Понедельник, 20.05.2024, 04:25
Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2015 » Июль » 12 » АНДИША
14:50
АНДИША

Нуқтаи назар

 
АНДИША
 
Қўшнимизнинг томорқасига сув бизникидан ўтади. Қўшнимиз томорқа суғорса, хавотиримиз ортади. Сабаби — унинг ери бизникидан бироз баландроқ. То унинг томорқаси сув ичгунча, бизники кўллаб кетади. Охирги сафар ёмон бўлди. Қўшнимиз ариқни очиб, охирида беркитиб келишни унутган чоғи, эрталаб не кўз билан қарайликки, бутун торморқамиз шолипоядек сувга лиммо-лим бўлган. Уч-тўрт кун олдин экканимиз помидор, болгар қалампири кўчатлари сув ўтларидек чайқалиб турарди. 
Ўзимни тутиб туролмадим:
— Ахир қачонгача давом этади?
Шашт билан қўшнимизникига чиқиб кетаётган эдим, дадам тўхтатди:
— Қўй, чиқма. Девор дармиён қўшни бўлсак, орага совуқчилик тушмасин. Қолаверса, айб ўзимизда. Икки мошин тупроқ тўксак ҳеч нарса бўлмасди. Сув бир-икки кунда тортиб кетади. Кўчатларнинг янгисини экамиз.
— Нега энди айб бизда бўларкан? Томорқасига бошқа жойдан ариқ киритсин қўшнингиз.
— Шаҳарда яшаб, андишани унутиб қўйибсан. Битта ариқни деб кўздек қўшничиликка путур етказмоқчимисан? Одамлар нима дейди?
Дадамнинг авзойини кўриб, бошқа гапирмадим. Лекин «шаҳарда яшаб, андишани унутиб қўйибсан» деган гапи миямга ўрнашиб қолди. Наҳотки, шундай бўлса? Рост, пойтахтда ишлаётганимга олти йилча бўлиб қолди. Аммо андишасизлик кўчасига кирмадим. Гоҳида дўкондаги харидим учун ҳақ олган сотувчи арзимас қайтимни бермаганида, андишага бориб баъзи шаҳарликларга ўхшаб тийинигача қайтаришни талаб қилмайман. Ижара уйнинг эгаси ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ тез-тез ижара ҳақини ошириб турганида ҳам андишага бориб талашиб-тортишмайман. Қўшним кунда-кунора телефондан фойдаланиб, «межгород»нинг пулини отнинг калласидек қилиб кетади-ю, мен андишага бориб ўзим тўлаб кела қоламан.
Унда дадам нега бундай деди? Наҳотки, ўзгарган бўлсам? Одамнинг ўзига билинмаса керак-да.
Шуларни ўйлай-ўйлай охири кўнглимга бир савол ўрлади. Андиша нима ўзи? Тош-тарозиси қанақа? Моҳияти нимада?
 
* * *
Маҳаллалардан бирида Улуғбек исмли ўсмир истиқомат қилади. Ота-онаси оддий, камтар кишилар. Улуғбекдан олдин икки қиз чиқариб, бир ўғилни уйлантиришди. Катта ўғил ҳарбий хизматдан сўнг бир йилча ишсиз юрди. Кейин тумандаги машина-трактор паркига слесар бўлиб ишга жойлашди. Меҳнаткаш йигит. Аммо маош қургур барибир ўзи, хотини ва икки фарзандидан ортиш у ёқда турсин, рўзғорнинг бир учини кўтаришга ҳам етмайди. Бунинг устига шуни ҳам уч-тўрт ойда бир беришади. Ота қайсидир идорада ҳисобчи. Маошдан ташқари икки-учта фермернинг молиявий ҳисоботини юритади. Рўзғорга аксарият касалманд онанинг ногиронлик пенсияси яраб туради. Хуллас, бировдан олдин, бировдан кейин деганларидек, оила бир амаллаб кун кўради. Лекин ҳеч қачон бировга нолишмайди. Ориятли, сабр-қаноатли бу одамларни маҳалла аҳли бирдек ҳурмат қилади.
Оилада кенжа ҳисобланмиш Улуғбек эса саккизни битирди-ю ўқимайман деб туриб олди. Отаси зўрлаб бўлса-да, туман марказидаги билим юртининг ҳайдовчилик курсига киритиб қўйди. Аммо ўқиш жонивор ўлда-жўлда. Истаса боради, истамаса йўқ. Бориб-бориб оиланинг эркаси уч-тўртта ўзига ўхшаган такасалтангга қўшилиб, ҳали дискотекада, ҳали видеобарда кунни кеч қиладиган бўлди. Энг ёмони — Улуғбек ўғирликка қўл ура бошлади. Илк марта уни қўшниси Холмат ота тутиб олди. Қизиғи, Холмат отанинг илгари ҳам икки ўрдаги ғойиб бўлганди. Ўғри маълум бўлгач, жабрдийда отахон боплаб таъзирини берди. Лекин қўшнисига чиқиб бу ҳақда айтмади. Уларнинг шароитини яхши билган отахон иккита ўрдакни таъма қилгандек бўламан деган андишага борди.
Сувдан қуруқ чиққан йигитча эса ҳунарини ташламади. Бошқа хонадонларга ҳам тушишни бошлади. Бора-бора унинг бу қилмишидан барча хабардор бўлди. Аммо сабрнинг ҳам чеки бўларкан, кимдир Улуғбекни оғилидан бузоғини етаклаб кетаётганида тутиб олиб, тўғри уйларига олиб келди.
— Мелисага берсам бўларди. Аммо бир маҳалланинг одамимиз. Сизларга ҳам жабр бўларди. Бунинг олдини олмаса бўлмайди.
Шундай деди-ю кетди. Ўша куни ота ўғлини тинкаси қуригунча дўппослади. Онанинг бир дарди ўн бўлди. Аммо энди кеч бўлганди...
Яқинда эшитиб қолдим. Улуғбек игнага «ўтириб» сўнгги марта ўзига кўпроқ укол қилиб юборган экан, юраги кўтаролмабди. Шундоқ ҳам тўшакка михланиб ётган касалманд она эса бу хабарни эшитибоқ жони узилибди...
 
* * *
Эрталаб ишга кетаётсам, пастки қаватда яшовчи бир қария тўхтатиб:
— Журналистсан-а? — деди тўсатдан.
— Ҳа, нима эди? — сўрадим ажабланиб.
— Унда эшит, ё замон ўзгарди, ё одамлар бошқача бўлиб кетди. Ҳув анави биринчи подъездда кекса бир кампир яшайди. Бир ой олдин чоли бандаликни бажо келтирди. Куни кеча кампирим ҳол сўраб кирган экан. Бечора уч кундан бери бетоб ётганмиш. Сабаби — уч кун бурун судга чақириқ қоғози ташлаб кетишибди.
Бу қария нима демоқчилигини англолмай, соатимга қараб қўйдим.
— Шошма, борасан ўша ишингга. Дунёда оқибат қолмабди. Тўғри, ҳозир бироз қийинчилик бўлаётгандир. Аммо биз кўрган оғир кунлар олдида булар «ерунда», билдинг. Ҳей, одам боласининг бу қадар паст кетишини биринчи марта кўришим.
Нима демоқчи бу чол. Нега бу гапларни менга айтаяпти?
— Кечирасиз, шошиб турувдим...
— Тўхта, ишинг қолиб кетмайди. Қари бир кампирни нега судга чақиришади, биласанми? Билмасанг, билиб қўй. Шу кампирни ўғли судга берганмиш. Бу кўрнамак бир йил олдин аллақандай фоҳишага илакишиб, икки боласи билан хотинини ташлаб кетидан кетганди. Шу чоққача қорасини кўрсатгани йўқ. Отаси ўлган куннинг эртасига йиғлаб-сиқтаб келиб қолди. Лекин кампир уйга киритмади. Қайтиб кетди. Сенга айтсам, уй чолнинг номида эди. Кампир шу уйни келинига расмийлаштирмоқчи. Номард ўғил бундан хабар топиб бир ҳафта олдин келиб жанжал қилиб кетди. Нима эмиш, у ёлғиз меросхўр эмиш. Кампир бир амаллаб қувиб солибди. Нобакор ўғил эса судга бераман, барибир уй менга қолади дея чиқиб кетибди.
Ҳой, сен менга айт, қайси замонда яшаяпмиз ўзи? Ўғил ўз туққан онасини судга бериб ўтирса-я! Уят, ор-номус, андиша деган нарса борми ўзи бу дунёда? Отасининг гўрига бир сиқим тупроқ ташлашга ярамаган аблаҳ қайси юз билан мерос талашади, тушунмайман. Бу кунидан ўлгани яхшимасми? Сен  шуни ёз. Савобга қоласан. Энди бор, боравер. Юрагим ўйнаб кетаяпти.
Кетишниям, қолишимниям билмай, турган жойимда қотиб қолдим. Анча олдин газетада бир аёлнинг ўз ота-онасини судга берганини ўқиган эдим. У энди аёл, ўз номи билан ожиза. Аммо...
Бир кайфиятда қарияда узоқлашдим.
 
* * *
Яқинда давлат идорасида ишлайдиган танишимнинг машинасига миниб қолдим. Суҳбат асносида мендан маошимни сўраб қолди. Айтдим.
— Ўҳў, мендан икки баробар кўп оларкансан. Олган маошим бензин пулига ҳам етмайди.
Тушунмадим. Бу киши маоши камлигидан нолияптими ёки...
Тўғриси, бировни ғийбат қилганни ёқтирмайман. Замон тадбиркорники, ишбилармонники. Калласини ишлатиб, пулни пулга уриштириб даромад топаётган, ана шу даромадига данғиллама иморат солиб, алламбало машина минаётганлар қандини урсин. Аммо бу киши на тадбиркор, на ишбилармон. Биргина курсининг эгаси, холос. Бироқ йилда бир машинасини алмаштирадиган, ҳовлисида кунда-кунора қориндор «акахон»ларини йиғиб зиёфат берадиган шу танишимнинг қўл остида ишловчи қўшним бир йилдан буён кичик ўғлига уч ғилдиракли велосипед олиб беролмайди-ю, бу жаноб эркатой қизининг туғилган кунига «Тико» совға қилиб турса одамга алам қилар экан.
Раҳбарлик курсисига ўтириб олиб, ўзидан ўзгани ўйламайдиган, сиркаси сув кўтармайдиган бу каби корчалонларга деярли ҳар куни дуч келамиз. Фақат ҳеч ким лом-мим демайди. Чунки у қайси биримизнинг қўшнимиз, бошқа бировнинг маҳалладоши. Андишага борамиз-да.
 
* * *
Яқинда бир танишимизнинг 5 яшар ўғлини йўловчи машина туртиб юборганини эшитиб ҳол сўрагани бордим. Қошининг тепаси ёрилган, у ёқ-бу ёғи сал-пал тилинганини ҳисобга олмаганда ўғлининг аҳволи анча яхши экан.
— Худо бир асрабди. Ҳали ёш, кўрмагандай бўлиб кетади, — дедим кўнглини кўтариш учун.
— Нимасини айтасиз? Ўзи ҳеч катта йўлга чиқмасди. Машина овозини эшитган заҳоти ҳовлига қочиб кирарди. Энди фалокат-да. Шофёр ҳам ўзини йўқотиб қўйган. Шифокор милицияга хабар қилишим керак деганди, қўймадим. Шофёрга ҳам жабр бўлмасин дедим. Уям атайлаб ураман деб йўлга чиқмаган-ку? Ўғлим, худога шукур, соппа-соғ.
— Кечирасизу, агар бундан ҳам оғирроқ бўлганда нима қилардингиз? Яна фалокатга йўйиб қўя қолардингизми?
— Э, нафасингизни ел олсин. Шофёр ўзимизнинг маҳалладаги йигит. Мелисабозлик қилсам, одамлар нима дейди?
Орадан анча ўтиб танишимнинг ўғлини туртиб юборган ҳайдовчининг машинасига ўтириб қолдим. Ўтиришим билан ароқнинг ҳиди димоғимга урилди. Ҳайдовчининг эса туман марказидаги кўчалар қисқа бўлишига қарамай машинасини керагидан тез ҳайдаши мени ҳайрон қолдирди. Шунда юқоридаги воқеа ёдимга тушди. Наҳотки, шундан кейин ҳам хулоса қилмаган бўлса. Ҳайдовчи эса шаштидан тушмасди. Охири чидай олмадим.
— Оғайни, яқинда бир болани туртиб юборганингизни эшитувдим. Сал секинроқ ҳайдасангиз бўлмайдими? Бунинг устига эрталабдан ичиб олибсиз?
— Э, кечирасиз, бугун ичганим йўқ. Кеча «ден рождения»да кўпроқ отиб қўйибмиз. Сиз ҳам эшитибсиз-да. Айб менда эмасди ўшанда. Болани қаровсиз қолдиришади-да, кейин ҳайдовчи айбдор. Ўш болага катта кўчада нима бор. Ҳалиям ўз вақтида тормозни босиб қолдим. Бўлмаса...
Негадир ичимдан бир нарса тошиб келаётгандек ҳис этдим ўзимни. Бу йигит билан ортиқ гаплашгим келмади. Манзилга етмай, тўхтатишни сўрадим. Шу ҳайдаши бўлса, яна қайси бир йўловчига жабр қилиши аниқ. Агар танишим андиша қилмай, ички ишларга хабар қилинганида бунақа «ўпкаси қўлтиғида» ҳайдовчини гувоҳномасидан маҳрум қилишган бўлармиди...
 
* * *
Ажойиб табиатли халқимиз бор. Чиройли урф-одатларимиз бор. Ва ниҳоят ҳайрон қоларли даражада андишали одамлармиз. Бизда бу одат миллийлик даражасидаги оддий ҳолат каби қабул қилинади.
Фақат яхшини яхши, ёмонни ёмон дейишга ҳам ўрганишимиз керак чоғи.
 
* * *
Куни кеча уйга қўнғироқ қилгандим. Уйдагиларнинг айтишича, қўшнимизнинг ўғли томорқамизга икки машина тупроқ тўкиб кетибди...
Просмотров: 838 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031