Понедельник, 20.05.2024, 05:30
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2015 » Июль » 12 » ГЕНЕТИК ЎЗГАРТИРИЛГАН МАҲСУЛОТЛАР: ХАВФ, ЧОРА, ТАҲДИД?
14:47
ГЕНЕТИК ЎЗГАРТИРИЛГАН МАҲСУЛОТЛАР: ХАВФ, ЧОРА, ТАҲДИД?

Мақолалар

 
 
 
ГЕНЕТИК ЎЗГАРТИРИЛГАН МАҲСУЛОТЛАР:
ХАВФ, ЧОРА, ТАҲДИД?
 
Кейинги йилларда ОАВ, интернет сайтларида генетик ўзгартирилган маҳсулот (ГЎМ)ларнинг зарари ва истеъмол учун хавфлилиги ҳақида турли-туман фаразлар, миш-мишлар пайдо бўлмоқда. Хўш, ГЎМ ўзи нима ва улар инсоният учун керакми, тарзидаги саволлар туғилиши табиий.
Гени ўзгартирилган (Genetically Modified) маҳсулот ёки организм — ген муҳандислиги усуллари ёрдамида бир организм¬дан (тўғрироғи, ДНКсидан) бир ёки бир нечта генни бошқа организмга (ДНКсига) сунъий кўчириш натижасида ҳосил бўлган тирик организмдир. Мақсад — тирик организмдаги илгари бўлмаган фойдали хусусиятни бошқа организмнинг генидан ўзлаштириш ва серҳосил, касалликка чидамли навлар етиштириш.
 
Яна ҳам бошқача айтганда, ГЎМ — бу ген кодига бегона генлар «ёпиштирилган» организмдир. Масалан, барчамиз яхши кўриб истеъмол қиладиган картошка генига чаён гени «қўшилади». Натижада, биз ҳеч қайси ҳашарот емайдиган картошкага эга бўламиз. Ёки помидор ва қулупнайга қутб камбаласи (қалқонбалиқ) гени қўшилди. Энди бу ўсимликлар совуқдан қўрқмайди. Бунинг нима кераги бор? Энг осон жавоб — олимлар Ер аҳолисини очлик хавфидан халос этишмоқчи. Умуман олганда тўғри, ахир бундай помидорларни шимолнинг энг олис бурчакларида ҳам етиштириш имкони бўлади. Картошка ҳосили эса кўп тарқалган Колорадо қўнғизидан жабр чекмайди. Яна ҳажми бир хил ва чириб битмагунча хушбўй ис таратиб турувчи олма ёки бир хил катталикдаги, узоқ сақланувчи помидор етиштириш мумкин. Жуда қулай, шундай эмасми? Ёки гуручга бошоқлиларга хос бўлмаган А витамини ишлаб чиқарувчи ген қўшиш мумкин. Шундай табиий ҳолда истеъмол қилишнинг имкони бор экан, дорихонадаги витаминларнинг бизга нима кераги бор? Қисқа қилиб айтганда, олимлар салгина уриниш билан кўпгина турларнинг ҳосилдорлиги, ҳашаротларга чидамлилигини оширмоқда ҳамда уларнинг «фойдали»лигини кучайтирмоқда. Аввал селекционерлар бундай натижаларга ўн йиллар давомида эришган бўлишса, ҳозир бир-икки йил сарфланмоқда.
Энг кўп тарқалган ГЎМ — соя, маккажўхори, буғдой, лавлаги, тамаки, пахта, рапс (ёғли ўсимлик), картошка, қулупнай ва сабзавотлардир.
«ЯШИЛ ИНҚИЛОБ»
 
Умуман олганда, гени ўзгартирилган организмлар (ГЎО) ва ГЎМларнинг инсонга таъсири муаммоси янгилик эмас. Трансген ўсимликлар ҳақида дастлаб 80-йилларнинг бошида сўз юритила бошланган, 1983 йилда эса Американинг «Монсанто» фирмасидан бир гуруҳ олимлар илк бора ГЎ ўсимликларни яратган эди.
Дастлаб сифатли, совуққа, қурғоқчиликка ҳамда зараркунандаларга чидамли янгича ўсимлик яратиш каби олийжаноб мақсадлар кўзда тутилган эди. Тан олиш керак, америкалик селекционерлар бу борада катта муваффақиятларга эришди. Мисол тариқасида буғдойни олайлик. «Монсанто» фирмаси тадқиқотчилари маълум турдаги зараркунандаларга чидамли буғдой нави етиштириш устида иш олиб боришди ва «Терминатор» номли биологик механизмни ихтиро қилишди. Дастлабки ҳосилдаёқ натижа кутилганидан зиёда бўлди. «Ақлли» зараркунандалар бундай турдаги буғдойдан «узоқроқ юришди». Одамзот эса шу буғдойни истеъмол қилди. Кейинроқ эса бу буғдойнинг «бепушт» эканлиги маълум бўлди: экилганда, кўкармади.
Бу ҳолатдан компания ходимлари хурсанд бўлишди. Энди харидорлар фирмага бутунлай боғланиб қолишарди-да!
Улар янги маҳсулотдан яхшигина пул ишлаб олиш мумкинлигини фаҳмлашарди. Дарҳақиқат, 1994 йилдаёқ янги суперўсимлик истеъмол бозорига оқиб кира бошлади. Шу тариқа гени мутацияга учраган маҳсулотларни етиштириш даври — «яшил революция» бошланди.
         Маккажўхори, буғдой ва бошқа турлардаги тажриба натижалари америкалик «агромўъжизакор»ларни янги-янги «қаҳрамонлик»ларга ундади. Янада кўпроқ ўсимликлар устида генетик тадқиқотлар ўтказила бошланди. Бугунга келиб, генетик тузилишига сунъий равишда бегона генлар қўшилган 2000 дан ортиқ турли ўсимлик пайдо бўлди.
 
ЗАРАРЛИ, АММО «ЯРОҚЛИ!»
улар шундай хулосага келишди
Россия кўпгина Африка ва Европа давлатларидан фарқли равишда, афсуски, ҳозирча ГЎМдан халос бўла олгани йўқ. Бу мамлакатда ҳам, Европадаги каби ҳайвонларни ГЎМлар билан боқиб, тажрибалар ўтказила бошланди. 1998 йилда РАМН озиқ-овқат институти олимлари ўша маш¬ҳур «Монсанто» фирмасининг Рассет Бурбанк Ньюлайф картошкаси билан каламушларни боқиб, тажриба ўтказишди ва ҳайвонларнинг жигар, буйрак ва йўғон ичагида жиддий ўзгаришлар, гемоглабин миқдорининг камайиши ва бошқа асоратлар кузатилди. Энг кўп салбий ўзгаришлар емишига Колорадо қўнғизига чидамли ГЎ картошкаси қўшилган ҳайвонларда содир бўлди. Ажабланарлиси, институт тадқиқотчилари ғалати хулоса чиқаришди: ҳайвон учун зарарли бўлган нарса одамга фойдали бўлиши мумкин экан. Шундай қилиб, ҳар иккала навни ҳам ишлаб чиқаришга яроқли деб қайд этишди. Шу тариқа 1990 йилнинг охирларида маҳаллий бозорда ГЎ маҳсулотлар пайдо бўлди.
Биологиядан узоқ бўлган ҳар қандай кишини, қўпол қилиб айтганда, каркидон ва палманинг «қовуштирилиши»дан ёки ҳар хил турларнинг чатиштирилишидан ҳосил қилинган маҳсулотлар хавотирга солиши табиий. Табиатдаги ҳамма нарса жуда пухталик билан бир-бирига боғланган. Инсон эса бу тизимни ўзгартиришга уринмоқда. Мактабда, зоология фанида ўқитилган озиқланиш занжири тушунчасини эсланг. Ўтхўр ўт ейди, кичик йиртқич ўтхўрни, йирик йиртқич кичигини ейди. Ҳаммаси ойдин! Энди эса одамзот асрлар давомида шаклланган ушбу экотизимга аралашиб, майсани, дейлик, балиқ билан чатиштирмоқда ва натижада майсани бирор жонзот ея олмаяпти. Ўтхўрлар қирилса, йиртқичлар ҳам йўқ бўлади ёки мутация¬га учрайди. Ўар иккала ҳолатда ҳам оқибат... Лекин геншунослар ўжарлик билан «кесиб-ёпиштириш»да давом этишмоқда.
ГЎМ ихтиро қилиниши билан унинг қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги олимларнинг туганмас баҳслари ҳам пайдо бўлди. Бу вазият НУЖ билан боғлиқ воқеаларни ёдга солади. Ўшанда ўн йиллар давомида минглаб гувоҳлар ўзга сайёралик меҳмонлар ҳақида хабар қилишга уринишган, лекин ҳар гал олимларнинг бир хилдаги «мавжуд эмас» деган жавоб деворига дуч келишган эди. Аслида биз, оддий фуқаролар бу ҳақда деярли ҳеч қандай маълумот олмаймиз. ГЎМ билан ҳам шундай. Биров «зарарли, ғайритабиий, ўрганилмаган» деб қичқирса, бошқа биров «фойдали ва зарур» деб туриб олади. Кимга ишониш керак? Кимгадир эса бу шунчаки фойда келтиради. Содда қилиб тушунтиришга уриниб кўрамиз. ГЎМ ишлаб чиқарилишидан кимга фойда? Албатта, шундай маҳсулотнинг истеъмолчиларига. Ахир, оддий буғдойнинг нархи тоннасига 300 АҚШ доллари бўлса, трансген (гени ўзгартирилган) буғдойники 40-50 доллар бўлади. Тасаввур қилинг, қандай тежамкорлик. Бу каби маҳсулотни ишлаб чиқарувчилар ҳам зарар қилмайди. Турларнинг баъзи хусусиятларини ўзгартириш эвазига (ҳашаротларга чидамлилик) уларни етиштиришга сарфланадиган харажатлар ҳам камаяди, мос равишда нарх ҳам пасайиб, рақобатбардошлик даражаси ошади.
 
МАЪЛУМОТЛАРДА ҚАЙД ЭТИЛИШИЧА...
Россия истеъмолчилар ҳуқуқини назорат қилиш ташкилоти маълумотига кўра, ҳозир мамлакатда тўлиқ зарурий тадқиқотлар ўтказилди ва трансген усули билан олинган ўсимлик туридаги 14 хил озиқ-овқат экинлари етиштирилишига рухсат берилди: маккажўхорининг 6 нави, 3 нав соя, 3 нав картошка, 1 нав гуруч, 1 навдаги қанд лавлагиси ва 5 навдаги ГЎ микроорганизмлар.
Лекин бу расмий маълумот, холос. Ҳақиқатда қандай? Турли манбаларнинг берган маълумотларига қараганда, ҳозирги пайт¬да Россияга 200 дан 500 тоннагача трансген маҳсулотлар олиб кирилмоқда. Божхонадан ГЎМлар ҳеч қандай белгисиз, фақат экспорт қилаётган мамлакат гувоҳномаси ва маълумотномаси билан ўтказилмоқда. Трансген маҳсулотларни етиштириш эса тақиқланган.
Йилдан-йилга трансген маккажўхори, пахта, буғдой, соя, помидор, картошка, лавлаги, тамаки ва ҳоказолар экилган ер майдонлари кенгайиб бормоқда. Россия истеъмолчилар ҳуқуқини назорат қилиш ташкилоти маълумотларига қараганда, дунёда 1996 йилдан 2005 йилгача трансген ўсимликлар экилган майдонлар 50 мартага кўпайган ва 90 миллион гектарга етган.
Ҳозирги пайтда дунёда трансген организмлар етиштиришнинг 98 фоизи АҚШ, Аргентина, Бразилия, Чили, Канада ва Хитойга тўғри келади. Шунингдек, 100 дан ортиқ ГЎ ўсимликларни саноат кўламида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг баҳолашича, 2007 йилдан 2010 йилгача ГЎ маҳсулотлар дунё қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотуви миқдорининг 55-60 фоизини ташкил қилади.
Европада аллақачон маҳсулотлардаги ГЎМ миқдори ҳақидаги қонун амал қилади — 0,9 фоиз. Японияда эса бу кўрсаткич 5 фоиз, АҚШда 10 фоизни ташкил қилади. Шунингдек, кўпгина мамлакатларда маҳсулотларнинг генетик ўзгартирилган бўлиши мажбурийдир.
Бу борада фикр юритар эканмиз, қизиқ бир фактга дуч келдик: ГЎМ дастлаб Африка қитъасидаги камбағал давлатлар аҳолисига мўлжалланган экан. Аммо ана шу камбағал давлатлар яқин 5 йилдирки, ўз ҳудудларига ГЎМ олиб кирилишини тақиқлади.
 
ҲАҚИҚАТ БАҲСЛАРДА ТУҒИЛАДИ, АММО...
у онг чиғириғидан бутун чиқиши ҳам керак
Ҳеч ким расмий равишда ГЎМ зарарли, деб айта олмайди. Бундай ҳолда кўпинча «тахминан хавфли» атамаси қўлланилади. Нега? ГЎМнинг зарари ва фойдаси ҳақида тугал хулосага келиш учун кенг кўламли ва узоқ муддатли тадқиқоту тажрибалар ўтказиш керак. Бироқ бунга негадир қўл уришмаяпти.
Ҳозирча олимлар уларнинг оқибатлари ҳақида айрим фаразларни илгари суришмоқда, холос. Трансген маҳсулотлар истеъмол қилинганда, тўғридан-тўғри зарар келтирмайди, чунки улар инсон генига жойлаша олмайди. У фақат тана бўйлаб кезиши ва оқсиллар синтезини қўзғатиши мумкин. Бир қарашда бунинг қўрқинчли ери йўқдай. Лекин ана шу оқсиллар инсон танаси учун бегонадир. Бошқача қилиб айтганда, уларнинг инсон танасида пайдо бўлиши табиий равишда кўзда тутилмаган. Бундай синтезнинг оқибати нима билан тугаши ва унинг қай даражада хавфлилигини фақатгина тахмин қилиш мумкин, холос.
Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ, ЎзРФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти Геном технологиялар маркази лойиҳа раҳбари, биология фанлари доктори:
— Дарҳақиқат, ген инженериясининг ўта тез суръатда ривожланишидан хавотирга тушиш ва унинг эҳтимолдаги зарари тўғрисидаги турли қарашлар борлигини айтиб ўтиш лозим. Фандаги бундай оқим вакиллари генлари ўзгартирилган маҳсулотларни тажрибаларда илмий исботланмаган турли зарарлари ҳақида асосан интернет ва оммабоп газета-журналларда кўпиртириб гапиришга ҳаракат қилишади. Уларнинг мақсадлари сиёсий ва иқтисодий фойда кўришга қаратилган ва асосий эътирозлари генлари ўзгартирилган маҳсулотлар одамлар генларига салбий таъсир қилади ва табиат биохилма-хиллигини ўзгартириб юборади ва ҳаттоки «кўчириб ўтказилган генлар қочиб чиқиб, бошқа организмларга ўтиб кетади» деган ғояларга асосланган. Бироқ бу ҳали фанда исботланмаган. Сабаби, трансген организмларнинг яратила бошланганига ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ ва қисқа муддатда юқоридаги эътирозларни асослаш мумкин эмас. Табиатда инсон учун зарарли ўсимликлар жуда кўп, лекин уларнинг генлари «қочиб чиқиб», фойдали ўсимликларни ўзгартириб юбориши кузатилмаган. Биологик системалардаги геном (молекуляр китоб) бу қадар тартибсиз ва назоратсиз эмас, балки у миллионлаб йиллар мобайнида ўта тартибга солинган генетик қонуниятлар асосида ишлайди. Агар ҳар биримиз туғилганимиздан бери, кунига янги узилган мевалар, бодринг ва помидор билан бир неча миллионлаб молекула генларни истеъмол қилиб келишимизни ҳисобга олсак, генларни истеъмол қилишнинг одамни ўзгартириб юборишга қодир тўғридан-тўғри зарари йўқлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Ошқозон-ичак тизимига тушган ҳар бир озиқ (генлар ҳам) ўта кичик молекулаларгача (нуклеотид ва аминокислоталар) қайта парчаланиб, эҳтиёжга кўра ичакларда сўрилади.
Янги технологияларга билиб-билмасдан «тош отиш»нинг энг ёмони турли интернет саҳифаларида тақризсиз чоп этилаётган узунқулоқ гапларга таяниб фикр билдиришдир. Эмишки, биз истеъмол қилаётган картошкага чаённинг гени қўйилган ва бунинг оқибатлари жуда ёмон бўлармиш. Ваҳоланки, фанда чаёндан олинган токсин гени ҳозиргача фақат ғўза ва рапс ўсимликларига киритилган ва натижалар ишончли тарзда нуфузли илмий журналларда чоп этилган. Илмий журналларда эса картошкага чаённинг гени киритилганлиги ҳақида гап йўқ. Қолаверса, бундай чаён гени тутган трансген ғўза ва рапс ишлаб чиқаришда эмас, фақатгина лаборатория шароитларидагина мавжуд. Нима учун? Сабаби жуда оддий: ҳар қандай трансген ўсимликлар махсус лаборатория шароитларида уларни ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш мумкинлиги, улардан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқишнинг хавфсизлиги, албатта, чуқур ўрганилади. Бу қатор тегишли маҳаллий ва хал¬қаро ташкилотлар томонидан назорат қилинади. Шундай бўлса-да, назарий жиҳатдан генлар инженерлигидан нотўғри мақсадларда фойдаланиш мумкинлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Сабаби, ҳақиқатан ҳам бирор «ёмон» гендан олинган оқсиллар озиқ-овқат маҳсулотларига назоратсиз «мақсадли» тарзда ўтиб кетса, зарар келтириши мумкин.
Геном технологияларини ёки гени ўзгартирилган организмларни қишлоқ хўжалигида фойдаланишга билиб-билмасдан тўсқинлик қилиш ҳамда генлар инженерлиги каби илғор соҳаларни Ўзбекистонда  ривожланишига лоқайдлик қилиш мамлакатимизнинг бошқа давлатлар ичида  «аутсайдер»га айланиб қолишига олиб келади. Зеро, келажакда аҳолини озиқ-овқат билан бекаму кўст таъминлашнинг асосий таркибий қисми ҳам қишлоқ хўжалигига замонавий геном технологияларини татбиқ қилиш билан чамбарчас боғлиқ.
Қолаверса, ҳозирги генлар инженерлигида ўтган асрнинг 80-90-йилларидаги каби турли микроб ёки ёт жонзотлар генларига (масалан: чаён) таяниб иш кўришга ҳожат қолмади. Асримиз бошига келиб қатор қишлоқ хўжалиги экинлари геномларининг тўла ўқилиши (шоли, соя, бодринг, ғўза) турли жараёнларни ижобий томонга ўзгартириш имконини яратди. Бу ҳозирги яратилаётган генлар инженерлиги маҳсулотларининг ўта хавфсиз бўлишини кафолатлайди.
Любов КАЛАШНИКОВА, биология фанлари доктори, Бутунроссия наслчилик илмий текшириш институтининг ДНК технологиялар лабораторияси мудири  («АиФ Здоровье», 20-сон, 13. 05. 2004):
— Кўплаб далиллар ирсларни ўзгартиравериш ҳайвон саломатлигига зарарли таъсир этишини исботлаб турибди. Бу далилларни нафақат бизнинг институтимиз топган, бунақа тадқиқотлар бутун дунёда олиб бориляпти ва натижалари матбуотда очиқ эълон қилиняпти, истеъмолчилар негадир бу маълумотлардан хабарсиз.
Трансгенларда модда алмашинуви, иммунитет лаёқати, гармонал кўриниши, аъзолар ва тўқималарнинг биохимик таркиби бошқача бўлади. Лекин энг асосийси — гени ўзгартирилган ҳайвонларнинг яшовчанлиги ва уруғланиши суст бўлади – насл қолдиришни «хоҳлашмайди». Биолог учун мана шу икки нуқтанинг ўзиёқ «бу ҳайвон соғлом эмас, касал», дейишга кифоя қилади. Ким касал ҳайвон гўштини ейишни хоҳлайди? Ҳайвоннинг гўштини ё сутини овқатга ишлатиш учун у мутлақо соғлом бўлиши керак. Ҳозирда бор ДНК технологияларнинг ҳеч бири мутация йўқлигига кафолат беролмайди. Геном (ирс)да кўплаб ўзгаришлар содир бўлади. Ўолбуки, ақалли битта нуклеотид, битта ўрин ўзгарса, бу ҳодиса ҳайвонларда бўлгани каби одамларда ҳам қалтис оқибатларга олиб келиши мумкин...
...Ичимизга овқат билан бирга кирадиган бегона ДНКга келсак, ҳақиқатан у ошқозонда парчаланиб кетади. Аммо бутунлай эмас, қанақадир қисми биологик фаоллигича қолиши мумкин. ДНКнинг ўзи шундайича хавфли эмас, балки ундан пайдо бўлган маҳсулот – гармон табиатли оқсил, инсектицид, қандай ирс кўчириб ўтказилганига қараб хавфлидир. Масалан, киритилган ирс трансген картошкада инсектицидларнинг юзага келишига хизмат қилади ва шу модда бўлгани учун уни Колорадо қўнғизи емайди. Дарвоқе, устидан капалаклар ҳам учмай қўяди. Аммо ёдингизда бўлсин: картошка палагига Колорадо қўнғизидан асраш учун инсектицид сепсангиз, кейин қоидага биноан, бу кимёвий модданинг парчаланишини, йўқолиб кетишини кутардингиз. Унгача бу картошкани емасдингиз. Энди тасаввур қилинг: ўша инсектицид картошканинг ўзида, ичида ва доим туради, қанча сақласангиз ҳам, ҳеч қаёққа йўқолмайди. Шуни егингиз келадими? Касаллик келтириб чиқарадиган бактерияларга, вирусларга яхшироқ қаршилик кўрсатишлари учун организмларнинг ўзида пайдо бўладиган антибиотикларни, вирусга қарши дориларни ейишни хоҳлайсизми?
Муҳсин ВАЛИХОНОВ, биология фанлари доктори, профессор (www. halol.org):
— Мана ўн-ўн беш йил бўлдики, Америка, Оврўпа бозорларида ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотларининг гени ўзгартирилган турлари сотилмоқда. Инсоннинг ошқозон-ичак тизими табиий ёки гени ўзгартирилган маҳсулотни ферментлар орқали таркибий қисм¬ларга парчалаб, керакли қисмини ўзлаштириб, ортиқчасини чиқариб юборади. Демак, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини ҳужайрамиз ҳам назорат қилади. Бундан ташқари, гени ўзгартирилган ва гибрид ўсимликлар муайян фирмаларнинг ўзида кимёвий таркиби, инсон саломатлигига, ирсиятга, атроф-муҳитга таъсири ҳар томонлама ўрганилиб, улардан хавф туғдирмайдиган навлари бозорга тавсия этилади. Тавсия этилган уруғлар айнан шу мамлакатнинг марказлашган илмий шохобчалари назоратидан ўтади. Республикамизга келтирилаётган сабзовот уруғлари божхоналарда ҳам мутахассисларнинг текширувидан ўтиб, мазкур фирманинг Ўзбекистондаги вакиллари томонидан тажриба майдонларига экилиб, синовдан ўтганлари ¬деҳқонга тавсия этилади. Ўзбекистонда худди шундай тизим йўлга қўйилган. Тўғри, ўсимлик мевалари ичида аччиқ, ўта нордон, тахир, заҳарлилари ҳам бўлганидек, ген инженерлиги ва гибрид орқали етиштирилган маҳсулотлар ичида ҳaм хавф туғдирадиган навлари чиқиб қолиши табиий ҳол. Бу ҳолда маҳсулотларни назорат қилувчи генетик ташкилотлар хулосаларини тезда эълон қилишлари зарур. Мамлакатимизга четдан, жумладан, Голландиядан келтирилаётган сабзавот уруғларидан ҳозирча воз кеча олмаймиз, чунки маҳаллий сабзовот ва полиз навлари экологик ҳолат ва тупроқ муҳитининг ўзгаргани ҳaмда ҳар хил касалликлар кўпайгани туфайли ҳосили жуда пасайиб, рақобатга дош бера олмай қолди. То ўзимизнинг селекциячи, генетик олимларимиз сермаҳсул, касалликка чидайдиган, кўриниши жозибали, рақобатбардош маҳаллий навларни етиштиргунча чет эллардан уруғлар олишга мажбурмиз.
 
ТАЖРИБАЛАР СЎЗЛАЙДИКИ...
Россиялик мутахассислар ГЎМни истеъмол қилиш жиддий аллергик реакциялар пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Масалан, ГЎМ кенг истеъмол қилинадиган АҚШда аҳолининг 70 фоизи аллергиядан азият чекади. Бундай маҳсулотлар тақиқланган Швецияда эса бу кўрсаткич фақатгина 7 фоизни ташкил этади. Бу шунчаки тасодиф эмасдир балки.
ГЎМ истеъмол қилиш оқибатида ошқозон шиллиқ пардаси зарарланади ҳамда ичак микрофлораларининг антибиотикларга чидамлилиги ошади. Бу эса модда алмашинуви бузилиши, иммунитетнинг умумий сусайишига олиб келади, чунки одамнинг 70 фоиз иммунитети ичакларда бўлади.
ГЎМ ракни қўзғаши мумкин. Трансгенлар ичакдаги микроорганизмлар ген аппаратига жойлашиб олиш хусусиятига эга, бу эса мутациядир. Маълумки, айнан ҳужайралар мутацияси ракнинг ривожланишига олиб келади.
ГЎМ юқорида келтирилган зарарли оқибатларни тўғридан-тўғри келтириб чиқармайди, лекин ривожланиш хавфини юзага келтиради.
ГЎМ истеъмол қилишнинг оқибатларини исбот қилиш учун 40-50 йил керак. Бу эса оз фурсат эмас. Демакки, ортиқча муаммо ва танани касалликларга тўлдирмаслик учун озиқ-овқат маҳсулотларини танлашда эҳтиёткор бўлиш зарар қилмайди. Лекин айрим олимлар ГЎМни консервант, ароматизатор ва бўёқлар қўшилган маҳсулотлар билан солиштирганда, деярли зарарсиз эканлигини ҳам таъкидлашмоқда.
Хари Гилберт бошчилигидаги бир гуруҳ Ньюкасл-на-Тайн университети тадқиқотчилари ўтказган тажрибалар жараёнида маълум бўлишича, ГЎ овқат таркибидаги ҳужайралар ДНК йўғон ичаги олиб ташланган одамларнинг ичак микрофлораси бактериялари билан ўзлашади.
— Плазмидлар ва ГЎ қўйилмалар ошқозон-ичак тракти бактериялари, қон, жинсий ва бошқа ҳужайраларга тушиши мумкин, — дейди россиялик биология фанлари доктори Ирина Ермакова. — Мутацияга учраган жинсий ҳужайралардан бошқа турга мансуб бўлган, ўсимлик ҳамда ҳайвон синфининг ҳужайраларига оид бола туғилади.
Хайриятки, вазият ҳали бу даражага етгани йўқ ва бизнинг маккажўхорисимон ёки жабрали бўлиб қолишимиз ҳам эҳтимолдан узоқ. Аммо кўпроқ касалланамиз. Касалланиб бўлдик! Одамлар иммунитети пасайгани ҳақида кўпроқ шикоят қила бошладилар. Уларда онкологик касалликлар ва аллергик реакциялар борган сари кўпроқ учрай бошлади.
1989 йилда АҚШда триптофан (аминокислота) қўшилган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида 37 киши ҳаётдан кўз юмди ва ярим мингга яқини ногирон бўлиб қолди. Маълум бўлишича, ўзгартиришлар натижасида триптофан трансформацияланган ва номи юракни музлатадиган, кишиларнинг касалланиши ва ўлимига сабаб бўлган «этилен-бис-триптофан» номли махлуқ пайдо бўлган.
Ўрни келганда айтиш мумкинки, Буюк Британияда ГЎ маҳсулотларнинг инсон организмига акс таъсири ҳақидаги хабарлар фуқарони даҳшатга солди. Дўконлар таркибига трансген моддалар қўшилган балиқ, сабзавот, мевалар, гўшт маҳсулотларини сотиб олишни ёппасига рад эта бошлади.
 
НИМАГА ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК?
 
Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ:
— Энг дастлабки омил бу генлар инженерлигига ақл ва фаросат билан, олдинни ўйлаб қўл уриш лозим. Аввало, кўчириб ўтказилаётган бегона геннинг хусусиятлари тўла ўрганилиши керак. Иккинчидан, ҳар қандай трансген организмлар ёки улардан тайёрланган маҳсулотларни сотувга чиқаришдан олдин чуқур лаборатория синовларидан ўтказиш зарур. Айниқса, четдан кириб келаётган озиқ-овқат маҳсулотларини юртимиз бозорларига чиқаришдан олдин лаборатория текширувларидан ўтказиб, бу маҳсулотларга қандай генлар қўйилганлиги ҳақида аниқ маълумотлар олиниши мақсадга мувофиқдир. Энг муҳим омиллардан яна бири, трансген маҳсулотлар бозорида истеъмолчиларга танлаш имконини бериш учун сотилаётган маҳсулотни «органик» (генетик ўзгартирилмаган) ёки уларнинг трансгенлиги ҳақидаги ёрлиқлар аниқ ва равшан қилиб ёзиб қўйилиши ҳозирги замон талабидир. Бу эса, ўз навбатида, истеъмолчиларнинг трансген маҳсулотлар бўйича савиясини фан даражасидаги тўғри баҳоланган фикрларга таяниб кўтаришни тақозо этади. Буларнинг ҳаммаси ўсиб келаётган ёш авлод генлар инженерлиги каби илғор технологияларнинг ҳа¬қиқий мутахассиси бўлишини талаб қилади. Сабаби, бу бир тарафдан, чуқур билимга эга ёшларимиз халқаро миқёсда генетик ўзгартирилган маҳсулотларга билдирилаётган фикрларни тўғри талқин қилиб, уларнинг халқимизга тўғри етказиб беришларига ҳамда юртимизга кириб келаётган маҳсулотларни фан даражасида тушуниб, уларнинг ҳаққоний назоратини ўрнатишга ёрдам берса, бошқа тарафдан, юртимиз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, халқ ва қишлоқ хўжалиги учун юқори иқтисодий самара берадиган генлар асосидаги илғор технологиялар яратилишини кафолатлайди.
 
МАСЛАҲАТ ЎРНИДА
 
Ўз соғлиги ҳақида қайғуришга қарор қилганлар учун бир нечта тавсия берамиз.
Таъкидлаш жоизки, ГЎМни фақатгина махсус лабораториядагина аниқлаш мумкин. Буни кўз билан, ҳид орқали ёки ушлаб кўриб билиб бўлмайди. Супермаркетга боришдан олдин, шуни билингки, у ерда сотилаётган 40 фоиз маҳсулот генетик ўзгартирилгандир.
ГЎМ энг кўп колбаса маҳсулотларида учрайди (58 фоизгача), трансгенсиз колбаса ёки сосискани топиш мўъжизанинг ўзи. Айниқса, қайнатилган колбасалар ва сарделка-сосискалар таркибида ГЎ соя кўп миқдорда бўлади. Айтганча, турли ярим тайёр маҳсулотлар — чучвара, чебурек ва блинчик ҳам трансгенларга тўла бўлади.
Бу қанчалик қўрқинчли туюлмасин, лекин болалар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларидан узоқроқ юринг. Болани кўкрак сути билан озиқлантиринг. Ўз қўлингиз билан тайёрлаган компот номдор фирмаларнинг зарқоғозларга ўралган шарбатларидан минг марта яхшидир.
ГЎМ маҳсулотлар бозори дунёда энг бой — йилига 20 млрд. доллар пул айланади. Бу бозорда учта халқаро ширкат эгалик қилади. ОАВ хабарларига қараганда, шундай фирмалардан бири инглиз олимини ишдан ҳайдади. Сабаби, у каламуш устида олиб борган тадқиқотининг натижаларини эълон қилиб юборган эди. Унга кўра, ирси чатиштирилган картошка билан боқилган каламушда тез-тез ошқозон ўсмаси, эндокрин тизимида бузилишлар ва насл қолдириш масаласида муаммолар пайдо бўлган.
 
 
* * *
 
Эҳтимол, келажакда ирсият инженерлиги жуда ривожланиб кетар. Лекин бугун у илмдан ҳам кўра кўпроқ тижоратга хизмат қилаяпти. Шундай экан, ирси чатиштирилган маҳсулотлар турли қинғир йўллар билан бизга чегарадан ўтиб келаверади (ўзимизники ҳозирча йўқ). Бундай шароитда уларнинг ёрлиқларига махсус белги қўйиш талаби жуда оқилонадир.
Просмотров: 1508 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031