Понедельник, 20.05.2024, 03:32
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2015 » Июль » 12 » «БУ ЎЙИН, ҲАЁТ ЭМАС...»
14:46
«БУ ЎЙИН, ҲАЁТ ЭМАС...»

МУЛОҲАЗА

 
«БУ ЎЙИН, ҲАЁТ ЭМАС...»
 
 
 
 
Ўтган асрнинг сўнгги чорагида улкан илмий-технологик тараққиётга асос солинди. Шунинг натижаси ўлароқ ҳозирги вақтда саноат корхоналарида юз минглаб роботлар ишламоқда: кўплаб соҳалар автоматлаштирилган; биотехнология фани кашфиётлари қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида туб бурилиш ясаши кутилмоқда; ген муҳандислиги борасида эришилган ютуқлар туфайли миллион-миллион инсонлар ҳаётига зомин бўлган ирсий касалликларни бартараф этиш имконияти туғилмоқда.
 
Ҳолбуки, бундан атиги чорак аср илгари «компютер» атамаси кўпчиликка номаълум эди. Бугунги кунда эса компютер технологиялари ва телекоммуникация тармоқлари соҳасида эрилишган муваффақиятлардан инсон ақли шошади. Мисол учун, 70-йилларнинг бошида ИНТЕЛСАТ йўлдош алоқа тизими Атлантика ортидан атиги 240 та телефон сўзлашувини қабул қилган бўлса, бугун бу кўрсаткич бир неча юз мингдан ошиб кетди. Биргина СВИРТ халқаро молия тизими 200 минг компютер орқали 50 мамлакатнинг 2000 банкини боғлаб тургани ҳар қандай одамни ҳайратлантириши табиий. Дунёни тўр сингари ўраб олган ИНТЕРНЕТ тизими ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бу тизимвоситасида дунёнинг исталган нуқтаси билан боғланиш, керакли маълумотларни олиш, зарур одамлар билан мулоқот қилиш мумкин. Бундай тараққиётни 40-50 йил олдин тасаввур қилиб бўлмасди. Шу боис бугунги ёшлардан ота-бобоси яшаган давр ҳақида сўрасангиз, аксарияти «тош даври-ку!» деб қўя қолади.
Бугун компютери бўла туриб, унда бирор марта ҳам ўйин ўйнамаган одамни топиш қийин. Катта авлод вакиллари компютер ўйинларини фақат зўравонлик, тажовузкорлик ва ахлоқсизликни тарғиб этувчи восита сифатида тасаввур қилади. Бироқ бугун миллионлаб фуқаролар бундай ўйинларнинг янгидан-янги турларини кашф этиб, виртуал рақибларини яксон этишда давом этмоқда.
Компютер ўйинларининг бир неча тури мавжуд бўлиб, уларга мантиқий, бошқотирмали, стратегик... кабилар киради. Ўйин тури ва жанрининг кўплигидан улар ҳақида битта мақоланинг ўзида айтиб ўтиш қийин.
Шундай қилиб, компютер ўйинлари бу — спорт, санъат ва маданият соҳаси, ҳатто юксак идрок эгаси бўлган рақиб ҳамдир.
Сўнгги пайтларда ОАВда компютер ўйинларининг зарари, бундай ўйинларнинг инсон руҳиятига таъсири ҳақида кўплаб чиқишлар кузатилмоқда.
Бироқ танганинг икки томони бўлганидек, компютернинг фойдали томонлари ҳақида ҳам соатлаб гапириш мумкин. Ахир ошхона пичоғи билан олмани арчиш билан бир вақтда кимнидир жароҳатлаш ҳам мумкин. Бироқ шу чоққача ҳеч ким пичоқдан фойдаланишни тақиқлаб қўйгани йўқ. Гап буюмларда эмас, уларнинг ким томонидан ва қандай мақсадда фойдаланишда эканлигини эътибордан четда қолдирмаслик керак.
Айтайлик, шундай компютер ўйинлари борки, хотирани мустаҳкамлашга, ақлий қобилиятнинг ўсишига, тасаввурнинг кенгайишига, мантиқан фикрлашга ёрдам беради.
Республика таълим маркази томонидан сўнгги йилларда бир нечта электрон ўйинлар ишлаб чиқилди. Ушбу ўйинлар, асосан, умумтаълим мактабларининг ўқувчилари учун тайёрланган бўлса-да, мактабгача таълим муассасаларининг тайёрлов гуруҳи тарбияланувчилари, бошланғич синф ўқувчилари ҳамда компютер саводхонлигини оширишни истовчи ёшлар ҳам фойдаланиши мумкин. Буларга «Алжабр», «Узоқ саёҳат», «Сўз ўйини», «Хотирангни синаб кўр» каби ўйинлар ҳамда клавиатура тренажёрини алоҳида таъкидлаш лозим. Бўлар экан-ку, деган ўй ўтади кўнглимиздан. Аслида ҳам эзгулик ва инсонпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга мос, ёшларни мантиқий мушоҳада юритишга, компютер орқали билимлар оламининг турфа сирларини ўрганишга чорловчи электрон ўйинларни яратиш бугуннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Энди, бугунги ёшларимиз орасида оммалашган, вайронкор ғояларни ўзида мужассам этган ўйинлар ҳақида. Энг зарарли ўйин, албатта, «Counter Strike» ҳисобланади. Бутун дунё бўйлаб миллионлаб ўсмирлар унга суткалаб вақтини сарфлайди ва бу ҳар доим ҳам «шунчаки» ўйналмайди. Айримлар бу ўйин бўйича ўтказиладиган турнирларда ғолиб бўлиб, яхшигина пул ҳам ютишади. Аммо бошқа миллионлаб қатнашчилар нафақат пуллари, балки вақт ва ёшликларини ҳам ютқазаётганларини ўйлаб ҳам кўришмайди.
Автопойгалар, «FIFA», «NBA Live» каби спорт мавзусига доир ўйинлар кўпчиликка таниш. Яна хоккей, бейсбол ва бошқа турли-туман спорт ўйинлари ҳам мавжуд. Улар руҳий таъсир жиҳатидан бетараф — зарар келтирмайди, лекин улардан фойда ҳам йўқ, фақат бекорга вақт сарфлангани қолади.
Ҳозирги кунда кўплаб ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини классификациялашга қанчалик уринишмасин, аксарият болалар ўйинлари шафқатсизлик, қотиллик мароқли деган фикр шаклланишига сабаб бўлмоқда. Бунга ҳаётда ҳам мисоллар кўпайиб бормоқда. 2001 йилда Россиядаги 6 нафар мактаб ўқувчиси «Сўнгги фантазия» («Последняя фантазия») ўйинига шу қадар берилиб кетишдики, охир-оқибат ўз жонларига қасд қилишди. Худди шу йили америкалик Шон Вуллнинг «Everquest» ўйинидан «қайтмагани» бутун жамоатчиликни оёққа турғазди.
— Бу мутеликнинг оддий бир кўриниши эди,— дейди унинг онаси Элизабет. — Сен ё ўласан, ё ақлдан озасан, ёки қутулишнинг чорасини топасан. Ўғлим эса ўлди.
Мазкур воқеадан сўнг Элизабет хоним мижозларнинг сони кун сайин ортиб бораётган компютер мутелигига қарши даволаниш дастурини ишлаб чиқиб, йўлга қўйди.
НИМА ҚИЛИШ КЕРАК? Аксарият катталар бундай пайтда болаларни қаттиқ назоратга олиш, бундай ўйинларни сотиб олиб бермаслик лозимлигини уқтиришади. Хўш, нима ўзгаради? Фарзандингизни уйда назорат қила оласиз, ўртоғиникида-чи?! Ҳар қадамда дуч келадиганингиз – интернет-кафеларни ёптирасизми? Уззукун таъқиб қилаверсангиз, уни ўзингиздан бездириб қўймайсизми?
Тўғри тарбия, болага фақат ва фақат тушунтириш, тўғри йўналиш бериш орқалигина  кўзланган натижага эришиш мумкин. Фарзандингизга компютер олдида соатлаб қолиб кетиш, жангари, шафқатсизликни тарғиб этувчи ўйинларнинг зарари, оқибатлари ҳақида гапириб беринг. Зарур бўлса, юқоридагидек мисоллар келтиринг. Бола компютернинг ижобий жиҳатларидан фойдаланишга ўргансин.
Яна бир гап. Ислоҳни ўзингиздан бошланг. Ажабланишга шошилманг. Ахир ХХI асрда яшаяпмиз, биродар. Компютер олдида ўтмаган, ҳеч бўлмаса бир марта ўйин ўйнамаган кунингизни айта оласизми? Ҳозир бирор ташкилот ходими йўқки, компютерда ҳеч йўқ карта ўйнаб кўрмаган бўлсин.
КИЧИК ҚИЗИҚИШЛАР КАТТА ФОЖИАЛАРГА ОЛИБ КЕЛАДИ. Бунга ҳам мисоллар кўп. Америкалик 41 ёшли Жеймс Торвил ҳамма қатори оилапарвар инсон эди. Шу боис моянасидан орттириб ўғлига компютер совға қилди. Аммо ўзи ҳам бу матоҳнинг ажабтовур ўйинларига қизиқиб қолди. Ишини ташлади. Овқатни, уйқуни унутди. Бироқ қанчалик уринмасин 10 яшар ўғлини енга олмасди. Бу эса ўз навбатида унинг иззат-нафсига тега бошлади ва охир-оқибат оиласини кўчага ҳайдаб чиқарди. Жеймс ниҳоят севимли компютери олдида ёлғиз қолганидан, истаганича ўйнаши мумкинлигидан хурсанд эди. Јўшниси Ян Мервин исмли шахс ҳам бу борада ашаддий ишқибоз эди. Шу боис вақт-бевақт Жеймсникига чиқиб, у билан «беллашиб» турарди. Бечора Ян бу билан ўз ҳаётига нуқта қўйилаётганини билмасди. Кунларнинг бирида икки рақиб яна монитор қаршисида учрашишди. Бу сафар ҳам Жеймснинг омади келмади. Доим мағлубиятга учраш, бунинг устига рақибининг тиржайиб турган башарасидан ғазаби қўзиган Жеймс шарт ўрнидан туриб, ётоқхонага йўл олди. У ердан қўлида тўппонча билан қайтиб чиққан ишқибоз аввал мониторга, сўнг рақибининг нақ пешонасига қараб ўқ узди...
АВВАЛИГА БУ ЯНГИЛИК ЭДИ: камёб интернет-клуб ва кафелар. Уларга интилиш бошланди. Интернет кўп нарса бериши мумкинлиги ва келажакда имкониятларининг янада ортиши одамларни у билан дўстлашишга ундади. Бу ерда ҳам тезкор почта алоқаси, ҳам қизиқишлар бўйича мулоқот, ҳам ўз муҳаббатини топиш имконияти ва кўплаб маълумотлар мавжуд эди. Исталган муаммо турли сайт ва форумларда  муҳокама қилинади ва турфа қарашлар, жавоблар... Шахсий компютер бўлмаса ҳам, арзимаган пулга клубларда унга бўлган эҳтиёжни қондириш мумкин эди.
Аммо клублар сони билан бирга уй техникаси сони ҳам ортиб борди. Бугун инсон интернет хизматларидан уйда ҳам, ишда ҳам фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, кўпчиликда ноутбуклар пайдо бўлди. Энди клубларга эҳтиёж қолмагандай эди. Шу боис кўпчилик улар тез орада йўқолиб кетади деган фикрга келди.
Лекин фактлар бошқача сўзламоқда: клубларга талаб камаяётгани йўқ.
Ўхшатиш келтирамиз. Нега кўпчилик футбол мусобақасини телевизор орқали кўришдан қониқмай стадионга чопади? Бу ерда ҳам худди шундай. Клубларда стадион муҳити яратилади. Рақибинг қайсидир вилоят ёки шаҳарда эмас, шундоққина ёнингда бўлади. Бир-бирига таниш-нотаниш болалардан тезда жамоа тузилади: учга-уч, учга-тўрт. Таркиб сони турлича бўлиши мумкин. Муҳими бу эмас. Муҳими шуки, ўйин компютер орқали бўлса ҳам, жонли рақиб билан олиб борилади. Ёнингда эса — кайфиятинг ва туйғуларингни ўртоқлашадиган шеригинг бўлади. Айниқса, кичкинтойлар шўх бўлишади. Клуб администратори, бу кўпга бормаслигини билса ҳам, қичқирмасдан ўйнашни буюради. Жим ўйнашнинг иложи йўқ. Ахир, ўқувчилар ҳақиқий жангда бўлишади! Гоҳ улкан жонзотлар билан олишишади, гоҳ жанг майдонига қандайдир замбаракни судраб келишади, гоҳ қандайдир техникани қутқаришади. Бу лаҳзаларда виртуал дунё улар учун ҳақиқий ҳаётдан-да ҳақиқийроқдир. Ахир, шундай туйғулар уйда бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ! Уйда жўшқинлик йўқ!
КОМПЮТЕР ЎЙИНЛАРИНИ МАККОР ДУШМАНГА ҚИЁСЛАШАДИ. У ўз домига нафақат катталарни, балки ёшларни ҳам бирдек тортади. Катталар ундан фақат кучли иродаси ва ақли туфайли қутулиши мумкин. Ёшларда эса бу жараён бир мунча қийин кечади. Уларга кўпроқ виртуал олам ёқади. Сабаби унда ҳақиқий ҳаётдагидан кўра кўпроқ ўзига маъқул нарсаларни кўради.
Фарзандингизга шундай шароит яратингки, бошқача ҳаётни қандайдир виртуал оламлардан излашига ҳожат қолмасин. Уни ҳар соҳада қўллаб-қувватлашга, мақсадларига эришишида кўмакдош бўлишга ҳаракат қилинг. Тез-тез ҳайвонот боғига, кинотеатрга олиб боринг. Токи, у ҳаётдан завқланиб яшашга, уни севишга ўргансин.
 
«Бу – ўйин эмас, бу – ҳаёт», — компютер ўйинлари ҳақидаги журналлар муаллифлари навбатдаги янги кўпгигабайтли отишма ўйини таҳлилини шундай сўзлар билан якунлашни яхши кўришади. Чиройли сўзлар. Аммо бир неча марта қайта тирилиш имконияти фақатгина ўйин қаҳрамонларида бор. Биз бир марта яшаймиз.Ҳаётнинг бошқача шакллари йўқ, хусусан, уни «қайтадан ўйнаш»нинг ҳам. Ва яна... эсдан чиқармангки, СИЗНИНГ ҲАЁТИНГИЗ қандайдир виртуал ўйинлардан қадрлироқ ва гўзалроқдир! Ишонинг, уни жонсиз, бошқарилувчи тасвирларга алмаштириш энг нотўғри йўлдир. Сиз билан биз эса нотўғрилар орасидан тўғрини танлаш имконияти берилган ягона мавжудотмиз!
Осмон БЕК
Просмотров: 833 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031