Понедельник, 20.05.2024, 01:16
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2015 » Июль » 6 » Қатралар
15:40
Қатралар
 

– Алло, Исмоилжон, бормисан? Бу ёруғ оламда иккита яхши бўлса, бири – сенсан, бири – менман. Бу оламда.., хўп, хўп. Яхши, қадрдонларни чақириб, янги йилда бир отамлашсак қандай бўларкин. Бизникида-да... Сиз аввалроқ келаверинг. Ҳамма нарса тахт. Фақат... айтаверайми? Сиз ўзимизникисиз-ку. Шу... энди... бизда қассоб ҳалигиндайроқ. Уч кило қўй гўшти бўлса. Йў-ўқ.., бошқа ҳамма нарса бор...

– Алло, Икромбой, қалайсан? Бола-чақа тинчми? Йўғ-е... Ҳеч қанақа иш-пиш қолмади. Зиёфат тайёр. Душманлар асло аралашмайди. Қиёматда ҳам ўшалар билан ўтиргулик қилмасин... Бир эримоқчиман. Шовла кетса кетсин-у, обрў кетмасин. Хуллас, ҳаммаси жойида... Сен ўзимизникисан, айтсам бўлаверади. Ойлик чўзилиб кетиб анунақасига қийналиб қолдим... Ҳа, иккита оқидан, битта қизилидан бўлса етади-ёв...

– Ўктамжон, ўзингизми? Ие, яшанг-е, минг йилдан бери кўринмайсиз-а... Мирзаободда ошнам бор деб эслаб ҳам қўймайсиз. Сизлар йўқламасаларинг ўзим йўқлай деб турибман. Уйда! Йўғ-е, меҳмон кутишда бизнинг хотинга тенг келадигани йўқ. Ҳамма нарса тайёру... Энди Икром билан Исмоилга юрагимни очгим келмади. Сиз ўзимизникидайсиз. Озроқ мева-чева бўлса яхши бўларди-да. Ўзингиз биласиз-ку. Раҳмат, кутаман. Жуда кўп олманг, қоп кетади.

– Нусратилло! Сен ўзинг тиллосан. Тиллога алмаштирмайман. Қаердан билдинг. Ҳа, мен эримасам бўлмайди шекилли. Хизр бўп қопсан. Яна бир каромат қил-чи. Э, ўлма ошна! Оғайним кўп, дўстлар кўп. Аммо тиллоси битта. Энди гапнинг индаллосини айтсам, сабзи, пиёз, пахта ёғига келганда ҳамён қурғур номардлик қилди-да. Э, яшавор, шундай дейишингни билардим.

Шундай қилиб, Янги йил оқшомида Иброҳимникида қуюқ зиёфат бўлди. Ҳамма нарса жойида бўлди-ю, туз масаласига келганда...

 

Муҳаммад СиддиҚ

 

 

(Бадиа)

Ҳовли ўртасидаги пастқам супа устига қайдандир оппоқ зарра келиб тушади. Кейин яна бир, кейин яна бир, икки, уч... Бир пастда супа устини қоплай бошлаган оқлик у ерга сиғмаётгандек пастга эна бошлайди ва ажиб бу манзара бутун ҳовли бўйлаб ёйилиб кетади. Ғадир-будур кўринишга эга теварак бир хил тусга киради. Ер остига сиғмаётгандек бўртиб турган дўппайма тошча, ҳали ерга сингиб кетишга улгурмаган ёмғир кўлмакчалари-ю ёпишқоқ лойгарчилик, барча-барчаси ўша зарралар оғушига ғарқ бўлади. Оппоқ, митти юлдузчалар шу зайлда бутун ҳовли бўйлаб ёйилиб кетади. Атрофни оқлик, беғуборлик эгаллайди.

Беғубор қор парчалари... Беғубор оқлик... Кишига ана шундай шодумонлик, табиатда ўзгача сеҳр ва шу аснода инсон ва борлиқ ўртасида сўнмас меҳр уйғота олувчи сеҳрли оламдир у.

Ана шу гўзалликнинг бир парчасини қўлингга олиб, унга боқаркансан, беихтиёр жилмайиб қўясан. Беихтиёр ана шу биллур манзаралар мафтунига айлана борасан. Кафтингда қиқирлаб турган бу ёқимтой юлдузчалар бир дам сенга жонсиздек туюлади. Ҳаттоки сенинг биргина истагинг уни йўқ қила оладигандек. Лекин бундай бўлмайди. Қўлингдаги мўъжиза гўёки ўз сеҳрини кўрсатади ва сени дўстликка, биродарликка чорлаётгандек сўзлай бошлайди. Дастлаб овоз эгасини топмоқ илинжида теварак-атрофингга аланглайсан. Ҳаттоки бу қўнғироқ садолари кўнглингдаги умуман бошқа туйғуларни-да уйғотиб юборар. Лекин мўъжиза давом этади. Сезганинг, қўлингдаги қор зарралари бирин-кетин, “дикир-дикир” сакраганча, бир-бирига гал бермай чуғурлашиб, хаёлларингни бўлиб юборади. Кейин аста уларга тикилиброқ қарайсан. Шунда кўрасан-ки, ростдан қор сўзлаяпти. У сенга нималарнидир тушунтирмоқчидек кўзларини пирпиратгани пирпиратган. Ҳатто митти сумалакчалардан иборат киприкларигача аниқ-тиниқ илғайсан. Рангсиз, аммо шакли-шамойилини дам-дам ўзгартириб тураётган лаблари-да сени ҳайратга солмоқда. Барчаси фусункор, барчаси дилга яқин. Аста-секин у сенинг юрагингга кириб боради. Ноодатий ҳолдек у кўксингни илита бошлайди. Шу тарзда сен қорнинг мафтунига айлана борасан.

Энди эса қулоқларинг остида унинг сўзлари жаранглайверади: “Мен билан дўст бўл. Менга сирдош бўл. Мен эртанги ризқ-рўз, мен олам-олам шодликман”.

Беихтиёр яна жилмаясан. Кафтингдаги мўъжизани юзингга яқинлаштирасан. Оппоқ, митти қўлчалар сенга талпинади. Кўз илғамас бармоқчалари бурнингни қитиқлайди. Ғашинг келгандек сесканиб тушасан-у, лекин яна юзингни унга яқинлаштирасан. Ўзаро илиқликдан танинг яйрайди. Кейин дилингда мусаффо ҳисларга йўл очилгандек ширин энтикиб қўясан. Бу ҳолни самимий дўстлик белгиси дея тушунган митти Оқвой эса “қиқирлаб” кулганча ерга сакраб тушади ва сон-саноқсиз дўстлари сафига сингиб кетади. Фақат унинг кулгуси ҳовлининг дам бу бурчидан, дам у бурчидан сени энтиктирганча эшитилаверади, эшитилаверади...

...Тун бўйи қор ёғади. Фалак ер юзига тун бўйи ризқ-рўз сепади. Олам-олам шодликлар тун бўйи сени кутиб ётади.

Тонг отади. Оппоқ тонг, беғубор тонг. Қорга термуласан, кўкка тикиласан. Ҳаммаёқ оқлик, ҳаммаёқ мусаффо. Шу тарзда сенинг тонгларинг кўклам қадар ана шундай мўъжизалар билан отаверади. Ҳар тонг сеҳрли қор парчасининг беғубор, оппоқ кулгулари юрагингга илиқлик олиб кираверади.

Муҳаббатга лиммо-лим олам,

Нурафшондир бу кунги онлар.

Эзгуликка чорлайди ҳар дам

Оппоқ тонглар, беғубор тонглар!

 

Фарҳод ЭШМЎМИНОВ/

 

 

Обид ота қўлидаги ниҳолларни авайлаб олиб кетаяпти. Уларни ҳозиргина кўчат сотиладиган бозордан харид қилган. Унинг сертомир қўллари титрайди. Ахир ниҳолларнинг бағрида ҳаёт бор-да! Гўё каптар, қўйиб юборсангиз учиб кетади. Бу каптарлар бориб серҳосил боғларга қўнишини у ҳозирдан тасаввур қилаяпти. Қушлар уни олқишлаб чуғур-чуғур қиляпти. Осмон нақадар кенг, қуёш сахий, тупроқ баракали... Баҳорда кўчат ўтқазганнинг умри боқий деган гаплар борлиқда ҳукмрондай...

* * *

Гулга қўнган аридан сўрашибди:

– Қўшиқ айтишингга қараганда қувончинг чексизга ўхшайди...

– Қиши билан шакарли сув ичдим. Энди гуллардан бол тераман. Табиат яхши-да. Одамнинг қўлидан олганинг нектардай бўлармиди?

 

* * *

Ойнадан силлиқ ҳарсангнинг нақ кўксидан портлаб чиққан бўта кишининг ҳаёлини шоширади. Бу қатронги дарахти. Асл Ватани Кавказ.

– Бу жойларга қандай келиб қолган, – савол берамиз устоз Туропжонга.

– Қатронги дегани тош дарахт дегани, – дейди устоз. – Улар турналарнинг жиғилдони орқали бу ерларга келиб қолган. Жониворлар дам олиш чоғида уруғи тушиб қолган. Қатронги жуда мустаҳкам бута бўлади. Ерга тушдими тамом, ажириқдай ёпишиб кўкаради. Айниқса, тошлар бағрида...

Ўзимча дейман, ана боғбоннинг зўри! Одам оёғи етмайдиган жойда ҳосил олиш мана бунақа бўлади.

* * *

Ҳар кимнинг ўз дарахти бор. Дарахтини топиб ниятини айтиб қучоқласа, муроди ҳосил бўлармиш...

Дарахт ҳис қилган нарсани сезмайдиган кишилар борлигига шубҳа борми?

 

Пардабой ТОЖИБОЕВ

Просмотров: 880 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031