Понедельник, 20.05.2024, 04:14
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2015 » Июль » 12 » «Энамни дуторга алиштирмоқчи бўлганман»
15:45
«Энамни дуторга алиштирмоқчи бўлганман»

Тири пайкомин гизлаюр, қош бир ёна, кўз бир ёна,

Даҳанин очиб сўзлаюр, дур бир ёна сўз бир ёна,

Безаниб жоним оларлар, кўрганлар ҳайрон қоларлар

Ясанишиб солланарлар, қиз бир ёна, ноз бир ёна.

Қулоқ солинг ушбу зора, найласин нафас бечора,

Бағримни қилди садпора, тиғ бир ёна, тир бир ёна.

Қаландар бахшининг бу айтими болалигимни ёдга солади. Наврўз сайлида катта издаҳомда достон куйлаётган чўгирмали одам кўз олдимга келади. Унинг овози гоҳ баланд пардаларда таралар, гоҳ нола қилар, гоҳ душманга даҳшат солган паҳлавон сасидек гумбурларди.

Бахшининг овозини яна эшитгим, уни ижод оғушида кўргим, достонларидан тинг­лагим келди. Йўлга тушдим. Бахшини гилам бозоридан топдим. Очиқ чеҳра билан пешвоз чиққан бахши гиламларга ишора қилди. «Хо­разм­да гиламларнинг тури кўп. Бизнинг яна бир ҳунаримиз гиламчилик-да», деди жилма­йиб. Сўнгра чорпояга чордона қуриб ўтирган бахши билан ҳаёти ва дос­тонлари ҳақида гурунг бошладик. У гоҳ жилмайиб, гоҳ мижжаларига қалққан ёшни кўрсатмасликка тиришиб болалиги, ҳаёти, ижоди ҳақида сўзлади. Уни тинглаётиб олис ўтмишдан — вақт­нинг қатланиб кетган довонларидан сизиб чиқаётган мунг­ли ўтмиш садосини эшитаётгандек эдим.

Куйга ошиқ бола

Чилдирма чалиб, беморларини даволайдиган аёл ўз дардига чора тополмасди. Турмуш ўртоғига наслининг давомчисини ҳадя қилолмаётганидан куюнарди. Урушдан кейинги оғир пайтлар. Бир куни эри урушда ҳалок бўлиб, уч қизи билан ҳаёт қийинчиликларида саргардон юрган дугонасига ниятини айтди. Дугонаси олдинига ҳайрон, сўнгра рози бўлди. Кўп ўтмай катта хонадонда ўғил туғилди. Икки аёл унга бирдай оналик қилди. Бола уларнинг бирини катта эна деса, иккинчисини она дея тили чиқди. Болага Рўзимбой деб исм қўйишди, аммо уни Қаландар дея чақиришарди. Чунки у бир қарич кокил билан туғилганди.

« — ...Олтинчи синфгача кокилимни ўриб қўйишарди, — сукутга кетади бахши, сўнг кулади. — Кокил белимгача тушиб турар, мактабда синф­дошларим тортиб, жиғимга тегишарди».

Қаландар жуда шўх эди, қариганида кўрган ёлғиз ўғлини тергаш ота учун ҳам маъқул эмасди. Бола саёҳатни яхши кўрар, катта энасининг йўлга отланганини кўрди дегунча этагининг баридан ушлаб олар, катта эна ҳам бир қўлида чилдирмасини, бир қўлида жажжи Қаландарнинг қўлидан ушлаб, болага қизиқ-қизиқ воқеаларни айтганча йўлга тушарди. Бир сафар энаси билан Тошҳовузнинг Авазали деган жойига тўйга борди. Тўйда Содиқ айтимчи дутор чаларди. Уни кўрган Қаландар сеҳрланди-қолди. Назарида, дуторнинг ўзи нола қиларди:

« — Энамга бобойнинг дуторини олиб беришини айтдим. Энам бош чайқади: «Болам-ов, бобойга дуторнинг ўрнига мени берсанг ҳам бермайди-ёв». Сўнг тортинмасдан бориб бобойдан дуторни сўрадим. У атрофидагиларга кўзини қисди. «Майли, бераман, ўрнига энангни берасанми», деди. Хурсанд бўлганимдан (болалик-да) «энамни берсам, дуторни оламанми?», деб саволга савол билан жавоб бердим. Бўлди кулги, бўлди кулги. Дуторчи эса, «куйга ошиқ бўлган болани анчадан бери учратмагандим, кўз тегмасин» деб «туф-туф»лаб, елкамга қоқиб қўйди».

Шундан сўнг бола куй эшитилди дегунча чопқиллайдиган бўлди. Бир сафар у энаси билан Хивага тўйга борди. Шу бўлди-ю шаҳарда қолиб кетди. Чунки у ўша ерда ўзининг излаганини топганди:

« — Катта издаҳом. Ўртада узун чопонининг устидан аскарларникидай камар боғлаган Бола бахши. Қўлида тор. Достон бошлади. У «Гўрўғли»ни айтаяпти-ю, назаримда, унинг ўзи Гўрўғли. Тасаввуримда унинг ўзи шуларни бошдан ўтказгану, достондан чиқиб, ҳаммасини сўзлаб бераётгандек. Достон ярмига етганида бахши тўхтади. «Қолганини эртага Маматнинг тўйида эшитасизлар», деди. Шу куни уйга қайтишимиз керак эди. Энам ҳар қанча қистамасин, Хивада яна тўрт кун қолиб кетдим. Тўрт кун Хивада юриб Бола бахшини эшитдик».

Шундан сўнг Қаландар дос­тонларнинг ошиғига айланди. Куйга ошиқ бу бола бир кун келиб Бола бахшининг энг яхши шогирдига айланишини ҳали билмасди.

«Тор олишга пулим бўлмаган»

Қаландар достонларни ўқишни канда қилмасди. Соз ҳақида орзу қилишдан тўхтамаганди. Мактабда ўқир, аммо фикр-хаёли пул топиб тор олишда эди:

« — Камбағал эдик. Наш­риётга ҳарф терувчи бўлиб ишга кирдим. Маош 45 сўм. Тинмасдан китоб ўқиганим сабабли матнларни бехато ва тез терардим. Маош оладиган пайтда ойлигим 58 сўм чиқди. Ҳайрон бўлиб, директорнинг олдига кирдим. Директор кулиб елкамга қоқди: «Қолгани яхши ишлаганинг учун мукофот пули», деди. Қувониб кетдим. Биринчи бор қўлимга шунча пул ушлагандим. Уйга қандай борганимни билмайман. Отамдан дуо олдим. Пулни рўзғорга ишлатишди. Албатта, Қашқар рубоби ҳам олдим».

«То падар рози эмас…»

Отаси ожиз бўлиб қолганида бахши ҳали ўсмир ёшда эди. Бир куни кечаси онаси хавотирланиб, «отанг ташқарига чиққанди, қайтиб келмади», деди. Қаландар югуриб ҳовлига чиқди. Отасини излаб атрофга аланглади. Қулоғини изғириннинг овозидан тўсишга уринаркан, ҳовлининг бир бурчагида қора кўланкага кўзи тушди. Отасининг «ма­йиб бўлиб қоласан», деган даккисига қарамай кўтариб ичкарига олиб кирди.

Шундан сўнг отасининг ёнидан бир қадам жилмади. Ота ташқарига чиқмоқчи бўлса, кўтариб чиқиб, кўтариб олиб кирарди.

«Отамнинг дуолари мени шу кунларга етказди», дейди бахши мижжалари ёшланиб.

30 ёшда – шогирд

«Гўрўғли ўлма, ҳо ўлма, Ўлинча ўзингдан қолма», деган сатрлар бор «Гўрўғли» дос­тонида. Савдогарликда суя­гим қотди, аммо достонларнинг оҳанрабоси мени тинч қўймади. Бола бахшига 30 ёшга бориб шогирд тушдим. Ўшанда устоз 80 ёшда эди».

Бола бахши саёҳатни яхши кўрар, овулма-овул, юртма-юрт юриб достон куйларди. Қаландар рўзғорини бут қилди, аммо ҳадеганда достондан кўнгил узолмагач, бахшининг кўнглини овлаш па­йида бўлди. Бола бахшини саё­ҳатга олиб чиқар, аммо ижод тўғрисида ботиниб бирон сўз сўрамасди. Чунки Бола бахши ҳадеганда ­гапирмас, гапирганда эса ҳикмат қўшиб, буюк шоирларнинг тўртликларидан келтириб сўзларди. Аммо бўлғуси бахши сабот билан устозининг ижодини ўрганди. Кун келиб Бола бахши Қаландарни чақирди-да, аввалига «Ошиқ Маҳмуд» дос­тонининг айрим жойларини хато айтиб юргани учун койиди, кейин эса дуторни олиб тонг отгунча достон йўлларини ўргатди.

«Қирққа етганда  «Кийикнома»

Бахшига устозларидан бири «Қаландар, қирқ ёшдан олдин нима айтсанг, айтиб қол, ундан кейин хотира сусаяди», деган эди. Бахши бунга ишонмасди. Чунки у дос­тонларни бир ўқишда ёд олар, иккинчи ўқишда эса сўз куй билан омухталашиб кетарди. Бир сафар ўзини синаш учун ёру дўстларини йиғди, торини олди-ю куйлашни бошлади. Навоий, Ганжавий, Фузулий, Огаҳий, Бедил, Машраб ғазаллари билан айтиладиган ашулаларидан таш­қари, Махтумқули сўзи билан юз дан ортиқ ашула куйлади. Ҳали бу синовда у дос­тонларни ҳисобга олмаган эди. Чунки бахши достонлар унинг хотирасида эмас, қонида айланишини сезарди.

«Бир вақтнинг ўзида тўрт соат тинмай айтиладиган дос­тон бор, 208 банддан иборат. «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам достони» 18 соат айтилади. Албатта, тўрт соатдан бўлиб-бўлиб куйланади. «Кийикнома» эса 112 банд. Бир торни кўтарганда 60 дақиқа куйланади. Авжининг ўзи 15 дақиқа. Ўн йил «Кийикнома»ни маромига етказиб куйлашга уриндим. Уддалай олмадим. Чунки айланма нафасни меъёрга солиш учун тажрибам етмасди. Ўн йил уриниб, ниҳоят қирқ ёшимда ана шу катта достонни куйлашга эришдим».

«Ортингда халқинг турибди»

Бахши достон куйлашни севади. Устози Бола бахши сингари овулма-овул юришни, атрофида эшитувчиларни тўплаб, жанговор халқнинг мард ўғлонлари жасорати ҳақида бонг уришни яхши кўради. Достонлардаги қаҳрамонлар образига кириб, тингловчиларнинг ҳам зав­қидан баҳра олади. Унинг зав­қини, шавқини келтирувчи шу ижод, шу одамлар.

2001 йили «Ўзбекистон халқ бахшиси» фахрий унвонини олганида ҳам одамлар орасида эди. Янгиликдан бехабар эди. Уни дўст-биродарлари унвон билан табриклаб уйига келишганида, бахши Жиззахнинг Бахмалида — тоғлар билан ўралган гўшада достон куйлар, халқ эса «Ошиқ Ғариб»­нинг оҳангидан маст эди. Бир неча кун ўтиб, уйига қўнғироқ қилганидагина хушхабарни эшитди. Эшитиб, кўзи намланди, юраги орзиқди:

«Унвоннинг юки оғир. Тинмай ўз-ўзингга шунга арзийманми ўзи, деган саволни бераверасан. Қорақалпоқларнинг «Танка» деган фильмида бир ажо­йиб гап бор: «Сенинг ортинг­да халқинг турибди!».  Бу гапнинг мағзида жуда катта маъно бор. Мен ҳам шу халққа нафим тегсин, дея ҳаракат қиламан. Бу халқнинг хазинаси кўп. Фақат уни кўрсатиш, айтиш лозим. Ўзининг маънавий меросини, хазинасини кўрсин, эшитсин дейман. Ҳозир қадимги достонларимиздан «Юсуф Аҳмад»ни тайёрлаяпман. Худо хоҳласа, тез кунларда халқ­қа шу достонни тортиқ қиламиз».

Қаландар бахши билан хайрлашишдан олдин, ундан достондан парча хиргойи қилиб беришини сўрадим. Бахши «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам» достонидан куйлади. Олтмишдан ошган бахшининг овозидаги тиниқлик, жаранг, виқор йўқолмаганди. Худди болалигимга қайтгандек эдим: сайилгоҳ, байрам қилаётган одамлар, болаларга ширинлик улашаётган ҳовучлар, бахшининг овози ҳам ўша-ўша.

Гўзалой МАТЁҚУБОВА,

«Оила даврасида» мухбири

Просмотров: 954 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031