушиб, ёмон лат еди. Ўша пайтдаги раҳбарларнинг ичига ғулғула тушиб, уни аврашди. Фожиа иш вақтидан ке­йин бўлганди, деб тушунтириш хати ёздириб олишди. Раҳбарлар ўз  амалидан, мавқеидан чўчишганини Ўрозалиев кейин тушуниб етди, аммо  кеч бўлганди. Саломатлигини тиклашга кўмаклашадиган раҳбарлар ундан икки энлик тушунтириш хатини олгач, дарёга тушган тошдек йўқ бўлиб кетишди. Дастлаб оёғидаги битта  бармоғидан айрилган йигит йилдан-йилга оёғидаги кучли оғриқдан азоб чека бошлади. Аввалгидек трактор бошқаролмайди, бола-чақа, рўзғор ташвишлари билан дардига қулоқ солишга вақт топилмади. Энг ёмони эса нақд йигирма йилдан кейин оёғида йиринглаш кучайиб кетди. Жарроҳлик операциясида бир оёғи кесиб ташланди. Жуда барвақт ногиронлик аравачасига михланган Тошмуҳаммаднинг ичига чироқ ёқса, ёришмасди. Бир этак боласи ҳали кўмакка муҳтож, аёли уй бекаси, бирор ерда ишламаса. Яхшиям бир парча ер бор,  мол-ҳоли бор. Иш вақтидаги фожиани яширишга уринган раҳбарлар лавозимидан ҳам кетишганди. Лоақал қишлоқ фуқаролар йиғини раҳбарлари, хайрия фондидаги инсонлар  дори-дармондан ёрдам бермасди. Агар вақтида тегишли жойларга мурожаат этганида балки бошқачароқ бўлармиди, деган армон уни қийнарди.

Тақдир уни жуда кўп бор турли касалликлар билан «сийлади». Кесилган оёғининг ўзидан уч марталаб жарроҳлик  операцияси ўтказилди. Устига-устак кўричак билан оғриди, ўт пуфагини олдириб ташлашга тўғри келди. Хуллас оз эмас, кўп эмас танасига 14 марта тиғ тегди. Ҳар гал шифокорларни дуо қиларкан, Аллоҳдан яхши тилаклар сўрайди, уйига, жигарлари олдига  омон боришини сўрайди. Дунёда яхши инсонлар борлигига шукроналар келтиради.

-  Пўлат ўтда тобланади деганларидек, инсоннинг иродаси дард маҳали синовдан ўтаркан,- дейди Тошмуҳаммад ота. — Биринчи гуруҳ ногирониман, деб тинч ўтиргим келмайди, нима биландир машғул бўламан. Иложим қанча, йилда камида етти-саккиз марта шифохоналарда даволанишга тўғри келади. Барака топишсин, туманда ҳам, вилоятда ҳам яхши танишади. Дард чекканим боис дунёда яхши инсонлар кўплигини билдим. Уйчи туман  шифохонасининг жарроҳлик бўлимидаги Ширмонхон Ғаниева менга ўз ҳисобидан дори-дармон олиб келганини билганимда кўзимга ёш олиб, йиғлаганман. Одамгарчиликни қаранг! Етти ёт бегона ҳамширанинг бағрикенг-лигини, саховатини қаранг. Кўзимни операция қилган пойтахтлик  шифокорлардан, Дилшоджон исмли шифокордан бир умр миннатдорман. Соғлиғимни тиклашда ёрдам берган  саломатлик посбонларини ҳар доим дуо қиламан. Илоҳим, шифобахш қўллари дард билмасин.

Тошмуҳаммад ака ҳар сафар шифохонадан уйига қайтаркан, Яратганга шукрона келтиради. Шу ўринда  бюрократ раҳбарлар борлигидан ўкинади. Унинг яшаш уйи ниҳоятда абгор аҳволда эди. Бор пули тинмай саломатлигини тиклашга кетарди. Болалари ҳали ёш эди. Ўша  пайтдаги  раҳбарларнинг номардлигидан ўкинади. Шукрки, ҳозир дардингга дармон бўлгувчилар кўп. Ўтган йили туман ҳокимлиги томонидан  унга  бир бош қорамол берилди.

Тошмуҳаммад акани кўпчилик «ҳожи ака» деб чақиради. Сабаби у киши кўпчиликнинг муаммоларини тегишли идораларига ёзма мурожаат қилишга кўмаклашади. Вақтли матбуотни мунтазам кузатади, радио, телевидениени кузатиб боради, қонунлардаги  ўзгаришлар билан танишади. Баъзи оғзига кучи етмаганлар уни «юмалоқ хат ёзувчи» деб  бўҳтон тошларини отганида,  индамади. Виждони буюрганини бажариб, кимнингдир муаммосини ҳал қилаяпти, нимаси ёмон? Қолаверса, у ҳақиқат тарафдори.

Тошмуҳаммад акани бир кўрган киши яна қайтиб суҳбатини олгиси келади. Юзларидан нур ёғилиб турадиган ширинсўз бу кишини танимаган одам шунча кўп дард чекканини билмайди. Қувноқ, ҳар бир ёруғ куннинг қадрига етади. Жуда камтар, кичик феълли, шукрли инсон. Ўзидан кичикларниям «ака», «опа» деб мурожаат қилади. Аёли Раҳимахоннинг ширинзабонию фарзандлари  Гулнора, Муҳайё, Муқаддас, Худойбердининг одобини айтмасаям бўлади. Салкам қирқ йилдан бери ногирон эрининг кўнглига қараб, парвариш қилиб келаётган Раҳимахон  ая сингари аёллар чинакам ўзбек аёлига хос барча эзгу сифатларни ўзида жо айлаган.

Раҳматли Абдусаттор ота билан Тўхтахон аянинг зурриёдлари эл ҳавас қиладиган инсонлар бўлди. Эркинбой, Фотимахон, Муҳаммаджон, Каримахон ва Тошмуҳаммадларнинг иноқлигига, аҳиллигига ҳавас қилмай иложингиз йўқ.  Бир-бирларини сизлаб, бағриларига бош қўйишларини айтмайсизми.

-             Акажонимсиз ҳаёт-ҳаётмиди, — дейди Каримахон чиройли наманганча лутфда. — Ҳар гал касалхонага тушганларида бирга азобланаман. Ота-онам тирилиб, менга ака олиб келармиди? Жигарнинг меҳри бошқача-да. Бир гапни айтишим керак, мен бир ярим яшарлигимда онам оламдан ўтган. Уч ёшга кирганимда отам яна уйланган. Ўгай онамни  туққан онам деб биламан. Дадажонимдан кейин оламдан ўтдилар, 78 ёшда. Ўгай онанинг ҳам кўнглига Аллоҳ меҳр берса, туққанингдан қолишмас экан. Ота-оналаримиз ўқимаган бўлишсаям ҳаёт мактабини, оқибат дарсини билишган. Бизларни бир-бировимизга меҳрибон қилиб тарбиялашган. Баъзан ака-укасидан, опа-синглисидан ойлаб хабар олмайдиганларни эшитиб, ҳайратга тушаман. Касалхонага тушган жигаридан хабар олмаган жигарни ким деб биласиз? Шунча азиз-у мукаррам инсонларимизни топармидикки, бугун меҳрга зор жигаримизни қадрламасак?

Бу оддий ва содда кишиларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлсангиз, дунёда меҳр деган улуғ тушунчанинг тириклигига, омонлигига ишонасиз. Уларнинг самимий дардлашганини, бир-бировларини авайлашганини кузатиб, кўнглингиз яйрайди. Кошки ҳамма туғишганлар мана шундай бир-бировига ота-онаси давридагидек  ғамхўр ва меҳрибон бўлса деб ўйга толасиз. Тошмуҳаммад  Ўразалиевнинг бир неча дарддан фориғ бўлишида, ўнлаб жарроҳлик синовларига дош беришида жигарларининг, ука-сингилларининг меҳр-муҳаббати қувват бергандек, назаримда.  Бугунги ёшларимиз  ана шундай оқибатли, меҳрни кўнгил ойнасига жойлаган улуғлардан ўргансин, ибрат олсин. Зотан ибратнинг умри узун, йўллари хайру саховатга лиммо-лимдир.

 

Норинисо ҚОСИМОВА.

Просмотров: 791 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Май 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031